«Адл» сўзи «адолат», «тўғри бўлиш», «ҳақ ила ҳукм қилиш» каби бир-бирига яқин маъноларни англатади. Биз ўзимизга яқин бўлган «адолат» сўзини ишлатамиз.
Уламолар адолатни қуйидагича таърифлайдилар:
Фатҳул Қодийрда: «Адолат Аллоҳ таолонинг китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига мувофиқ ҳукм юритишдир. Фақат фикрга қараб эмас», деган.
Абдурроҳман ибн Носир Саъдий: «Вожиб ҳақларни адо қилиш ва ҳақдорларга ҳақларини баробар бериши адолатдир», деган.
Журжоний: «Адолат камчиликка йўл қўйиш билан ҳаддан ошиш орасидаги ўртача ишдир. Шариатдаги адолат эса, ҳақ йўлда мустақийм бўлиш ва дийнда манъ қилинган нарсадан четда бўлишдан иборат ҳақ йўлдир», деган.
Адолат икки турли бўлади.
1. Мутлақ адолат.
Бу, ақл яхшилигини тақозо қиладиган ва ҳеч қачон мансух бўлмайдиган ва душманлик деб атаб бўлмайдиган ишлардир. Мисол учун, яхшилик қилганга яхшилик қилиш ва ёмонлик қилмаганга ёмонлик қилмасликка ўхшаш ишлар.
2. Шариат орқали билинадиган адолат.
Бу адолат баъзи замонларда мансух бўлиши мумкин. Бунга қасос олиш, жиноятга хун олиш ва муртаднинг молини олиш каби ишлар киради.
Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади:
«Ким сизга душманлик қилса, сиз ҳам унга шунга ўхшаш душманлик қилинг» («Бақара» сураси, 194-оят)
«Ёмонликнинг жазоси ўз мислидек ёмонликдир» («Шууро» сураси, 40-оят).
Бу ердаги адолат «душманлик» ва «ёмонлик» деб аталмоқда.
Шунга ўхшаш ишлар Аллоҳ таолонинг «Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга... амр этадир...» («Наҳл» сураси, 90-оят) гапига тўғри келади.
Мукофот ва жазони қилганига яраша қайтариш адолатдир. Яхшиликка кўпроқ яхшилик қайтариш, ёмонликка озроқ ёмонлик қилиш эҳсон бўлади.
Имом Мовардий «Адабуд-дунё вад-дийн» китобида адолат ҳақида қуйидагиларни ёзади:
«Дунёнинг ҳоли салоҳиятли бўлиши учун зарур ишлардан бири шомил адолат қоидасидир. Адолат улфатга чақиради, итоатга ундайди. У билан элу юрт обод бўлади, молу мулк зиёда бўлади, насл кўпаяди ва давлат омон бўлади.
Ер юзининг хароб бўлиши ва халойиқнинг виждони бузилиши учун жаврдан тезроқ таъсир қиладиган нарса йўқ. Чунки, жаврнинг тўхтайдиган бекати ва етиб борадиган интиҳоси йўқ. Унинг ҳар бир бўлаги учун фасоддан насийба бордир.
Баъзи балоғатли кишилардан нақл қилинадики, адолат Аллоҳ таолонинг халойиқ учун ўрнатган тарозисидир. Бас, У зотга нисбатан мезонида хилоф қилма ва султонлигида қарши турма.
Адолат учун икки нарса ила мадад ол. Тамаънинг озлиги ва вараънинг кўплиги.
Агар адолат дунёни тутиб турадиган қоидалардан бири бўладиган бўлса, инсон адолат қилишни ўзидан бошлаши ва кейин бошқаларга адолат қилиши лозимдир.
Ўзига ўзи адолат қилиш, аввало, ўз фойдасига юриб, зараридан қайтиш билан бўлади. Кейин эса, барча ҳолатларда ҳаддан ошмаслик ва камчиликка йўл қўймаслик ила ҳосил бўлади. Зотан, ҳаддан ошиш жаврдир ва нуқсонга йўл қўйиш зулмдир. Ким ўзига зулм қилса, ўзгага зулм қилиши турган гап. Ким ўзига жавр қилса, ўзгага жавр қилиши осонроқ бўлади.
Ўзидан бошқага адолат қилишда инсоннинг ҳоли уч қисмдан иборат бўлади.
1. Инсоннинг ўзидан паст одамга адолат қилиши.
Бунга раҳбарнинг ўз қўли остидагиларга адолати мисол бўлади. Бу борадаги адолат тўрт нарса билан юзага чиқади: осонга эргашиш, қийинни йўқотиш, куч ишлатишни тарк қилиш ва ҳаққа эргашиш.
2. Инсоннинг ўзидан юқори одамга адолат қилиши.
Бунга ишчининг ўз раҳбарига адолати мисол бўлади. Бу борадаги адолат уч нарса билан юзага чиқади: ихлос билан итоат қилиш, қўлидан келган хизматни қилиш, садоқатли бўлиш.
3. Инсоннинг ўз тенгиларга адолати.
Бу борадаги адолат уч нарса билан юзага чиқади: ўзини устун қўйишдан четланиш, эркалашдан четда бўлиш, озор бермаслик.
Мазкур ҳолатларда ўзига хос ишлар боғлиқ бўлади. Улардаги адолат нуқсон ва исроф ҳолатлари орасидаги ўртача ишни тутиш билан бўлади. Зотан, адолат мўътадилликдан олинган. Ким мўътадилликдан чиқса, адолатдан чиққан бўлади.
Бас, шундай экан, ҳар бир афзал нарсадан афзал бўлмаган нарсага ўтиш адолатдан унинг зиддига ўтиш каби бўлади.
Ҳар бир бузуқликнинг сабаби адолатдан унинг зидди бўлган икки ҳолат–зиёда ва нуқсон ҳолатларидан бирига ўтишдан иборатдир. Бинобарин, адолатдан фойдалироқ ва унинг зиддидан зарарлироқ нарса йўқ».
Ислом дийнида гувоҳлик берувчилар адолатли бўлиши шарт қилинган. Бу борадаги адолат ҳам ўзига яраша шартларга эга.
Уламолар истилоҳида, мазкур адолат кишидаги бир малака бўлиб, уни катта гуноҳлар ва мубоҳ пасткашликларни содир қилишдан манъ қилади.
Имом Ибн Ҳажар мазкур адолатни қуйидагича тафсир қиладилар:
«Адолатдан мурод бир малака бўлиб, у ўз соҳибини тақводорлик ва мурувватни лозим тутишга бошлайди. Тақводан мурод эса ширк, фисқ ва бидъат каби ёмонликлардан четда бўлишдир».
Адолат учун тўрт шарт лозим:
1. Ислом.
2. Балоғатга етганлик.
3. Оқиллик.
4. Тақво.
Қуръони Карим адл сифати хусусида
Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: «Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир ва фаҳшу мункар(ишлардан) ҳамда зулмкорликдан қайтарур. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз» («Наҳл» сураси, 90-оят).
«Муфассирлар шоҳи» лақабини олган Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда у киши:
«Қуръондаги энг жамловчи оят шу оятдир. Эргашиладиган яхшиликни ҳам, четланиши лозим бўлган ёмонликни ҳам жамлаб зикр қилган», деганлар.
«Албатта, Аллоҳ адолатга» амр этади.
Аллоҳ таоло буюрган адолат мутлақ исломий адолатдир. Бу адолатга кўра, ҳар бир шахс, жамоат ва ҳар бир қавмга одилона муомалада бўлинади. Унда ҳавойи нафсга, дўстлик ёки душманликка, насабга, қудачилик ёки қариндошликка, бойлик ёки камбағалликка, кучлилик ёки заифликка қараб муомала қилинмайди.
Аллоҳ таоло бундай деб буюради: «Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳ учун ҳақда туринг, адолатли гувоҳ бўлинг. Бир қавмни ёмон кўришингиз сизни уларга нисбатан адолат қилмасликка олиб бормасин. Адолат қилинг. Бу, тақвога оид ишдир. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалингиздан хабардор зотдир» («Моида» сураси, 8-оят).
Дарҳақийқат, ўзи ёки оиласи, қавми-қариндоши, миллати ёки бошқа эътиборлар учун эмас, фақат Аллоҳ таоло учун ҳақда туриш керак. Бу осон иш эмас.
Шунингдек, кези келганда ўзига қарши, ҳатто ота-онаси, бола-чақасига қарши адолатли гувоҳ бўлишга ҳам тўғри келади. Бу ниҳоятда оғир иш.
Бундай ишлар фақат иймоннинг таъмини тотган, Исломнинг ҳақийқатини англаган кишилардангина содир бўлади. Бунга кўҳна тарихнинг ўзи гувоҳ.
Оят давомида бундан ҳам машаққатлироқ даражадаги иш айтилади:
«Бир қавмни ёмон кўришингиз сизни уларга адолат қилмасликка олиб бормасин».
Бу, душманига нисбатан ҳам адолатли бўлиш, деганидир. Ўзи ёмон кўрган қавмларга ҳам ҳеч қандай шарт-сўзсиз, адолат ила муомалада бўлиш лозим. Бу эса, унча-мунча инсоннинг қўлидан келмайди.
Аммо иймон–ислом неъматидан баҳраманд бўлганларга, Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаб ҳаёт кечираётганларга бу иш ҳам айни муддао, кўзланган мақсад. Мусулмонлар дийнларини маҳкам тутган пайтларида бу сифатларини амалда кўрсатганлар.
Инсоният тарихи аввал ҳам, кейин ҳам бундай намуналарни кўра олгани йўқ. Фақат Исломни маҳкам тутган мусулмонлардан кўрган, холос. Бунинг мисоллари сон-саноқсиз. Биргинасини бу ерда келтирамиз:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳуни Хайбар номли жойга юбориб, уларнинг мевалари ва зироатлари маҳсулини ўлчаб келишни топширдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ер фатҳ қилинган чоғда Хайбар аҳли билан маҳсулнинг ярмини беришга келишган эдилар.
У ерда яшовчи яҳудийлар Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳуга пора бериб, ишни ўз фойдаларига ўзгартирмоқчи бўлдилар.
Шунда Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу уларга қараб:
«Аллоҳга қасамки, ҳузурингизга мен учун халойиқнинг энг маҳбуби бўлган зот олдидан келдим. Аллоҳга қасамки, сизлар мен учун маймун ва тўнғиздан ҳам баттарсизлар. Аммо у кишини яхши кўришим ва сизларни ёмон кўришим, сизларга адолатсизлик қилишимга сабаб бўла олмайди», дедилар.
Шунда яҳудийлар ажабланишиб: «Осмонлару ерни тутиб турган нарса ҳам шу ўзи», дейишган.
Бундай соф, Аллоҳ таоло учун адолат ўрнатиш бошқа ҳеч бир миллатда, тузум ёки дийнда бўлмаган, бўлмайди ҳам.
Ҳақийқий адолат фақат ҳақийқий тақводор қалб эгасидангина содир бўлиши мумкин. Ояти карима бизга шундай таълим беради:
«Адолат қилинг. Бу, тақвога оид ишдир».
Қалбида тақвоси бор инсон учун Аллоҳдан хабардорлик, Яратганнинг розилигини топишга уриниш ҳисси соф адолат учун ҳаракат қилишга туртки бўла олади. Чунки фақат тақводор инсонгина:
«Албатта, Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардор зотдир», деган огоҳлантиришга тўлиқ ишонади.
Аллоҳ таоло бундай деб марҳаат қилади:
«Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига эриштиришни ва агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз, адолат ила ҳукм қилишни амр қилур. Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши ваъз қилур! Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир» («Нисо» сураси, 58-оят).
Аллоҳ таоло мусулмонларга юклаётган буюк вазифалардан бири одамлар орасида адолат ила ҳукм юритишдир.
«...ва агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз, адолат ила ҳукм қилишни амр қилур».
Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Модомики, ҳоким жабр қилмаса, Аллоҳ у биландир. Агар жабр қилса, ўзини ўзига вакил қилиб қўяди», – дедилар».
Ибн Можа ривоят қилган.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда:
«Бир соатлик адолат олтмиш йиллик ибодатдан яхшидир», дейилган.
Эътибор билан мулоҳаза қиладиган бўлсак, ояти каримада:
«Агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз», дейиляпти.
Ҳа, айнан «одамлар» орасида, мусулмонлар орасидагина ёки бошқа бирор махсус тоифа орасида эмас. Ким бўлишидан қатъиназар, барча одамлар орасида адолатли ҳукм юритиш мусулмонларнинг бурчидир.
Воқеъликда ҳам мусулмонлардан бошқа ҳеч ким, ҳеч қайси тузум ёки жамият бу ишни уддалай олмаган. Исломнинг ҳукм ҳақидаги назариясига биноан, ҳукм ва давлатнинг бардавом бўлмоғи учун асосий шарт адолат ҳисобланади.
Уламоларимиз: «Адолатсиз ҳукм узоқ давом этмайди, аммо ҳукм адолатли бўлса, бардавом бўлади; ҳам иймонсиз, ҳам адолатсиз ҳукм эса, доимо вақтинчалик ҳукм бўлади», деб алоҳида қайд этганлар.
Бир оятнинг ўзида икки буюк асос – ҳам омонат, ҳам адолатга иршод қилиш катта марҳаматдир. Шунинг учун, оятнинг давомида:
«Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши ваъз қилур!» дейилмоқда.
Бизнинг бурчимиз эса, Аллоҳ таолонинг ваъзини жон қулоғимиз ила тинглаб, унга амал қилишдир. Чунки, Аллоҳ таоло биз бандаларининг бу амр¬га қандай амал қилаётганимизни эшитиб, кўриб турибди.
«Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир.»
Эшитиш ва кўриш эса, охиратдаги ҳисоб-китоб учундир. Албатта, Аллоҳ таоло Ўзига хос эшитиш хусусияти билан ҳамма нарсани эшитади ва ўзига хос кўриш хусусияти билан ҳамма нарсани кўради. Ҳеч бир нарса Унинг эшитиш ва кўриш қудратидан четда қолмайди.
Аллоҳ таоло мўминларни адолатга буюриб бундай деб марҳамат қилади:
«Агар мўминлардан икки тоифа уришиб кетсалар, бас, ўрталарини ислоҳ қилинг. Агар улардан бири иккинчисига тажовуз қилса, сиз тажовуз қилганига қарши, то у Аллоҳнинг амрига қайтгунича, урушинг, агар қайтса, бас, ўрталарини адолат билан ислоҳ қилинг. Одил бўлинг, албатта, Аллоҳ адолат қилгувчиларни суядир» («Ҳужурот» сураси, 9-оят).
Аслида, мўмин-мусулмонлар бир оила фарзандларидек, дўст-биродар бўлишлари зарур. Уларнинг бир-бирлари билан урушиши ҳаром.
Аллоҳ кўрсатмасин, мабодо, шундай бўладиган бўлса, урушиб кетган ўша икки тоифани яраштириб, сулҳга келтириб қўйиш қолган барча мўминларга вожиб бўлади.
Ислоҳ қилиб бўлингандан сўнг ўша урушган икки тоифадан бири сулҳни бузиб, иккинчисига тажовуз қилса, у тоифа «тоифаи боғия», деб аталади ва унга қарши барча уруш қилади.
Одатда, бир-икки сўзга кўнмаган шахс ёки тоифага нисбатан орадаги ислоҳ қилувчиларда ҳам маълум хафачилик, гинахонлик пайдо бўлиб қолади.
Урушдан кейин Аллоҳ таолонинг амрига қайтган «тоифаи боғия» билан иккинчи тоифани ислоҳ қилиш пайтида мазкур руҳий ҳолат, хафачилик ва гинахонлик ўзини кўрсатиб, адолатсизликка йўл қўйилмасин, деб оятнинг охирида такрор-такрор адолатли бўлишга амр қилинмоқда ва шу билан бирга, яна Аллоҳ таоло адолат қилувчиларни севиши таъкидланмоқда:
«Одил бўлинг, албатта, Аллоҳ адолат қилгувчиларни суядир».
Уришиб кетган тарафлар ўртасини ислоҳ қилиш низомига ҳозирги кунда инсониятнинг ҳожати тез-тез тушиб турибди. Лекин низом тўлиқ ва адолатли бўлмаганидан, орада янада кўпроқ низолар чиқишига сабаб бўлмоқда.
Қуръони Карим бундан ўн тўрт аср аввал олиб келган низом эса энг адолатли низомдир. Чунки, бу низом бўйича, урушиб қолган бандаларнинг орасидаги можаро бандаларнинг тарбиячиси бўлган Аллоҳ–Роббул оламийннинг ҳукми билан ҳал этилади.
Бу илоҳий низомда адолат, инсоф, омонат ва поклик асос қилиб олинган.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
"Руҳий тарбия" китобидан