close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Маний нажас экани ҳақида

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: У киши кийимга теккан маний ҳақида: “Агар уни кўрсанг юв, кўрмасанг (устидан) сув қуйиб юбор”, деди.
Таҳовий ривояти, санади саҳиҳ (“Осорус сунан”).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: У киши кийимга теккан маний ҳақида: “Агар уни кўрсанг юв, кўрмасанг (устидан) сув қуйиб юбор”, деди.
Таҳовий ривояти, санади саҳиҳ (“Осорус сунан”).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу кечаси жунуб бўлиб қолишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтди. Шунда Расулуллох соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тахррат қил ва закарингни юв, кейин ухлайвер ”, дедилар”.
Муттафақун алайҳ (“Осорус сунан”).
Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
“У Пайғамбар алайҳиссаломнинг аёллари бўлмиш синглиси Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳодан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у билан яқинлик қилган вақтларида (устиларида бўлган) кийимда намоз ўқирмидилар?” деб сўради. Шунда Умму Ҳабиба: “Ҳа, агар унда азият(маний)ни кўрмасалар”, деди”.
Абу Довуд ва бошқалар ривояти. Санади саҳиҳ (“Осорус сунан”).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
“Аёл киши бир парча латта олиб, эри яқинлик қилиб бўлгач, ундан ҳам, ўзидан ҳам манийни артади, ва иккиси ҳам ўз кийимида намоз ўқийверади”. Ибн Хузайма “Саҳиҳ”ида ривоят қилган (“Талхисул ҳабир”).
Яҳё ибн Абдураҳмон ибн Ҳотибдан ривоят қилинади:
“У Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан бирга умра сафарида эди. Карвонда Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу ҳам бор эди. Йўлда сувга яқин бўлган бир жойда дам олиш учун тўхтади. У ерда Умар розияллоҳу анҳу эҳтилом бўлиб қолди. Тонг отишига оз қолган эди, карвондан сув топа олмади. Кейин сувга келиб, эҳтиломдан пайдо бўлган нарсанинг кўриниб турганларини юва бошлади, ҳатто субҳ ҳам ёришди. Шунда Амр ибн Ос унга: “Тонг отиб кетди, бизда (ортиқча) кийимлар бор, қўй кийимингни. ювиб қўйилади” деди. Умар ибн Хаттоб эса: “Сенга ҳайронман, эй Амр ибн Ос! Сен кийим топа оладиган бўлсанг ҳам, одамлар ҳаммаси ҳам шу кийимни топа олмайди-ку?! Аллоҳга қасамки, буни қилсам, суннат бўлиб қолади. Кўринганини юваман, кўринмаганига эса сув қуйиб юбораман”, деди”.
Имом Молик ривояти, санади саҳиҳ (“Осорус сунан”).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“У кийимга теккан маний ҳақида: “Агар кўра олсанг уни ювгин, акс ҳолда, кийимнинг ҳаммасини юв”, деди”.
Таҳовий ривояти, санади саҳиҳ (“Осорус сунан”).
Абдулмалик ибн Умайрдан ривоят қилинади:
“Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳунинг ҳузурида эканимда у кишидан бир кишининг аёлини жимо қилаётган (вақтда эгнида бўлган) кийимда намоз ўқиш ҳақида сўралди. У: “Уқийвер, фақат унда бирор нарса кўрсанг, уни ювиб ташла, унга сув сепмагин, чунки сув сепиш фақат ёмонлигини(Ибн Ҳиббон Жобир ибн Самурадан ривоят қилади: “Бир киши Пайғамбар алайҳис-саломдан: “Аёлимга яқинлик қилган вақтимда (эгнимда бўлган) кийимда намоз ўқий оламанми?” деб сўради. “Ҳа, фақатунда бирор нарса кўрсанг,уни ювиб оласан ”, дедилар. (“Маворидуз замъон”). Демак, бу Жобир ибн Самуранинг жавоби ўзидан бўлмаган, балки у ҳакда Пайғамбар алайҳиссаломдан марфу ҳадис эканига далолат қилади.) зиёда қилади”, деди.
Таҳовий ривояти, санади ҳасан (“Осорус сунан”).
Абдулкарим ибн Рашиддан ривоят қилинади:
“Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан бир чойшабга жунублик тегиб, (теккан) ўрни қаер экани билинмагани ҳақида сўрашди. У: “Уни юв”, деди.
Таҳовий ривояти, санади саҳиҳ (“Осорус сунан”).
Вакиъдан, у Афлаҳ ибн Ҳумайддан, у отасидан ривоят қилади:
“Ибн Умар розияллоҳу анҳу билан Абво деган жойда дам олиш учун тўхтадик. Сўнгра бомдод намозини ўқигач, йўлимизда давом этдик, ҳатто кун кўтарилди. Ибн Умар розияллоҳу анҳуга айтдим: “Мен иштонимда намоз ўқидим, ҳолбуки, унда эҳтиломлик бўлиб, уни ювмаган эдим”. Шунда Ибн Умар олдимда тўхтаб: “Туш, иштонингни ташла ва икки ракат намоз ўқи, кейин иқомат айтиб, бомдод намоз (фарз)ини ўқи”, деди. Мен уни бажардим”.
Имом Моликнинг “Мудаввана”сида шундай келган. Ровийлари “Саҳиҳ”нинг ровийлари.
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Ўзининг Зотус салосил ғазотида эҳтилом бўлиб қолиб, кейин совуқ қаттиқ бўлгани учун ювинишдан қўрқиб, жунублик ғуслининг ўрнига таяммум қилганининг қиссасида шундай ривоят қилинади: “Ўшанда у сон орасини ювди, кейин намозга таҳорат қилганидек, таҳорат қилди, сўнгра уларга имом бўлиб намоз ўқиди”.
Ҳадисни Ҳоким “Мустадрак”да ривоят қилиб, икки шайхнинг шартига кўра саҳиҳдир, деган. Заҳабий ҳам шуни тасдиқлаб: “Икки шайхнинг шартига кўрадир”, деган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кийимларига теккан маний агар қуруқ бўлса, ишқалаб ташлар эдим ва агар ҳўл бўлса, ювар эдим”.
Дорақутний ва Таҳовий ривояти, Абу Авона ҳам ўзининг “Саҳиҳ”ида ривоят қилган, санади саҳиҳ (“Осорус сунан”).
Холид ибн Абу Иззадан ривоят қилинади:
“Бир киши Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан: “Мен гилам устида эҳтилом бўлиб қолдим, унинг ҳукми қандай?” деб сўради. Шунда Умар: ”Агар ҳўл бўлса, уни юв, агар қуруқ бўлса, уни ишқалаб ташла ва агар (у каерга теккани) сенга маълум(Маъноси: (маний теккан) ўрни сенга шубҳали бўлиб қолса, гумонни кетказиш учун унга сув сеп. Бу эса юқорида “Унга сув сепма, чунки сув сепиш унга ёмонликдан бошқа нарсани зиёда қилмайди”, деб Жобирдан қилинган ривоятга зид бўлмайди, чунки агар (маний теккан ерини) аниқ қўрса, унда шубҳа бўлмайди, шунинг учун ана шу ҳолда сув сепиш фойда бермайди - муаллиф.) бўлмаса унга сув сеп”, деди”.
Ибн Абу Шайба “Мусаннаф”ида: “Бизга Ҳусайн ибн Али ҳадис айтди, у Жаъфар ибн Бурқондан, у Холиддан ривоят қилади...”, деган (“Зайлаъий”). Ҳофиз “Дироя”да ундан сукут қилган. Ровийлари ишончли, фақат Холиднинг таржимаи ҳолини била олмадим. Лекин у ҳам Ибн Ҳиббоннинг қоидасига кўра ишончли. Унинг отаси Абу Изза саҳобий, унинг исми Ясор ибн Абд ёки Ясор ибн Умар. Унинг имом Термизий ривоят қилган битта ҳадиси бор (“Тақриб”).

Маний нажас экани хақидаги бобга шарҳ

“Оиша розияллоҳу анҳодан...” деб бошланадиган ҳадис ҳақида. Шайх айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирор марта тарк қилмасдан ювиш ёки ишқалаб ташлаш билан доим уни кетказишга эътибор беришлари ҳам унинг нажосат эканига далилдир. “Тобеул осор”да маний ҳақида (сўз юритиб айтилади): “Уни бурун сувига ўхшатиб келган ривоят унинг пок эканлигини келтириб чиқармайди, балки (у ривоятдан) кийимни ундан поклашликни фақат сувни ўзига чеклаб қўйилмаган эканига ишора қилинади”(Яъни Шайх айтганидек: ишқалаб ташлаш билан кетказишда уни бурун сувига ўхшатилган бўлиши мумкин.). Муаллиф айтади: “Аммо (манийни) ювиш ва ишқалаб ташлаш ҳақида келган ҳадис эса “Талхисул ҳабир”да(Нажосатлар ва нажас суви ҳақидаги боб (33-рақам).) келтирилган қуйидаги ҳадис: Амрадан, у Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кийимларидан манийни агар қуруқ бўлса, ишқалаб ташлар эдим ва агар ҳўл(Уламолар маний борасида ихтилоф қилишган. Атира (имомлари), Абу Ҳанифа ва Молик уни нажас дейишган. Бироқ Абу Ҳанифа уни поклашда агар қурук бўлса, ишқалаб ташлаш кифоя қилади деган. Бу имом Аҳмаддан ҳам бир ривоятдир. Атира (имомлари) ва Имом Молик: “Қуруқ бўлса ҳам, ҳўл бўлса ҳам ювиш шарт”, деган. Лайс айтади: “У нажас, лекин у сабабли намоз қайта ўқилмайди”. Ҳасан ибн Солиҳ айтади: “Кийимга теккан маний гарчи кўп бўлса ҳам, намоз қайта ўқилмайди, агар баданга теккан бўлса, гарчи оз бўлса ҳам, кайта ўқилади”. Имом Шофеий ва Довуд уни тоза дейишган. Имом Аҳмаддан бўлган икки ривоятнинг саҳиҳроғи ҳам шудир (“Найлул автор”, маний ҳақидаги боб).) бўлса, ювар эдим”. Дорақутний, Абу Авона “Саҳиҳ”ида ва Абу Бакр Баззор ҳам ривоят қилган. Баззор бу ҳадис Амрадан мурсал ҳолда келган деб, уни иллатли деди.
Унда яна шундай дейилади: “Ишқалаб ташлашга бўлган буйруқ саҳих йўллардан келган, Ибн Жоруд “Мунтақо”да уни Ҳумом ибн Ҳорисдан ривоят қилган: “Оиша розияллоҳу анҳонинг (уйи)да бир меҳмон бор эди. У жунуб бўлиб қолди, кейин (кийимларига) теккан нарсани юва бошлади, шунда Оиша розияллоҳу анҳо: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга уни қириб ташлашга буюрардилар. Аммо ювишга бўлган буйруқнинг эса асли йўқдир”, деди. Аввалги ҳадисни мурсал деб иллатлаш тўғри бўлмайди, чунки ҳадис муттасил ва мунқоте ёки муснад ва мурсал бўлган ҳар икки йўл билан ҳам собит бўлиши мумкин. “Канзул уммол”нинг хутбасида айтилишича, Абу Авонанинг “Саҳиҳ”идаги барча ҳадислар саҳихдир. Дорақутний Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилиб саҳиҳ деган мана бу ҳадис ҳам бор: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам агар кийимларига маний тегиб кетса, уни ювиб, кейин намозга чиқар эдилар. Мен кийимларида ювишнинг изи билиниб турганини(Бу нажосат асарини ундан бирор нарса қол.майдиган даражада кетказиш вожиб эмаслигига далолат қилади, лекин уни қўл ва сув билан кетказишга мукаммал ҳаракат қилгандан кейин қолган деб йўйилади - муаллиф.) кўрар эдим”(Дорақутний, манийнинг поклиги ҳақида ворид бўлган нарсалар боби.).
Аммо уни (бурун сувига) ўхшатиш билан ворид бўлган ҳадиснинг Дорақутний ривоят қилгани қуйидагича: “Бизга Муҳаммад ибн Мухаллад ҳадис айтди, унга Иброҳим ибн Исҳоқ Ҳарбий хабар берди, унга Саид ибн Яҳё ибн Азҳар хабар берди, унга Исҳоқ ибн Юсуф Азрақ хабар берди, унга Шурайк хабар берди, у Муҳаммад ибн Абдураҳмондан, у эса Ато (ибн Абу Рабоҳ)дан, у Ибн Аббосдан ривоят қилади: “Пайғамбар алайҳиссаломдан кийимга теккан маний ҳақида сўралганида: “Албатта, у бурун суви ва огиз тупуки кабидир, уни бирор латта ёки шунга ўхшаш нарсалар билан артиб ташлашинг кифоя қилади”, дедилар. Бу ҳадисни Исҳоқ Азракдан бошқа киши Шурайкдан марфуъ ҳолда ривоят қилмаган. Муҳаммад ибн Абдураҳмон, у - Ибн Абу Лайлодир, у ишончли, лекин ҳифзида бироз нуқсони бор. “Насбур роя”да келишича, Ибн Жавзий “Таҳқиқ”да(Шайх Ибн Таймия ҳам “Мунтақо”да шу каби айтган - муаллиф.) айтади: “Исҳоқ улуғ имом бўлиб, “Саҳиҳайн”да ҳадислари ривоят қилинган, унинг (ҳадисни) марфу деб айтишлиги зиёдалик бўлиб, у эса ишончли ровийдан мақбулдир. Уни мавқуф ривоят қилган кишининг ривояти эса маҳфуз эмас”(Яъни Ибн Жавзийнинг сўзи, “Насбур роя”нинг сўзи эса давом этади.). Байҳақий уни “Маърифат”да Имом Шофеий йўли орқали ривоят қилди, у айтади: бизга Суфён ҳадис айтди, у Амр ибн Дийнор ва Ибн Журайждан, у иккиси Атодан, у эса Ибн Аббосдан мавқуф ҳолда ривоят қилган”. Ва мана шуниси саҳихдир (яъни ҳадиснинг) мавқуфлиги деди.
Унинг мавқуф ва марфуъ бўлишининг ўртасида номувофиқлик йўк, чунки бир бор марфуъ, иккинчи бор эса мавқуф ҳолда ривоят қилган бўлиши мумкин. Юқорида Муҳаммад ибн Абдураҳмон ҳужжат қилинадиган киши экани зикр этилган эди. Муҳаммад ибн Мухаллад ва Иброҳим Ҳарбийнинг ҳадисларини эса Дорақутний саҳиҳ деган. Бу ердаги Саид эса ишонч-ли, имом Муслим ва Ибн Можанинг шайхларидан. “Таҳзибут таҳзиб”да шундай келган. Шурайк эса (аввалда) жуда ишончлилардан бўлган, кейин уни қозиликка тайинлангач, ҳифзи ўзгарган. У мудаллисликдан ўзини оқлар эди, (лекин) Абдулҳақ “Аҳком”да уни мудаллисликка нисбат берган, ундан аввал Дорақутний уни ана шундай деб сифатлаган, (“Табақотул мудаллисин”). “Таҳзибут таҳзиб”да айтади: “Ужалий айтади: “У куфалик, ишончли ва ҳадислари ҳасан бўлган, ундан энг кўп Исҳоқ Азрақ ривоят қилган”. Унда яна Абу Довуд айтади: “У ишончли, Аъмашда хато қилади, Зуҳайр ундан юқорида, Исроил эса ҳадис (ривояти)да ундан кўра саҳиҳроқ, Абу Бакр ибн Иёш эса ундан кейиндир”.
Унинг бу ҳадиси Аъмашдан эмас, демак, у бу ўринда ҳужжат қилинади, аммо у ҳақда бошқалар (заиф деб ҳам) гапириб ўтишган. Ихтилоф эса зарар қилмайди. Бурун сувига ўхшатишга бўлган жавоб эса “Тобеул осор”дан нақл қилинган ҳолда юқорида ўтди, валлоҳу аълам.
“Ҳидоя”да келган “Маний нажасдир, агар ҳўл бўлса, ювиш вожиб бўлади ва агар кийимда қуруб қолса, уни ишқалаб ташлаш кифоя қилади” деб айтилган сўзга “Фатҳул борий”да келтирилганидек, Ибн Хузайма ўзининг “Саҳиҳ”ида Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган мана бу ҳадис раддия бўлади: “Оиша онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кийимларидаги манийни изхир илдизи билан артиб ташлар, сўнгра унда намоз ўқирдилар. Қуриган бўлса, уни қўли билан ишқаб ташлар, сўнгра унда намоз ўқир эдилар”. Бу ҳар икки ҳолатда ҳам ювмасликни ўз ичига олади. “Насбур роя”да айтилишича, уни Имом Аҳмад “Муснад”ида марфуъ ҳолда қуйидагича ривоят қилган: бизга Муоз ибн Муоз ҳадис айтди, унга Икрима хабар берди, у Аммордан, у Абдуллоҳ ибн Убайд ибн Умайрдан, у Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кийимидаги манийни изхир илдизи билан артиб ташлаб, сўнгра унда намоз ўқир эдилар. Қуриган бўлса, уни ишқалаб ташлаб, сўнгра унда намоз ўқир эдилар”. Бу санад ровийлари жамоанинг ровийларидир, фақат мана бу Абдуллохдан Имом Бухорий ривоят қилмаган, қолганлар ривоят қилишган. “Таҳзиб”нинг муаллифи айтади: “У Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган”. “Таҳзибут таҳзиб”да айтилади: “Ибн Ҳазм “Муҳалло”да: “У Оиша розияллоҳу анҳодан эшитмаган”, деган. Агар у мунқоте бўлган тақдирда ҳам мазҳаб уламоларининг наздида зарар қилмайди. “Найлул автор”да айтади: “Айтадиларки: “Поклиги асл (ҳисобланади), ундан эса фақат далил билангина бошқа нарсага ўтишимиз мумкин”. Унга қуйидагича жавоб берилади: “Уни ювиш, артиш, ишқалаш, қириш ёки тирнаш орқали кеткизиш собит бўлган”. Бир нарсанинг нажас деб ҳисобланиши фақат шариат ҳавола қилган нарса билангина уни кеткизишга буюрилгани билан бўлади. Тўғрироғи, албатта, манийнинг нажаслигидир. Уни мазкур ишлардан бири билан поклаш жоиз. Бу (келтирилган нарсалар) барча фақиҳлар тарафидан бу масала борасида айтилган далилларнинг хулосасидир”. Шайхимиз ҳам шу фикр яхшироқ деган.

Зафар Аҳмад Усмоний Таҳонавийнинг
"Эълоус Сунан" китобидан

 

 

 

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase