close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Оҳод ҳабарнинг ҳужжат бўлишига далиллар

Биринчи далил: Шариъатимизда оҳод хабар ҳужжат саналади. Барча шаръий масалаларда икки адолатли кишининг гувоҳлиги қабул қилинади. Фақатгина зино борасида тўртта эркак киши гувоҳ бўлиши лозим бўлади. Қасос ва ҳад масалаларида гувоҳ иккита эркак бўлиши лозим. Қолган ўринларда иккита эркак кишининг ёки бир эркак ва иккита аёлнинг гувоҳлиги қабул қилинади. Икки кишининг гувоҳлиги ҳужжат бўлиши борасида Қуръони Каримда шундай дейилган:
«Эркакларингиздан икки кишини гувоҳ қилинг».(Бақара сураси, 282-оят.)

Биринчи далил: Шариъатимизда оҳод хабар ҳужжат саналади. Барча шаръий масалаларда икки адолатли кишининг гувоҳлиги қабул қилинади. Фақатгина зино борасида тўртта эркак киши гувоҳ бўлиши лозим бўлади. Қасос ва ҳад масалаларида гувоҳ иккита эркак бўлиши лозим. Қолган ўринларда иккита эркак кишининг ёки бир эркак ва иккита аёлнинг гувоҳлиги қабул қилинади. Икки кишининг гувоҳлиги ҳужжат бўлиши борасида Қуръони Каримда шундай дейилган:
«Эркакларингиздан икки кишини гувоҳ қилинг».(Бақара сураси, 282-оят.)
Шунингдек, аёлларнинг ўзига хос бўлган баъзи ўринларда битта адолатли аёлнинг ҳам гувохдиги қабул қилинади. Масалан, аёл кишининг бокиралиги ва туққанлиги борасида бир аёлнинг гувохдиги жоиз бўлади.

Иккинчи далил: Дунёвий қонун ва урф эътиборидан ҳам оҳод хабар ҳужжат саналади. Дунёнинг барча маҳкамаларида фуқаролик ва жиноий ишлар борасида иккита эътиборли кишининг гувоҳлиги инобатга олиниб ҳукм чиқарилади. Дунё ишларининг тўқсон тўққиз фоизи мана шу ҳолатга асосланган. Агар оҳод хабар ҳужжат бўлмаса дунё тизими бузилиб кетади.

Учинчи далил: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа давлат подшоҳларига жўнатган мактублари ҳам оҳод хабар шаклида бўлган. Яъни бир кишини жўнатганлар. Агар бир кишининг хабар бериши жоиз бўлмаганида у зот бундай қилмаган бўлардилар.

Тўртинчи далил: Қуръони Каримда бир фосиқ киши хабар келтирадиган бўлса, уни текшириб кўришга амр қилинган: Аллоҳ таоло шундай деган:
«Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар».(Ҳужурот сураси, 6-оят)
Ушбу оятда фосиқ кишининг хабарининг эътибори йўқ дейилмасдан, балки уни аниқлаб, текшириб кўриш лозимлиги баён қилинмокда. Агар оҳод хабар ҳужжат бўлмаганида уни текширмасдан рад қилишга буюрилган бўлар эди. Бир фосиқ кишининг хабари текшириляптими, демак, ишончли, адолатли кишининг хабари қабул қилиниши маълум бўлади.

Бешинчи далил: Қасас сурасида Мусо алайҳиссалом бир кишининг хабарига суяниб шаҳардан чиқиб кетганликлари баён қилинган:
«Ва шаҳарнинг нариги четидан бир киши шошиб келиб: «Эй Мусо, аниқки, аъёнлар сени ўлдириш учун тил бириктирмоқдалар. Бас, чиқиб кет! Албатта, мен сенга насиҳат қилгувчиларданман», деди».(Қасас сураси, 20-оят)
Бир одам у зотнинг олдига келиб, кимлардир уни ўлдиришмоқчи эканини айтганда Мусо алайҳиссалом шаҳарни ташлаб чиқиб кетганлар. Бу ўринда ҳам оҳод хабарнинг кабул бўлиши баён қилиняпти.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, оҳод хабар шариатимизда ҳужжат саналади. Аммо ақоид борасида оҳод хабар ҳужжат бўлолмайди. Ақоиднинг асоси қатъийлик ва аниқликга асосланади. Оҳод хабар эса қатьийликни ифода қилмайди. Ақоид илмида мутавотир бўлган далил керак бўлади.
Бешинчи шубҳалари: Улар: «Кўп ҳадислар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитилган лафз билан ривоят қилинмаган, балки маъноси ривоят қилинган. Шундай экан, бу ҳадисларнинг маъноси ўзгартириб юборилган бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳадисларнинг тўғри эканига ишонч йўқ», деб даъво қилишади.
Уларга жавоб: Ҳадисларни инкор қилгувчиларнинг бу даъволари нотўғридир. Чунки маъноси ривоят қилинган ҳадислар жуда ҳам камдир. Аксар ҳадислар лафзи билан ривоят қилинган. Уламоларнинг «лил-аксари ҳукмул кулли» деган қоидаси бор. Яъни «аксарига тегишли ҳукм ҳаммасига берилади».
Биз ҳадисларни инкор қилгувчиларнинг гапларига рози бўлмаймиз. Чунки «ҳадис» деб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари, феъллари, тақрирларига нисбатан айтилади. Ваҳоланки, феълий(Феълий ҳадис - Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган амаллари.) ва тақририй(Тақририй ҳадис - Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ёки бошқа жойда бирор иш қилинган бўлиб, сўнгра у зотга зикр қилинганда, у зот уни маъқуллаган ёки уни инкор қилмаган ҳадис.) ҳадисларда Пайғамбаримиз алайҳис-саломнинг лафзлари бўлмайди, балки бу ҳолат саҳоба томонидан баён қилинади. Сизлар айтаётган нарса фақатгина қавлий(Қовлий ҳадис - Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган гаплари.) ҳадисдагина бир оз ўринли бўлиши мумкин. Лекин қавлий ҳадисларнинг ҳам кўпи лафзан ривоят қилинган. Масалан, азон, ташаҳҳуд, зикрлар, дуолар, ахлоққа оид ҳадисларнинг барчаси лафзан ривоят қилинган. Шунингдек, Ҳадиси Қудсийлар ҳам лафзан ривоят қилинган. Аслида уларнинг «маъноси ривоят қилинган ҳадисларни ўзгартириб юборилган бўлиши мумкин», деган даъволари тўғри эмас. Чунки бу ҳадисларни у зотдан Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Саҳобаларим юлдузлар кабидир, уларнинг қайси бирига эргашсангиз ҳам ҳидоят йўлини топасиз», деб мақтаган зотлар, улуғ саҳобалар ривоят қилишган. Бу саҳобалар бирор нарсани яхши тушунмай қолсалар, дарҳол Расулуллоҳга савол берганлар. У зот уларга тўғрисини баён қилганлар. У зотлар борасида бундай гапларни айтиш яхши эмас. Хулоса қилиб айтсак, у зотдан лафзан ривоят қилинган ҳадисларнинг адади маъноси ривоят қилинган ҳадислардан кўпдир. Уларнинг: «Ҳадислар лафзан ривоят қилинмагани учун барча ҳадисларни қабул қилмаймиз», деб даъво қилишлари нотўғридир.
Олтинчи шубҳалари: Уларнинг яна бир даъвоси шуки, «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча гаплари, феъллари, тақрирлари ҳужжат бўладиган бўлса, нима учун Қуръони Каримда у зотнинг баъзи ишларига танбеҳ берилди? Агар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ишлари тўғри бўлганда Аллоҳ таоло у зотга танбеҳ бермаган бўлар эди», деб даъво қиладилар ва бу борада ушбу бешта ҳолатни мисол қилиб келтирадилар:
Биринчиси: Бадр ғазотидаги асирларни ўлдирмасдан фидя эвазига озод қилганларлари учун Аллоҳ таоло у зотга танбеҳ берган.
Иккинчиси: Пайғамбар алайҳиссалом Табук ғазотида мунофиқларнинг жангга чиқмасликларига ижозат берганлари учун танбеҳ берилган.
Учинчиси: Мунофиқларнинг каттаси бўлмиш Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулнинг жанозасини ўқиганлари учун Аллоҳ таоло у зотга танбеҳ берган.
Тўртинчиси: Набий алайҳиссалом ўз аёлларининг кўнглини кўтариш учун асални ўзларига ҳаром қилганлари учун Аллоҳ таоло томонидан у зотга танбеҳ берилган.
Бешинчиси: Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳуга нисбатан юзларини буриштирганлари учун Аллоҳ таоло у зотга танбеҳ берган.
Уларга жавоб: Барча пайғамбар алайҳиссаломлар, хусусан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам гуноҳлардан, хатолардан пок бўлганлар. Пайғамбар алайҳиссаломлардаги гуноҳлардан ҳимоя қилиниш сифати араб тилида «исмат» дейилади. Бу ўзбекчада «гуноҳсизлик», «ҳимоя» маъносини англатади.
Истилоҳда эса: «Аллоҳ таолонинг набийлари ва расулларини гуноҳ ва маъсиятларга тушишларидан ҳамда разиллик ва ман этилган нарсаларни содир этишларидан ҳифзу ҳимоя қилиши «исмат» деб айтилади.
Аллоҳ таоло уларга рисолат ва набийлик мақомини берган. Аллоҳ таоло инсонларни уларга эргашишга буюрган. Пайғамбар алай-ҳиссаломларнинг бошқа инсонлардан ажралиб турадиган энг муҳим фарқларидан бири - уларнинг гуноҳлардан маъсум эканликларидир.
Рисолат ва набийлик Аллоҳ таоло томонидан танлаб олинади. Аллоҳ таоло Узининг илми билан пайғамбарларни мана шундай улуғ мартабага танлаб олгандир. Аллоҳ таоло Анъом сурасида ўн саккизта пайғамбарни номини зикр қилганидан сўнг улар ҳақида шундай дейди:
«Уларни танлаб олиб, тўғри йўлга (ҳақ динга) бошладик».(Анъом сураси, 87-оят.)
Ушбу оятда Аллоҳ таоло пайғамбарларни танлаб олганлиги ва уларни тўғри йўлга ҳидоят қилганлиги баён қилиняпти. Шунга кўра, ким пайғамбарларни хато, гуноҳ қилади деб айтадиган бўлса, Аллоҳга ва Қуръони Каримга нисбатан нотўғри гапни гапирган бўлади.
Пайғамбарлар баъзи ўринларда ўзларига хос ижтиҳодлари туфайли афзалликнинг зиддини қилиб қўйган бўлишлари мумкин. Шундай бўлиб қолганда ҳам, дарҳол Аллоҳ таоло тарафидан ўша ишга танбеҳ берилган ва ўша ишлар ислоҳ қилинган. Пайғамбарлардан хатолик содир бўлади, дейишлик жоиз эмас. Зеро, бундай дейиш билан Аллоҳ таолонинг қадимий илми ва улуғ сифатларига нуқсон етказиш бўлиб қолади. Бу эса мутлақо жоиз эмас. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
«Ўз рисолатини қаерга қўйишни Аллоҳнинг Ўзи яхши билувчидир».(Анъом сураси, 124-оят.)
Шунингдек, Пайғамбар алайҳиссаломнинг сўзлари ва қилган ишлари илмий ва амалий жиҳатдан ҳам тўғри бўлганига қуйидаги ояти карима далил бўлади:
«Ботиб кетаётган юлдуз билан қасамёд этаманки»
«Сизларнинг соҳибингиз (Муҳаммад алайҳиссалом) залолатга кетгани ҳам йўқ, йўлдан озгани ҳам йўқ!»
«(Яна у Қуръонни) хомхаёлдан олиб сўзлаётгани ҳам йўқ!»
«У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) нозил қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир».(Нажм сураси, 1-оят.)
Хулоса қиладиган бўлсак, барча пайғамбар алайҳиссаломлар ақлий ва нақлий далиллар эътиборидан хатолардан маъсумдирлар.
Юқорида аҳли Қуръонлар даъво қилган бешта ҳолат борасида шундай жавоб берамиз. Набий алайҳиссалом томонидан йигирма уч йил мобайнида қанча-қанча амаллар содир бўлган бўлсада, лекин саноқли ўринлардагина Аллоҳ таоло у зотга танбеҳ бериб итоб қилган. Зеро, Пайғамбарлар томонидан бўладиган амаллар доимо авло ва энг яхшиси бўлиши талаб этилади. Юқоридаги беш ҳолатда эса, авло ҳолатнинг хилофи содир бўлган холос. У ишлар аслида хато саналмаган.
Биринчи ҳолат: Пайғамбар алайҳиссалом Бадр жангидаги асирларни ўлдирмасдан, фидя эвазига уларни озод қилиб юборганлар. Бунинг сабаби, у вақтда Ислом ҳали катта қувватга эга эмас эди. Иқтисодий жиҳатдан кўмакка эҳтиёж бор эди. Бундан ташқари уларни қатл қилишга ҳали очиқ-ойдин ҳукм ҳам нозил бўлмаган эди.
Иккинчи ҳолат: Табук ғазотида баъзи мунофиқлар Рум қизларининг фитнасига тушиб қолишдан қўрқишларини айтиб, жангга бормасликка изн сўрашганида у зот уларга изн бердилар. Бу ҳақда у зотнинг ижтиҳодларини афв қилингани борасида оят нозил бўлган.
Учинчи ҳолат: У зотнинг Абдуллоҳ ибн Убай деган мунофиқнинг жанозасини ўқиганларининг сабаби, унинг ўғли мусулмон бўлган. У зот унинг ўғлини хурсанд қилиш мақсадида унга жаноза ўқиганлар. Бундан ташқари у қабила бошлиғи ҳам эди. Қабилалар ўртасидаги келишмовчиликларни бартараф этиш учун ҳам шундай килганлар.
Тўртинчи ҳолат: Асални ўзларига ҳаром қилишлари ҳам бекорга бўлмаган. У фақат ўзлари туфайли бўлиб, бутун уммат учун лозим бўлишини ирода қилмаганлар. Бу ҳолатларни бир мулоҳаза қилиб чиқилса, уларнинг бирортасида хатога йўл қўйилмаганини кўриш мумкин. Фақатгина авлонинг хилофи бўлган холос.
Бешинчи ҳолат: Пайғамбар алайҳиссалом мушрикларни Исломга, тавҳидга даъват қилиб турган пайтда Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу у зотдан савол сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушрикларга тавҳид калимасини етказиш ишини муҳим санаб, унга жавоб беришни кечиктирдилар. Лекин Аллоҳ таолонинг ҳузурида аниқ, равшан бўлган нарса мубҳам (ноаниқ) нарсадан устун туради. Шунга кўра, у зот мусулмон бўлган кишининг сўраган нарсасига биринчи бўлиб жавоб беришлари лозим эди. Зеро, бу амал Аллоҳнинг ҳузурида авло иш эди. Бунинг сабаби, мусулмон киши билган нарсасига амал қилиши аниқ. Мушрикда эса ҳолат ноаниқ. Шу туфайли бу ҳолатда Набий алайҳиссаломга танбеҳ берилган.
Еттинчи шубҳалари: Улар: «Ҳадислар ўртасида қарама-қаршилик мавжуд. Уламоларнинг: «Агар икки хабар бир-бирига зид келса, иккиси ҳам соқит бўлади», деган қоидаси бор. Шунга кўра, ҳадислар далил бўла олмайди», деб даъво қиладилар.
Уларга жавоб: Ҳамма ҳадисларда ҳам қарама-қаршилик бўлмайди. Масалан, фазилатлар, маноқиблар, жаннат, дўзах, охиратга тегишли қанчадан-қанча ҳадислар бор. Буларнинг бирортасида зиддият йўқ. Фиқҳга доир баъзи ҳадислардагина қарама-қаршилик топилиши мумкин. Бундай ҳадислар жуда кўп эмас. Улардаги зиддият ҳам фақат зоҳирий эътибордандир. Уз ўрнида уларни бир бирига мувофиқлаштирса бўлади. Баъзан эса, ровийларнинг сиқа ёки заифлигига қараб ҳам татбиқ қилинади. Баъзи ўринларда эса, аввал ривоят қилинган ҳадис кейинроқ ривоят қилинган ҳадис билан насх қилинган бўлади. Ушбу ҳолатлар топилмасагина ўзаро зид келган ҳадислар соқит қилинади. Баъзи бир соқит бўлган ҳолатларни рўкач қилиб, бутун ҳадисларни инкор қилиш ақлга тўғри келмайдиган ишдир.

Валиюддин Хатиб ат-Табризийнинг
"Мишкот ал-Масобих шарҳи"китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase