close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Гувоҳлик китоби

Гувоҳлик бировнинг бошқада (масалан, Салимнинг Ҳакимда) ҳақи борлиги тўғрисида хабар беришидир.

Гувоҳликнинг рукни - шаҳодат, яъни гувоҳлик лафзини ишлатишдир. Чунки оят ва ҳадисларда айнан шу лафз билан келган.
Даъвогарнинг талаб қилиши билан гувоҳлик бериш вожиб бўлади. Шунингдек, гувоҳликни яшириш ноҳақ ҳукм чиқишига олиб келса, талаб қилинмаса ҳам, гувоҳлик бериш лозим бўлади.
Ўғирлик бўйича гувоҳлик бераётган одам “фалончи ўғирлади” демайди, балки “фалончи олди” дейди.
Зинода тўрт эркакнинг, қасос, ўғирлик, ҳақорат ва ароқ ичиш каби ишларда икки эркакнинг, бокиралик-жувонлик, туғиш ва аёлларнинг айблари каби эркакларга маълум бўлмайдиган ишларда бир аёл кишининг гувоҳлиги қабул қилинади.
Юқоридагилардан бошқа ишларда (никоҳ, талоқ, савдо-сотиқ кабиларда) икки эркак ёки бир эркак ва икки аёл кишининг гувоҳлиги ўтади.
Қозининг ҳузурида гувоҳлиги қабул бўлиши учун гувоҳлик берувчида қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши керак: озод инсон бўлиш, ақли расо бўлиш, балоғатга етганлик, мусулмонлик, адолатли, яъни катта гуноҳлардан четда бўлиб, кичик гуноҳларни давомли қилмаган бўлиш ҳамда шаҳодат лафзи.
Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад раҳимаҳумаллоҳнинг наздларида қози барча ҳолатларда гувоҳнинг қандай одамлигини суриштиради. Махфий ҳолатда суриштириш кифоя қилади. Гувоҳларнинг ҳоли ҳақида уларни танийдиган кишилардан сўраб-суриштириш тазкия деб айтилади. Ушбу тазкияда икки гувоҳ бўлиши ва таржимонларнинг ҳам иккита бўлиши эҳтиёткорликдир.
Гувоҳ баъзи сабабларга кўра (сафарга кетиш, ўлиб қолишдан қўрқиш) ўз гувоҳлигига бошқа бировни гувоҳ қилиб қўйиши мумкин. Мисол учун, гувоҳ бирорта одамга “менинг фалон иш юзасидан мана бундоқ, мана бундоқ деб гувоҳлик беришимга гувоҳ бўлгин”, дейди. Бироқ у шундай демаса, унинг бераётган гувоҳлигини эшитган одамнинг, “мен унинг фалон иш бўйича мана бундоқ деб гувоҳлик берганини эшитганман”, деб гувоҳлик бериши мумкин эмас.
Насл-насаб, ўлим, никоҳ каби доим ҳам кўз билан кўриб бўлмайдиган ишларда икки адолатли эркак ёки бир эркак ва икки аёл кишидан эшитгани бўйича гувоҳлик берса бўлади. Бундан бошқа ишларда эса эшитганига таяниб гувоҳлик бериб бўлмайди.
Қозининг ўрнида ўтирган ва олдига даъвогарлар кириб-чиқаётганини кўрган киши уни “қози” деб гувоҳлик бериши мумкин.
Бир уйда яшаб бир-бирига эр-хотиндек муомала қилаётган эркак-аёлни кўрган киши уларни эр-хотин деб гувоҳлик бериши мумкин.
Бирор буюмни ўз мулкидек тасарруф қилаётган одамни кўрган шахс “бу нарса унинг мулки” деб гувоҳлик бериши мумкин. Аммо, “гувоҳлигим бошқалардан эшитганим асосида” ёки “гувоҳлигим ушбу буюмни унинг қўлида кўрганимга асосан”, демайди. Агар шундай деса, берган гувоҳлиги бекор бўлади.
Ким ўзининг Салимнинг дафн маросимида қатнашгани ёки унинг жанозасини ўқигани ҳақида гувоҳлик берса, гувоҳлиги қабул қилинади. Бу гувоҳлик Салимнинг ўлганини ўз кўзи билан кўрган одамнинг гувоҳлигидек эътиборлидир.
Қуйидагиларнинг ҳам гувоҳлиги қабул қилинаверади: Куфр даражасига етмаган бўлиш шарти билан ақида масалаларида аҳли сунна вал жамоага тескари фикр айтувчиларнинг гувоҳлиги (чунки улар ақида масаласида адашган бўлганига қарамай, дунёвий муомалаларда ёлғон гапирмасликлари билан танилганлар), зиммийнинг ўзига ўхшаш зиммийга ва омонлик сўраганга берган гувоҳлиги (зиммий - мусулмонлар билан шартнома асосида уларнинг юртида яшаётган ғайридиндир. Мусулмонлардан ҳимоя сўраб келган ғайридинни эса “омонлик сўраган” дейилади), омонлик сўраганни ўзига ўхшаш омонлик сўраганга берган гувоҳлиги (иккови ҳам бир давлатдан бўлиши шарт).

Қуйидагиларнинг гувоҳлиги қабул қилинмайди:

кўзи ожиз кишининг (аммо фақат эшитиш билан собит бўладиган гувоҳликлар кўзи ожиздан ҳам қабул қилинаверади) гувоҳлиги;
соқовнинг гувоҳлиги;
қулнинг гувоҳлиги;
бировни ноҳақ зинода айблагани учун дарраланган одамнинг гувоҳлиги (кофирлик вақтида шу иш учун дарралангандан кейин мусулмон бўлган бўлса, мустасно);
дунёвий иш сабабли бир-бирига душман бўлганларнинг гувоҳлиги, чунки бир-бирига душманлиги сабабли ёлғон гапириши мумкин;
бирга тижорат қилувчи шерикларнинг бир-бири фойдасига берган гувоҳлиги (тижорат ишидан бошқа масаладаги гувоҳлиги қабул қилинади);
беҳаё ишларни қиладиган хотинчалишнинг гувоҳлиги;
таъзия маросимида йиғлаб бергани учун пул оладиган хотиннинг гувоҳлиги;
ҳаром ишни қилиб юрган одамнинг гувоҳлиги;
қуш ўйнатадиган одамнинг гувоҳлиги;
шаръий жазога (дарраланиш, қўли кесилиш каби) лойиқ жиноят қилганнинг гувоҳлиги;
хожанинг ўз қули ва мукотаби фойдасига берган гувоҳлиги;
маст қилувчи нарсаларни давомли истеъмол қилувчининг гувоҳлиги;
ҳаммомга иштонсиз кирадиганнинг гувоҳлиги;
судхўрнинг гувоҳлиги;
нарда ёки шахмат билан қимор ўйнаган ёки буларни ўйнаб намозни ўтказиб юборганнинг гувоҳлиги;
йўлга сиядиган ёки йўл юзида овқат ейдиганнинг гувоҳлиги (чунки бу ишларни уялмай қиладиган одам ёлғон гапиришдан ҳам уялмайди);
динда пешқадам бўлган, ўтган солиҳларни очиқ ҳақорат қиладиганнинг гувоҳлиги.

Ҳеч бир далил-исботсиз гувоҳни фосиқликда айблаш билан (масалан, “бу гувоҳ судхўр” ёки “пулга ёлланган” каби) унинг гувоҳлиги бекор бўлмайди.
Даъвогарнинг сўзи гувоҳларнинг айтаётган сўзларига, шунингдек, гувоҳларнинг сўзлари бир-бирига тўғри келиши шарт.
Юқорида айтилганидек, бир кишининг ўз гувоҳлигига бошқани гувоҳ қилиб қўйиши мумкин. Бу гувоҳлик устига гувоҳлик дейилади. Гувоҳлик устига гувоҳликда асл гувоҳ (биринчи даражали, ҳақиқий гувоҳ) гувоҳликни олаётган (иккинчи даражали гувоҳ) одамга, “сен менинг фалон-фалонга гувоҳлик беришимга гувоҳ бўл”, дейди. Иккинчи даражали гувоҳ гувоҳлик бераётганида, “мен гувоҳлик бераманки, фалон киши мени ўзининг фалон иш хусусидаги гувоҳлигига гувоҳ қилди”, деб айтади.
Гувоҳлик устига гувоҳлик шаръий жазо ва қасосдан бошқа масалалардагина қабул қилинади. Бунинг учун асл гувоҳнинг (биринчи даражали гувоҳнинг) сафардалиги, беморлиги ёки ўлими сабабли гувоҳлик бера олмаслиги ва асл гувоҳнинг берган гувоҳлигига иккита (иккинчи даражали) гувоҳ гувоҳлик бериши шарт.
Агар асл гувоҳ ўз гувоҳлигига бошқани гувоҳ қилганини инкор қилса, иккинчи даражали гувоҳларнинг гувоҳликлари бекор бўлади.
Бир одам ўзининг ёлғон гувоҳлик берганига иқрор бўлса, бошқаларга ўрнак бўлиши учун ёлғончилиги барчага эълон қилинади. Хоҳ ҳукм чиқишидан аввал бўлсин, хоҳ кейин бўлсин, гувоҳ фақат қозининг ҳузуридагина гувоҳлигидан қайтиши мумкин.
Агар гувоҳлар ўз гувоҳлигидан қозининг айбдорга нисбатан ҳукми чиқишидан олдин қайтсалар, берган гувоҳликлари бекор бўлади. Қози энди уларнинг гувоҳликларига таяниб ҳукм чиқара олмайди. Бордию уларнинг гувоҳликдан қайтишлари сабаб даъволашувчилардан бирига зарар етса (масалан, ҳақини ололмай қолса), гувоҳлар тўлаб бермайди.
Агар гувоҳлар гувоҳликларидан ҳукм чиққач қайтишса, чиқарилган ҳукм бекор қилинмайди. Бироқ гувоҳлар гувоҳликлари туфайли етказилган зарарни тўлаб берадилар.
Агар гувоҳлар икки киши бўлиб, улардан бири ўз гувоҳлигидан қайтса, етказилган зарарнинг ярмини тўлайди. Гувоҳликдан қайтмагани ҳеч нарса тўламайди.

"Ҳанафий фиқҳидан зарур масалалар" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase