close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Имомликка ҳақдор кишилар баёни

Умуман олганда, ҳар бир оқил мусулмон киши намозда имомликка ўтишга ҳақлидир. Ҳатто қул, аъробий (саҳройи араб), кўзи ожиз, валади зино, фосиқ киши ҳам имомликка ўтиши мумкин.

Аксар уламонинг қавли шудир. Имом Молик: «Фосиққа иқтидо қилиб ўқилган намоз жоиз эмас» — дейди. Бу сўзининг далили шуки, имомлик омонат, яъни, орқасида иқтидо қилиб ўқиётган барчанинг намози имом учун омонат, бу жуда улкан жавобгарлик, омонатни энг ишончли одамга топширилади. Фосиқ эса хоин. Яъни, у Оллоҳ томонидан топширилган омонатга хиёнат қилади, давомли гуноҳлар содир этади. Шунинг учун ҳам фосиқ кимсанинг гувоҳлиги ўтмайди. Гувоҳлик эса омонат бобидандир.
«Фосиқ сўзига бир мисол орқали аниқ таъриф берадиган бўлсак, бировни бузуқликда айблаб, шунга тўртта гувоҳ келтира олмаган кимса фосиқдир. Қаранг, инсон шаъни шу даражада улуғки, гарчи айбдорнинг бузуқлигини кўзи билан кўрган бўлса ҳам, бунга ўзидан бошқа тўртта киши гувоҳ бўлмагунча уни ошкор қилиб бўлмас экан. Энди бугунги ҳолатимизга назар солайлик. Ҳатто кўрмасдан, кимдандир эшитиб, бировларни бузуқликда айбламаймизми?! Яхшиям, Имом Молик мазҳабида эмасмиз. Акс ҳолда, бугун имомликка ўтишга одам тополмай қолардик...
Мазҳабимиз уламолари намозда фосиқ кимсанинг имомлиги дуруст, дейишган эди. Бунга Пайғамбар алайҳис-саломдан ривоят қилинган ҳадис далил қилинган: «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган кишининг орқасида (яъни, унга эргашиб) намоз ўқийверинглар». Яна бир ҳадис: «Ҳар бир тақволи ва фожирнинг орқасида намоз ўқийверинглар».
Баъзан намозимизга имомликка ўтган кишининг қандайлигини билмаймиз, намоз рукнларини бажаряпти, иншаоллоҳ, бу имомнинг орқасида ўқиганларнинг намози жоиз. Агар имомнинг қироати бузуқ бўлса, бошқа рукнларни ҳам чала бажарса, иқтидо қилувчида бу имомга эргашмаслик ҳаққи бор, албатта. Бугунги кунимизда бу ўнглаш мумкин бўлган ҳолат. Лекин яқин тарихда жамоат намозига чиқиш фитналарга сабаб бўлган замонлар ҳам бўлди, буни советлар тузумида яшаганлар яхши билади. У даврларда намоз одатда балоғат ёшидан эмас, «пенсия»га чиққандан кейин ўқиларди, шунда ҳам саноқли мусулмонлар бунга журъат қиларди. Худога шукр, у замонлар ўтиб кетди.
Энди ҳадисдаги ҳар бир тақволи ва фожирнинг орқасида намоз ўқиш масаласига келсак, валлоҳу аълам, бу сўзлар жумъа ва ҳайит намозларидаги имомларга тегишли. Бу намозларда, одатда, ўша ернинг амирлари имомликка ўтган. Китоб мусаннифининг айтишича, уларнинг аксари фосиқ бўлади. Ҳадис, валлоҳу аълам, шулар хусусида келган.
Лекин ҳадиснинг зоҳири фосиқ, фожирга ҳам иқтидо қилиш дурустлигига ҳужжатдир. Бу ерда ҳадиснинг айтилишига сабаб бўлган жиҳат эмас, балки ҳадиснинг умумий лафзи эътиборга олинади. Шунингдек, Оллоҳ рози бўлсин, Абдуллоҳ Ибн Умар каби саҳобалар ва уларни кўрган тобеъинлар жумъа ва бошқа намозларда Ҳажжожга иқтидо қилишган. Ҳолбуки, Ҳажжож замонасининг энг фосиқ кишиларидан эди. Ҳатто Умар ибн Абдулазиз айтарди: «Агар ҳар бир халқ ўзининг энг ёмон кишиларини тўпласа, биз битта Абу Муҳаммадни олиб келиб, улардан ғолиб бўлардик». «Абу Муҳаммад» — Ҳажжожнинг куняси (яъни, фарзандининг исмига нисбат бериб айтилган ном).
Бани Усайд қавмининг озод бўлган қули Абу Саъиддан ривоят қилинади: «Уйланганимда Пайғамбар алайҳис-салом саҳобаларидан бир гуруҳини уйимга таклиф қилдим. Уларнинг орасида Абу Зар, Ҳузайфа, Абу Саъид Худрий каби улуғ зотлар бор эди. Намоз вақти бўлганида мени олдинга ўтказишди, уларга имом бўлиб, намоз ўқидим. Ҳолбуки, ўша пайт мен қул эдим». Яна бир ривоятда дейди: «Уларга намоз ўқиб бериш учун Абу Зар олдинга ўтди. Шунда унга: «Бировнинг уйида имомликка ўтмоқчимисан?» — дейишди. Кейин мени имомликка ўтказишди, уларга намоз ўқиб бердим. Ҳолбуки, ўша пайт мен қул эдим».
Бу машҳур ҳадислардан бўлиб, Имом Муҳаммад уни «Китобул маъзун»да келтирган. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам баъзи ғазотларга чиққанида Мадинада Абдуллоҳ ибн Умми Мактумни имом қилиб кетарди. Ҳолбуки, Умми Мактумнинг кўзи ожиз эди.
Негаки, намознинг жоизлиги рукнларни бажаришга боғлиқ. Юқорида зикр қилинган қул ҳам, кўзи ожиз ҳам намоз рукнларини бажаришга қодир инсонлардир. Лекин аслида булардан бошқаларининг имомликка ўтиши яхшироқ. Чунки имомлик фазилат устига қурилади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бошқаларга имомлик қиларди ва ҳеч ким у зотга имомлик қилмасди. Шунингдек, хулафои рошидин — Абу Бакр, Умар, Усмон, Алий розияллоҳу анҳумлар ҳам ўз замонларида намозга имомлик қилганлар.
Агар шундай фазилатли кишиларнинг ўрнига бошқалар имомликка ўтса, одамларнинг бундай кишилар орқасида намоз ўқишга рағбатлари йўқолади. Оқибатда, жамоат камаяди. Бу эса макруҳ ишдир. Шунингдек, рукнларни тўғри адо қилиш учун намоз илмидан хабардорлик талаб этилади. Кўп ҳолларда қул, аъробий, яъни, саҳройи, валади зино кишилар бу илмдан бебаҳра, жоҳил бўлади.
Қул доимо хожасининг хизматига боғланиб қолгани учун илм олишга фурсати бўлмайди. Шунинг учун қулнинг намозда имомликка ўтиши макруҳ.
Имом Шофеъий бу масалада шундай деган: «Агар қулнинг илм ва тақводаги даражаси боппқа озод кишиларникидан кам бўлмаса, унинг имомликка ўтиши билан озод кишининг имомликка ўтиши баробар бўлади. Айни ҳолатда ҳам қулнинг имомлиги макруҳ саналса, бу иш менга маъқул эмас».
Имом Шофеъий бу қарашига бани Усайд қавмининг озод бўлган қули Абу Саъиддан ривоят қилинган ҳадисни далил келтирди. Тўғри, ҳадис қулнинг озод кишиларга имом бўлиши жоизлигига ҳужжат эканига гап йўқ. Аммо озод кишилар туриб, қулнинг имом бўлиши жамоатнинг камайишига, озод кишиларнинг фазлига нуқсон етишига сабаб бўлгани учун бу ҳолат макруҳ саналяпти.
Шунингдек, аъробийлар ҳам аксар ҳолда жоҳил бўлади. Оллоҳ таоло дейди: «Аъробийлар куфру нифоқда қаттиқроқ ва Оллоҳ Ўз Пайғамбарига нозил қилган нарсаларнинг чегараларини билмасликка лойиқроқдирлар. Оллоҳ Билим ва Ҳикмат Соҳибидир» (Тавба сураси, 97-оят). «Аъробий» — саҳройи дегани бўлиб, илмсиз, жоҳил кишига нисбатан ҳақорат маъносида ишлатилади. «Арабий» дейиш эса мақтов сўздир.
Валади зино ҳам кўп ҳолларда одоб берадиган, шариатни ўргатадиган кишиси бўлмагани, отасиз ўсгани учун илмсиз, жоҳил бўлади. Шунга кўра бундай кишининг имомликка ўтиши яхши деб топилмаган.
Имомлик — улкан омонат. Фосиқ киши бу омонатни буюрилганидек кўтаролмагани сабабли унинг имомликка ўтиши макруҳ саналяпти. Кўзи ожиз кишининг имомликка ўтиши ҳам макруҳ дейилган эди. Сабаби, кўзи кўрмагани учун уни боппқаси қиблага йўналтириб қўяди. Қиблага йўналиш масаласида у ўзгага эргашувчи бўлиб қоляпти. Кўпинча намоз ичи-да қибладан бошқа томонга бурилиб қолиш эҳтимоли ҳам бор. Кўзи ожиз киши буни сезмай қолиши мумкин. Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг умри охирида кўзи кўрмай қолганидан сўнг намозда имомликка ўтишдан бош тортганлиги шундай ривоят қилинади: «Сизлар қайси томонга юзланишимни кўрсатиб, мени шу томонга тўғирлаб қўяётган бўлсангиз, қандай қи-либ сизларга имомлик қилай?!»
Қолаверса, кўзи ожиз киши кўзи кўрмагани учун нажосатдан ҳам сақлана олмайди. Демак ҳолат шу экан, кўзи ожиздан кўра кўзи очиқ кишининг имомликка ўтиши яхшироқ. Аммо кўзи ожиз фазилатда бошқалардан устун бўлса, масжидда унга тенг келадигани бўлмаса, ўша кўзи ожиз кишининг имомликка ўтиши муносиброқдир. Пайғамбар алайҳис-салом шунинг учун ҳам ғазотга кетганида Абдуллоҳ ибн Умми Мактум розияллоҳу анҳуни Мадинада ўзларига ўринбосар қилиб қолдирар эди.
Кўнгил тусаганидан ўзини тия олмайдиган, ҳавойи нафсга берилган кишининг ва бидъатчи кимсанинг имомликка ўтиши макруҳ. Бунга «Ал-амолий» китобида Абу Юсуфнинг шундай дегани далил қилинган: «Ҳавойи нафсга берилган кишининг ва бидъатчи кимсанинг имом бўлиши менга ёмон кўринади. Чунки одамлар бундай кимсанинг орқасида намоз ўқишни хоҳламайдилар». Хўш, бундай кимсанинг орқасида намоз ўқиш жоизми? Машойихлардан бири: «Бидъатчи кимсанинг орқасида намоз ўқиш жоиз эмас» — деган.
«Ал-мунтақо» китобида Абу Ҳанифадан ривоят қилинишича, имомимиз Абу Ҳанифа бидъатчи кимсанинг орқасида намоз ўқимаслик фикрини билдирган. Тўғрироғи шуки, агар бидъатчининг ҳавойи нафси куфрга етаклайдиган даражада бўлса, унинг орқасида намоз ўқиш жоиз эмас. Агар куфрга олиб бормайдиган даражада бўлса, унинг имомлиги жоиз бўлса-да, макруҳдир. Шунингдек, аёлнинг аёлларга имомлиги жоиз. Фақат бу ҳолда имом бўлган аёл олдинга чиқмасдан сафнинг ўртасида туриши лозим. Оиша розияллоҳу анҳонинг аср намозини олдинга чиқмасдан, саф ўртасида туриб, Умми Салама розияллоҳу анҳонинг саф ўртасида туриб аёлларга намоз ўқиб бергани ривоят қилинган. Чунки аёллар ҳар қандай шароитда ёпиқ ҳолда бўлишга буюрилган. Саф ўртасида туриш улар учун энг ёпиқ ҳолатдир. Аммо мазҳабимиз уламолари наздида, аёлларнинг жамоат бўлиб намоз ўқишлари макруҳдир.
Имом Шофеъий наздида эса, худди эркаклар жамоати каби аёлларнинг жамоат бўлиб намоз ўқишлари мустаҳаб ҳисобланади. Бу хусусда бир неча ҳадислар ривоят қилинган. Лекин мазкур ҳолат Ислом келган дастлабки даврларга хос, кейин у бекор қилинган.
Демак аёлларнинг йиғилиб, жамоат бўлиб намоз ўқишлари мазҳабимизда макруҳ саналган. Бу ҳукм жамиятимизда олдин бўлмаган бир ҳолатга ҳам жавоб экан. Кейинги йилларда рамазон ойида таровиҳ намозларини аёллар жамоат бўлиб ўқишлари пайдо бўлди. Албатта, ибодат қоидаларини яхши билган кишининг орқасида намоз ўқишга бўлган эҳтиёжни тушуниш мумкин. Лекин билиб қўйишимиз керак, ҳар қандай ҳолда бу макруҳ жамоат. Бундан аёлларимизнинг ҳар бири ўзи билганича ёлғиз намоз ўқишлари афзал. Масалан, аёллар таровиҳ намозини ўқишлари учун кечаси уйларидан чиқиб, бошқа бир жойда тўпланишлари шарт бўладики, бу макруҳ ишлардир.
Ёш қиз-жувонларнинг эркаклар жамоатига қўшилиб намоз ўқишларига ҳам шариатимизда рухсат берилмаган. Умар розияллоҳу анҳунинг ёш қиз-жувонларни жамоат намозига чиқишдан қайтаргани ҳақида қилинган ривоят бунга далилдир. Чунки уларнинг жамоатга чиқиши фитнага сабаб бўлади. Фитна эса ҳаром, ҳаромга етакловчи нарса ҳам ҳаромдир.
Эътибор беринг, аёлларнинг ибодат учун уйидан чиқишлари қораланяпти. Энди уларнинг ясан-тусан қилиб, бозорларга чиқишлари ҳақида нима дейиш мумкин? Бугун кундалик турмушда кўп учрайдиган эр-хотин ўртасидаги можаролар, бахтсиз оилаларнинг кўпайишига айни ҳолат сабаб эмасми?! Табиий, хотин кўчага чиқиб кетгандан сўнг эр уйда қолади. Лекин эр уй ишларини аёлдек жойига қўя оладими, бола тарбиясини онадек бажарадими? Худди шунингдек, эрлик вазифасини зиммасига олган аёл кўча ишларини амалга оширишда энг зарур бўлган сифатлар — мулоҳазакорлик, тоқат-бардош, узоқни кўра билиш каби хислатлардан табиатан узоқ. Аҳвол шу тарзда кетар экан, эр билан хотиннинг мақоми ўзгаради, белгиланган тартиб ўқидан силжийди, муносабатлар чалкашади, табиатлар айниб, жамият бузилади. Мана шундай оқибатларнинг олдини олиш учун ҳам шариатимизда аёлларнинг ўрни қатъий белгиланган: «Ўз уйларингизда барқарор бўлинглар (яъни, бесабаб уйларингиздан ташқарига чиқманглар, магар бирор ҳожат учун чиққанларингизда эса) илгариги динсизлик (даври)даги ясан-тусан каби ясан-тусан қилманглар» (Аҳзоб сураси, 33-оят).
Ислом шу йўл билан табиатан ожиз, доимо ҳимояга муҳтож аёл зотининг ҳурмат ва қадр-у қиймат чегарасини белгилади. Кун бўйи тирикчилик билан банд бўлиб, оиланинг ризқи рўзи умидида машаққатлар чекиш эрнинг зиммасидаги иш. Аёлнинг вазифаси эса — эрнинг олиб келганини тўғри тасарруф қилиш. Ўз ҳуқуқини таниган аёл учун бу улуғ мартаба. Энди, қайси бир аёл ўз ихтиёри билан бу чегарадан чиқиб, эркакнинг ишини қилишга тиришар экан, азизликни қўйиб, хорликни танлаётган бўлади. Шунга рози бўладиган эр ҳам айни ҳолатдадир. Албатта, аёл кўчага чиқишга мажбур бўлиб қоладиган ҳолатлар, масалан, ота-онанинг зиёрати ёки қандайдир дардга чалиниб, табиб муолажасига эҳтиёж туғилганда ё боқувчи йўқ бева тирикчилик қилишга муҳтож бўлса ёхуд эрининг топгани оилани боқишга кифоя қилмаган ҳолатлар бундан мустасно. Аммо «эрининг топгани кифоя қилмаганда» дейилганида уч қаватли уй қуриш ва унинг ичини тўлдиришлар назарда тутилмаяпти.
Қариб қолган аёллар, яъни, кампирларнинг жамоат намозига чиқиши жоизми? - деган масала хусусида бошқа ўринда зикр қиламиз.
Оқил, ёш (яъни, Қуръон ўқий оладиган 7—12 ёш оралиғидаги) боланинг намозда, хусусан, ўзига ўхшаган ёш болалар йиғилиб ўқиётган таровиҳ намоз-ларида имомликка ўтиши, умуман олганда, мумкин. Энди ёш боланинг балоғатга етганларга имомлик қи-лиши хусусида машойихлар ихтилофга боришган. Бу ҳақда юқорида айтилди. Аммо мажнун ва ҳали ақли тўлишмаган гўдак (яъни, 7 ёшгача бўлган болалар) нинг намозда имомлик қилолмайди. Чунки улар намоз аҳлидан эмас.

Алоуддин Косонийнинг "Бадоеус Санонъ" китобидан
Шайх Алоуддин Мансур таржимаси ва шарҳи

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase