19 февраль куни Давлат Думасида нутқ сўзлар экан, ташқи ишлар вазири Россия барча Евроосиё қитъасини бирлаштирувчи ташкилотни яратиш концепциясини таклиф қилаётганини ва уни амалга ошириш бўйича амалий қадамлар ташлаётганини маълум қилди.
«Африкада барча қитъа мамлакатларини бирлаштирувчи Африка иттифоқи бор. Лотин Америкасида Лотин Америкаси ва Кариб денгизи мамлакатлари ҳамжамияти мавжуд, у ҳам умумқитъа ташкилоти ҳисобланади. Евроатлантик концепцияга асосланган ЕХҲТни айтмаган ҳолда, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари ассоциацияси (АСЕАН) ва Форс кўрфазининг араб давлатлари ҳамкорлик кенгашини қўшинг. Евроосиёда эса бундай тузилма йўқ. Қўшни бўлган барча мамлакатлар вакиллари бўладиган ягона форум мавжуд эмас. Шунинг учун биз Россия президенти айтган концепцияни илгари сурмоқчимиз. Биз бу ишни бошлаб юбордик, қўшниларимиз билан янги шартномалар тузяпмиз ва уларнинг уюшмалари билан алоқаларни ривожлантиряпмиз», — деди Лавров.
Лавровнинг таъкидлашича, Россия ЕОИИ, ОДКБ, МДҲ мамлакатлари ва бошқа қитъалардаги шериклар билан «фаол сиёсий мулоқот» олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Лондондаги Financial Times нашри Россия Федерацияси ҳукумати томонидан ўтган йилнинг апрелида тақдим этилган махфий ҳисоботни қўлга киритган эди. Унда Москва Евроосиёда янги ҳарбий-сиёсий ва иқтисодий куч марказини яратишга интилаётгани ва унда етакчи позицияни эгаллашга уринётгани айтилган эди.
Ҳисоботга кўра, Россия ҳукумати Ғарб билан Украина масаласида музокаралар бўлиши мумкинлигига қарамай, Россиянинг жаҳон майдонидаги позициясини мустаҳкамлашга имкон берадиган “макрорегион” шакллантириш бўйича узоқ муддатли лойиҳани режалаштирмоқда.
Ҳужжатда шунингдек, собиқ совет ҳудудидаги интеграциянинг энг муваффақиятли намунаси Белорусия эканлиги таъкидланган.
Аслида Россия етакчилигидаги Евроосиё иттифоқини шакллантириш ғояси Кремль идеологлари томонидан бир неча йиллар давомида муҳокама қилиб келинмоқда. Шунинг учун Озарбайжонда бир қатор шубҳали элементлар «евроосиё ғояси»ни тарғиб қилишга уринган, аммо улар Озарбайжон махсус хизматлари томонидан фош этилган ва Россия манфаатлари учун фаолият олиб боргани аниқланган.
Сўнгги пайтларда Москва «Евроосиё иттифоқи» ғоясини назарий даражадан амалий даражага ўтказишга ҳаракат қилмоқда. Маълумки, 2023 йилда Минскда «Евроосиё хавфсизлиги: трансформацияланувчи дунёда реаллик ва истиқболлар» халқаро форуми ўтказилди, унда Белоруссия ташқи ишлар вазири Сергей Алейник жаҳон жамоатчилигини «Евроосиё хилма-хиллиги ва кўп қутблилиги хартияси» номли ҳужжат ишлаб чиқишга чақирди.
Москва, табиийки, стратегик иттифоқчининг чақириқларини қўллаб-қувватлади. Шундан сўнг 2024 йил июнида Россия президенти Владимир Путин Белоруссия томонидан таклиф этилган «ХХI асрда кўп қутблилик ва хилма-хиллик хартияси» концепциясини расман маъқуллади.
2024 йил ноябрида Россия ва Белоруссия ташқи ишлар вазирликлари Хартиянинг асосий қоидаларини тайёрлади ва тақдим этди, ҳозирда иккала мамлакат ушбу ҳужжатнинг якуний версиясини ишлаб чиқиш устида иш олиб бормоқда, шунингдек, бу жараёнга МДҲ мамлакатларини жалб қилиш бўйича муайян дипломатик ва сиёсий ишлар амалга оширилмоқда.
Хартиянинг якуний вариантини тайёрлашдан сўнг, Минскда уни қабул қилиш учун янги «хавфсизлик конференцияси» чақирилади.
Шубҳасиз, Россия Озарбайжонга ва бошқа МДҲ мамлакатларига «Евроосиё иттифоқи»га қўшилиш ва Хартияни имзолашни таклиф қилди. Аммо Боку расмий тузилмалари бу масала бўйича изоҳ беришдан ҳозирча ўзини тийиб турибди. Бу Озарбайжон учун Москва таклиф этган «Евроосиё иттифоқи» концепцияси унчалик жозибали кўринмаётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Дунё яна бир неча геосиёсий блокларга бўлинаётган шароитда, АҚШ президенти Дональд Трампнинг НАТОни заифлаштиришга қаратилган сиёсий фаолияти ва баёнотлари Россияни «Евроосиё иттифоқи»ни фаолроқ илгари суришга илҳомлантириши мумкин. Аммо унинг шакли ҳалигача етарли даражада аниқ эмаслигини инобатга олсак, бу ғоянинг ҳақиқий истиқболларини баҳолаш қийин.
Агар бу лойиҳа, Лавров айтганидек, Евроосиёнинг улкан майдонини қамраб оладиган йирик халқаро ташкилотни яратишни назарда тутса, уни аввалдан муваффақиятсиз бўлади, деб ҳисоблаш мумкин. Чунки бу ғоя Евроиттифоқ, шунингдек, Хитой, Ҳиндистон ва Туркия каби минтақавий гигантларни қизиқтириши эҳтимолдан йироқ.
Айнан шу сабабли Россиянинг «мини-Евроосиё»ни яратиш режасини амалга ошириши эҳтимоли кўпроқ.
Бироқ бу бошқа бир ҳикоя.
Лавров тиқиштираётан “янги СССР” лойиҳаси ҳақида
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия Евроосиё иттифоқини тузиш бўйича музокаралар олиб бораётганини тасдиқлади.
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Жамият
|

Бошқа мақолалар: Абу Муслим
- АҚШ Президенти Дональд Трамп – Россия агенти, деб даъво қилмоқда Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раҳбари
- АҚШ Ғазони тиклаш бўйича мусулмонлар режасини рад этди
- Аллоҳ таолонинг очиқдан-очиқ мавжудлиги
- Одамларнинг маломатидан қўрқиш
- “Турклар тарихда мисли кўрилмаган миллатдир” деган гап Ҳазрат Анас ибн Моликга тегишлими?