close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Мўъта ғазоти

Ҳижрий саккизинчи йил жумодул-аввал ойида бўлиб ўтди.
Мўъта - Шом шаҳри тепаликларида жойлашган бир қишлоқнинг номидир.

Ҳижрий саккизинчи йил жумодул-аввал ойида бўлиб ўтди.
Мўъта - Шом шаҳри тепаликларида жойлашган бир қишлоқнинг номидир.
Ғазотнинг сабаби юқорида зикр қилганимиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Бусро ҳокимига юборган элчиси Ҳорис ибн Умайр ал-Аздийнинг мазкур ҳоким томонидан ўлдирилишидир. Элчига ўлим йўқ дейилганидек, Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи ва салламнинг Ҳорисдан бошқа бирон элчилари ўлдирилмаган эди. Натижада у зот мусулмонларни Шом томонга юриш қилишга чақирдилар ва бир зумда уч минг жангчи Мўътага чиқишга тайёр бўлди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шахсан ўзлари қатнашган жангни ғазот, қатнашмаганини эса сарийя дейилади. Бу жангда у зот қатнашмаганларига қарамасдан уламолар уни ғазот деб аташганининг сабаби, унда мусулмонларнинг адади кўп бўлганлиги ва аҳамияти катта эканлигидир. Жангга ҳозир бўлган лашкарга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай буйруқ бердилар: "Одамларга Зайд ибн Ҳориса амир бўлсин, агар у ҳалок қилинса Жаъфар ибн Абу Толиб, у ҳам ўлдирилса Абдуллоҳ ибн Равоҳа, агар у ҳам қатл қилинса, мусулмонлар ўзаро кенгашиб ўзларидан бир кишини ўзларига амир қилиб сайласинлар". Яна уларга у ерга бориб аввал уларни Исломга даъват қилишларини, агар қабул қилмасалар шундагина Оллоҳдан мадад тилаб улар билан жанг қилишларини буюрдилар.
Лашкар Мадинадан чиқаркан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар билан хайрлаш-дилар. Шу аснода Абдуллоҳ ибн Равоҳа йиғлаб юборди. Шунда кузатиш учун тўпланганлар: "Нега йиғлаяпсиз?", деб сўрашди. Абдуллоҳ: "Оллоҳнинг номига қасамки, мен дунёни севишдан ёки сизларни яхши кўрганимдан (сиз - аҳли оиламдан ажралишни истамаганимдан) йиғла-ётганим йўқ, балки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Оллоҳ таолонинг Китобидан ушбу: "Сизлардан ҳар бирингиз унга (жаҳаннамга) тушгувчидирсиз. (Бу) Парвардигорингизга (яъни, У Зотнинг амрига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир", оятини ўқиётганларини эшитганимдан сўнг унга мен ҳам тушганимдан сўнг қандай чиқаман", деб йиғлаяпман, деди.
Лашкар ортидан кузатиб қолувчилар уларга: "Сизларга Оллоҳ ёр бўлсин, Ўз ҳимоясида асраб, бизларга соғ-омон қайтарсин, деб дуолар қилиб қолишди.
Мусулмонлар Мадинадан чиқишлари билан душман бу юришдан хабар топди ва дарҳол Ҳеракл Румнинг ўзидан юз мингдан ортиқ ададли лашкар тўплади. Шураҳбил ибн Амр ҳам Лаҳм, Жузом, Балқайн ва Баҳро қабилаларидан иборат бўлган яна юз минг кишилик қўшин йиғди".
Бу хабарни эшитган мусулмонлар Шом яқинидаги Маъон номли жойда икки кеча бу иш ҳақида ўйланиб туриб қолдилар. Айримлари: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мактуб ёзиб, душманимизнинг адади икки юз мингдан ортиқ эканини билдирамиз, эҳтимол ёрдам юборарлар ёки бошқа бирон маслаҳат берарлар, дейишди. Шунда Абдуллоҳ ибн Равоҳа бу фикрга қарши чиқиб, одамларни шижоатлантириб шундай деди: "Эй қавм, Оллоҳ номига қасамки, (ҳозир) сизлар ёқтирмаётган нарса (кеча) ўзларингиз истаб чиққан шаҳидликдир. Биз душманга қарши адад ёки куч билан эмас, бал-ки Оллоҳ бизни азиз қилган мана бу Дин билан жанг қиламиз. Қани юринглар, икки яхшилик-дан бири - ё ғалаба ёки шаҳидлик бўлур".
Мусулмонлар душман билан тўқнашдилар. Байроқни Зайд ибн Ҳориса олиб, тттиддат билан жанг қилди ва душман найзаларидан ҳалок бўлди. Сўнг байроқни Жаъфар ибн Абу Толиб олиб мисли кўрилмаган мардонаворликлар кўрсатди. Жанг яна ҳам оғир тус олгач, отидан тушиб уни сўйиб юбордида, пиёдалар билан жанг қилишга шўнғиб кетди. У киши ҳам ўлдирилди. Сўнг мусулмонлар Холид ибн Валидни ўзларига амир қилиб сайладилар. У киши байроқни олиб, мушриклар билан жанг қилгандан сўнг ниҳоят душманлар мағлуб бўлишди ва Холид ўз лашкари билан Мадинага қайтди.
Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга жанг хабарлари етиб келишидан олдин ваҳий орқали шундай деб билдириб турар эдилар: "...Байроқни Зайд олди ва ҳалок бўлди, сўнг байроқни Жаъфар олди, у ҳам ҳалок бўлди, сўнг байроқни ибн Равоҳа олиб, у ҳам ҳалок бўлди (кўзларидан ёш қуйилиб келарди) ниҳоят байроқни Оллоҳнинг қиличларидан бир қилич (Холид ибн Валид) олди ва уларга фатҳ берди".
Шу ҳадисдан ҳам кўриниб турибдики, оқибатда Оллоҳ таоло мусулмонларга ғалаба берди. Улар баъзи сийрат ровийлари айтганидек, мағлуб бўлиб, бўлиниб сўнг Мадинага қайтиб келганлари йўқ. Эҳтимол, у ровийларнинг мана бундай гапларидан муродлари - мусулмонлар Рум мағлуб бўлгандан кейин ортларидан қувиб бормадилар, уларнинг чекинганлари билан кифояланиб, мусулмонларнинг хавфсизлигини ўйлаб, Мадинага қайтиб кетишди, демоқчидирлар. Шубҳасиз, бу тажрибали қўмондан Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг тадбири эди.
Ибратли нукталар:
Бу ғазотдаги кишини даҳшатга соладиган нарса мусулмонлар адади билан уларнинг рақиби - румлик ҳамда мушрик араблардан иборат жангчиларнинг адади ўртасидаги катта фарқдир. Яъни, душманнинг адади икки юз мингга етган бўлса, мусулмонларники, атига уч мингдан ортмаган. Бошқача айтганда, уларнинг адади мусулмонларникидан эллик-олтмиш баробар кўп бўлган.
Тасаввур қиладиган бўлсак, Ислом лашкари Рум ва мушриклар оламони олдида чек-чегараси кўринмайдиган мавжли денгиз олдидаги кичкина кўл каби эди.
Энг даҳшатлиси, мусулмонларнинг ораларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлмаган оддий бир сарийя бўлишларига қарамасдан олдиларидаги баҳайбат оламондан заррача ҳайиқмай олға бордилар. Жанг давомида уларнинг уч амирлари кетма-кет ҳалок бўлдилар. Улар эса шаштлари пасайиш ўрнига шаҳидлик дарвозасига зўр иштиёқ билан интилар эдилар. Буни кўрган мушрикларнинг қалбларига қўрқув тушиб, кўплари орқага чекина бошладилар. Улардан жуда кўп қисми эса мусулмонлар қўлида ҳалок бўлдилар.
Бу ғазот бир неча далолатларни ўз ичига олади:
Биринчи: юқорида ўтган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амир сайлаш хусусидаги кўрсатмалари халифа ёки мусулмонлар етакчиси улар устига бир неча амирни батартиб тайинлаши дуруст эканлигига далолат қилади. У зот буни аввал Зайдни, сўнг Жаъфарни сўнгра Абдуллоҳ ибн Равоҳани амирликка тайинлаб амалда кўрсатиб бердилар.
Иккинчи: яна ўша кўрсатма мусулмонлар амирлари йўқ бўлиб қолган пайтда ўзларидан бир кишини амир қилиб сайлашлари мумкинлигига далолат қилади.
Учинчи: зикр қилганимиздек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари Зайд, Жаъфар ва Ибн Равоҳаларнинг ҳалок бўлганликлари ҳақида кўзларида ёш билан хабар бердилар. Ваҳоланки, у зот билан уларнинг орасида жуда катта масофа бор эди. Бу шунга далолат қиладики, Оллоҳ таоло Ўзининг Расулига бутун Ерни яқин қилиб қўйган, шунинг учун Шом шаҳрида жанг қилаётган саҳобаларини Мадинада туриб бемалол кўриб турар эдилар. Бу эса Оллоҳ Ўз Ҳабибини икром қилган мўъжизалардан биридир.
Шунингдек, бу ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўз саҳобаларига қанчалик меҳрибон эканликларини кўрсатади. Ахир у зот саҳобалари ичида туриб мазкур шаҳидлар ҳақида хабар бераётиб йиғлашлари озгина нарса эмас.
Тўртинчи: мазкур ҳадис сўнгида: "Ва энг охирида байроқни қиличларидан бир қилич - Сай-фуллоҳ олди ва мусулмонларга ғалаба олиб келди", дейилишида Холид ибн Валиднинг фазлини оширадиган нарса бор. Бу Холид розияллоҳу анҳу мусулмонлар сафида туриб қилган биринчи жанг эди. У кишининг Исломни қабул қилганига ҳеч қанча вақт бўлмаган эди. Шундан маълум бўладики, Холид ибн Валидга Сайфуллоҳ лақабини Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи ва саллам қўйган эканлар.

Шайх Рамазон Бутийнинг
"Фиқҳус-сийра - Сийратни англаш" китобидан
Зиёуддин Мансур ҳафизаҳуллоҳ таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase