close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ўтган гуноҳларни мағфират этилиш қоидаси ва бу борада олимларнинг фикрлари

Жумҳур олимларнинг фикрича, динсиз киши Исломни қабул қилиши унинг олдинги сағира ва кабира гуноҳларининг мағфират этилишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло ва бандаларнинг ҳақлари зулм ва бошқа барча турдаги гуноҳларнинг мағфират этилишига сабаб бўлади. Зеро, бунга олимлар иттифоқ қилганлар.

Жумҳур олимларнинг фикрича, динсиз киши Исломни қабул қилиши унинг олдинги сағира ва кабира гуноҳларининг мағфират этилишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло ва бандаларнинг ҳақлари зулм ва бошқа барча турдаги гуноҳларнинг мағфират этилишига сабаб бўлади. Зеро, бунга олимлар иттифоқ қилганлар.
Ҳажжи мабрур ўзидан олдинги қайси гуноҳларни мағфират эти-шида уламолар ихтилоф қилганлар. Мазкур ҳадисда эса Исломга кириш билан биргаликда ҳажжи мабрур ўзидан олдинги гуноҳларни мағфират этилишига боис деб зикр қилинди. Ҳофиз Тўрпўштий ва олдинги олимлар ҳадисдаги «йўқ қилиш» сўзи фақат Исломга киришга тегишли деганлар. Ҳаж билан ҳижрат амаллари эса сағира гуноҳларнинг мағфират этилишига боис бўлади. Аллоҳ таолонинг ҳаққига тегишли кабира гуноҳлар эса тавбасиз авф этилмайди. Бандаларнинг ҳақларига тегишли кабира гуноҳлар эса банданинг кечиришисиз мағфират этилмайди, деганлар. Бундан ҳажжи мабрур фақат сағира гуноҳларнинг мағфират этилишига боис бўлиши келиб чиқади. Ҳофиз Тўрпўштий ўзи айтган юқоридаги сўзга Қуръони Каримдан қуйидаги оятни далил сифатида келтирган.
«Агар қайтарилган нарсаларнинг катталаридан четда бўлсангиз, гуноҳларингизни кечирамиз ва сизни яхши жойга киритамиз» (Нисо сураси, 31-оят). Ушбу оят мазкур ҳадисни қайдлаб қўяди. Шунинг учун ҳажжи мабрурни сағира гуноҳларнинг мағфират этилишига сабаб қиламиз.
Тибий ва Қасталоний раҳматуллоҳи алайҳлар талқинига кўра, Исломга кириш каби ҳажжи мабрур ҳам ўзидан олдинги кабира ва сағира гуноҳларнинг мағфират этилишига сабаб бўлади. Тибий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деган: «Олдинги олимларнинг қарашларини рад қилмайман. Уларнинг фикри ҳам ўз ўрнида тўғри ва асосли. Лекин мазкур ҳадиснинг баён этилиш услуби, балоғати, фасоҳатини кўриб, Исломга киришда қандай гуноҳлар авф этилса, ҳаж ва ҳижрат билан ҳам улар мағфират этилади, дедим. Чунки ҳадиси шарифдаги бир неча аломатлар Исломга киришдаги хусусият ҳаж ва ҳижрат қилувчида ҳам борлигини асослайди. Улар қуйидагилар:
1. Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Исломга киришдан олдин барча қилган гуноҳларини мағфират этилишини шарт қилди. Уни хотиржам қилиш мақсадида Расули акрам алайҳиссалом Исломга кириш билан бир қаторда ҳаж ва ҳижрат ҳам ўзидан олдинги гуноҳларни авф эттирилишига сабаб бўлишини марҳамат қилдилар. Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай демокдалар: «Сен Исломга кириш гунохдарга авф этилишини шарт қиляпсан, ахир ҳажжи мабрур ҳам олдинги гуноҳларни мағфират этилишига сабаб бўлади».
2. Расули акрам алайҳиссалом Исломга кириш гуноҳларни йўқ қилади деганларида (ҳодимун) сўзини ишлатдилар. Бу сўз одатда тоғни тешадиган ускунага нисбатан қўлланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айни шу сўзни ҳадисда ҳажжи мабрурга нисбатан ҳам ишлатдилар. Бундан Ислом ўзидан олдинги гуноҳларни бутунлай ўчириб юборганидек, ҳажжи мабрур гуноҳларни таг-томири билан қўпориб ташлаши маълум бўлади.
3. Мазкур ҳадисда «Ислом» сўзига ҳаж ва ҳижрат сўзлари атф ҳарфи орқали боғланган. Маълумки, маътуф билан маътуфун алайҳ ўртасида ўзаро муносабат бўлади. Бу ердаги муносабат ҳукмда бир хил бўлиш. Яъни Исломга киришга қандай ҳукм тегишли бўлса, ҳаж ва ҳижратга ҳам ўшандай ҳукм тегишли бўлади. Шунинг учун Исломга кирган кишининг сағира ва кабира гуноҳлари мағфират этилгани каби ҳижрат ва ҳаж қилган кишининг ҳам сағира ва кабира гуноҳлари мағфират этилади.
4. (яхдиму) сўзини Исломга кириш, ҳаж ва ҳижратга нисбатан алоҳида-алоҳида ишлатилиши таъкидни ифодалаши билан бир қаторда Исломга киришдаги ҳукм ҳаж ва ҳижратга ҳам тегишли эканини билдиради. Тибий раҳматуллоҳи алайҳнинг бу таҳқиқи пухта ҳисобланади. Тўрпўштий далил сифатида такдим қилган юқоридаги оятни мўътазилийлар ҳам ўзларига ҳужжат сифатида фойдаланишади. Шаббир Аҳмад Усмоний раҳматуллоҳи алайҳ мазкур оятнинг тўғри ва равшан тафсирини ўзининг «Тафсиру Усмоний» асарида келтирган: «Инсон ҳаж сафарига чиқар экан бир неча ой қаттиқ машаққатларга сабр-бардош қилиши талаб этилади. Бу ҳолатда кабира гуноҳларига тавба қилмаслиги, бандаларнинг ундаги ҳақларини адо қилмаслиги мумкинми? Албатта, ҳамма гунохдан сақланади Шунингдек, ҳижрат ҳам кишидан катта фидокорликни талаб қилади. Унда ҳам киши ка-бира гунохдарига тавба қилмаслиги ва бандаларнинг ҳаққини адо қилишга эътибор бермаслиги мумкинми? Албатта, ҳамма ҳақларни адо қилади. Демак, ҳаж ва умрада гуноҳларга тавба қилиш бўлади».
Абдуллоҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Кўп қотиллик қилиб, кўп зино қилган мушриклардан бир неча нафари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурига боришиб: «Сиз айтаётган ва даъват қилаётган нарсалар жуда гўзал. Бизга қилган ишларимизга нима каффорат бўлишини айтсангиз, деганларида қуйидаги оят нозил бўлди: «Улар Аллоҳ билан бирга бирор илоҳга илтижо қилмаслар. Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақдан ўлдирмаслар. Зино қилмаслар. Ким ана шуни қилса, уқубатга дучор бўлур» (Фурқон сураси, 68-оят). Яна қуйидаги оят ҳам нозил бўлди: «Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг!» (Зумар сураси, 53-оят)».
Шарҳ:
Ҳадисдаги «каффорат бўлишини айтсангиз» деган гап шарт бўлиб, унинг «Албатта, Исломни қабул қилар эдик» деган маъноси гапда тушириб қолдирилган. Яъни биз жоҳилият даврида турли-туман ёмон ишларни қилганмиз. Борди-ю, Исломга киришимиз буларга каффорат бўлса, албатта, Исломни қабул қиламиз. Шунда Қуръони Каримнинг мазкур оятлари нозил бўлди. Унинг мазмуни бундай: «Ким жоҳилият даврида қотиллик ва шунга ўхшаш гуноҳларга қўл урган бўлса, албатта, Ислом динини қабул қилгандан кейин уларнинг барчаси авф этилади». Мазкур ҳадисда келтирилган икки оятнинг мазмунидан қасддан одам ўлдирган кишининг тавбаси мақбул бўлиши маълум бўлади.
«Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир» (Нисо сураси, 93-оят).
Ушбу оят қасддан одам ўлдирган кишининг гуноҳи авф этмаслигига ва бундайлар дўзахда абадий қолишини ифодалайди. Мазкур оятлар юзасидан уммат уламолари орасида ихтилофлар келиб чиққан. Яъни қасддан одам ўлдирган кишининг тавбаси қабул қилинадими ёки қабул қилинмайдими? Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг фикрларига биноан, қасддан одам ўлдирган кишининг тавбаси асло қабул қилинмайди. Бундай кимсалар абадий дўзахда қолади. Жум-ҳур олимлар эса қасддан одам ўлдирган кишининг тавбаси қабул бўлади, деганлар. Жумҳур уламолар ўзларининг сўзларига кўплаб ҳадислардан фойдаланиш билан бир қаторда мазкур Фурқон сурасидаги оятни ҳам ўзларига ҳужжат сифатида келтиришади. Нисо сурасидаги оятни эса узоқ муддат дўзахда қолиш ёки тахдид ва танбеҳ маъносида, деб таъвил қиладилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Фурқон сурасидаги мазкур оятни қуйидаги мушриклар борасида нозил қилинган деган: «Жоҳилият замонасида катта ва кўп гуноҳ қилган, зино қилиб, қотиллик қилган мушриклардан бир жамоаси, Исломга кирсак ушбу гуноҳларимиз авф этиладими, деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сў-рашди. Набий алайҳиссаломга ўша пайт Фурқон сурасининг мазкур ояти нозил бўлди. Нисо сурасидаги оят эса қотиллик қилган мусул-монлар борасида нозил бўлган. Демак, мусулмон киши қасддан бир мусулмонни қатл қилса унинг тавбаси қабул қилинмайди ва абадий дўзахда қолади». Бу Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг мазҳаби ҳисобланади. Лекин бунга жумҳур олимлар қарши чиққанлар.
Шаббир Аҳмад Усмоний ўзининг «Фатҳ ал-мулҳим» асарида қуйидагиларни келтирган: «Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Мўмин бошқа мўминни қасддан ўлдирса тавбаси қабул бўлмайди». Бу Ибн Аббосдан нақл қилинган машҳур қараш. «Фатҳ ал-мулҳим»да Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан мазкур қарашни қўллаб-қувватлайдиган кўплаб маълумотлар батафсил тарзда келтирилган.
Ибн Аббос бунга бир неча ҳадисларни далил сифатида келтирган. Жумҳур олимлар Ибн Аббос келтирган далилларни таъвил қилишиб жавоб берганлар. Аҳли сунна вал жамоанинг қарашига кўра, гуноҳи кабира қилган киши асло кофир бўлмайди. Ҳа, албатта, хорижий ва мўътазилийларнинг талқинига кўра гуноҳи кабира қилган киши диндан чиқади.
Бу баҳснинг умумий ечимини қуйидагича таъвил қилиш мумкин: Бир мўмин кишини қатл қилишга қаттиқ ҳаракат қилаётган киши мўминни нишонга олаётганда ёки уни дорга осаётганда ёки унга ҳанжар санчаётганда «Унинг қони менга ҳалол» деган ақийдада бўлиши мумкин. Ким бундай эътиқодда бирор мусулмонни қатл қилса, диндан чиқади ва абадий дўзахда қолади. Бундайларнинг тавбаси асло қабул қилинмайди.
Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ аслида Ислом ўзидан олдинги нарсани йўқ қилишини суннат билан асослаб олгандан кейин уни яна Қуръони Карим билан асослаш учун Фурқон сурасидан мазкур оятни зикр қилиб келтирди.

Ҳикматуллоҳ Абиевнинг
"Саҳиҳи Муслим шарҳи" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase