close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

СССРда олимлар нима учун қамалган ва отиб ташланган

«Мемориал» Халқаро жамиятида «Москва. Места памяти» тадқиқотчилик ва маърифат лойиҳаси семинари бўлиб ўтди. Ушбу семинар доирасида физика-математика фанлари номзоди, Вавилов номидаги РФА ИИЕТ катта илмий ходими, «Социальная история отечественной науки» сайти муаллифи ва муҳаррири Константин Томилин СССРда олимларга қарши қатағонлар ҳақида гапириб берди. «Лента.ру» унинг нутқидан парча келтириб ўтди.

Қатағон шакллари

Замонавий тарихчиларга советлар даврида Фанлар академиясининг юзга яқин аъзоси ва мухбир-аъзоси ҳисбга олингани ҳақида маълум. Шундан 44 киши ҳалок бўлган: 23 киши отиб ташланган, 13 киши қамоқда ўлган, 8 киши сургунда вафот этган. Айримлар эса лагерларда бедарак йўқолган.
Олимлар мамлакатдан депортация қилинган. Бу ерда «фалсафа кемаси» билан боғлиқ воқеа характерли – 1922 йил 160 дан ортиқ зиёлилар вакиллари мажбуран чиқариб юборилган. Айрим олимлар, аксинча, зўрлик билан – масалан, Петр Капица 1934 йил ушлаб турилган. Улар «шарашка»га солинган, илмий унвонлардан ва илмий ишлар олиб бориш имкониятидан маҳрум қилинган, Фанлар Аакадемияси сафидан чиқарилган.
Мафкуравий сабабларга кўра ишдан бўшатилган олимлар бошқа иш топа олмаган. 1930 йил илмий жамиятларни оммавий равишда тугатиш амалга оширилди. Фан вакилларига қарши газеталарда ифлос пиар-кампаниялар олиб борилди, олимлар жамияти халқаро алоқалари ва ташкилотлар ташкил қилишига тўсқинлик қилинди.
Алоҳида фанлар (ўлкашунослик, генетика) тор-мор қилиниб, уларга қарши мафкуравий кампаниялар амалга оширилди, алоҳида илмий ишларга қарши қатағон қўлланди.
Шуни эсдан чиқармаслик керакки, СССР коммунизм қуриш мақсадини кўзлаган мафкуравий давлат бўлган. Давлат барча фанларда синфий ёндашув жорий қилган, жамият устидан умумий назорат ўрнатилган, одамларга эса сарфланадиган материал сифатида муносабатда бўлинган.
Ҳукумат олимлар ҳақида
Большевиклар ҳукумат тепасига келгач, олимларни эски буржуа дунёсининг вакиллари сифатида кўриб чиқа бошлаган. 1921 йил 3 сентябрда Россия физик-кимёгарлар жамиятининг профессор Тихвинскийни ҳимоя қилиб қилган мурожаатига жавобан Ленин айтган қуйидаги сўзлар тарихдан муқим ўрин олган: «Т. Горбунов! ВЧКга сўров жўнатинг. Тихвинский "тасодифан" ҳибсга олинмаган: кимё ва контрреволюция бир-бирини истисно қилмайди».
Совнарком илмий муассасалар бўлими бошлиғи Воронов 1928 йил Фанлар академияси котиби Ольденбург билан учрашганда таҳдид қилган: «Ҳукумат ўн йил кутди ва кўп имкониятлар берди, лекин энди ўн биринчи йил академия билан бошқача гаплашади. Фанлар академияси советлар давлатида қандай ўрин эгаллаши лозимлигини тушунмади ҳам, бу ўринни эгалламади ҳам».

Матбуотда Фанлар академиясига сайловлар ҳақида пиар-кампанияларга мисол: «Пролетариат диктатурасининг ўн иккинчи йилида яширин овоз беришлар билан ўтмиш сарқитини йўқ қилиш вақти келди. Совет Республикасида ҳар бир ҳалол фуқаро ошкор овоз бериши лозим». Бу «Ленинградская правда» газетасида (1929 йил) Болтиқ заводи ишлаб чиқариш анжумани қароридан иқтибос. «Биз академия фаолияти пролетар жамият назорати остида амалга оширилишини талаб қиламиз», - бу эса «Красный треугольник» заводи ишчиларининг баёнотидан парча.
1931 йил Москва шаҳар партия қўмитаси илмий бўлим мудири Кольманнинг «Фандаги зараркунандалик» ва «Фанни зараркунандалик билан математиклаштириш» номли мақоласи чоп этилиб, бу мақолаларда у математиклаштириш ва зараркунандалик ўртасига тенглик белгисини қўяди: «Зараркунандалик ишлари уларга тўлиб кетган математик ҳисоб-китоблар ва формулалар ҳаддан ташқари кўплиги «совет услуби»ни қўпол қалбакилаштириш ўзига хос жиҳат ҳисобланади».
Яқинда Вавиловнинг кундалигидан топилган Сталин айтган бир гап эълон қилинди (1946 йил 25 январь): «Даҳолар бўлмайди, уларни ўйлаб топишади, вазият ва шарт-шароитлар таъсир этади».

Олимлар ҳукумат ҳақида

Олимлар ҳукумат ҳақида нималар деган? Бу ерда биз фан тараққиёти ҳақида тамомила қарама-қарши фикрларни кўрамиз. Математик Дмитрий Егоров ёзадики: «Олимларга стандарт дунёқарашни зўрлаб ўтказиш ҳақиқий зараркунандалик ҳисобланади». Вернадский ўғлига ёзган хатида Фанлар академияси уставини муҳокама қилади: у ўз чиқишида «илмий ишлар эркинлиги ва истеъдодларга нисбатан ғамхўр бўлиш, иқтидорли шахсларни мамлакатнинг олий неъмати сифатида ҳимоя қилиш заруратини кўрсатади – бу ҳақиқий бомба эди». Вернадский хатни чет элдан туриб ёзади, шу сабабли рўй бераётган воқеалар ҳақида эркин мулоҳаза юритарди.
Вавилов ўз кундалигида қайд этишича: «Катта, чинакам истеъдодли кишиларни ажратишни ўрганиш лозим. Уларнинг сони кам эканлигини биламан, лекин уларсиз ҳеч нарса қила олмаймиз». Яъни биз фаннинг ривожланишига икки хил қарашни кўришимиз мумкин. Ҳукумат олимларнинг аскарлар каби бўлишини истайди, олимлар эса илмий ишлар учун ижод эркинлиги, иқтидорли одамлар ва ҳукумат томонидан шахслар ўзига хослигини тушуниш зарурлиги ҳақида гапиради.

Қатағонлар муҳим даврлари

1918-1919 йилларда маълум бир ижтимоий қатлам вакиллари қаторидан бўлган олимлар ҳибсга олинди, улар Фуқаролик уруши даврида гаровга олинган. 1921 йил Петроград ҳарбий ташкилоти иши кўриб чиқилиб, бунинг натижасида бир нечта олим ҳалок бўлди. 1928-1930 йилларда зараркунанда-муҳандислар устидан жараёнлар, «Шахтинск жараёни», «Промпартия иши», «Меҳнаткаш деҳқонлар иши», «Фанлар академияси иши» кўриб чиқилди.
1929 йил биринчи авиация «шарашкаси» вужудга келади. Худди шу йили партиянинг катта босими остида Фанлар академиясига коммунистлар қабул қилиш рўй берди. Бироқ вазият аста-секинлик билан ўзгариб, бир йилдан кейин академияга қабул қилинган коммунистларнинг ўзи таъқибига дуч келди, ҳибсга олинди ва отиб ташланди (Бухарин, Рязанов).
«Фанлар академияси иши» бўйича тўртта академик ва тўққизта мухбир-аъзо ҳибсга олинди. Фаннинг барча тархий йўналишлари вайрон қилинди, ҳибсга олинганлар сурган қилинди. Ёши катта олимлар сургунда ўлиб кетди. Шу билан бир вақтда умумиттифоқ жамиятлари ёпилди, ўлкашунослик тор-мор қилинди, Москва математиклар жамият аранг омон қолди.
1934 йил тўсатдан Фанлар академиясини Ленинграддан Москвага кўчириш ҳақида қарор юзага келди. Бу ҳаттоки маҳаллий партия ташкилоти учун ҳам кутилмаган янгилик бўлди. Ҳужжатда муддат ҳам кўрсатилганди – уч ой, ваҳоланки, бунинг асло имкони йўқ эди. Бу олимларнинг ишига салбий таъсир кўрсатди, кўпчилик Москвага кўчиб ўтишни истамасди. Бу ерда ҳукумат билан муроса йўли топилди: институтлар сони оширилди, қўшимча молиялаштириш ажратилди ва илмий даражалар тикланди.
1935 йил Киров ўлдирилгандан сўнг зиёлилар, жумладан, олимлар ҳам ҳисобга олинди ва сургун қилинди. Яна бир йилдан кейин жамиятнинг барча қатламларига қарши оммавий қатағонлар бошланди.
Бевосита Лаврентий Бериянинг иштирокида 1938 йил охирида ЦКБ-29 авиация «шарашкаси» яратилди, унга бу пайтга келиб ҳали ҳалок бўлмаган авиаконструкторлар тўпланди. 1941 йил уруш бошланиши билан келиб чиқиши немислардан бўлган ёки немис тилидан сўзлашадиган олимларни, айниқса, Ленинград шаҳрида ҳибсга олиш бошланди. Уларнинг айримлари, масалан, ЛГУ профессори, физика-математика фанлари доктори, профессор Владимир Игнатовский ҳалок бўлди.
1946-1953 йиллар лаганбардорликка қарши мафкуравий кампаниялар, космополитизмга қарши «ор-номус судлари», такрорий қатағонлар ва немис олимлари учун «шарашка» ташкил қилиш билан танилди. 1948 йил ВАСХНИЛ сессиясида генетика тор-мор қилинди, бошқа илмий йўналишлар учун хавф туғилди. Бу Лысенко Сталинга ўз маърузасини жўнатган ва у томонидан қўллаб-қувватланган пайтда бошланди. Рўй бераётган воқеа мичуринчи натуралистик биологиянинг генетика сохта фани устидан ғалаба сифатида ифодаланган.
Шунда бошқа фан йўналишлари бўйича – уларнинг ҳисоблашича, сохта оқим бўлган йўналишлар бўйича ҳам анжуманлар ўтказиш ғояси юзага келди. 1949 йил физика бўйича анжуманга тайёргарлик бошланди, Вавилов унинг кун тартибига Фанлар академиясидан олимлар тайёрлаш масаласини киритишнинг уддасидан чиқди.
Бу вазиятни тубдан ўзгартириб юборди. Сақланиб қолган мажлислар стенограммаларидан олимлар ўз фикрини қандай ҳимоя қилганини кўринади, мажлисга юздан ортиқ одам келган. Виталий Гинзбургнинг ўзи ўнта мажлисга ташриф буюради ва охир-оқибат анжуманни тайёрланмаган сифатида кечиктиришга қарор қилинади.
Сталиннинг ўлимидан сўнг илмий фаолият тиклана бошлади, генетика учун кураш бошланди. Лекин генетика фақат 1964 йилнинг октябрида, Хрущев лавозимдан кетгандан кейин эркин ривожланиш имконига эга бўлди. мамлакатда гуманитар йўналишлар (тарих, фалсафа) тикланиши янги авлод олимлари келиши билан бошланди (тўғри, энг аввало, марксизм парадигмаси доирасида).
Ҳукумат бу жараёнларни назорат қилишга уринди, бошқача фикрловчиларга қарши кураш бошланди. Эмиграция тўлқини, биринчи навбада, яҳудийлар орасида бошланди. Фақат 1986 йил декабрдан бошлаб, сиёсий маҳбуслар озод қилингач, қайта қуриш ва ошкоралик йўлга қўйилиши билан фаннинг ривожланиши учун нормал шароитлар тиклана бошлади. Бироқ иқтисодиётда амалга оширилган туб ислоҳотлар, режали иқтисодиётдан кескин равишда бозор иқтисодиётига ўтилиши туфайли фан яна хонавайрон бўлди – олимларнинг иқтисодий ва ички эмиграцияси (бошқа соҳаларга ўтиб кетиш) бошланди.

Қаерда ва қанча

Энг катта зиён фаннинг гуманитар йўналишларига етказилди. Большевиклар сўнгги инстанциядаги эга деб ҳисобланарди ва бошқа йўналишлар файласуфлари уларга керак эмасди. Кейинроқ маълум бўлишича, марксчи файласуфлар ҳам уларга керак эмас экан, фақат керакли пайтда Маркс, Энгельс ёки Лениннинг керакли ибораларини топиб бера оладиган «файласуфлар»га талаб бор эди. Тарих йўналишига жуда катта зиён етказилди, чунки бу ерда давлатнинг асосчиси Ленин саналарди, ундан олдинги давр эса тарихдан олдинги давр деб аталарди.
Илмий-техник соҳалар камроқ йўқотишга учради, лекин бу ерда ҳам машҳур олимлар ҳалок бўлган. Масалан, назариячи-физик Матвей Бронштейн бир йил қамоқда ўтириб чиққан. Физик Владимир Фок ҳам ҳисга олинган, Москвага келтирилган ва фақат Капицанинг саъй-ҳаракатлари эвазига  озодликка чиқарилган.
Агар машҳур физик-экспериментаторларни оладиган бўлсак, кўриш мумкинки, Лев Шубников отиб ташланган, Петр Капица – 1934 йил ҳибсга олинган, сўнгра атом лойиҳасида иштирок этишдан бош тортганлиги учун то Сталиннинг ўлимига қадар «подшоҳнинг ғазабига учраганалар» қаторида қолаверган.
Биологияга келадиган бўлсак, бу ерда Вавиловнинг ўлими биринчи ўринда туради. Ундан ташқари, Георгий Карпеченко ҳам ҳалок бўлган, бир қатор биологлар ҳибсга олинган, генетика тор-мор қилинган. Айрим олимлар 1948 йил МҚ қарори билан ишдан четлатилди, уларга дарс бериш тақиқланди. Уларнинг рўйхатлари бўйича юздан ортиқ киши, жумладан, Иосиф Раппопорт партия сафидан чиқарилди.
Кимё соҳасида ҳам вазият бундан яхши эмасди. Владимир Ипатьев мамлакатдаги вазият туфайли СССР га қайтмади. 1928 йил Евгений Шпитальский қамоқда аниқлашнинг имкони бўлмаган вазиятда ҳалок бўлди.
Қатағонлар техника йўналишларини ҳам четлаб ўтмади. «Катюша» ихтирочиси Георгий Лангемак отиб ташланди, Реактив институтдан Валентин Глушко ва Сергей Королёв ҳибсга олинди. Королёв Сталин, Молотов ва Каганович томонидан имзоланган отишга ҳукм қилинганлар рўйхатига тушиб қолганди, лекин номаълум сабабларга кўра отиб ташланмади.
Математиклар камроқ азият чекди. Дмитрий Селиванов ҳибсга олинди, сўнгра мамлакатдан чиқариб юборилди. Николай Лузин қатағон қилинмади, лекин сиёсий тақиб қилинди, 1936 йилнинг ёзида СССР ФА Президиуми комиссияси томонидан унинг шахсий иши кўриб чиқилди.
Астрономия кучли зиён кўрди. 1936 йил «Пулковское иши» бошланди, олимларнинг баҳоларига кўра 30%га яқини қатағон қилинди. Улар қаторига Пулково обсерваторияси директори Борис Герасимович ва Астрономия институти директори Борис Нумеровни киритиш мумкин  (1941 йил Орловск қамоғида отиб ташланган).

Хориж матбуотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase