Кўпгина масжидларда «Имоми Аъзам мазҳхабида намоз ўқилади» деб ёзиб қўйилган. Аммо бундай масжидларнинг аксариятларида, имоми Аъзам мазҳабидаги кўпгина масалаларга эътибор берилмаганлиги сабабли кўпгина намозхонларнинг ибодатлари макруҳ ва тарки вожиб билан адо этилмоқда. Шулардан бири азон масаласидир.
«Мухтасар» китобининг азон бўлимида: «Азонни тарассул қилиб, яъни бир калимасини айтгач иккинчисини ошиқмай, муҳлат билан айтилур, қиблага қарама-қарши туриб, бармоқнинг учларини қулоғига тиқиб куйламасдан, ҳам таржиҳ қилмай, яъни азонни икки бирдай сўзларни, масалан, «Ашҳаду ан ла илаҳа Иллаллоҳ»нинг аввалгисини товушсиз секингина айтиб, иккинчисини қичқириб айтмас, балки ҳар кайси бир текис қичқириб айтур. Шундай қилиб, куйлаш (қўшиққа ўхшатиб) ҳам таржиҳ макруҳдир (имом Шофеъ қошларинда таржиҳ суннатдир)», деб ёзилганлигини аксар имомлар, муъаззинлар билишса ҳам амалда арабларга ўхшашга уринишади.
Агар илмли инсонлар бошқа мазҳаблардан ўзига ёққан ёки ўзига қулай фатволарни танлаб олаверсалар, тинч осойишта яшаётган диёримизда фитначи, бузғунчи оқимлар келиб чиқишига сабаб бўлмайдими?
ЖАВОБ (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ): Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Жуда ҳам тўғри мулоҳаза қилибсиз. Афсус ва надоматлар бўлсинки, баъзи вақтларда шиорларни айтиб ёки ёзиб қўйиш билан иш битди деб ўйлашга одатланиб қолганмиз. Воқеъликда эса билиб-билмай шиорнинг акси бўлган ишларни бемалол қилаверамиз.
Ҳозир ахборот воситалари ривожланиб, оинаи жаҳон орқали ибодатлар ҳам намойиш қилинмоқда. Айниқса, араб ўлкаларида. Бу нарсаларни кўрганларимиз ўшаларга тақлид қилишга ўтмоқдамиз. Ҳатто телевизордаги намозга иқтидо қилмоқчи бўлганларимиз ҳам бор.
Энг ноқулайи баъзи имом ва қориларимизнинг телевизорга тақлид қилишга ўтишларидир. Арабларга тақлид қилиб азон айтиш, хатм намозида қироат қила туриб йиғлаш ва бошқалар.
Албатта, ҳар ким ўзига ёққан нарсасини олаверса ва мазҳабини тарк қилса, яхшиликка олиб бормаслиги аниқ. Бу ишларга чек қўйиш керак. Ҳамма нарсани илмий равишда, қоидага амал қилган ҳолда адо этиш лозим.
Сиз мисол қилиб келтирган азон ва унга боғлиқ бошқа масалаларда турли ихтилофлар борлиги учун бир оз тафсилоти ила сўз юритишга ижозат бергайсиз.
АЗОН БОБИ
Азоннинг зикри Қуръони Каримда келгандир.
Аллоҳ таоло «Жума» сурасида:
«Эй иймон келтирганлар, қачонки, Жума куни намозга нидо қилинса, бас, Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг. Ана шундоқ қилмоғингиз, сиз учун яхшидир, агар билсангиз», деган.
Ва яна:
«Қачонки намозга нидо қилсангиз, уни масхара ва ўйин қилиб олурлар», деган.
Ушбу икки оятдаги «нидо»дан мурод азон экани очиқ-ойдин кўриниб турибди. Демак, азон Қуръонда зикр қилинган нарса экан.
«Азон» луғатда, билдириш, маъносини англатади.
Шариатда эса, «Фарз намознинг вақтини махсус қавл ила билдиришга азон дейилади».
Азон айтиш, биринчи ҳижрий санадан бошланган. Аввалбошда мусулмонлар масжидда тўпланишар, намоз вақтини кутиб ўтиришар, вақт бўлганда эса, намоз ўқир эдилар.
Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг айтишларича, насороларнинг зангига ўхшаш занг чалишни ёки яҳудийларнинг дудига ўхшаш дуд чалишни маслаҳат қилинган ҳоллари ҳам бўлган.
Абу Довуд, Ибн Можа ва Доримийлар келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Зайд ибн Абду Роббиҳ розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни намозга тўплаш учун занг чалишга амр қилганларида кечаси туш кўрдим. Олдимга занг кўтарган бир одам келди. Мен унга:
«Эй Аллоҳнинг бандаси, зангни сотасанми», дедим.
«Бу билан нима қиласан?» деди у.
«У билан намозга чақирамиз», дедим.
«Бундан яхшироқ нарсани сенга айтиб берайми?» деди.
«Ҳа», дедим.
«Аллоҳу Акбар!» дейсан, деб охиригача айтиб берди. Шунингдек, иқомани ҳам айтиб берди. Тонг отиши билан Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, кўрган тушимни айтиб бердим. У зот:
«Иншааллоҳ бу ҳақ туш. Билолнинг ёнида туриб, кўрганингни айтиб бериб тур, у азон айтсин, унинг овози сеникидан кучли», дедилар.
Мен Билол билан туриб айтиб бердим, у азон айтди. Буни уйида туриб эшитган Умар ибн Хаттоб ридосини судраб югуриб чиқди ва:
«Эй Аллоҳнинг Расули, сизни ҳақ ила юборган зотга қасамки, мен ҳам шунга ўхшаш туш кўрдим», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!» дедилар».
Имом ал-Баззор қилган ривоятда Пай-ғамбаримиз алайҳиссаломга азонни Исро кечасида кўрсатилгани ва етти осмоннинг устидан эшитганлари ҳақида сўз кетади.
Бу ривоятлардаги ҳодисалардан минг тўрт юз йил ўтиб ойга қадам босган америкалик фазогир ҳам ойда туриб, азонни эшитди. Бу овозни овоз ёзиш асбоблари ёзиб олди. Йиллар ўтиб фазогир Мисрга келиб азонни эшитганда, кўпчилик иштирок этаётган йиғилишда, бу овозни ойда эшитган эдим, деб тан олди.
Энди мухтасарда бу мавзуга оид келган матн билан танишайлик.
Фақат фарз намозларга вақтида азон айтиш суннатдир. Агар вақтидан олдин азон айтилган бўлса, қайта айтилади.
Уни шошилмасдан, дона-дона қилиб, қиблага қараган ҳолда, икки бармоғини қулоқларининг ичига киритиб олиб айтади. Оҳангга солиб чўзиб юбормайди. Таржийъ қилмайди. Ҳаяя алаларни айтаётганда юзини ўнгга ва чапга буради. Агар эшитилмай қоладиган бўлса меъзанада айланади.
Иқома ҳам азонга ўхшайди. Лекин уни тезлаб айтади ва икки марта «қод қоматис солаҳ»ни зиёда қилади.
Бомдоднинг азонида фалоҳдан кейин «ас-Солату хойрум минан навм»ни зиёда қилади. Иккисида ҳам гапирилмайди.
Тасвийб қилинса яхши.
Иккисининг орасида бир оз ўтирилади. Илло Шом бундан мустасно.
Битта қазо намозга ҳам азон ва иқома айтилади. Кўп қазо намозлар бўлса биринчисига ва қолганларига ҳам иккисини айтса бўлади. Ёки қолганларига иқоманинг ёлғиз ўзини айтилади.
Бетаҳорат кишининг иқомат айтиши макруҳдир. Азони эмас. Иқомани қайта айтилмайди.
Иккиси жунубдан макруҳдир. Иқома қайтарилмайди. Азон қайтарилади.
Аёл кишининг, мажнуннинг ва мастнинг азони макруҳдир.
Сафарда ва масжид жамоатида иккисини тарк қилиш макруҳдир. Шаҳардаги уйида макруҳ эмас.
Имом «ҳаяя алас солаҳ»ни айтилганда туради ва «қод қоматис солаҳ»да бошлайди.
Намозга бевосита боғлиқ бўлган азон ва иқоматларга оид ҳукмларни яхшилаб ўрганиш ҳамманинг бурчидир.
Шунинг учун, бу масалани юқорида келган матннинг батафсил шарҳлаш орқали ўрганишга ҳаракат қиламиз.
Фақат фарз намозларга вақтида азон айтиш суннатдир.
Азон эркак кишилар учун суннати муаккададир.
Молик ибн ал-Ҳувайрис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир оғайним билан бордик. У зотнинг ҳузурларидан туриб жўнамоқчи бўлганимизда, бизга:
«Намоз ҳозир бўлса, азон айтинглар, сўнгра иқома айтинглар, иккингиздан каттангиз имом бўлсин», дедилар».
Учовлари ривоят қилган.
Абу Довуднинг ривоятида:
«Яхшиларингиз азон айтсин, аҳли Қуръонларингиз имом бўлсин», дейилган.
Икки ийд, Витр, жаноза, таровеҳ, кусуф, хусуф ва суннат намозларга азон айтилмайди.
Имом Муслим Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам билан бир ва икки мартадан кўп икки ийд намозини ўқидим. Азон ва иқомасиз».
Имом Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида қуёш тутилди. Бир одамни юбориб «Жамоа намозига!» деб жар чақиртирдилар».
Агар вақтидан олдин азон айтилган бўлса, қайта айтилади.
Намознинг вақти кирмай туриб азон айтиш ҳаромдир. Чунки азон вақт кирганини билдиришдан иборатдир. Вақтидан олдин азон эса алдамчилик ва жаҳолатдир.
Шунинг учун, азон вақтидан олдин айтилса, вақт киргандан кейин қайта айтилади.
Уни шошилмасдан, дона-дона қилиб, қиблага қараган ҳолда, икки бармоғини қулоқларининг ичига киритиб олиб айтади.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Билолга:
«Эй Билол, қачон азон айтсанг, азонингни шошилмай, чўзиб айт. Қачон иқома айтсанг, тезлаб айт. Азонинг билан иқоманг орасида, таом еювчи таомидан, шароб ичувчи шаробидан, қистаниб қолган қазои ҳожатдан фориғ бўлгунча вақт қўй», деганлар».
Термизий ривоят қилган.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг муаззинлари барчалари қиблага қараб азон айтганлар.
Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Билолни айланиб юриб азон айтаётганини кўрдим. У оғзини у ёққа, бу ёққа бурар, икки бармоғи қулоғида эди.
Бешовларидан ривоят қилинган.
Оҳангга солиб чўзиб юбормайди.
Лекин овозни чиройли қилиш матлубдир.
Таржийъ қилмайди.
Таржийъ сўзи луғатда қайтариш маъносини англатади. Амалда эса азондаги «ашҳаду»дан бошланадиган жумлаларни аввал ўзи эшитадиган даражада ичида айтиб олиб кейин баланд овоз билан айтишдир.
Моликий мазҳаби таржийъни жорий қилган. Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам азон ҳақидаги асл ривоятларда бу нарса йўқ бўлгани учун ҳанафий мазҳаби таржийъ қилмасликни алоҳида таъкидлаган.
Ҳаяя алаларни айтаётганда юзини ўнгга ва чапга буради. Агар эшитилмай қоладиган бўлса меъзанада айланади.
Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Билолни айланиб юриб азон айтаётганини кўрдим. У оғзини у ёққа, бу ёққа бурар, икки бармоғи қулоғида эди».
Бошқа бир ривоятда:
«Ҳаяя алас салот, Ҳаяя алал Фалаҳ»га етганида бўйнини ўнггга, чапга бурди, айланмади», дейилган.
Бешовларидан ривоят қилинган.
Иқома ҳам азонга ўхшайди. Лекин уни тезлаб айтади ва икки марта «қод қоматис солаҳ»ни зиёда қилади.
Бомдоднинг азонида фалоҳдан кейин «ас-Солату хойрум минан навм»ни зиёда қилади. Иккисида ҳам гапирилмайди.
Имом Абу Довуд Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда, у киши тушида кўрган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тасдиқлаган азон ҳозир ҳамма ёқда айтилаётган азондир:
«Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар,
Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар,
Ашҳаду анлаа илаҳа иллаллоҳ,
Ашҳаду анлаа илаҳа иллаллоҳ,
Ашҳуду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ,
Ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ,
Ҳаяя алас Солат, Ҳаяя алас Солат,
Ҳаяя алал Фалаҳ, Ҳаяя алал Фалаҳ,
Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар,
Лаа Илаҳа Иллаллоҳ».
Ушбу калималарнинг маънолари қуйидагича:
«Аллоҳу Акбар»
Аллоҳ улуғдир. Аллоҳ ҳар бир нарсадан буюкдир. У зот ўзига нисбат берилган номуносиб нарсалардан улуғдир-деганидир.
«Ашҳаду анлаа илаҳа иллаллоҳ»
Аллоҳдан ўзга ҳеч илоҳи маъбуд йўқ, деб гувоҳлик бераман.
«Ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ»
Муҳаммад, Аллоҳнинг Расули эканлигига гувоҳлик бераман.
«Ҳаяя алас Солаҳ»
Намозга келинглар-шошилинглар.
«Ҳаяя алал Фалаҳ»
Ютуқ-нажотга келинглар-шошилинглар.
Қолган калималарни маънолари иншааллоҳ ҳаммамизга маълум.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Билол розияллоҳу анҳуга ва Абу Маҳзурага:
«Қачонки, Бомдод азони бўлса «ас-салоту хайрун минаавм»ни айтасан, деб ўргатганларига биноан икки марта айтилади.
Дора Қутний, Аҳмад ва Абу Довудлар ривоят қилишган.
Иқома Ҳанафий мазҳаби бўйича худди азоннинг лафзлари билан айтилади.
Фақат «ҳаяя алал-Фалаҳ»дан кейин икки марта «Қод қоматис Салот»ни қўшилади («Намоз қоим бўлди» дегани).
Иқома масжидга ёки жамоат намозига йиғилиб турганларга фарз намоз ўқиш бошланаётганини билдириш вазифасини ўтайдир. Ёлғиз ўқиётган киши иқома айтса ҳам яхши.
Барча ҳолатларда иқома айтиш суннати муаккададир. Азонни чўзиб, иқомани тезлаб айтиш ҳаммага маълум.
Тасвийб қилинса яхши.
Тасвийб азон билан иқома орасида иқома айтиш вақти яқинлашганини билдириб қўйиш. Бу баъзи жойларда "ас-Солаҳ", бошқа бир ерларда "Қомат!" каби иборалар билан қилинади.
Иккисининг орасида бир оз ўтирилади.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Билолга:
«Эй Билол, қачон азон айтсанг, азонингни шошилмай, чўзиб айт. Қачон иқома айтсанг, тезлаб айт. Азонинг билан иқоманг орасида, таом еювчи таомидан, шароб ичувчи шаробидан, қистаниб қолган қазои ҳожатдан фориғ бўлгунча вақт қўй», деганлар».
Термизий ривоят қилган.
Илло Шом бундан мустасно.
Азондан кейин ўтирмай бир оз ўтиши билан иқомат айтилади. Шомни тезроқ ўқишга амрлар борлигидан.
Битта қазо намозга ҳам азон ва иқома айтилади.
Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиққан эдилар. Бас, Бомдод намозидан ухлаб қолиб, қуёшнинг иссиғидан уйғондилар. У зот алайҳисалоту вассалом:
«Бу жойдан бошқа жойга ўтинглар», дедилар.
Сўнгра Билолга амр қилиб, азон айтдирдилар. Сўнгра таҳорат қилиб, икки ракъат фажр (Бомдоднинг суннати) намозини ўқидилар. Сўнгра Билолга амр этиб, такбир айтдирлар ва уларга Бомдод намозини ўқиб бердилар».
Абу Довуд ва Икки Шайх ривоят қилишган.
Кўп қазо намозлар бўлса биринчисига ва қолганларига ҳам иккисини айтса бўлади. Ёки қолганларига иқоманинг ёлғиз ўзини айтилади.
Бир неча қазо намозларни бирин кетин ўқилаётган бўлса, ҳар бирига алоҳида азон ва иқома айтса ҳам, биринчисига азон ва иқома, қолганларига фақат иқома айтса ҳам бўлади.
Имом Термизий Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Хандақ куни Набий саллоллоҳу алайҳи васалламдан тўрт намоз ўтиб кетди. Ҳаттоки кечадан ҳам Аллоҳ хоҳлаганича ўтиб кетди. У зот Билолга амр қилдилар. У азон айтди. Кейин иқома айтди. Пешинни ўқидилар. Кейин иқома айтди. Асрни ўқидилар. Кейин иқома айтди. Шомни ўқидилар. Кейин иқома айтди. Хуфтонни ўқидилар».
Бетаҳорат кишининг иқомат айтиши макруҳдир. Азонни эмас.
Бошқа бир қавлда бетаҳоратнинг азони ҳам макруҳ дейилган ва шу гап тўғри. Чунки имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Таҳоратли кишидан бошқа азон айтмайди», деганлар.
Иқомани қайта айтилмайди.
Чунки уни қайта айтиш шариатда йўқ.
Иккиси жунубдан макруҳдир. Иқома қайтарилмайди. Азон қайтарилади.
Чунки азонни қайтаришга рухсат бор.
Аёл кишининг, мажнуннинг ва мастнинг азони макруҳдир.
Аёл кишининг азони макруҳлиги ҳақида Анас ва Ибн Умар розияллоҳу анҳумолардан ривоят бор. Мажнун ва маст эса нима деганини билмайдилар.
Сафарда ва масжид жамоатида иккисини тарк қилиш макруҳдир.
Молик ибн ал-Ҳувайрис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир оғайним билан бордик. У зотнинг ҳузурларидан туриб жўнамоқчи бўлганимизда, бизга:
«Намоз ҳозир бўлса, азон айтинглар, сўнгра иқома айтинглар, иккингиздан каттангиз имом бўлсин», дедилар».
Учовлари ривоят қилган.
Мазкур икки киши сафарга жўнаб кетаётган, ўз юртларига қайтаётган эдилар. Уларга Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам йўлда намоз учун азон айтишни таъкидладилар.
Шаҳардаги уйида макруҳ эмас.
Чунки шаҳардаги масжидларда айтилган азон кифоядир.
Имом Табароний ва бошқалар келтирган ривоятда Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўз ҳовлиларида Алқама ва Асвад розияллоҳу анҳумоларга намозга ўтаётиб маҳалланинг азони бизга кифоя қилади, деганлар.
Имом «ҳаяя алас солаҳ»ни айтилганда туради ва "қод қоматис солаҳ"да бошлайди.
Яъни, муаззин иқомани айтганда эшитиб туриб имом "ҳаяя алас солаҳ"ни айтилганда ўрнидан қўзғолиб туради ва "қод қоматис солаҳ" айтиб бўлганда намозни бошлайди. Иқомани тўла айтиб бўлгунча бошламай турса ҳам бўлаверади.
Азон ва иқомага тегишли бошқа маълумотлар;
Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Абу Соъсоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
У кишига Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳу:
«Мен сенинг қўйни ва чўлни яхши кўришингни билмоқдаман. Қачонки, қўйинг ичида, чўлингда бўлсангу намозга азон айтадиган бўлсанг, овозингни баланд кўтар. Чунки қайси бир жин, инс ёки бирор нарса муаззиннинг овозини эшитса, албатта, қиёмат куни унга гувоҳлик беради. Буни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман», деган экан.
Бухорий ва Насаий ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шарифда азоннинг фазли, азон айтувчи кишининг фазли яна ҳам ортдилирмоқда.
Шу билан бирга, азоннинг иложи борича узоққа етадиган қилиб айтишга тарғиб қилинмоқда.
Бу ҳадисдан ёлғиз одам чўлда бўлса ҳам азон айтиб намоз ўқиши яхши эканлиги чиқмоқда.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Имом зоминдир, муаззин омонат эгасидир. Эй бор Худоё! Имомларни иршод қил, муаззинларни мағфират қил», дедилар».
Абу Довуд, Шофеъий ва Термизийлар ривоят қилган.
Зиёд ибн ал-Ҳорис ас-Судоъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга Бомдод намозига азон айтишимни амр қилдилар. Бас, мен азон айтдим. Сўнг Билол иқома айтмоқчи бўлган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Батаҳқиқ, азонни судоълик айтди. Бас, ким азон айтса, ўша иқома айтур», дедилар».
Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачонки, азонни эшитсангиз муаззин айтаётган нарсани айтинглар», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Бухорий:
«Сўнгра менга салавот айтинглар. Чунки, ким менга бир саловот айтса, албатта, Аллоҳ унга ўн саловот айтади. Кейин менга васийлани сўранглар. Бас, у жаннатдаги бир манзила бўлиб, Аллоҳнинг бандаларидан фақат бир бандагагина лозим бўлур. Ўша банда мен бўлишимни орзу қиламан. Ким менга Васийлани сўраса, унга шафоат ҳалол бўлур»ни зиёда қилган.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким азонни эшитгандан кейин «Аллоҳумма, Робба ҳазиҳид даъватит–Тааммати вас-салотил қоимати аати Муҳаммадан ал-васийлата вал фазийлата вабаъасҳу мақоман маҳмудан аллазии ваъдтаҳу» деса, қиёмат куни унга шафоатим ҳалол бўлур», дедилар».
Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.
Ушбу ҳадиси шарифда келган дуонинг маъноси қуйидагича "Эй бор Худоё! Эй ушбу тугал даъватнинг ва қоим бўладиган намознинг Роббиси! Муҳаммадга Васийлани ва фазийлатни бергин. Ҳамда уни Ўзинг Унга ваъда қилган мақоми Маҳмудда қайта тирилтиргин".
«Васийла» жаннатдаги олий мақом манзила эканлиги ҳадисда зикр қилинди.
«Мақоми Маҳмуд» мақталган мақом-эса, Аллоҳ таолонинг «Шоядки, Роббинг сени Мақоми Маҳмудда қайта тирилтирса», ояти ила Аллоҳ таоло томонидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваъда қилинган. Мақоми Маҳмуд-буюк шафоат мақомидир.
Демак, қиёмат куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига мушарраф бўлайлик десак, азондан кейин ушбу дуони ўқиб юришимиз керак бўлади.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Азон ва иқома орасидаги дуо рад қилинмас», дедилар».
«Сунан» соҳиблари ривоят қилишган.
Ушбу вақт, дуо тўсиқсиз қабул қилинадиган вақтлардан биридир. Чунки,бу вақт шарафли вақтдир. Шунинг учун ҳам азон билан иқоманинг орасида чин қалбдан, қабул бўлишига тўла ишониб, шартларини келтириб дуо қилиш керак.
Абу Шаъсоа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу билан масжидда бирга эдик. Бир одам муаззин Асрга азон айтганидан кейин чиқиб кетди. Бас, Абу Ҳурайра:
«Аммо, мана бу, батаҳқиқ, Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлди», деди».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда:
«Масжидда бўлсаларингиз-у, намозга азон айтилса, бирортангиз ҳам то, намозни ўқимагунча чиқмасин», деганлар.
Азон ва иқоманинг шартлари:
1. Вақт кирган бўлиши шарт.
2. Араб тилида бўлиши шарт.
3. Жамоанинг баъзи одамлари эшитмоғи шарт. Ёлғиз ўзи учун айтаётган бўлса, ўзи эшитиши керак.
4. Лафзларни тартиб билан кетма-кет айтиш лозим.
5. Бир киши айтиши шарт. Азоннинг ярмини бир киши, қолганини бошқа киши айтса бўлмайди.
6. Муаззин мусулмон, оқил, оқ-қорани ажратадиган ва эркак бўлиши шарт.
Аёл киши, мажнун, ёш бола, кофир, маст, ханаса, жунуб, бетаҳорат ва фосиқлар азон айтмайдилар.
Азоннинг суннатлари;
1. Муаззин гўзал овозли бўлиши ва баланд овоз билан юқори жойда туриб азон айтиши.
2. Минорада ёки шунга ўхшаш баланд ерда тик туриб азон айтмоқ.
3. Муаззин ҳур, балоғатга етган, солиҳ, омонатли ва намознинг вақтини яхши биладиган бўлиши.
4. Муаззин пок ва таҳоратли бўлиши лозим.
5. Муаззин кўзи очиқ киши бўлиши керак.
6. Муаззин икки пажасини икки қулоғига тиқиб азон айтиши лозим.
7. Муаззин азонни шошилмасдан, аниқ ва дона-дона қилиб айтади.
8. Азон ва иқомани қиблага қараб айтади.
9. Азонни савоб учун айтмоқ керак.
Азоннинг мустаҳаблари:
1. «Ҳаяя ала»ларни айтаётганда юзини ўнгга ва чапга бурмоқ.
2. Азондан кейин одамлар тўпланиб олгунча иқомани айтмай туриш. Шом намозида азондан кейин уч қисқа оят тиловат қилгунча вақт турилади, холос.
3. Азон билан иқома орасида "вақти намоз" ёки "қомат" каби тасвийб лафзларини айтиб одамларни яна бир бор огоҳлантириб қўймоқ.
4. Тингловчилар муаззин азонни айтиб бўлгунича ўринларидан турмасликлари керак. Чунки азонни эшта туриб юришда шайтонга ўхшашлик бор.
Азоннинг макруҳлари:
1. Азоннинг суннатларидан бири тарк қилиш макруҳ.
2. Азонни оҳангга солиб чўзиб айтиш макруҳ.
3. Азонни юриб айтиш макруҳ.
4. Муаззинга салом бериш макруҳ.
Робитатул Оламил Исломий ҳузуридаги Ислом Фиқҳи Академиясининг тўққизинчи мажлиси 1406 ҳижрий йилда чиқарган қарордан кўчирма.
«Ҳар бир масжидда, ҳар бир намозга алоҳида азон айтишнинг суннат ва одоблари бор. Магнит тасмаси орқали азон қўйилганда ўша суннат ва одоблар амалга ошмай қолади. Шу билан бирга, ният ҳам йўқ бўлади.
Магнит тасмаси орқали азон қўйилганда динни ўйин қилиш ва юзага келади. Мусулмонларнинг ибодатлари ҳамда шиорларига бидъат ва хурофот киритилган бўлади. Бора-бора азон айтиш йўқолиб магнит тасмаси орқали азон қўйиш одатга айланади. Шунинг учун, магнит тасмаси орқали азон қўйиш мутлақо жоиз эмас». Валлоҳу аълам.