Менимча, динда чинакам устоз шогирдини Аллоҳга ва Унинг элчисига (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) боғлайди, ўзига эмас. Аллоҳни ва Унинг элчисини (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) севдиради, ўзини эмас. Шогирдининг юрагини Аллоҳга ва элчисига (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муҳаббат билан тўлдириб ташлайди, у юракдан ўзига муҳаббат учун жой қолдирмайди. Аллоҳ элчисига (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) чинакам ворис бўлишдек шарафга эришаман деган устоз ўртада ўзи бўлмаслиги керак, шогирди юрагида Аллоҳга ва элчисига (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) том ихлосни тарбиялаши-қозонтириши лозим.
Бунинг учун биринчи галда устоз ўзи том ихлосли бўлсин. Мен ким бўлибман, ҳеч кимман, нари борса, гуноҳларга ботган, қиёматдаги ҳолидан хавотирда титраб-қақшаб турган бир ожиз кимсаман ‒ ўзимнинг ҳолим бу экан, қайси юз билан Пайғамбарга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ворислик даъво қиламан, деган ҳис уни доим муҳокама қилиб турсин, шогирди юрагига ҳам шу туйғуни сингдирсин.
Олимнинг бошқалардан фарқи ‒ Аллоҳ насиб этган озгина билими бор, вазифаси шу билимини қўлидан келганича, Аллоҳ қодир этганича оммага етказишдир. Тўғри етказишдир. Холос.
Бизда нима бўляпти?
Устозлар шогирдини, пирлар муридини кўпроқ ўзларига боғлаяптилар, ўзларини севдиряптилар, ўзларининг сўзларини ҳамманинг сўзидан устун қўйдиряптилар.
Ҳозирги таълим-тарбия услуби натижаси ўлароқ шогирд ёки мурид ўзининг устози ё пиридан бошқасини танимай, тан олмай етишяпти.
Ўртада дин қайғусидан кўра кўпроқ устоз ва пир қайғуси бўлиб қолди. Ҳар бир шогирд ёки мурид ўзининг устози ёки пирини мақташ, кўкларга кўтариш билан овора.
Бу дегани Аллоҳдан қўрқув ва ихлос ўрнига тарафкашлик ўртага чиқди деганидир.
Тажрибадан биламиз: тарафкаш шогирд ёки мурид жон жаҳди билан тарафдор тўплашга киришиб кетади. Бу ишини устози ё пирига муҳаббат деб ўйлайди. Одамни жалб этиш учун устози ёки пирини кўкларга кўтариб мақтай бошлайди, улардаги бор хислатлар етарли туюлмаса, йўқ хислатлардан лоф уракетади.
Айрим устоз ё пирларни шундай шишириб мақтайдилар, орқасида Аллоҳ ҳам, Унинг севгили пайғамбари (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам кўринмай кетади. Давраларида Аллоҳ ва Унинг элчисидан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўра устозлари ё пирларининг оти кўпроқ янграйди!
Бу ҳолат ўтмишда кўп бора кузатилганидек, бугун ҳам давом этиб келяпти ‒ кўзимиз билан кўриб турибмиз.
Ҳукми ваҳийдан бўлмаса ҳатто пайғамбарга эътироз билдириш мумкин бўлгани ҳолда ҳамма гапи инсоний-нафсий бўлган устоз ё пирнинг сўзини мутлақ ҳақиқат деб билиш, эътироз билдира олмаслик; динимизда ҳатто гуноҳсиз пайғамбарга сиғиниш қаттиқ тақиқлангани ҳолда юрган йўлида гуноҳларга ботиб юргувчи устоз ё пир шахсига сиғингудек итоат этиш иллатларнинг боши ва асосийси бўлиб туюлади менга.
Тўғри тушунилсин, устозни ҳурмат қилиш лозимлиги шубҳа остига олинмаяпти бу ерда. Сўзсиз, ҳар қандай устоз ҳурмат-эъзозга лойиқ зотдир.
Аммо ҳурмат бошқа, муҳаббатда чегарадан ошиш бошқа. Ҳурмат қилсангиз, иззат топасиз. Бу ерда гап устозни ҳурмат, устозга муҳаббат чегарасида туриш ҳақидадир. Чунки муҳаббатда чегарадан ошсангиз, ўзингиз ҳам тўғри йўлдан чиқасиз, бошқаларни ҳам чалғитасиз.
Устозга ёки пирга муҳаббатда чегарадан ошиш ҳаётда қандай юз беради?
Биз бу камчиликни таълим-тарбия услубида кўрдик.
Тасаввур этайлик: ўртада катта, кенг майдон, тевараги айланасига уй.
Ўхшатиш жоиз бўлса, у майдонни Ислом жамияти десак, теварагидаги уйлар ҳар бири бир устознинг илм даргоҳидир.
Шогирдлар хилма-хил бу уйларга кириб ўқияпти, тарбияланяпти. Ҳар бир устоз ўзи билган нарсани шогирдига етказяпти, таълим-тарбия беряпти. Лекин етиштирилган у шогирдларни кенг-катта Ислом майдонига чиқазиш ўрнига ўзига, ўзининг тор ҳужрасига боғлаб оляпти. Камчиликли бўлиш эҳтимоли кучли бўлган йўлини энг тўғри йўл деб ўргатяпти. Ўртадаги майдон бўм-бўш қоляпти.
Натижа эса аянчли.
Қобилиятига яраша илм ҳосил қилган талаба ниҳоят бир куни у ҳужрадан ўзига мос туйнук очиб майдонга мўралайди. Қараса, бошқа ҳужралардан ҳам майдон томонга туйнук очилибди: ҳар бир туйнукдан бошқа-бошқа устозларнинг шогирдлари бош чиқариб турибди.
Аста-секин бир-бирлари билан мулоқотга киришишади. Ҳар қайсиси ўз устозидан олган илмини кўрсатгиси келади. Табиий, билимларида озми-кўпми фарқ кўринади. Чунки шогирд ўртадаги кенг-катта майдонга ‒ Ислом майдонига устози ё пири очиб берган туйнукдан боқаётган эди. У кенг майдонни бор бўйича кўрмас, кўролмас, туйнуги катта-кичиклиги миқёсидагина кўрар-қамрар эди.
Натижада тортишув бошланади. Тортишув кучайгани сайин тарафкашлик юзага чиқади. Ҳар бир шогирд ёки мурид ўз устозини мақтай кетади. Ҳеч бири ён босгиси, нариги туйнукдагининг билимига тан бергиси келмайди. Масала талашишлар ўз илм даргоҳи ва устози шаъни учун курашишга айланиб, охири шогирдлар бир-бирининг этини ейиш даражасига етади!
Хайрият, Ўзбекистонимизда ҳозирча туйнук тортишувлари оғизаки кетяпти, хайрият шундай тор дунёқараш ва тарафкашлик феъли билан шогирдлар қўлига бирон қурол олмай турибди. Майдонга биродарлик туйғуси билан эмас, қурол билан тушса борми, ўртада қон тўкилиши ҳеч гап эмас.
Бундай ҳолни ўтмишда кўп марта учратганмиз, ўхшашлари яқинларда ўзимизда ҳам кўринди, ҳозирги кунларда дунёда-да кўриб турибмиз.
Ҳолбуки, УСТОЗ ЎЗИГА САДОҚАТЛИ ШОГИРДНИ ЭМАС, ДИНИГА САДОҚАТЛИ УММАТНИ ТАРБИЯЛАШИ КЕРАК!
Ҳар бир устоз уйини шогирдга тўлдирмасин, ўртадаги кенг-катта Ислом майдонини уммат билан тўлдириб ташласин!
Билим бераркан, марказга ўз шахсини қўймасин, балки кенг-катта Ислом маънавий шахсини қўйсин!
Шогирд муҳаббатини ўзига ва ўзининг тор ҳужрасига йўналтирмасин, балки Аллоҳга ва Унинг севикли элчисига (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) йўналтирсин!
Эй шогирд ё мурид! Беҳуда тортишув ва жанжалларни тўхтатинг! Тарафкашлик туйнугингизни тарк этинг, ўртадаги катта биродарлик майдонига тушинг! Шогирд эдингиз, энди умматга айланинг! Бир-бирингизга душман деб эмас, биродар деб боқинг! Бир-бирингизга қўл узатинг, жилмайинг!
Масала талашишга, устоз талашишга совураётган куч-ғайратингизни уммат учун фойдали ишларга йўналтиринг! Бирингиз учоқ, иккинчингиз кема, учинчингиз Мирриҳга учадиган ракета, бошқангиз жамият оғирини енгил қиладиган яна бошқа нарса кашф этишга киришинг.
Ғайридин ёки динсиз дунё энг оддий уй-рўзғор буюмидан тортиб ядро қуролигача яратаётган бир пайтда биз мўмин-мусулмонлар умримизни арзимаган масалалар устида бир-биримиз билан талашиб-тортишиб ўтказаётганимиз ниҳоятда ачинарлидир.
Буюк кашфиётлар йўлида сарфлашимиз лозим бўлган бутун онгу шууримиз ва куч-ғайратимизни динда ўзимизни ҳақ кўрсатишга банд қилиб қўйганимиз кечирилмас хатодир.
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон