close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Рукуъга доир ҳукмлар

Имом Қудурий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Сўнгра такбир айтади ва рукуь қилади». «Жомеъус сағир» китобида: «Рукуъга эгилган ҳолида такбир айтади», дейилган. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир эгилиш ва кўтарилишда такбир айтардилар.

Имом Қудурий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Сўнгра такбир айтади ва рукуь қилади». «Жомеъус сағир» китобида: «Рукуъга эгилган ҳолида такбир айтади», дейилган. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир эгилиш ва кўтарилишда такбир айтардилар.
«Такбирни қисқа қилиб айтади». Чунки унинг аввалини чўзиш истифҳом бўлгани учун дин эътиборидан хато. Унинг охирини чўзиш ҳам луғат эътиборидан лаҳн қилиш саналади.
Шарҳ: Қироатни тўлиқ тугатгандан сўнг такбир айтган ҳолда рукуъга боради. Имом Қудурий раҳимаҳуллох наздида саҳиҳ мазҳаб шудир.
«Жомеъус-сағир» китобида: «Рукуъга эгилиш асносида такбир айтади ва тўлиқ рукуъ ҳолатида такбирни якунлайди», дейилган. Имом Таҳовий раҳимаҳуллоҳ мана шу қавлни саҳиҳ, деб айтган. Бунга далил Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қуйидаги ҳадисидир:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир кўтарилиш, эгилиш, қиём ва ўтиришда такбир айтардилар. Абу Бакр Сиддиқ, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳулар ҳам шундай қилардилар».
Бу ҳадисдан рукуъга эгилган вақтда такбир айтиш кераклиги собит бўлмокда.
Шайх Абул Ҳасан Қудурий раҳимаҳуллоҳ такбирнинг ҳазф, яъни қисқа айтилишини зикр қилиб ўтди. Яъни мад бўлмаган ўринда чўзмайди. Лекин мад бўлган ўринларда чўзади. Шунда
лафзида «Аллоҳ» лафзи жалоладаги «алиф»ни енгил айтади. «Лом»ни мад қилади, «ҳо»ни заммали айтади. «Акбар» лафзидаги «бо» ҳарфини ҳам чўзмасдан, енгил ўқийди. Охирини эса жазм қилади. Чунки «Аллоҳ» лафзи жалоласининг «алиф» ёки «Акбар» лафзидаги «алиф» чўзиладиган бўлса, бу диний эътибордан хато бўлади. Негаки у истифҳом бўлиб қолади. Яъни иккала «алиф» чўзилган суратда «Буюк Аллоҳми?» ёки «Аллоҳ Буюкми?» деган маъно ҳосил бўлади. Бу иккала маъно ҳам Аллоҳ азза ва жалланинг кибриёсига нисбатан шакни келтириб чиқаради. Кимки Аллоҳ азза ва жалланинг кибриёсига қасддан шак қилса, кофир бўлади.
«Ҳидоя» соҳиби: «Бу икки «алиф»ни чўзиш хато саналади, куфр эмас. Лекин бу билан намоз фосид бўлади. «Акбар» лафзидаги «бо» ҳарфини чўзиш луғавий эътибордан хато. Бу билан ҳам намоз фосид бўлади», дейди.
«Рукуъда қўллари билан тиззаларига суянади ва бармоқларининг орасини очади». Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Анас розияллоҳу анҳуга: «Агар рукуъ қилсанг, қўлларингни тиззаларингга қўй ва бармоқларинг орасини оч», деб айтган ҳадиси шарифлари далил бўлади. Фақатгина рукуъ ҳолатида бармоқлар орасини очиш мандуб саналади. (Рукуъда бундай қилинишининг сабаби тиззани) ушлашга имконли бўлиш учундир. Сажда ҳолатида эса бармоқларни бир-бирига ёпиштириб олиш мандубдир. Мазкур ҳолатлардан бошқа ўринларда (бармоқлар ўзининг) одатий ҳолича қолдирилади.
«Ва орқасини текис қилади». Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рукуъ қилсалар, орқаларини текислар эдилар.
«Рукуъ ҳолатида бошини кўтармайди ва яна пастга эгиб ҳам олмайди». Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рукуъ қилсалар, бошларини кўтариб ҳам, эгиб ҳам олмасдилар.
«Ва «Субҳана Роббиял ъазим» тасбеҳини уч марта айтади. Бу унинг энг кам миқдоридир». Бунга набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сизлардан бирингиз рукуъ қилса, ўз рукуъсида уч марта: «Субҳана Роббиял ъазим», десин. Бу унинг энг кам миқдоридир» мазмунидаги ҳадиси шарифлари далил бўлади. Яъни тасбеҳни уч марта айтиш тўлиқ жам (кўплик)нинг энг кам миқдори ҳисобланади.
Шарҳ: Бу матнда рукуънинг кайфияти ҳамда рукуь тасбеҳлари баён қилинмокда. Рукуъ қилишнинг суннат кўриниши шуки, намоз ўқувчи қўлларини иккала тиззасига қўяди ва бармоқлари орасини очган ҳолда тиззасини ушлайди. Бунга далил Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга айтган қуйидаги сўзларидир:
«Агар рукуъ қилсанг, қўлларингни тиззаларингга қўй ва бармоқларинг орасини оч».
«Ҳидоя» соҳиби айтадики, рукуъ ҳолатида бармоқларнинг ораси очилиши мустаҳаб амалдир. Бу ҳолатда қўллар билан тиззани ушлаш осон бўлади. Рукуъдан бошқа ҳолатларда эса бармоқлар орасини очиш мустаҳаб эмас. Сажда ҳолатида эса қўл бармоқларини жуфтлаб, ёпиштириб олиш мустаҳаб бўлади. Бу суратда ҳамма бармоқлар қибла тарафга юзланади. Бу икки ҳолатдан ташқари, бошқа ўринларда бармоқлар ўзининг одатий ҳолича қолади. Яъни на уларнинг ораси очилади ва на жуфтлаб олинади. Балки бармоқлар ўзи-нинг табиий ҳолатида қолдирилади.
Рукуъ ҳолатида орқа қисм текис ҳолатда бўлиши лозим. Ҳатто бир идишда орқа қисмга сув қўйилса, у тўкилмасй туриши керак. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам рукуъ қилсалар, доимо орқаларини баробар ва текис тутганлар. Бу борада Оиша розияллоҳу анҳодан қуйидаги ривоят нақл қилинган:
«У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам (рукуъда) шу даражада текис турар эдиларки, агар у зотнинг орқаларига бир идишда сув қўйилса, албатта, у тўкилмасдан турарди».
Шунингдек, Вобиса ибн Маъбад розияллоҳу анҳудан ҳам қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рукуъ қилсалар, ортларини баробар қилар эдилар. Ҳатто у зотнинг орқаларига сув қуйилса, албатта, у қарор топиб турарди».
Имом Қудурий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Киши рукуъ ҳолатида бошини тик қилиб ҳам олмайди, яна пастга эгмайди ҳам». Яъни бошини орқаси билан баробар қилади. Бунга далил шуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам рукуъ қилсалар, бошларини тик ҳам, эгик ҳам тутмасдилар.
Рукуъ ҳолатида уч марта «Субҳана Роббиял ъазим», деб тасбеҳ айтилади. Уч марта айтиш энг кам миқдор саналади. Уни беш ёки етти марта зиёда қилиб айтиш жоиз. Бунга далил Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзларидир:
«Сизлардан бирингиз рукуъ қилса, ўз рукуъсида уч марта «Субҳана Роббиял ъазим», десин. Бу унинг энг кам миқдоридир».
«Сўнгра (имом) бошини кўтаради ва: «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ», дейди. Муқтадий эса: «Роббана лакал ҳамд», дейди. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ наздида имом таҳмидни айтмайди. Икки имом наздида имом ҳам таҳмидни ичида айтади». Бунга Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам (рукуъдан турганларида) икки зикр ўртасини жамлардилар» мазмунидаги ҳадис далил бўлади. (Ақлий далил шуки) киши бошқаларни яхшиликка чорлаб, ўзини унутиб қўймайди.
Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг далили Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Агар имом «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» деса, «Роббана лакал ҳамд», денглар» мазмунидаги ҳадиси шарифларидир. Мана шу (имом ва муқтадий ўртасидаги) тақсимот бўлиб, у ширкатга зиддир. Шунинг учун ҳам бизнинг наздимизда муқтадий тасмиъни айтмайди. Бу ҳукм Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳга хилофдир. Чунки (бу суратда) имомнинг таҳмиди муқтадийнинг таҳмидидан кейин айтилган бўлади. Бу эса имомлик ўрнига хилоф келади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадис ёлғиз намоз ўқиган ҳолатга йўйилади.
«Саҳиҳ қавлга кўра, мунфарид бу иккисини жамлайди». Лекин Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллохдан нақл қилинган бир ривоятда: «Мунфарид тасмиънинг ўзи билан кифояланади», дейилган. Яна бир ривоятда: «У тамҳиднинг ўзи билан кифояланади», дейилган. Имом таҳмидга далолат қилгани учун уни маъно эътиборидан айтган ҳисобланади.
Шарҳ: Тасмиъ, яъни «Аллоҳ таоло ҳамд айтган зотларнинг ҳамдини қабул қилсин» деган маънони англатади. Бу ўринда ҳамднинг қабул бўлишини сўраб дуо қилинмокда.
лафзи маъносида ҳам ишлатилади. Мисол учун, бир киши амирнинг олдига арз қилиб келса, яъни «Амир фалончининг сўзини қабул қилди», дейилади. Бу ўринда лафзи маъносида келмоқда.
Хулоса шуки, хотиржамлик билан рукуъ қилиб бўлгач, «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ»ни айтиб, бошини кўтаради. Агар имом бўлса, у билиттфоқ тасмиъни жаҳрий айтади. Муқтадий эса унинг ортидан «Роббана лакал ҳамд»ни махфий айтади.
Лекин уламолар имомнинг таҳмидни айтиши ёки айтмаслиги борасида ихтилоф қилганлар. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ наздида имом таҳмидни айтмайди. Икки имом наздида имом ҳам таҳмидни ичида айтади. Бу борада икки имомнинг далили ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг қуйидаги ҳадисидир:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз учун турсалар, тик турган ҳолатда такбир айтардилар. Рукуьга борган вақтларида такбир айтардилар, сўнгра гавдаларини рукуьдан кўтарган вақтда «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ»ни айтардилар. Сўнгра шу ҳолатда тик туриб, «Роббана ва лакал ҳамд»ни айтардилар. Сўнгра саждага эгилган вақтларида такбир айтардилар» («Фатҳул Қодир»).
Бу ҳадисдан маълум бўладики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тасмиъ ва таҳмид - иккисини ҳам жамлаб айтганлар.
Яна бир далил шуки, имом «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ», дейиш орқали бошқаларни ҳамд айтишга чорлайди. Зеро, имом бошқаларни ҳамд айтишга чорлаб, ўзи бир четда қолмайди, балки ҳамдни ўзи ҳам айтади. Чунки ояти каримада:
«Одамларни яхшиликка буюриб туриб, ўзингизни унутасизми?» дейилган (Бақара сураси, 44-оят). Имом мана шу ваъид остига тушиб қолмаслик учун ҳам таҳмидни айтади.
Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг далили Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларидир:
«Агар имом «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» деса, бас, «Роббана лакал ҳамд», денглар».
Бу ҳадис билан далилланишнинг сабаби шуки, бу ўринда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам имом ва муқтадий ўртасидаги тақсимотни баён қилмокдалар. Яъни тасмиъни имом, таҳмидни муқтадий айтади, демоқдалар. Тақсимот эса ширкатга зид бўлади. Имом таҳмидни айтишда муқтадийга шерик бўлмайди. Шунинг учун ҳам бизнинг наздимизда муқтадий тасмиъни айтмайди. Чунки у имомнинг ҳаққидир. Лекин Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ наздида муқтадий ҳам тасмиъни айтади.
Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг яна бир далили шуки, агар имом ҳам таҳмид айтадиган бўлса, унинг таҳмиди муқтадийнинг таҳмидидан кейин айтилган бўлади. Яъни имом тасмиъ айтган вақтда муқтадий таҳмидни айтади. Имом эса ундан кейин таҳмид айтади. Бу имомлик мақомига хилоф иш саналади. Зеро, имомлик мақоми муқтадийдан муқаддам бўлишни талаб этади.
Икки имом далил сифатида келтирган Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадиси ёлғиз намоз ўқиш ҳолатига йўйилади. Яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ёлғиз ҳолатда намоз ўқиганларида тасмиъ ва таҳмидни жамлаганлар.
Саҳиқ қавлга кўра, мунфарид тасмиъ ва таҳмид ўртасини жамлайди. Бу борада Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллохдан икки хил ривоят бор: Биринчи қавлга кўра, мунфарид «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ»нинг ўзи билан кифояланади. Иккинчи қавлга кўра, у «Роббана лакал ҳамд»нинг ўзини айтади, холос.
Биринчи қавлнинг сабаби шуки, мунфарид ҳам ўзининг ҳаққида имом ҳисобланади. Шунинг учун у тасмиъни айтиш билан кифояланади. Чунки имомга қироат қилиш вожиб бўлганидек, мунфаридга ҳам қироат қилиш вожиб саналади.
Иккинчи қавлнинг сабаби шуки, мунфарид қавма ҳолатида тасмиъ ва таҳмидни жамлай олмайди. Чунки қавма ҳолати худди икки сажда орасидаги жалса каби маснун зикр айтилмайдиган мўътадиллик ҳолати ҳисобланади. Шунинг учун унда қўллар боғланмайди. Шу эътибордан мунфарид қавмада тасмиъни эмас, балки таҳмиднинг ўзи билан кифояланади.
Мана шу қавлни Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги сўзи ҳам қўллаб-қувватлайди. У киши айтади:
«Мен Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллохдан: «Рукуъдан бошини кўтарган киши яъни «Аллоҳуммағфирлий» деса бўладими?» деб сўраганимда, у киши: «Иўқ, у «Роббана лакал ҳамд»ни айтиб, сукут сақлайди», деб жавоб берган».
Шунингдек, фарз намозларда икки сажда ўртасида ҳам бирор зикр айтилмайди.
Саҳиҳ қавлга кўра, мунфарид тасмиъ ва таҳмид иккисини ҳам айтади. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тасмиъ ва таҳмид иккисини жамлаганлар.
Юқорида икки имом: «Имом бошқаларни ҳамд айтишга чорлаб, ўзи бир четда қолмайди, балки ҳамдни ўзи ҳам айтади», деган ақлий далил келтирган эдилар. Уларнинг бу далилига жавоб шуки:
«Яхшиликка далолат қилувчи уни адо этган киши кабидир». Имом бошқаларни ҳамд айтишга чорлаш билан маънавий эътибордан ўзи ҳам уни айтган ҳисобланади. Шунинг учун у бу ҳолатда «Одамларни яхшиликка буюриб туриб, ўзингизни унутасизми?» (Бақара сураси, 44-оят) оятидаги ваъид остига дохил бўлмайди.

Ҳикматуллоҳ Абиевнинг
"Ҳидоя шарҳи" китобидан

 

 

 

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase