close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Таҳоратнинг фарзлари

«Бу ояти каримадан таҳоратнинг фарзи уч аъзони ювиб, бошга масҳ тортиш эканлиги собит бўлади. «Ғасл (ювиш)» сувни оқизиш, «масҳ» эса (сувни) етказишдир. Юзнинг чегараси (бошнинг олд томонида, пешонадаги) соч чиқиш бошланган жойдан иякнинг ости ва икки қулоқнинг икки юмшоғигачадир. Чунки мувожаҳат (юзланиш) мана шу аъзолар билан ҳосил бўлади ва (араб тилида) важҳ (юз) мувожаҳат (юзланиш)дан олингандир».

«Бу ояти каримадан таҳоратнинг фарзи уч аъзони ювиб, бошга масҳ тортиш эканлиги собит бўлади. «Ғасл (ювиш)» сувни оқизиш, «масҳ» эса (сувни) етказишдир. Юзнинг чегараси (бошнинг олд томонида, пешонадаги) соч чиқиш бошланган жойдан иякнинг ости ва икки қулоқнинг икки юмшоғигачадир. Чунки мувожаҳат (юзланиш) мана шу аъзолар билан ҳосил бўлади ва (араб тилида) важҳ (юз) мувожаҳат (юзланиш)дан олингандир».
Шарҳ: «Фарз» сўзи кўплаб маъноларда ишлатилади:
1. «кесиш» маъносида. Масалан:
«Тикувчи матони кесди»;
2. «ўлчаш, белгилаш» маъносида. Масалан, Аллоҳ таоло киши аёлини духул (яқинлик) қилишдан олдин талоқ қилган ҳолатда шундай марҳамат қилади:
«Сизларга белгилаган нарсанинг ярми» (Бацара сураси, 237-оят).
3. «афзал қилиш». Масалан, Аллоҳ таоло айтади:
«Сурани биз нозил қилдик ва уни афзал қилдик» (Нур сураси, 1-оят).
4. «баён қилмоқ». Аллоҳ таоло дейди:
«Аллоҳ таоло сизларга қасамларингизнинг каффоратини
баён қилди» (Таҳрим сураси, 2-оят).
5. «ҳад (чегаралаш)». Аллоҳтаоло айтади:
«(У) деди: «Албатта, бандаларингдан белгиланган (маълум) улушимни олурман» (Нисо сураси, 118-оят).
6. «мукофот». Масалан:
«Бир кишига мукофот бердим»;
7.  «Қаримоқ». Масалан:
«Сигир қариди». Бақара сурасидаги қуйидаги оятда ҳам шу маънода ишлатилган;
«...қари ҳам, ёш ҳам бўлмаган» (Бақара сураси, 68-оят).
8.    «Улуғ». Масалан:
«фалончи раис».
Барча фақиҳлар наздида «фарз» деб, қатъий далил билан собит бўлган ва ҳеч қандай шубҳага ўрин қолмаган ҳукмга айтилади.
Фарзнинг ҳукми шуки, уни бажарувчи савобга, тарк қилувчи эса иқоб (азоб)га мустаҳиқ бўлади.
Вожиб деб, зонний (қатъий бўлмаган) далил билан собит бўлган ҳукмга айтилади. Вожибни бажарувчи киши фарзни адо қилувчига нисбатан камроқ савобга эга бўлади ва шунингдек, вожибни тарк қилувчи фарзни тарк қилувчига нисбатан камроқ иқобга мубтало бўлади.
Нассларнинг шаръий ҳукмларга далолати тўрт турли бўлади. Улар қуйидагилар:
1. «Собит бўлиши ҳам, далолат қилиши ҳам қатъий бўлган насс». Бунга Қуръони Каримнинг таъвилни эҳтимол қилмайдиган оятлари ва маъноси очиқ-ойдин бўлган мутавотир ҳадислар киради ва улар яқин (аниқ илм)ни ифода қилади;
2. «Собит бўлиши қатъий ва далолати зонний бўлган насс». Уларга таъвил қилинадиган оят ва ҳадислар кириб, зонни (ғолиб гумонни) ифода қилади ва ундан вожиблик ҳукми келиб чиқади;
3. «Собит бўлиши зонний ва далолат қилиши қатъий бўлган насс». Уларга маъноси очиқ-ойдин бўлган оҳод ҳадислар кириб, шариатда буюрилган феълларда вожибликни ҳамда қайтарилган ишларда макруҳи таҳримийликни ифода қилади;
4. «Собит бўлиши ҳам, далолати ҳам зонний насс». Унга бир неча маънони эҳтимол қиладиган оҳод ҳадислар кириб, қилиш мумкин бўлган феълларда суннат ва мустаҳабни ифода қилади («Ҳошияту шарҳи нуқоя»).
Матндаги лафзидан (таҳорат қилиш) ирода этилади. Бу сўз «вов»нинг заммаси билан маълум ва махсус феълнинг номи, яъни таҳорат, калимаси «вов»нинг фатҳаси билан эса таҳорат учун тайёрлаб қўйилган сув маъноларини ифода қилади. Мусанниф раҳматуллоҳи алайҳ «Поклик китоби»да таҳорат ҳукмларини ғуслдан олдин келтиришига сабаб, аввало кундалик ҳаётда таҳоратга кўп эҳтиёж тушганлигидир. Иккинчидан, ғуслга нисбатан таҳоратда ювиладиган аъзоларнинг кам бўлганидир. Учинчидан, Аллоҳ таоло ҳам таҳоратни ғуслдан олдин келтириб:
«Юзларингизни ювинглар», деган ва ундан сўнг
«Агар жунуб бўлсаларингиз, покланинглар», деб марҳамат қилган.
сўзи «ғойн» ҳарфининг заммаси билан келса, ғусл қилинадиган сув ва барча баданни ювиш тушунилади.
«Ғойн»нинг касраси билан деб ўқилса, у билан бош ювиладиган нарса, яъни «хитмий» (хушбўй ўсимлик) тушунилади.
«Ғойн»нинг фатҳаси билан деб масдар шаклида ўқилса, «ювмоқ» деган маънони англатади.
Мусанниф раҳматуллоҳи алайҳ таҳоратнинг фарзларини «уч аъзони ювиб, бир аъзога масҳ тортиш», деб баён қилди. Таҳоратда ювиб, масҳ тортилиши фарз қилинган мазкур тўрт аъзо Моида сурасининг 6-оятида субути ҳам, далолати ҳам қатъий тарзда собит бўлган.
Мусанниф раҳматуллоҳи алайҳ «Ғасл (ювиш) сувни оқизишдир», дейиш билан Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг мазҳабига раддия беришни назарда тутган. Чунки у кишининг наздида таҳорат аъзоларини ювишда сувни оқизишнинг ўзи кифоя қилмайди, балки ишқалаш ҳам шартдир. Масҳ эса сувни қатраларсиз етказишдир.
Мусанниф раҳматуллоҳи алайҳ юзнинг бўйи ва эни чегарасини баён қилиб, юзни «(бошнинг олд томонида, пешонадаги) соч чиқиш бошланган жойдан иякнинг ости ва икки қулоқнинг икки юмшоғигача» ювиш фарздир, деди. Чунки «важҳ» (юз) сўзи араб тилида «мувожаҳат» (юзланиш)дан олинган бўлиб, «мувожаҳат» (юзланиш) юзнинг қайси қисми билан ҳосил бўлса, ўша жойларни ювиш таҳоратда фарз бўлади.
Имом Қудурий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бизнинг наздимизда икки тирсак (қўл) ва тўпиқ (оёқ) ювиш остига киради». Бу (ҳукм) Имом Зуфар раҳматуллоҳи алайҳга хилофдир. У киши: «Рўза бобидаги кеча каби (таҳоратда ҳам) ғоя (чегара, яъни тирсак ва тўпиқ) ювишда муғайё (чегараланган нарса, яъни қўл ва оёқ) остига кирмайди», дейди. Бизнинг далилимиз шуки, бу ердаги ғоядан (тирсак ва тўпиқни зикр қилишдан) мурод ундан қолганини соқит қилиш учундир (яъни қўлнинг тирсакдан юқори ва оёқнинг тўпикдан юқори қисми ювилмаслигини билдириш учундир). Агар бу ғоя (тирсак ва тўпиқ) зикр қилинмаганида, (қўлни қўлтиққача) тўлиқ ювиш лозим бўларди. Рўза бобидаги (ғоя) эса ҳукмни (рўза тутишни) кечгача чўзиш учундир. Чунки «совм» (рўза) сўзи бироз вақт емай-ичмай, ўзини тийиб туришга ҳам ишлатилади. Тўпиқ эса бўртиб чиққан суякдир. Мана шуниси саҳиҳ. «Коиб» - бўртиб чиққан деган маънони англатувчи (каъб)дан олинган.
Шарҳ: сўзи «мим»нинг касраси, «фа»нинг фатҳаси ёки бунинг акси, яъни «мим»нинг фатҳаси ва «фа»нинг касраси билан деб ҳам ўқилиши мумкин.
«Мирфақ» деб, араб тилида билак билан мушак суяги бир-бирига уланган жойга айтилади. Узбек тилида ана шу боғланган жойга тирсак дейилади.
«Каъб» - Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ наздида оёқнинг юза қисмидаги оёқ кийим ипи боғланадиган жойга айтилади. Лекин бу тўғри эмас. Чунки болдирнинг пастидаги бўртиб чиққан суякка «каъб» (тўпиқ) дейилади. «каъб»дан «коиб» сўзи келиб чиққан бўлиб, унинг кўплиги «кавоиб» бўлади. Кўкраги бўртиб чиққан ёш қизларга ҳам «кавоиб» дейилади.
Қўлнинг мирфақ (тирсаги) билан оёқнинг каъб (тўпиғи) таҳоратда ювиладиган аъзоларга кириш-кирмаслигида ва уларни ювиш шарт-шарт эмаслигида ихтилоф қилинган. Имом Абу Ҳанифа ва у кишининг икки соҳиби - Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳлар таҳоратда тирсак билан тўпиқни ювишни фарз деганлар. Имом Шофеъий, имом Аҳмад ва бир ривоятда Имом Молик раҳимаҳуллоҳлар ихтиёр қилган қавл ҳам шудир.
Имом Зуфар раҳматуллоҳи алайҳ наздида таҳоратда тирсак билан тўпиқни ювиш фарз эмас. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳдан нақл қилинган иккинчи ривоятда ҳам ушбу қавл ихтиёр қилинган. Имом Зуфар раҳматуллоҳи алайҳ оятда мирфақ билан каъб ғоя сифатида келганлиги ва ғоя муғайёнинг ҳукми остига мутлақо кирмаслигини таъкидлаб, қуйидаги оятни далил қилиб келтиради:
«Сўнгра рўзани кечасигача батамом қилинг» (Бацара сураси, 187-оят).
«Ушбу оятда тун рўзанинг ҳукмига кирмагани каби, оятдаги мирфақ (тирсак) билан каъб (тўпиқ) ҳам қўл билан оёқни ювиш ҳукмига кирмайди», дейди. Имом Зуфар раҳматуллоҳи алайҳнинг «Ғоя муғайёнинг остига мутлақо кирмайди», деган сўзига қўшилмаймиз. Чунки ғоя икки турга бўлинади:
Биринчиси - ғоя муғайёнинг жинсидан бўлади. Бунда агар чегара тирсак каби чегараланувчи нарса, яъни қўл жинсидан бўлса, ғоя муғайёнинг остига киради.
Иккинчиси - ғоя тун каби, муғайё рўза тутиш каби нарсанинг жинсидан бўлмаса, муғайё, ғоя ва унинг ортидагиларни ўз ичига олмайди.
Агар ғоя аввалги қисмдан бўлса, ғоя муғайё остига киради. Агар ғоя иккинчи қисмдан бўлса, ғоя муғайёнинг ҳукми остига кирмайди. Имом Зуфар раҳматуллоҳи алайҳ далил сифатида келтирган оятдаги «лайл» (тун) сўзи муғайё (совм, яъни рўза тутиш) жинсидан эмас. Чунки тун рўза ҳукми остига кирмайди. Моида сурасининг 6-оятидаги «мирфақ» қўл, «каъб» эса оёқ жинсидан бўлганлиги сабабли ушбу икки ғоя муғайё ҳукми остига киради, яъни тирсак қўлни ювиш, тўпиқ оёқни ювиш ҳукмига киради.
Мусанниф раҳматуллоҳи алайҳ томонидан келтирилган далилнинг ҳулосаси шуки, баъзан ғоя, масалан, тун рўза каби муғайёнинг ғоягача, яъни тунгача чўзилишини ифода қилиш учун зикр қилинади. Гоҳида ғоя, масалан, тирсак ғоядан ташқарисини соқит қилиш учун зикр қилинади. Хуллас, ғоя икки хил бўлади:
1. Исбот ғоя (исбот қилиш ғояси);
2. Исқот ғоя (соқит қилиш ғояси).
Агар муғайё остига ғоя ҳам кирса, унга исқот ғоя (соқит қилиш ғояси) дейилади. Аксинча бўлса, яъни муғайё остига ғоя кирмаса, исбот ғоя (исбот қилиш ғояси) дейилади, яъни исбот ғоя муғайёнинг ҳукми остига кирмайди. Бунинг мисоли қуйидаги оятда ўз аксини топган:
«Сўнгра рўзани кечасигача батамом қилинг» (Бақара сураси, 187-оят).
Мазкур оятда ғоя муғайё остига кирмаган. Чунки рўзада тун рўза ҳукми остига кирмайди, яъни рўза тунда ҳам давом эттирилмайди. Балки тунгача давом эттирилади.
Исқот ғоя (соқит қилиш ғояси)да ғоядан кейинги нарса муғайё остига кирмайди. Демак, ғоянинг ўзи эса муғайёнинг остига киради. Бунга қуйидаги оят мисол бўлади:
«...юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари ила ювинглар. Бошларингизга масҳ тортинглар. Ва оёқларингизни тўпиқлари ила ювинглар» (Моида сураси, 6-оят).
Ушбу оятда чиғаноқ билан тўпиқ ювиш ҳукми остига киради. Лекин у иккисидан юқори қисмлар ювиш ҳукмининг остига кирмайди. Шунинг учун чиғаноқ билан тўпиқ алоҳида зикр қилиб келтирилди.

Ҳикматуллоҳ Абиевнинг
"Ҳидоя шарҳи" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase