close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Шарқий Туркистон нега СССР таркибида 16- республика бўла олмаган?

1943 йилнинг ёз мавсуми Шинжонда советларга қарши кайфиятнинг кучайиши қайд этилди. Гоминьданга содиқ бўлган ҳарбий қисмларни бошқатдан жойлаштириш бошланди. Улуғ Ватан уруши якунланган пайтга келиб, Шинжонда ҳарбий қисмлар аъзолари 100 минг кишини ташкил қиларди, улар асосан хан ва дунганлардан иборат эди.

1943 йил совет разведкаси кўмагида Шарқий Туркистонни озод қилиш учун «Азат Ташкилаты» ташкил қилинди. 1944 йил 8 ноябрда Ғулжа шаҳрида қўним топган махфий Ҳарбий-Революция қўмитаси қуролли қўзғолон бошланагини маълум қилди. Бериянинг буйруғи билан 1944 йил декабрида СССР НКВД Махсус топшириқлар бўлими ташкил этилди. Унинг олдига асосий вазифа қилиб Шинжон мусулмонлари миллий озодлик ҳаракатига ёрдам кўрсатиш ва раҳбарлик қилиш вазифаси қўйилди. Шунда маҳаллий аҳоли таркибидан Медеу туманида махсус тайёргарликдан ўтган гуруҳ шакллантирилди. Сўнгра у Шинжонга ташланди ва партизан отрядлари ташкил қилишга киришди. Бундай отрядлар қўмондонларидан бири асли келиб чиқиши Ёркентлик татар Фотих Муслимов эди, у кейинроқ Шарқий Туркистон Республикаси ҳарбий кенгашида масъул лавозимни ҳам эгаллаган.
Бир неча кун ичида Или ўлкасининг стратегик аҳамиятга молик пунктлари гоминданчилардан озод қилинди. Урумчидан ёрдамга чиққан хитойликлар қўшинлари ёрдам бера олмади. Хитойлик бўлмаган миллатлар вакиллари яқиндан ҳамкорликда ҳаракат қилдилар. 1944 йил 12 ноябрда Ғулжа шаҳрида Шарқий Туркистон Республикаси (ШТР) тантанали равишда эълон қилинди. У ҳудудий жиҳатдан ўнта округдан учтасини  - Или, Тарбагатай, Олтой округини қамраб олганди. Республика президенти этиб маршал Алихон тўра (миллати ўзбек) эълон қилинган. Унинг биринчи муовини уйғур аслзодаларидан Хакимбек Хўжа, муовини – таниқи қозоқ элатларидан бирининг вакили – Абулхайр тўра бўлган.
1945 йилнинг апрелида Шарқий Туркистон Миллий армияси шакллантирилди ва унга совет армияси генерал-майори Иван Полинов қўмондон қилиб тайинланди. Уни «Иван Иванович» - НКВД генерал-майори Владимир Егнаров назорат қилган. Штаб бошлиғи – генерал Варсонофий Можаров (илгари Дутов армиясида хизмат қилган), армия қўмондони ўринбосари этиб уйғур Зинун Таипов тайинланган. Дивизия командирлари – қозоқ Далелхан Сугурбаев (келиб чиқиши Монголиялик), рус Петр Александров ва қирғиз Исҳоқбек Монуев (айрим манбаларда Муниев деб кўрсатилган) эди. Оспан Ислам-улы Олтой округи губернатори лавозимига тайинланган, лекин у ва ҳукумат ўртасида дарҳол ихтилофлар бошланди ва у буйруқларни бажаришдан бош тортди.
Гарчи эълон қилинган республика бир қатор жиддий ғалабалар қозонган, Уйғуристоннинг қолган округларини озод қилишга тайёр бўлсада, унинг тақдири ҳал бўлиб бўлганди. Гап шундаки, 1945 йилнинг августида Хитой ва Совет Иттифоқи ўртасида имзоланган дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида битимга (В.М.Молотов ва ХХР ташқи ишлар вазири Ван Шицзе томонидан имзоланган) Илованинг 3-банди Уйғуристон билан боғлиқ эди. Унда айтилишича, «Шинжоннинг ривожланиши борасида Совет ҳукумати маълум қиладики, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида шартноманинг V моддасига мувофиқ, у Хитойнинг ички ишларига аралашмайди».
Албатта, уйғур етакчилари бу махфий илова мавжудлиги ҳақида ҳеч нарса билишмаган. Натижада, Москванинг босими остида улар Гоминьдан вакили билан музокара столига ўтиришга мажбур бўлдилар. Бунда делегацияни таниқли уйғур арбобларидан бири Аҳметжан Қасимий бошқарди, чунки республика президенти Алихон Тўра Совет Иттифоқи ҳудудига олиб чиқиб кетилганди.
Гоминьдан ва Хитой компартияси ўртасидаги музокаралар билан бир пайтда Шинжонда ўқ отишни тўхтатиш ҳақида музокаралар ҳам бошланди. Бу ерда Чан Кайши ҳукумати номидан генерал Чжан Чжичжун, ШТР номидан – ташқи ишлар вазири, бош вазир ўринбосари Ахметжан Касимий иштирок этди. Айтмоқчи, уни Ғулжадаги НКВД резиденти «назорат» қилган. Музокаралар узоқ ва оғир давом этди. 1946 ёзида «11 пункт битими» кучга кирди. Коалиция ҳукумати шакллантирилди, унга  Чжан Чжичжун бошчилик қилди, унинг биринчи муовини эса Ахметжан Касимий бўлди. Бир йил ҳам ўтмасдан коалиция тарқалиб кетди.
ХКП Гоминьдан устидан узил-кесил ғалаба қозонгач, 1949 йил августининг ўртасида ШТР делегациясига раҳбар бўлган ҳолда Касимий Ғулжадан Пекинга Олма-ота ва Иркутск орқали Хитой Халқ сиёсий маслаҳат Кенгаши  мажлисига келди. Афтидан, бундай йўналиш совет ҳукумати вакиллари билан учрашув зарурати билан изоҳланиб, Касимий Москвани ШТР мустақиллигини сақлаб қолишга ишонтиришга уринган. Бир неча кундан кейин эса ШТР ҳукумати учиб кетаётган Ил-12 самолети ҳалокатга учрагани ҳақида эълон қилинди. Самолет қулаган жой шу пайтгача аниқ айтилмаган, айрим манбаларда ҳалокат Иркутск атрофида рўй берган деб айтилса, бошқа манбаларда у – Чита деб кўрсатилган. ШТР делегацияси совет давлат хавфсизлик органлари томонидан ҳибсга олинган ва отиб ўлдирилган, авиаҳалокат эса уларнинг ўлимидан кейин саҳналаштирилган деган тахмин ҳам билдирилган. Ҳалок бўлганларнинг тана қолдиқлари ШТР вакилларига топширилган ва улар Ғулжа яқинидаги паркка дафн этилган. 12 йил ўтгач, улардан бири – Далелхан Сугурбаев Олма-отада қайта дафн этилган.
Муҳаммад Имин Бугра ва Айса Юсуф Алптекин Туркияга кўчиб кетган, Масуд Сабри Байкузи эса – Эронга. 1949 йил Урумчидаги ҳукуматни янги ҳукумат – хитойлик коммунистларга яхши муносабатда бўлган татар большевиги Бурхан Шахидий бошқарган. ХКП МҚ сиёсий бюроси Шинжонда 250 минг кишидан иборат бўлган НОАК қисмларини жойлаштириш ва у ерга хань аҳолисини кўчириб ўтказиш ҳақида қарор қилди.
1955 йил охирида Шинжон-Уйғур автоном райони ташкил этилганлиги ҳақида маълум қилинди. Кўплаб уйғурлар бу ҳужжатнинг қонунийлигини тан олмади ва Шарқий Туркистон мустақиллиги учун курашни қўллаб-қувватлади.
1962 йилнинг баҳорида СССРга 46 мингдан ортиқ қозоқ ва уйғурлар кўчиб кетди (уларнинг кўпчилиги 5 минг кишидан иборат бўлган НОАК армия корпусининг ҳарбий хизматчилари эди).

Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase