close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

"Бева аёл билан зино қилса бўлаверади"ми?

Савол: Зино гуноҳи кабиралардан эканига ҳеч шубҳамиз йўқ, лекин халқимиз орасида бева қолган аёл билан зино қилсанг, савоб бўлади, деган тушунчада юрганлар ҳам бор. Бундай тушунча тўғрими?

Савол: Зино гуноҳи кабиралардан эканига ҳеч шубҳамиз йўқ, лекин халқимиз орасида бева қолган аёл билан зино қилсанг, савоб бўлади, деган тушунчада юрганлар ҳам бор. Бундай тушунча тўғрими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Бева аёл билан зино қилса бўлаверади, деган тушунча ҳеч қандай асосга эга эмас. Аксинча, Одам алайҳиссаломдан бошланган илоҳий шариатларнинг бирортасида зино ҳалол бўлмаган. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: "Зинога яқинлашмангиз! Чунки у фаҳш ва ёмон йўлдир!" деган (Исро сураси, 32-оят).
Бир йигит Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, зино қилишга изн сўради. Одамлар унга жаҳл қилиб, жеркий бошлашди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом унга яқин келишни буюриб: “Мана шундай ишни бошқа бир киши онанг билан қилишини хоҳлайсанми?" деб сўрадилар. Йигит: "Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, ҳаргиз!" деб жавоб берди. Пайғамбаримиз алайҳиссаллом: “Бошқа инсонлар ҳам оналари билан бундай бўлишини хоҳламайдилар. Ундай бўлса, қизинг билан шундай иш бўлишини хоҳлайсанми?" деб сўрадилар. Йигит: “Қасамки, ҳаргиз ундай эмас, ё Аллоҳнинг Расули!" деди. Пайғамбаримиз алайҳиссаллом:
“Бошқа инсонлар ҳам қизлари билан бундай бўлишини хоҳламайдилар. Ундай бўлса, синглинг билан шундай бўлишини хоҳлайсанми? Амманг биланчи? Холанг билан-чи?" деб сўрадилар. Йигит ҳар сафар: “Ҳаргиз..., ҳаргиз..., ҳаргиз!" деб жавоб берар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак қўллари билан йигитни ушлаб, дуо қилдилар: “Эй, Аллоҳ! Унинг гуноҳларини кечир, қалбини покла ва фаржини сақла!" Шундан сўнг ўша йигитдан гуноҳ қилишга бўлган истак йўқолди (Имом Аҳмад, Абу Умома розийаллоҳу анҳудан ривоят ҳилган).
Бегона эркак ва аёлнинг жинсий муносабатлари савоб бўлиши учун ягона йўл бор, у ҳам бўлса, никоҳдир. Ҳадиси шарифларда бева ва етимларга ёрдам берувчилар Аллоҳ йўлида жанг қилиб юрганларга тенглаштирилади, лекин бу улар билан зино қилиш дегани эмас. Балки имкони бўлса, никоҳига олиб ёрдам бериш, бунинг имкони бўлмаса, уларга беғараз моддий ёрдам бериб туришдир.
Энг хатарли жиҳати шундаки, мусулмон кишининг Аллоҳ ҳаром деган нарсани билиб-билмай, ҳазил-ҳузул билан ҳалол дейишидир. Бу Аллоҳ таолонинг шариатига қарши чиқиш ва куфрдир, Аллоҳ барчамизни бундай ғафлатдан сақласин. Тавфиқ Аллоҳдан.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,
Фатво маркази директорининг
"Фатволар Тўплами" китобидан

 

 

 

Мақола жойлаштирилган бўлим: Оила
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase