close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

96-БОБ. Дўсти билан видолашиш ва сафарга чиқишда ёки бошқа нарсаларга ажралиб кетаётганда насиҳат қилиш ҳамда дўстининг ҳаққига дуо қилиш ва ундан дуо олиш ҳақида

Аллоҳ таоло: «Иброҳим, у билан бирга Яъқуб ҳам болаларига шу динни васият қилиб, дедилар: «Ўғилларим, албатта, Аллоҳ сизлар учун шу динни танлади. Бас, мусулмон бўлган ҳолингиздагина дунёдан ўтинг». (Эй яҳудийлар) ёки Яъқубга ўлим келгач, у ўғилларига: «Мендан кейин нимага ибодат қиласизлар?» деганида «Сенинг Тангринг ва оталаринг Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқларнинг тангриси бўлмиш ягона Аллоҳга ибодат қиламиз ва бизлар фақат Унинг ўзигагина бўйинсунувчилармиз», деб жавоб қилганларига гувоҳ бўлганмисизлар» (Бақара сураси, 132-133-оятлар), деб айтган.

Бу бобга китобимизнинг биринчи жилдидаги Язид ибн Ҳайёндан розияллоҳу анҳу ривоят қилинган Зайд ибн Арқам ҳақларидаги 346-ҳадис далил бўлиб келган.

711/1. Абу Сулаймон Молик ибн Ҳувайрисдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Биз тенгқур йигитлар Расуллулоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бордик. Ва у зотнинг ҳузурларида йигирма кеча турдик. У зот раҳмдил ва мулойим киши эдилар. Гўёки биз аҳлларимизни соғинган, деб гумон қилиб, аҳлларимиздан кимларни қидирганимизни сўраб-суриштирдилар. Бизлар унинг хабарини бердик. У зот насиҳат қилиб: «Аҳлларингиз ҳузурига бориб, улар билан туринглар. Ва таълим беринглар ҳамда (шариат аҳкомларини бажаришни) буюринглар. У намозни бу пайтда ва ундай намозни бундай пайтда адо этинглар. Агар намоз вақти кирса, бирингиз азон айтсин. Ҳамда ёши улуғларингиз имом бўлсин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Имом Бухорий ривоятларида: «Мен қандай қилиб намоз ўқиганимни кўрсанглар, ўшандоқ ўқинглар»ни зиёда қилинган.

712/2. Умар ибн Хаттобдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳдан соллоллоҳу алайҳи васаллам умра ибодатини адо қилиш учун изн сўрадим. У зот изн бериб: «Эй биродар, дуоингда бизни ҳам унутмагин», дедилар. Умар розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам ушбу сўзлари шу қадар қимматлики, бунинг эвазига дунёни менга берганларида ҳам бунчалик хурсанд бўлмас эдим», дедилар.
Бошқа ривоятда у зот: «Дуоингда бизни ҳам шерик қилгин» бўлиб келган. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.

713/3. Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу бирор киши сафар қилишни хоҳласа, унга: «Менга яқин кел, худди Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам хайрлашганларидек, хайрлашаман», деб: «Аставдиъуллоҳа дийнака ва амонатака ва хавотима ъамалика »ни ўқирдилар (Маъноси: «Дининг, омонатинг ва амалингнинг хотимасини Аллоҳга топширдим»). Имом Термизий ривоятлари.

714/4. Абдуллоҳ ибн Язид ал-Хатмийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам агар аскарлар билан хайрлашмоқчи бўлсалар, «Аставдиъуллоҳа дийнакум ва амонатикум ва хавотима аъмоликум», деб айтардилар. Абу Довуд ривоятлари.

715/5. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам
ёнларига келиб, «Эй Расулуллоҳ, мен сафар қилишни хоҳлайман, сафарга етарли нарса билан таъминланг», деганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ сени тақво билан таъминласин», дедилар. Ҳалиги киши: «Яна зиёда қилинг», деганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «гуноҳингни кечирсин», дедилар. Ҳалиги киши: «Яна зиёда қилинг», деганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қаерда бўлсанг ҳам сенга яхшиликларни енгил қилсин», дедилар. Имом Термизий ривоятлари
 Фойда: Сафар қилишни хоҳлаган киши дўстидан дуои-хайр олиб кетишининг маҳбублиги аён бўлмоқда.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase