close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Авлиёлар ва кароматлар

«Валий» сўзи арабча бўлиб, «яқин» дўст маъносини англатади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Ўзининг маълум бир бандаларга валий эканлигини, баъзи бир бандалар У зотнинг авлиёлари эканини айтиб ўтган.

Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида Расулуллоҳ солалаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилиб, бут ва санамларга ибодат қилаётган ва ҳидоятга эргашмаган мушрикларга шундай деб хитоб қилишни буюради:
«Албатта, менинг валийим Китобни нозил қилган Аллоҳдир. У солиҳларни валий (дўст) тутадир» (196-оят).
Аллоҳ таоло «Юнус» сурасида:
«Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг валийларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар», деган (62-оят).
Аллоҳнинг валий(дўст)ларига бу дунёда ҳам, охиратда ҳам ҳеч қандай хавф йўқдир. Улар икки дунёда ҳам тўлиқ омонликдадирлар. Улар бу дунёда Аллоҳга валий – дўст бўлганлари учун, У зотнинг кўрсатмалари бўйича ҳалол-пок, тўғри яшаганлари учун уларга ҳеч нарса хавф-хатар солмайди. Уларнинг соғлигига, молу мулкига, обрў-эътиборига, оиласига, жонларига, умуман, ҳеч нарсаларига ҳеч қандай хавф йўқ.
Шунингдек, охиратда ҳам уларга дўзахнинг, ундаги азоб-уқубатларнинг ҳеч қандай хавфи йўқ.
Аллоҳнинг валий(дўст)лари бу дунё ва охиратда ҳеч хафа ҳам бўлмаслар. Улар доимо хурсанд бўлурлар.
Ана ўша бахтиёр шахслар, Аллоҳнинг валийи – дўсти бўлиш шарафига муяссар бўлганлар, икки дунёда хавфдан холий бўлганлар, икки дунёда хафа бўлмайдиганлар кимлардир?
«Улар иймон келтирганлар ва тақво қилганлардир» (63-оят).
Демак, Аллоҳнинг дўсти бўлиш жуда ҳам осон экан. Бунинг учун, аввало, У зотга иймон келтириш, иккинчидан эса, тақводор бўлиш, яъни, Аллоҳ таолонинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшаш лозим экан. Кимнинг иймонида заррача хато бўлса ёки Аллоҳ таолонинг кўрсатмалари асосида эмас, ўзганинг йўлида ҳаёт кечирса ёхуд ўз-ўзига йўлланма тузиб олса, у одам Аллоҳ таолога дўст бўлиш бахтидан маҳрумдир. Аллоҳ таолога дўст бўлганларга эса:
«Уларга ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам хушхабар бор. Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ. Ана ўша улуғ ютуқдир» («Юнус» сураси, 64-оят).
Аллоҳнинг валийлари – дўстларига икки дунё саодатининг хушхабари бор. Улар иймонлари ва тақволари туфайли, Аллоҳнинг инояти ила, аввало, бу дунёда саодатли ҳаёт кечирадилар. Охиратда эса, худди шу иймонлари ва тақволари сабабли жаннатга дохил бўладилар.
Мазкур хушхабар Аллоҳ таолонинг сўзларидир.
«Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ. Ана ўша улуғ ютуқдир».
Қуръони Карим таърифи бўйича валий, унинг сифатлари ва даражаси шундан иборат.
Аҳли тасаввуф эса, валийни турлича таъриф қилганлар. Агар эътибор бериладиган бўлса ўша таърифлар валийнинг тақво ва ибодатнинг, яхши хулқ ва олиймақом исломий сифатларнинг соҳиби ўлароқ Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилган банда эканлиги хусусидадир.
Аммо, валий маъносидаги тушунчаларда ҳаддан ошиш ҳам бўлган. Шийъа мазҳабидагилар валий алоҳида бир мартаба бўлиб, у фақатгина ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга берилганлигини олдинга суришган.
Баъзи тарихчиларнинг таъкидлашларича, валий ҳақидаги тушунчани биринчи бўлиб тасаввуфга киритган ва бу ҳақида алоҳида китоб ёзган шахс Ҳаким Термизийдир.
Валийлар ҳақидаги фикрлар аста-секин ҳаддидан ошиб бориб, эътиқодга мутлақо зид бўладиган гапларни ҳам айтишгача етганлар.
Масалан, Муҳйиддийн ибн Арабий ва баъзи унга ўхшаганлар, хотамул авлиё Анбиёлардан афзал бўлади, дейишгача етганлар.
Доктор Соиҳ Али Ҳусайн ўзининг «Ламаҳотун минат-тасаввуфи ва тарихиҳи» номли китобида:
«Ибн Атоуллоҳ ал-Искандарийнинг қуйидаги гапларини келтиради: «Шайхимиз Абул Аббос розияллоҳу анҳунинг: «Агар валийнинг ҳақийқати кашф қилинса, унга ибодат қилинарди. Чунки, унинг сифатлари ва белгилари У зотнинг сифатларидандир», деган гапларини нутқ қилиш менинг тилимга қанчалар оғирлигини билсангиз эди».
Аммо ўзини билган сўфийлар валийни Қуръони Карим ва суннати мутоҳҳара маъноларидан келиб чиқиб таъриф қилганлар.
Бу ҳақда Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳи:
«Валий Аллоҳ таолони билувчи, унинг тоатида бардавом бўлувчи ва У зотга ихлос ила ибодат қилувчидир», дейди.
Замонлар ўтиши билан валийлар хусусида турли қарашлар вужудга келгач ва ихтилофлар кучайгач, уламоларимиз валийлар ва уларнинг кароматлари ҳақидаги масалани ақоид китобларимизга киритишга мажбур бўлганлар.
Қуйида «Шарҳи Талхийси ақоиди Тоҳовия» китобидан ушбу масалага бағишланган жойини борича тақдим қиламиз:

ВАЛИЙ ҲЕЧ ҚАЧОН НАБИЙ МАРТАБАСИГА ЕТА ОЛМАЙДИ

«Авлиёлардан бирортасини Анбиёларнинг бирор­тасидан афзал кўрмаймиз. Битта Набий ҳамма валийдан афзалдир, деймиз.»
Шарҳ: Яъни, авлиёлардан бирортаси, ким бўлишидан қатъиназар, Анбиё алайҳиссаломнинг бирортасидан афзал бўла олмайди, деб эътиқод қиламиз. Агар ҳамма авлиёлар битта Набий билан солиштирилса, Набий улардан устун чиқади ва мартабаси юқори бўлади, деймиз.
Муаллиф «Иттиҳод» мазҳабидагиларга (Банда кўп ибодати ила Аллоҳга бирлашиб кетади, деб эътиқод қилувчиларга) раддияга ишора қилмоқда. Шунингдек сўфийларнинг жоҳилларига ҳам. Чунки, улар: «Баъзи авлиёлар Анбиёлардан афзал», дейдилар.
Аммо ҳақийқий, истиқоматдаги сўфийлар ваҳий ва шариатга амал қилишга буюрадилар.
Аллоҳ таоло халойиқнинг ҳаммасини, жумладан, авлиёларни ҳам Набийларга эргашишга амр қилган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:
«Биз қайси бир Расулни юборсак, албатта, Аллоҳнинг изни ила унга итоат қилиниши учун юборганмиз», («Нисо» сураси, 64-оят).
Бошқа бир оятда эса Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилиб, мўминларга шундай деб айтишни буюради:
«Сен: «Агар Аллоҳга муҳаббат қиладиган бўлсангиз, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қилади, гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳимли зотдир», деб айтгин», («Оли Имрон» сураси, 31-оят).
Демак, валийлар Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига иймон келтириб, Аллоҳ таолога итоат ва Унинг Расулига иқтидо қилибгина валийлик даражасига эришар эканлар. Уларнинг кароматлари бу йўлдаги меҳнатлари эвазига берилган инъомдан бошқа нарса эмас. Агар осийлик қилсалар, иззаиларидан айрилиб, хор бўлишлари ҳам мумкин. Зеро, ҳеч бир мўмин-мусулмон, авлиё бўлса ҳам, шайтоннинг васвасасидан, иймондан ажраб қолиш таҳликасидан бутунлай холий бўла олмайди.
Анбиё алайҳимуссалом эса, Аллоҳ таолонинг инояти ила, гуноҳлардан маъсумдирлар. Авлиёлик вақтинча бўлиши мумкин, аммо Набийлик қиёматгача боқийдир. Ва Аллоҳ таоло Набийларидан бирортасини набийликдан маҳрум қилмаган. Ҳолбуки, осмонда учиб, бир лаҳзада кўз илғамас масофаларга бориб кела оладиган авлиёлардан қанчаси синовлардан ўта олмай, кароматларидан айрилиб шарманда бўлганлари ҳақида ривоятлар бор.
Бас, ким куфрни ботин тутиб, Исломни зоҳир қилса (яъни, ичида валийни Набийдан афзал кўриб, тилида «Набий валийдан афзал», деса) ёки ўзининг куфр ақийдасини Ислом ҳижоби ила беркитса, у зиндиқдир, тавбаси қабул бўлмас. Агар ўз ихтиёри ила, қўлга тушмасдан олдин тавба қилсагина, тавбаси қабул.

АВЛИЁЛАРНИНГ КАРОМАТЛАРИ

«Уларнинг кароматларига ва ишончли кишилардан тўғри қилинган ривоятларига ишонамиз».
Шарҳ: Уларнинг икроми учун содир бўлган кароматларини тасдиқлаймиз. Аммо, Дажжол ва унга ўхшаганларга синов учун берилган одатдан ташқари ишларини тасдиқ қилмаймиз. Шунингдек, улардан адолатли, ишончли йўллар билан собит бўлган ривоятларни тасдиқлаймиз. Ҳар бир жоҳил ва ёлғончи қилган ривоятни ёки уларга нисбат берилган Расул ва Набий шаънига нолойиқ нарсаларни эмас.
Расулдан одатдан ташқари иш содир бўлса ва одамлар шунга ўхшаш нарсани қилишдан ожиз қолсалар, бу нарса мўъжиза бўлади.
Расулдан бошқа, аҳли тақво ва солиҳ одамдан одатдан ташқари иш содир бўлса, бу нарса каромат бўлади. Нотўғри йўлда юрган одамдан шундай иш содир бўлса, сеҳр ёки синов бўлади.

АЛЛОҲ ТАОЛОГА ХОС СИФАТЛАР ҲЕЧ КИМГА МЎЪЖИЗА ҲАМ, КАРОМАТ
ҲАМ БЎЛМАЙДИ

Шубҳа йўқки, каромат сифатлари учтадир:

1. Илм;
2. Қудрат;
3. Беҳожатлик.

Бу уч нарса фақатгина ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хосдир.
У зот ҳар бир нарсани Ўз илми билан иҳота қил­ган­дир.
У зот ҳар бир нарсага қодирдир.
У зот оламлардан беҳожатдир.
Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи васалламни ушбу уч нарсадан воз кечишга амр қилгандир:
«Сен: «Мен сизларга, Аллоҳнинг хазийналари менинг ҳузуримда, демайман, ғайбни ҳам билмайман ва сизларга, мен фариштаман, ҳам демайман. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсага эргашаман, холос», деб айтгин» («Анъом» сураси,50-оят).
Мушриклар гоҳида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ғойб илмини талаб қилишар эдилар.
«Улар сендан, (қиёмат) соатидан, унинг қачон бўлишидан, сўрайдилар» («Аъроф» сураси, 187-оят).
Гоҳида эса таъсир ўтказишни талаб қилар эдилар.
«Улар: «Биз, то ердан бизга булоқ отилтириб чиқмагунингча иймон келтирмаймиз», дедилар» («Ал-Исро» сураси, 90-оят).
Гоҳида эса у кишида ҳам башарий ҳожатлар борлигини айблашар эдилар.
«Улар: «Бу пайғамбарга нима бўлдики, таом еб, бозорда юрса», дедилар» («Фурқон» сураси, 7-оят).
Бас, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзлари бу нарсаларга молик эмасликларининг, бу уч нарсадан Аллоҳ таоло берган миқдоргагина эга бўлишлари мумкинлигининг хабарини беришини амр қилди. Аллоҳ таоло билдирганича биладилар. Аллоҳ таоло беҳожат қилганича беҳожат бўладилар. Аллоҳ таоло қодир қилган нарсага қодир бўладилар.
Бас, барча мўъжиза ва кароматлар ушбу доирадан четга чиқа олмайди.

КАРОМАТ ТУШУНЧАСИ ВА УНИНГ ТУРЛАРИ

«Каромат» – «карума» феълидан олинган масдар бўлиб, «юқорилик» ва «шараф» маъносини англатади.
Каромат шу маънода икки хил бўлади:
1. Аслий;
2. Касбий.
Биринчи – аслий кароматнинг мисоли қуйидаги оятда:
«Батаҳқиқ, биз Бани Одамни мукаррам қилдик. Уларни қуруқлик ва денгизда кўтардик. Уларни пок ризқлар ила ризқлантирдик» («Исро» сураси, 70-оят).
Ушбу каромат мўмин бўлсин, кофир бўлсин, башариятнинг ҳамма аъзолари учун умумийдир.
Иккинчи каромат – касбий каромат мисоли:
«Албатта, сизнинг Аллоҳ ҳузурида мукаррамроғингиз, тақводорроғингиздир» («Ҳужурот» сураси, 13-оят).
Бу каромат тақводор мўминда ҳосил бўлади.
Одатдан ташқари ишларга «каромат», дейишлик мажозийдир. Чунки, Аллоҳ таоло ўша ишларни тақводор мўминнинг икроми учун унинг томонидан содир этади. Яъни, каромат авлиёнинг сифати эмас, унга берилган мукофотдир.
Кароматнинг зоҳир бўлишидаги ҳикмат:
Каромат содир бўлганидан сўнг валийнинг ишончи яна ҳам зиёда бўлиб, дунёдаги зуҳди-тақвоси кучайиб, ҳавойи нафс даъвоси йўқолишидир.
Кароматларнинг ростлигига далил:
1. Аллоҳ таолонинг Биби Марям қиссасидаги ояти:
«Ҳар қачон унинг олдига, меҳробга кирганда, ҳузурида ризқни кўрди» («Оли Имрон» сураси, 37-оят).
2. Қуръони Каримдаги Каҳф (ғор) соҳибларининг узун қиссаси.
3. Имом Бухорий ва имом Муслимнинг икки «Саҳиҳ» китобларидаги, устларига харсанг тушиб қолган уч кишининг қиссаси.
4. «Талоқ» сурасининг 2-ояти.
«Ким Аллоҳга тақво қилса, унга кушойиш беради ва ҳисоб қилмаган томондан ризқлантиради».
5. «Анфол» сурасининг 29-ояти.
«Эй иймон келтирганлар, агар Аллоҳга тақво қилсангиз, сизга фурқон(фарқловчи) беради».
Ушбу икки оятда валийликнинг шарти бўлмиш тақво зикр қилинди. Сўнгра тақводор валийнинг каромати зикр қилинди. Бу – унга ҳамма мусийбатлардан кушойиш берилиши, ўйламаган, билмаган томонидан ризқининг берилиши ва ҳаққ билан ботил орасини фарқловчи нурнинг берилишидир».
Ушбу иқтибосга қўшимча сифатида айтишимиз лозимки, тасаввуфга кириш, унда шайх бўлишдан асосий мақсад каромат кўрсатиш эмас. Балки руҳий тарбия ила шуғулланиш ва мўмин-мусулмонларни тарбия қилишдир. Кароматнинг маъноси икром қилишдир. Аллоҳ таоло Ўзига тақво ва зоҳидлик ҳамда кўп ибодат ила қурбат ҳосил бандаларига икром кўрсатиб, баъзи бир оддий одамлар қила олмайдиган нарсалар улар орқали юзага чиқариб,, дуоларини қабул қилиб, олий даражадаги илму ирфон ҳамда фаросат бериб уларни мукофатлайди. Кўпчилик аҳли тасаввуфнинг: «Валий ўзининг кароматини ўзи билмаслиги шарт», деган гаплари бор.
Шу билан бирга, валийларга ва уларнинг кароматларига Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби бўйича эътиқод қилмоғимиз лозим.
Яъни, ҳар бир мўмин-мусулмон содиқ иймони туфайли Аллоҳ таолонинг ҳимоясига киради, дўстига – валийига айланади. Иймонларининг, ибодатларининг, ихлосларининг тадрижига кўра Аллоҳ азза ва жалла ҳар бир мўмин-мусулмонга маълум даражада икром кўрсатади.
Тақвоси, эҳсони кучли бўлган валийларга оддий одамлар қила олмайдиган одатдан ташқари ҳолатлар ато этилиши ҳам рост.
Сувда юрувчи, осмонда учувчи, лаҳзада кўз илғамас жойларга бориб келувчи, балиқлар унга итоат этувчи, ўзгаларнинг ҳолидан хабар берилган, ўзининг кўргуликларидан огоҳ этилган каромат соҳибларининг борлиги ҳам рост.
Қиёмат қоим бўлгунча турли валийлардан ҳар хил кароматлар содир бўлиши ҳам инкор этилмайдиган башоратдир.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (роҳимаҳуллоҳ)

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар

Ўхшаш мақолалар (калит сўз бўйича)

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase