37-БОБ. Яхши кўрган нарсаларини инфоқ қилиш ҳақида
- Якшанба, Окт 16 2022
- 77 марта кўрилди
Аллоҳ таоло қуйидагиларни зикр қилади: «Суйган нарсаларингиздан инфоқ-эҳсон қилиб бермагунингизча ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) етмагайсиз» (Оли Имрон сураси, 92-оят);
«Эй мўминлар, касб қилиб топган нарсаларингизнинг ҳалол-покизаларидан ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилингиз! Эҳсон қилиш учун паст-нопокларини танламангиз!» (Бақара сураси, 267-оят).
298/1. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Абу Талҳа розияллоҳу анҳу Мадинада ансорлар ичида хурмоси кўп бадавлат кишилардан бири эдилар. Бу зотнинг энг маҳбуб мол-мулклари масжиди Набавиййанинг рўпарасидаги Байраҳо номли боғлари эди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бу ерга кириб, ширин, чучук сувларидан ичиб турардилар. Қачонки, «Суйган нарсаларингиздан инфоқ-эҳсон қилиб бермагунингизча ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) етмагайсиз» ояти нозил бўлганида, Абу Талҳа розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг расули, Аллоҳ сизга «Суйган нарсаларингиздан инфоқ-эҳсон қилиб бермагунингизча ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) етмагайсиз» оятини туширибди. Менга мол-мулкимнинг энг суюклиси Байраҳодир. Мен бу боғимни Аллоҳ учун садақа қилдим. Унинг савоб ва ҳиссасини Аллоҳ ҳузуридан умид қиламан. Эй Аллоҳнинг расули! Буни қаерга муносиб кўрсангиз, ўша ерга сарфланг», деганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Балли, яша! Мана шу фойдали ва ютуққа эриштирувчи молдир. Мен сен айтган сўзларни эшитдим. Бу ҳақда фикрим шуки, сен бу боғни ўз қариндошларинг ва яқинларинг ўртасида тақсимлаб бер», дедилар. Абу Талҳа: «Эй Аллоҳнинг расули, айтганингизни (бажонидил) қиламан», деб ўша боғларини қариндошлари ва жиянларига тақсимлаб бердилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Ривоятларда ҳадис лафзидаги арабча «робиҳун» ва «ройиҳун» сўзлари «фойда» ва «фойдаси сенга қайтувчи» деган маъноларни англатиб келган.