17-БОБ. Аллоҳнинг ҳукмига бўйинсунишнинг вожиблиги баёни
- Шанба, Окт 15 2022
- 100 марта кўрилди
Аллоҳ таоло: «Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича – бўйинсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар» (Нисо сураси, 65-оят),
«Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ўрталарида ҳукм чиқариш учун чорланган вақтларида мўминларнинг сўзи «эшитдик ва бўйинсундик» (демоқдир). Ана ўшаларгина нажот топгувчилардир» (Нур сураси, 51-оят), деб айтган.
Бунга юқоридаги бобда Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинган 156-рақамли ҳадис ҳам далил бўлади.
168/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга: «Осмонлару ва ердаги бор нарса Аллоҳникидир. Ичингиздаги нарсани хоҳ ошкор қилинг, хоҳ яширинг, Аллоҳ сизларни ўша нарса билан ҳисоб-китоб қилади», деган оят нозил бўлганида, у зотнинг саҳобаларига ана шу оят оғир келди. Улар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб, тиззалари ила тиз чўкиб: «Эй Аллоҳнинг расули, бизнинг тоқатимиз етмайдиган амалларни юклаяпсиз. Бизга намоз, жиҳод, рўза, садақа каби амаллар бордир. Бу нозил бўлган оятга тоқатимиз етмайди», дейишганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлар ҳам ўзингиздан олдинги аҳли китоблар (насоро-яҳудийлар) айтганларидек «эшитдик ва осийлик қилдик», деб айтмоқни хоҳлайсизларми? Балки «эшитдик, итоат қилдик. Эй Раббимиз, бизни мағфират қил. Қайтиш Сенгадир», деб айтинглар», дедилар. Қачонки, қавм бу оятни ўқишганида тиллари бўйинсуна бошлади. Аллоҳ таоло унинг кетидан қуйидаги оятни нозил қилди:
«Пайғамбар ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага имон келтирди ва мўминлар (ҳам имон келтирдилар). Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига имон келтирган ҳар бир киши (айтди): «Унинг пайғамбарларидан бирон кишини ажратиб қўймаймиз. Ва эшитдик ва итоат этдик. Парвардигоро, гуноҳларимизни мағфират қилишингни сўраймиз. Ва фақат Ўзингга қайтажакмиз». Саҳобалар ана шу оятга амал қилдилар. Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилиши билан юқоридаги оятни мансух қилди:
«Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди. (Ҳар кимнинг) қилган (яхши) амали ўзи учундир ва (ёмон) амали ҳам ўзининг бўйнигадир. Парвардигоро, агар унутган ёки хато қилган бўлсак, бизни азобингга гирифтор айлама! Парвардигоро, бизларнинг зиммамизга биздан илгари ўтганларнинг бўйинларига қўйган юкингни юклама! Парвардигоро, бизларни тоқатимиз етмайдиган нарсага зўрлама! Бизларни авф эт, (гуноҳларимизни) мағфират қил, (ҳолимизга) раҳм айла. Ўзинг хожамизсан. Бас, бу кофир қавм устига Ўзинг бизни ғолиб қил». (Бақара сураси, 285–286-оятлар). Имом Муслим ривоятлари.