Бу тоифа қуйидагича эътиқод қилади: “Бандалар яхшилик туфайли савобга эришади, ёмонлик туфайли жазоланмайди, кофирлар ва гуноҳкорлар узрли бўлиб, масъул эмас. Чунки барча феъллар Аллоҳ таолодан, банда бунда мажбур”. Бу куфр. Ривоят қилинишича, бир киши Ибн Масъуд, Ибн Аббос ва Ибн Умарнинг (розияллоҳу анҳум) олдига келиб, бундай деди: “Куфр билан бирга тоат фойда бермаганидек имон билан бирга гуноҳ зарар қилмайди”. Улар барчаси айтди: “Бу ерни тарк эт ва ёлғон гапирма”. Ушбу масала абодила масаласи деб номланди. Пайғамбардан (алайҳиссалом) ривоят қилинади: “Муржиийлар етмиш пайғамбар тили билан лаънатланган».
Муржиийлар икки турли бўлади. Бири раҳм қилинувчи муржиийлар бўлиб, булар Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларидир. Иккинчиси - лаънатланган муржиийлар бўлиб, булар айтадилар: “Гуноҳ зарар қилмайди ва гуноҳкор жазоланмайди”. Ривоят қилинишича, Усмон Баттий Абу Ҳанифага (раҳимаҳуллоҳ) мактуб ёзиб айтади: “Сизлар муржиийлардир”. Унга Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) қуйидагича жавоб берди: “Муржиийлар икки турли бўлади. Бири лаънатланган муржиийлар бўлиб, мен улардан безорман. Иккинчиси раҳм қилинган мужиийлар бўлиб, улар Пайғамбарнинг (алайҳиссалом) саҳобаларидир”. Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) жавоб хатида қуйидагиларни келтирди: “Пайғамбарлар (алайҳимуссалом) шундай деганлар. Кўрмайсизми, Исо (алайҳиссалом) ҳақида Аллоҳ таоло қуйидагича хабар беради: “Агар уларни азобласанг, албатта, улар (Ўз) бандаларингдир. Борди-ю, уларни кечирсанг, албатта, Сен Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли)дирсан”(Моида сураси, 118-оят.).
Жабарийлар ва муржиийларнинг баъзи сўзлари куфрдир. Бунга “Бандаларда ҳақиқатда бирор феъл йўқ, на яхшиликда ва на ёмонликда. Банда бирор ишни бажармайди, бажарувчи-фоил Аллоҳ таолодир”, деган сўзи мисолдир. Бу куфр. Чунки улар Аллоҳ таолони қабиҳ феъллар, яъни зино ва шунга ўхшаш феълларнинг фоили деб сифатлади. Улар: “Агар Аллоҳ таоло уларни мана шунга кўра азобласа, золим бўлади”, дейди. Бу куфр.
Баъзилари айтади: “Феълнинг банда томонидан экани зоҳирий ва мажозийдир. Ҳақиқатда бизда бирор феълга нисбатан ҳеч қандай қудрат йўқ. Банда дарахтга ўхшаган бўлиб, қачон шамол унга таъсир қилса, у ҳаракатланади. Шунга ўхшаш банда ҳам дарахт каби ўз феълида мажбурдир”. Бу куфр. Чунки бу сўз банда гуноҳлар ва қабиҳ ишларни мажбуран қилади, дегани. Сўнг бунга кўра азоблаш жоиз эмас. Ким шундай эътиқод қилса, кофир бўлади.
Яна баъзилари айтади: “Аллоҳ таоло нарсаларни яратиб, яратишдан бутунлай фориғ бўлган ва тўхтаган ҳамда қалам қуриган. Ҳар бир нарса ўз вақтида Аллоҳ таолонинг амрисиз юзага келади”. Бу куфр. Чунки улар Аллоҳ таолони машғуллик ва фориғ бўлиш сифати билан сифатладилар ва Аллоҳ таолонинг амрини завол топган ва тугаган, деб эътиқод қилишди ҳамда рубубият ва феълни завол топган, деб эътиқод қилишди.
Яна баъзилари айтади: “Аллоҳ таоло кофирларни дўзахда куйдиради ва ўлдиради, тирилтирмайди ва уларни куйган ўлик ҳолатда қолдиради”. Бу куфр. Чунки улар бу борадаги нассни инкор қилдилар.
Яна баъзилари айтади: “Аллоҳ таоло бандаларни Ўз феъли ва улар тўғрисидаги илмига кўра азоблайди, бандалар амалларига кўра эмас”. Бу куфр. Баъзилари айтади: “Кўнгилда кечадиган ҳар бир яхшилик ва ёмонликка эргашиш жоиз. Бас у Аллоҳ таолодан бўлади”. Бу куфр. Чунки улар қалбга ваҳий ва амрни исбот қилди ҳамда Аллоҳ таолодан ёмонлик тўғрисида илҳомни жоиз деб топди. Бу куфр.
Яна баъзилари айтади: “Банда қачон муҳаббатнинг энг юқори чегарасига етса, қалби покланса, муҳаббат қадаҳидан ичса, ундан таклиф соқит бўлади ва ибодатлар кўтарилади, унинг ибодати тафаккурга айланади”. Бу куфр. Яна баъзилари айтади: “Тафаккур қилиш фарзни адо қилишдан афзал”. Бу куфр. Яна баъзилари айтади: “Дунё моллари Одам (алайҳиссалом) ва Ҳавводан (розияллоҳу анҳо) мерос бўлиб қолиш туфайли Одам фарзандлари ўртасида муштаракдир. Ким ундан бирор нарса олса, ўз ҳақини олибди. Бирор киши уни ман қилиши жоиз эмас”. Яна баъзилари айтади: “Ким илм ўрганса, инсонларнинг молларида шерик бўлади. Ким уни ман этса, кофир бўлади”. Бу куфр.
Яна баъзилари айтади: “Аллоҳ таолодан бандаларга бирор нарса фарз қилинмаган. Агар хоҳласалар, бажарадилар. Агар хоҳласалар, тарк этадилар”. Бу куфр. Яна баъзилари айтади: “Банда имон ва куфрдан бошқасига мукаллаф эмас”. Бу куфр. Яна баъзилари айтади: “Ибодатларга даъват этган буйруқ такрорни вожиб қилмайди”. Бу куфр. Яна баъзилари айтади: “Охират ва оқибатда ўзгариши жоиз бўлгани учун мўмин ҳақиқатда мўмин эмас ва кофир ҳақиқатда кофир эмас”. Бу куфр. Яна баъзилари ўз имони ҳақида шубҳага бориб айтади: “Имон ва шаҳодат имон бўладими ва куфрни кеткизадими, эътиқод қилдими ёки йўқ?” Бу куфр.
Бу тоифанинг баъзи сўзлари бидъат бўлиб, куфр ҳисобланмайди. Жумладан, “Савоб ва жазо ҳақиқатда тақсимланган, кўпаймайди ва камаймайди, хоҳ қилсин, хоҳ қилмасин, баробардир”, деган сўзлари ёмон бидъат. Чунки феълларда таъсир қилиш бор, Пайғамбар (алайҳиссалом): “Ҳар бир муяссар бўлган нарса у учун яратилган бўлади” деганларидек. Яна баъзилари айтади: “Қазо олдин белгиланган, яъни бахтли киши учун бахт ва бахтсиз киши учун бахтсизлик олдиндан қарор топган”.
Яна баъзилари айтади: “Имон - ҳақ ва ботилдан иборат нарсаларни билишинг ва олим бўлишингдир”. Бу масала тақлид масаласи деб номланади. Яна баъзилари айтади: “Имон - амалдир, иқрор ва тасдиқнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ”. Ушбу масаланинг ёлғиз ўзи куфр. Чунки улар нассни инкор қилдилар. Яна баъзилари айтади: “Имон кўпаяди ва камаяди”. Яна баъзилари айтади: “Имонда истисно қилиш жоиз”. Бу юқорида зикр қилинди.
Яна баъзилари айтади: “Қиёс - ҳужжат эмас”. Шунингдек, рофизийлар ҳам қиёснинг ҳужжат эканини инкор қилди. Агар барча қиёсни ирода қилса ва буни инкор қилса, кофир бўлади. Чунки қиёс насс орқали собит бўлган ҳужжатдир. Агар бундан қиёснинг баъзисини ирода қилса, кофир бўлмайди, бидъатчи бўлади. Валлоҳу аълам.
Абу Шакур ас-Солимий ал-Кешийнинг
“Ат-Тамҳид фи баёнит тавҳид” китобидан
таржимон “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси мудири С.Примов