1978 йил 9 январь куни шиалар учун муқаддас саналган Қумда шиаларнинг шоҳга қарши қўзғолони бошланди. Гап шундаки, Теҳрон газеталарининг бирида оятуллоҳ Ҳумайнийни танқид қилувчи мақола пайдо бўлди.
Руҳуллоҳ Ҳумайний доим шоҳ ислоҳотларига қарши чиқиб келган. Ушбу либерал ислоҳотларда у “чет эл ҳукмронлиги учун замин яратилаётганини” кўриб қолган. Ўшанда Ҳумайнийни Туркияга чиқариб юбордилар. Бу ердан у шиалар учун муқаддас саналган биринчи имом ҳазрат Алининг мақбараси жойлашган Ироққа ўтиб кетади.
Ҳумайнийга қаратилган маломатларга қарши бир бозор ёпилди, одамларнинг ғазаби жунбушга келди. Намойишни қуролли кучлар тарқатиб солди. Шоҳ генераллари шавқатсиз эканлигини кўрсатиб қўйдилар. Имомлар намойишлар уюштира бошладилар, ёшларни полиция ўқларига қарши ташладилар. Ўлдирилганлар учун дабдабали дафн маросимларини уюштирдилар. Ҳалок бўлганларнинг оилалари учун бозорларда пул тўпланди. Уламоларнинг деярли ҳаммаси Ҳумайний тарафига ўтиб олди.
Ўша 1978 йилда Теҳрон аэропортига Ироқдан учиб келган самолёт қўнди. Президент Соддам Ҳусайннинг ўгай укаси, маҳфий полиция раҳбари Барзан Тикритий келганди бу самолётда. У Соддамдан нома олиб келди: сизлар исёнчиларни беаёв жазолашингиз керак, агар ёрдам керак бўлса, Ироқ бунга тайёр. Тикритий Ироқда истиқомат қилаётган Ҳумайнийни ўлдиришни таклиф қилди.
Шоҳ ушбу илтифотни рад этди. Бироқ Ҳумайнийни Ироқдан ҳайдалишини сўради. Оятуллоҳни Франция қабул қилишга рози бўлди. Шоҳ тахтидан ажраб қолишига сабаб бўлган хатони содир этди. Оятуллоҳ Ироқда экан, у Соддам махсус хизматларининг тинимсиз кузатуви остида бўлиб, ундан хатар йўқ эди. Уни Францияга жўнатган шоҳ оятуллоҳ учун жаҳон оммавий ахборот воситаларига йўлни очиб берди.
Ҳумайний ўн олти йил давомида илк бор Эрондаги тарафдорлари билан алоқа ўрнатиш имкониятига эга бўлди. Унинг атрофида эронлик ёш интеллектуаллар тўпландилар: улар Ҳумайнийда ўз етакчиларини кўра бошладилар. Уни эронлик коммунистлар, сўл кучлар қўллай бошладилар.
Ҳумайний ўзини жуда эҳтиёткорона тутарди. У ўз олдига “Эронга мустақиллик ва демократия олиб келадиган Ислом республикасини” барпо этишни мақсад қилиб олганини гапирарарди. Ҳокимиятни эгаллагандан сўнг у демократияни “Исломга ёт унсур” деб атади. Франциядан унинг маърузалари ёзилган кассеталарни олиб келиб тарқата бошладилар, тез орада юз минлаб аудиокассеталар Эрон бўйича тарқаб кетди. Маърузаларни гуруҳ-гуруҳ бўлиб тўпланиб тинглашар ва тез орада миллионлаб одамлар унинг таъсири остига тушиб қолдилар.
Эрон оммаси шоҳнинг мамлакатни замонавийлаштиришга уринишларига шубҳа билан қарайдиган ислом уламолари таъсири остида қолаётганди. Етмишинчи йилларнинг биринчи ярмида нефт нархларнинг тушиб кетиши Эрон иқтисодиётига оғир зарба бўлди.
Америка Қўшма Штатларига президент этиб сайланган Жимми Картер эътиборини инсон ҳуқуқларига қаратиб, шоҳни ноқулай аҳволга солиб қўйди. Картер шоҳдан демократиялашни талаб қилар, махфий САВАК полициясини тугатишни сўрар эди. Вашингтон шоҳни очиқдан-очиқ қўллашдан тўхташи билан унинг душманлари фаоллашиб қолдилар.
Бу сафар на САВАК ва на қуролли кучлар норозилик намойишларини тинчита олмадилар. Аксинча, улар кенг тарқалиб, янги-янги шаҳарларни қамрай бошлади ва ниҳоят пойтахтга етиб келдилар. Эронда Ислом инқилоби бошланди.
Шоҳи Ризо Паҳлавий Америка Қўшма Штатларининг Ўрта Шарқдаги муҳим таянчи эди, бироқ америкаликлар мамлакатда содир бўлаётган ўзгаришларга тўғри баҳо бера олмай ғафлатда қолди. Улар шоҳнинг мислсиз қудратига кўр-кўрона ишонардилар. Теҳрондаги америкалик дипломатлар ва айғоқчилар мухолифатнинг кайфияти қанақалиги тўғрисида қизиқмас эди.
1978 йил 4 сентябрда Теҳронда намойишлар намоздан кейин бошланди. Ўн минглаб эронликлар кўчаларга чиқиб қуръон оятларини қайтара бошладилар. Уч ой ўтиб 10 ва 11 декабрь кунлари намойишчиларнинг сони юз минглар билан санала бошланди. Улар “Яшасин Ҳумайний! Бизга партияларнинг кераги йўқ, бизга Аллоҳ ҳукумати керак! Шоҳга – ўлим!” – дея ҳайқира бошладилар.
Иллатга қарши саҳоват, исрофгарчиликка қарши қаноат, тўраларча бойликка қарши қашшоқлик – ушбу қарама-қаршилик ўшанда шундай қабул қилинганди. Оятуллоҳнинг қўли тезда баланд кела бошлади. Теҳронда ҳарбий ҳолат эълон қилинди. Шаҳарда баррикадалар ўса бошлади. Ёшлар ҳарбийлар билан олиша бошлади. Аскарлар намойишчиларга қарата тиккасига ўқ отишдан тўхташмади.
Эрондаги намойишлар гуллар билан ўта бошлади, уларни аскарларга таклиф қилишар, ҳолбуки ҳарбийларга намойишчиларни тўзитиб ҳайдаш буюрилганди. Пулемётлар ортида турган аскарлар нима қилишларини билмай қолдилар. Оламон уларга гулларни ирғитар ҳамда:
- Биродарим, наҳотки биродарингни ўққа тутмоқчисан? - дейишарди.
Ана ўшанда шоҳ лашкарлари оламонни тўзитиб ҳайдашдан бош тортиб, норозилик намойиши иштирокчилари тарафига ўта бошладилар.
1979 йил 8 январда Теҳронга Европадаги америка қўшинлари қўмондонининг ўринбосари генерал Роберт Ҳайзер етиб келди. Эрон ҳарбийлари ҳокимиятни ўз қўлига олмоқчи бўлди. Бироқ Америка Қўшма Штатлари Эрондаги давлат тўнтаришида иккинчи бор иштирок этишни истамади. Америкаликлар ҳарбийларни давлат тўнтариши қилишдан қайтардилар.
Халқ тинчимаётганини кўрган шоҳ Ризо Паҳлавий ва унинг оиласи Эронни 1979 йил 16 январида тарк этди. Ҳеч ким мамлакатда ҳақиқий инқилоб бошланаётганига ишонгиси келмасди. Эрон ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонига Ҳумайний келаётган самолётни уриб тушириш буюрилди. Генерал бу буйруқни шоҳнинг ўзидан эшитай деб айтди. Шоҳ уни қабул қилмади ва шунинг учун у буйруқни бажармади.
Оятулло Руҳуллоҳ Ҳумайний 2 февраль куни “Эйр Франс” самолётида мамлакатга ғолибона қайтиб келди. Уни Эронда шу кунгача ҳеч кимни кутиб олмагандек кутиб олдилар. Беш миллион нафар завқу-шавққа тўлган эронликлар кўчаларга чиқиб, оятуллоҳни ўз кўзлари билан кўришни истадилар. Дунё телевизорлар экранларида жунбушга келган оламонни, кўзлари чақнаётган аёлларни кўрсатилди. Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони оятуллоҳни табриклаш учун етиб келди. Шу билан у ўзининг авф этилишини умид қилганди.
Ҳумайний шоҳ томонидан тайинланган ҳукумат билан мулоқот қилишдан бош тортди ҳамда: “Уларнинг тишларини синдираман”, - деб ваъда қилди.
Эрондаги Ислом инқилоби Ҳумайнийнинг турли куч ва ҳаракатларни бирлаштира олиш қобилияти туфайли амалга ошди. Ҳумайний ҳар бир гуруҳ ва ҳар бир ҳаракатга инқилобда ўзларининг ғоялари ва шиорлари билан иштирок этишларига рухсат берди. Ҳокимият унинг қўлига ўтганида эса у тозалов ишларини бошлаб юборди.
Инқилобни ҳаракатлантирувчи куч халқ эди. Оддий эронликлар Теҳроннинг авваллари кира олмайдиган, илгари аслзодалар яшаган даҳаларини ўзлаштира бошладилар. Одамлар шоҳнинг қулаши уларга катта маошларни, янги уйларни беради деб ишонишарди. Референдум ўтказилди. Эронликлар мамлакатни Ислом республикасига айлантиришга овоз бердилар. Шундан сўнг олий ҳокимиятни оятулло Ҳумайнийга берувчи конституция қабул қилинди.
Инқилоб халқнинг изтиробларига барҳам берадигандек эди гўё. Одамлар эркинлик ва бахтга чанқоқ эдилар. 1 апрель куни ўтган референдумдан сўнг Руҳуллоҳ Ҳумайний Эронни Ислом давлати деб эълон қилди.
1962 йилда Ҳумайний Аллоҳ уни буюк ишлар учун танлаганини тушанганини таъкидлай бошлади. Шу фурсатдан бошлаб у ўзгариб қолди. Ҳумайний давлатни даҳрийлар бошқармаслиги керак, бошқарув диний уламолар қўлига ўтиши керак дея таъкидлай бошлади. У ҳар қанақасига шоҳни танқид қила бошлади.
- Шоҳнинг таъкидлашича, одамларга эркинликни гўё у берганмиш. Ким бўлиб қолдинг-ки, эркинликни сен берадиган бўлсан, эй жирканч бақа! Эркинликни фақат Аллоҳ беради, Ислом беради. Эркинлик бердим деганда нималарни назарда тутгандинг? Сени бирор нарса беришга қодир қилган ким ўзи? Ўзингни ким деб биляпсан?
Руҳуллоҳ Ҳумайний моҳир ва прагматик сиёсатчи бўлиб чиқди. У замонавий пиарнинг нозик жиҳатларини яхши англаган бўлиб, мухлисларига фақат ўзи танлаган фотосуратдан фойдаланишга рухсат берди. У иккита фотосуратнинг тарқатилишини тақиқлаб қўйди. Биттасида у кўзойнакда (заифлик нишонаси каби кўрилиши мумкин) ва иккинчисида жилмайиб турарди. Табассумдан нега ҳижолат қилади? Уларга кўра, Ислом анъанасида Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) табассум қилмаганлар дея таъкидланар эмиш...
У ҳақда завқ билан қуйидагилар ҳикоя қилинади:
Ёзда у Қумда мавъиза қилаётган эдилар. Ҳаво жуда қизиб кетди, унинг шогирдлари хонага вентилятор қўйишмоқчи бўлдилар. Бироқ қатъий рад этди: “Ҳар бир оилада вентилятор бўлганидагина мен ўшанда вентилятордан фойдаланаман”.
Шоҳ тахтдан ағдарилиб, Ҳумайний Теҳронга қайтганида, инқилобчиларда ислоҳотнинг ҳеч қандай дастури йўқ эди. Ҳумайний мамлакатни қандай бошқаришини тасаввур ҳам қилмаганди. Энг аввало у армиянинг олий қўмондонлигини йўқ қилишга буйруқ берди. Шу йўл билан у ўз хавфсизлигини таъминлади ҳамда ҳарбий тўнтариш эҳтимолини йўқ қилди. Икки юз етмишга яқин одам отиб ташланди. 1979 йил охирига келиб армиядан бир минг уч юз офицер, шу жумладан, ҳамма генераллар ҳайдалди. Ҳаммага ибрат бўлсин учун бутун мамлакат бўйлаб телевизор орқали судлар ва қатл этишлар намойиш этилди. Отиб ташланганлар жасадларининг фотосуратлари газеталарда чоп жтилди... Офицерлардан мосуво бўлган Эрон сал бўлмаса урушда Ироққа мағлуб бўлай деди, бироқ Ҳумайний кўпроқ ҳарбийларнинг фитналаридан хавотир оларди.
1980 йил 22 сентябрда Ироқ президенти Соддам Ҳусайн қўшни Эронга бостириб кирганда у Ҳумайнийга теократик режим учун таҳликали саналган сўл радикал кайфиятдаги ёшларни фронтга жўнатиш имкониятини берди. Жанг қилишни яхши ўрганмаган ёшларни Совет иттифоқида ишлаб чиқарилган Ироқ танклари остида жон беришга жўнатдилар. Ироқ билан саккиз йиллик уруш Ислом инқилоби нега халққа ҳеч нарса олиб келмагани тўғрисидаги саволга жавоб бериш учун аъло даражадаги баҳона бўлди...
Мамлакатдаги ҳокимият уламолар қўлига ўтди, улар эса дунёни ўзиники ва бегоналарга бўлиб ташлади. Бегоналарда танлаш имконияти катта эмас: улар ё ўзники бўлиши керак ёки йўқ қилиниши...
Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади