Буни худди шаҳаншоҳ яхши хизмат қилган қулига подшоҳлик рутбасини бериб, унга ўз мулкидаги ўлкаларидан бирининг ҳукмронлигини топширса, бу қул ўша ўлка аҳлининг итоатига ҳақдор бўлганига ўхшатардилар. Улар: «Аллоҳнинг ибодатига ҳалиги воситачиларнинг ибодати қўшилгандагина қабул бўларди. Ҳақ таоло ниҳоятда улуғлигидан Унга бевосита ибодат қилишнинг фойдаси йўқ. Уларга фақат бизларни Аллоҳга жуда ҳам яқин қилишлари учунгина ибодат қилиш керак», деб, мазкур шерик худолар эшитишади, кўришади, сиғинувчиларига шафоат қилишади, уларнинг ишларининг тадбирини қилишади ва уларга ёрдам беришади, дея эътиқод қилар, уларнинг шаклларини тошдан йўниб ясаб олиб, ўша тошларга юзланиб ибодат қилар эдилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло гоҳида уларга раддия бериб, ҳукм ва мулк фақат Узига хос эканини эслатган:
«Ва У Ўз ҳукмида ҳеч кимни шерик қилмас» (Каҳф сураси, 26-оят).
«...мулкда шериги бўлмаган...» (Исро сураси, 111-оят).
Гоҳида эса шерик худолар жамодот эканини баён қилган:
«Ёки уларнинг оёқлари бормики, улар билан юрсалар; ёки қўллари бормики, улар билан ушласалар; ёки кўзлари бормики, улар билан кўрсалар; ёки қулоқлари бормики, улар билан эшитсалар» (Аъроф сураси, 195-оят).
Аллоҳ таоло адашганларга раддия қилиб гоҳида:
«Ва албатта, Роббимизнинг улуғворлиги юксак бўлди. У Ўзига хотин ва фарзанд тутгани йўқ» (Жин сураси, 3-оят), деб, Ўзининг хотини ва боласи йўқлигини таъкидласа, гоҳида:
«У осмонлару ернинг беназир қилиб яратгувчисидир. Бирор ишни ҳукм қилса, унга: «Бўл!» дейди, холос, бас, у бўладир» (Бакрра сураси, 117-оят), дейди.
"«Ақийдатут-Таҳовия» шарҳининг талхийси" китобидан