close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

55-БОБ. Дунёда зоҳид бўлиш ва уни (жамлашни) озайтириш ҳамда камбағалликнинг фазилати ҳақида

Аллоҳ таоло айтади: «Дарҳақиқат, бу ҳаёти дунёнинг мисоли худди Биз осмондан ёғдирган бир сувга ўхшайди, бас, одамзот ва ҳайвонот ейдиган нарсалардан иборат бўлган ер набототи у билан аралашиб, ҳатто ер чирой олиб, ясан-тусан қилганида ва ернинг аҳли унинг устида кучли-қудратлимиз, деб ўйлай бошлаганида, ерга кечаси ё кундузи Бизнинг фармонимиз келиб, Биз уни гўё куни кеча обод бўлмагандек, вайронага айлантириб қўюрмиз. Тафаккур қила оладиган қавм учун оятларни мана шундай муфассал баён қилурмиз» (Юнус сураси, 24-оят);

«(Эй Муҳаммад, одамларга) ҳаёти дунё мисолини келтиринг. (У) худди бир сув кабидирки, Биз осмондан ёғдиргач, (аввал – киши ҳаётининг баҳорида) у сабабли замин набототи (бир-бирига) аралашиб-чирмашиб кетур, сўнгра (ҳаёт кузи келгач) шамоллар учириб кетадиган хас-хашакка айланиб қолур. Аллоҳ ҳамма нарсага қодир бўлган Зотдир. Мол-мулк, бола-чақа шу ҳаёти дунё зийнатидир. Парвардигорингиз наздида эса (абадий) қолгувчи яхши амаллар савоблироқ ва орзулироқ (орзу қилишга арзирлироқдир)» (Қаҳф сураси, 45–46-оятлар);
«Билингларки, бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулгу, зеб-зийнат, ўрталарингиздаги ўзаро мақтаниш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдир, холос. (У) худди бир ёмғирга ўхшарки, уни нг (ёғиши сабабли униб чиққан) ўт-ўлани кофирларни ҳайратга солиб (ақлларини банд қилиб қўюр). Сўнгра у қурир, бас, уни сарғайган ҳолда кўрурсиз. Сўнгра у қуруқ чўп бўлиб қолур. (Ҳаёти дунёнинг ҳоли ҳам шундан ўзга эмасдир.) Охиратда эса (ўша тўрт кунлик дунёга алданиб қолганлар учун) қаттиқ азоб ва (имон-эътиқод билан ўтганлар учун) Аллоҳ томонидан мағфират ва ризолик бордир. Ҳаёти дунё эса фақат алдагувчи матодир» (Ҳадид сураси, 20-оят);

«Одамларга аёллар, болалар, туганмас олтин-кумуш бойликлар, (қиммат) баҳоли отлар, чорва ва экин-тикинлар каби истак-хоҳишларга кўнгил қўйиш чиройли қилинди. Ҳолбуки, бу нарсалар ҳаёти дунёнинг (ўткинчи) нарсаларидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса энг гўзал қайтадиган жой – жаннат бордир» (Оли Имрон сураси, 14-оят);

«Эй инсонлар, албатта Аллоҳнинг (қайта тирилтириш ва бу дунёда қилиб ўтилган яхши-ёмон амалларнинг мукофот-жазосини бериш тўғрисидаги) ваъдаси ҳақ (ваъдадир). Бас, ҳаргиз сизларни ҳаёти дунё алдаб қўймасин! Ва ҳаргиз сизларни Аллоҳ (барча гуноҳларни кечиб юбораверади, деб) алдагувчи (шайтон) алдаб қўймасин!» (Фотир сураси, 5-оят);

«(Эй инсонлар), сизлар то қабрларни зиёрат қилгунларингизча (яъни, ўлиб қабрга киргунларингизча) сизларни (мол-дунё) тўплаб кўпайтириш (Аллоҳга тоат-ибодат қилишдан) машғул қилди. Йўқ, сизлар яқинда (бу қилмишларингизнинг оқибатини) билурсизлар. Яна бир бор йўқ, сизлар яқинда билурсизлар. Йўқ, агар сизлар (дунёга қул бўлиб қолишнинг оқибати нима эканлигини) аниқ билиш билан билсаларингиз эди (унга қул бўлиб қолмас эдингизлар)» (Такосур сураси, 1–5-оятлар);

«Бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулгидир. Агар улар билсалар, охират диёригина (мангу) ҳаёт (диёридир)» (Анкабут сураси, 64-оят).

456/1. Амр ибн Авф Ансорийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Абу Убайда ал-Жарроҳни Баҳрайнга жизя (солиқ)ларни олиб келиш учун юбордилар. Абу Убайда Баҳрайндан бир қанча мол-дунё билан қайтдилар. Абу Убайданинг келгани ҳақидаги хабарни ансорийлар эшитиб, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бомдод намозини ўқиш учун тўпланиб келишди. Қачонки, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам намозни ўқиб бўлганларидан кейин уларга юзма-юз бўлиб қараб кулиб қўйдилар. Сўнгра: «Сизлар Абу Убайда Баҳрайндан нимадир олиб келганини эшитган бўлсангизлар керак-а?» деганларида, улар: «Ҳа, эй Аллоҳнинг расули», дейишди. Шунда у зот: «Хушнуд бўладиган нарсаларингизни орзу қилиб умид этаверинглар. Аллоҳга қасамки, мен сизларнинг камбағал бўлиб қолишингиздан қўрқмайман. Лекин сизлардан аввалги умматга ўхшаб дунё келиб, улар ўша дунёга кимўзарга мусобақалашиб, уларни бу нарса ҳалокатга элтгани каби сизларнинг ҳам улар каби дунёга мағрур бўлиб қолишингиздан қўрқаман», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

457/2. Абу Саид ал-Худрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Бир куни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам минбарда ўтирдилар. Биз эса атрофларида ўтирдик. Шунда у зот: «Ўлимдан кейин сизлар ҳақингизда қўрқадиган нарсам дунё ўз гўзаллигу ажойиботларини очиб, сизлар ўшанга (маҳлиё) бўлишингиздир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
 
458/3. Абу Саид ал-Худрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта дунё кўм-кўк, гўзалдир. Аллоҳ эса унда сизларни тасарруф этувчи қилди. Ва сизлар дунёда қандай амал қилишингизга қарайди. Бас, дунёдан сақланинглар. Ҳамда аёллардан эҳтиёт бўлинглар», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

459/4. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам дуоларида: «Аллоҳим, ҳақиқий яшаладиган ҳаёт охиратдаги ҳаётдир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

460/5. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Вафот этган киши билан қабристонга уч нарса бирга боради. Улар: аҳли, мол-дунёси ва амали. Лекин иккови, яъни аҳли ва моли қайтиб келиб, биттаси, яъни амали бирга қолади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

461/6. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни ҳаёти дунёдалик пайтида роҳат-фароғатда яшаган, дўзахга ҳукм қилинган кишини олиб келиб, дўзахга бир чўмдирилади-да, кейин «Эй одам боласи, ҳаётингда бирор роҳат-фароғат кўрдингми?» дейилади. У эса: «Аллоҳга қасамки, йўқ, кўрмадим, эй Рабб!» дейди. Ва яна ҳаёти дунёдалик пайтида камбағаллик ва мусибатда яшаган, жаннатга ҳукм қилинган кишини олиб келиб жаннатга бир чўмдирилади-да, кейин «Эй одам боласи, ҳаётингда бирор қийинчилик кўрдингми?» дейилади. У эса: «Аллоҳга қасамки, йўқ, кўрмадим. Менинг ҳаётимда бирор қийинчилик бўлмаган», деб айтади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

462/7. Муставрид ибн Шаддоддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Охират роҳати олдида дунёнинг роҳати худди сизлардан бирингиз бармоғини денгизга суққанда бирга илашиб чиққан сувга қарасин, ўша қанча бўлса, шу миқдордадир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

463/8. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бир куни бозорда кетаётганларида қулоғи кичкина бўлган ўлимтик бир эчкининг олдидан ўтиб қолдилар. Одамлар эса бу зотнинг атрофларида эди. Кейин Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам унинг қулоғидан ушлаб: «Сизларнинг қайси бирингиз буни бир дирҳамга сотиб олишни яхши кўради?» дегандилар, саҳобалар: «Биз уни сотиб олишни яхши кўрмаймиз. Буни нима ҳам қилардик?» дейишди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам яна: «Бу сизларга бўлишини яхши кўрасизларми?» дегандилар, улар: «Аллоҳга қасамки, агар бу тирик бўлганда ҳам қулоғи кичиклиги сабаб айби бор экан. Энди ўлигига эгалик қилишни ким ҳам яхши кўрарди?» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга қасамки, бу дунё Аллоҳ ҳузурида сизларга мана бу ўлимтик эчки қадрсиз бўлганидан ҳам зиёда қадрсиздир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

464/9. Абу Заррдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Мадинанинг тошлоқ ерларида кетаётган эдим, Уҳуд тоғи рўпарамиздан чиқиб қолди. Шунда у зот: «Эй Абу Зарр», дедилар. Мен: «Лаббай, эй Аллоҳнинг расули», дедим. У зот: «Агар мана шу Уҳуд тоғидек олтиним бўлса, унинг менинг ҳузуримда уч кеча бўлса ҳам қолиши хушнуд этмайди. Фақат қарзимга тўламоғим учун етарлисини қолдириб, қолганини Аллоҳ таолонинг бандалари учун ундай ва бундай ҳамда мана бундай қилиб сарф этинглар, деган бўлар эдим», дедилар-да, ўнг ва чап ҳамда орқа томонларига ишора қилдилар, сўнгра йўлга равона бўлиб «Бу дунёда мол-дунёси кўп бадавлат кишилар Қиёмат куни (савоб жиҳатидан) қашшоқдирлар. Лекин мол-дунёсини ундай ва бундай ҳамда мана бундай, яъни ўнг ва чап ҳамда орқаларидан эҳсон қилувчилар ундай эмаслар. Улар кам сонли бўлишади», дедилар, кейин: «Мен келг унимча ўрнингдан жилмай тур», деб тун қоронғусида кўздан ғойиб бўлдилар. Бироздан кейин бегона бир товушни эшитиб Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга бирор нарса бўлмадимикан, деб хавотир олдим. Олдиларига бормоқчи бўлдим-у, аммо «Ўрнингдан жилмай тур», деб айтган сўзлари ёдимга тушиб бормадим. Қачонки, қайтиб келганларидан сўнг: «Эй Расулуллоҳ, бир овозни эшитиб хавотир олдим», деб воқеани эслатдим. У зот: «Ҳақиқатда эшитдингми?» дедилар. Мен: «Ҳа», дедим. У зот: «Бу Жаброил алайҳиссалом эди. Менга келиб: «Умматларингдан қайси бири Аллоҳ таолога бирор нарсани шерик қилмай вафот этса, жаннатга киради», деб айтди», дедилар. Шунда мен: «Агар зино ва ўғирлик қилса ҳамми?» десам, у зот: «Агар зино ва ўғирлик қилса ҳам», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. Бу лафз Бухорийники.

465/10. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар Уҳуд тоғидек олтиним бўлса, уч кеча ўтмасдан менинг ҳузуримда ундан бирор нарса қолиши хушнуд этмайди. Фақатгина қарзимни тўлашга бироз олиб қолган бўлсам, ундай эмас», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

466/11. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзингиздан паст (табақадаги)ларга қарайверинглар-у, аммо ўзингиздан юқоридагиларга қараманглар. Мана шундай қилишингиз Аллоҳнинг сизларга берган неъматларини паст санамаслигингиз учун муносибдир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. Бу Имом Муслим ривоятларидаги лафз.
Аммо Имом Бухорий ривоятларида: «Агар сизлардан бирингиз мол-дунё ва ҳусн-жамолда юқоридаги кишига қараса, ўзидан паст бўлган кишига ҳам қарасин», дейилган. (Яъни, аввалгини кўриб ўксиган бўлса, кейингини кўриб шукр қилади.)

467/12. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Динор ва дирҳам ҳамда бахмал ва кимхоб, яъни кийимларга ўзини қул қилганлар ҳалок бўлишди. Агар уларга берсанг, рози бўлишади. Бермасанг, рози бўлишмайди», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

468/13. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Мен етмишга яқин аҳли суффаларни кўрдим-у, лекин уларнинг бирортасида чопон йўқ эди. Уларда фақат ё иштон, ё кўйлак бўлиб, у кўйлакни бўйинларига боғлаб олишар эди. У тўпиқларининг ярмигача ёки ошиқларининг ярмигача етар эди. Авратлари очилиб қолмаслиги учун қўллари билан ушлаб туришар эди». Имом Бухорий ривоятлари.

469/14. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Дунё мўминнинг қамоқхонаси, кофирнинг эса жаннатидир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

470/15. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам менинг елкамдан ушлаб: «Эй Ибн Умар, дунёда гўёки ғариб ёки йўловчи мусофир каби бўлгин», дедилар». Ибн Умар розияллоҳу анҳу (мана шу сўзни эшитганларидан кейин): «Агар кечлатсанг, тонг бўлишини кутма! Агар тонг оттирсанг, кеч киришини кутма! Соғ пайтингда касал пайтинг учун ҳам (тайёргарлик қилиб) ол. Ҳамда тириклик пайтингда ўлиминг учун ҳам (тайёргарлик қилиб) ол», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.
Бу ҳадиснинг шарҳида қуйидагича маъно айтишган: «Дунёга суяниб, уни ватан қилиб олма. Унда узоқ қолишни ва унга аҳамиятли бўлишни ўйлама. Дунёга алоқадорлигинг худди ватанида бўлмаган ғарибнинг алоқаси каби бўлсин. Ва ўз аҳлига қайтишни хоҳлаб юрган ғариб ўша турган жойида бирор нарсага машғул бўлмагани каби сен ҳам дунёга машғул бўлма».

471/16. Абу Аббос Саҳл ибн Саъд ас-Соъидийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг расули, бир амалга йўналтириб қўйингки, ўшанга амал қилсам, Аллоҳ ҳамда кишилар мени яхши кўрсин», деганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Дунёдан ўзингни тийгин, Аллоҳ сени яхши кўради. Одамлар қўлидаги нарсадан ўзингни тийгин, улар сени яхши кўришади», дедилар. Ибн Можа ва бошқалар ҳасан иснод билан ривоят қилишган.

472/17. Нўъмон ибн Баширдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу кишилар дунёдан эга бўлган нарсаларини зикр қилатуриб: «Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг қоринларини тўйғазиш учун бирор эскиб қолган бўлса ҳам хурмо топа олмасдан кун бўйи букчайиб қолганларини кўрдим», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

473/18. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида уйим токчасидаги бироз арпадан бошқа егани бирор егулик йўқ эди. Бир қанча пайт ундан еб юрдим. Қачонки, уни чамалаган эдим, у тугаб қолди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

474/19. Жувайрия бинти Ҳориснинг укалари Амр ибн Ҳорисдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам вафот этаётганларида миниб юрган оқ хачирлари, силоҳлари, мусофирлар учун садақа қилиб ажратган ерларидан бошқа бирор динор ва дирҳам ҳамда бирор қул ва чўри ҳам қолдирганлари йўқ», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

475/20. Хаббоб ибн Аратдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Биз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Аллоҳнинг розилигини талаб этиб ҳижрат қилдик. Ажримиз эса Аллоҳнинг зиммасида эди. Биздан баъзилар ажридан ҳеч бир нарса емай, оламдан ўтиб кетишди. Улардан бири Мусъаб ибн Умайр эдилар. Бу зот Уҳуд ғазотида шаҳид бўлдилар. Биттагина жундан тўқилган рангли кийимлари бор эди, холос. Агар уни бошларига ёпсак, оёқлари очилиб қолар эди, агар уни оёқларига ёпсак, бошлари очилиб қолар эди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам (уни) бошларига ёпишни, оёқларига эса изхир номли ўсимликни қўйишни буюрдилар. Ва яна баъзиларимизнинг мевалари ҳосилга кириб, дунёдан ўз насибаларига эга бўлишди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

476/21. Саҳл ибн Саъд ас-Соъидийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар Аллоҳ ҳузурида дунёнинг пашша қанотичалик қадри бўлганида эди, кофирларга бир ҳўплам сувни ҳам бермас эди», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

477/22. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Огоҳ бўлинг, албатта дунё ва ундаги нарсалар лаънатлангандир. Фақатгина Аллоҳнинг зикри, шунга яқин нарсалар ҳамда илм берувчи ва илм олувчилар бундай эмас», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

478/23. Абдуллоҳ ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кўчмас мулкларга (ер-сув) эга бўлишга киришманглар. Чунки у дунёга рағбатларингизни зиёдалаштиради», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

479/24. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Қамишдан бўлган уйимизни ислоҳ этаётганимизда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам олдимиздан ўтиб қолдилар. Ва: «Бу нима?» дегандилар, биз: «Қулаб кетган деворни ислоҳ қилмоқдамиз», дедик. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ишни бундан ҳам тезроқ деб биламан», дедилар». Абу Довуд ва Термизийлар ривояти.

480/25. Каъб ибн Иёздан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир умматнинг фитнаси бордир. Менинг умматимнинг фитнаси мол-дунёдир», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

481/26. Усмон ибн Аффондан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Одам болаларининг қуйидаги нарсалардан бошқа ҳеч бир ҳаққи йўқдир: яшайдиган уйи, авратини тўсадиган кийими, ноннинг ўзи ҳамда сув», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

482/27. Абдуллоҳ ибн Шиххирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борсам, у зот «Алҳакумут такосуру» сурасини ўқиётган эканлар. Шунда у зот: «Одам боласи молим, молим, дейди. Эй одам боласи, молингдан еб тугатганинг ва кийиб эскитганинг ҳамда садақа қилиб сарф этганинг ўзингникидир (қолгани эса бошқаларникидир)», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

483/28. Абдуллоҳ ибн Муғаффалдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг расули, Аллоҳга қасамки, мен сизни яхши кўраман», деди. Шунда у зот: «Нима деяётганингга қарагин», дедилар. У яна: «Аллоҳга қасамки, мен сизни яхши кўраман», деб уч марта айтди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ундай бўлса, камбағаллик кийимини лозим тут. Чунки мени яхши кўрган кишига камбағаллик сел охирига бориб улгурмасидан ҳам тезроқ етиб боради», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

484/29. Каъб ибн Моликдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қўйлар орасига иккита оч бўри қўйиб юборилганида, уларни қай тарзда барбод қилса, кишини мол-дунё ва шараф-иззатга бўлган ҳирси ундан ҳам кўпроқ фасод қилади», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

485/30. Абдуллоҳ ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Бир куни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бўйра устида ухлаган эдилар, икки ёнларига унинг изи тушиб қолибди. Шунда биз: «Эй Аллоҳнинг расули, сизга тўшак солиб берамиз», дегандик, у зот: «Дунё билан менинг нима алоқам бор?! Дунёда мен худди дарахт остида бироз сояланиб, кейин у ерни ташлаб кетадиган йўловчига ўхшайман», дедилар». Имом Термизий ривоятлари.

486/31. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Камбағаллар жаннатга бойлардан беш юз йил олдин киришади», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

487/32. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ва Имрон ибн Ҳусайнлардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатга боқдим, кўрдимки, у ердагиларнинг аксарияти камбағаллар экан. Ҳамда дўзахга боқдим, кўрдимки, у ердагиларнинг аксарияти аёллар экан», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

488/33. Усома ибн Зайддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннат дарвозаси олдида туриб қарасам, у ерга кираётганларнинг кўплари бечора-мискинлар экан. Бойлар эса ташқарида ушлаб турилибди. Лекин дўзах аҳлларини эса дўзахга ташлаш буюрилибди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

489/34. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сўзларнинг энг тўғриси Лабид исмли шоирнинг: «Огоҳ бўлинг! Аллоҳдан бошқа барча нарса ботил, яъни бекордир», деб айтган сўзидир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase