Боз устига, айримлар, Рамазон ойида мусулмонлар янги ой пайдо бўлишини қанчалик кутишини кўриб ҳам нотўғри хулосага келади. Уларнинг фикрига кўра, мусулмонлар бу осмон ёритқичини қандайдир ўзгача қадрлайди, бу эса Аллоҳдан ўзгага топинишни тақиқлайдиган дин қоидаларига мос келмайди.
Рамзнинг тарихи
Аслида, тепасида юлдуз бўлган ярим ой рамзи Исломдан бир неча минг йилга катта. Бу рамзнинг келиб чиқиши ҳақида ахборот топиш қийин, лекин кўпчилик манбалар бу қадимий астрономик рамзларнинг одамлар қуёшга, ойга ва осмон илоҳларига топинган пайтларга бориб тақалади деган фикрга қўшиладилар. Ярим ой ва юлдуз Карфаген маъбудаси Танит ёки юнонлар маъбудаси Диананинг рамзи сифатида фойдаланилган эканлиги ҳақида маълумотлар ҳам бор.
Ярим ой Византия (кейинчалик, Константинополь ва Истанбул) рамзи бўлган. Айрим маълумотларга кўра, у Диана маъбудаси шарафига танланган; бошқа манбаларга кўра эса – эрамиздан аввалги 340 йилда рўй берган Филиппа II (Александр Македонскийнинг отаси) қўшинлари билан бўлган жанг шарафига.
Бандаргоҳ-шаҳар саналган Византияни қамал қилиш учун македонларда флот йўқ эди, шу сабабли улар тунда ҳужум бошлаган ҳолда шаҳарни қуруқликдан ишғол қиилшга уриниб кўрадилар. Бироқ ҳужумга ўтган қўшинни осмондаги ёрқин Ой нури ёритиб турарди ва кутилмаган ҳужум уюштиришнинг имкони бўлмади; ҳужум бошланмасдан олдин тугади ва македонлар чекинди.
Қувончга тўлган шаҳарликлар Византия «ҳомийси» – ой нури маъбудаси Гекатани олқишлади. Унинг шарафига тун рамзи – ярим ой ва юлдуз тасвири битилган тангалар зарб қилинди. Ярим ой шаҳар рамзига айланди. У эрамизнинг 330 йили Византий Константинополга, Рим империяси пойтахтига айланганда ҳам, шаҳарни усмоний-турклар фатҳ қилган 1453 йилда ҳам шундай бўлиб қолаверди. Шу тариқа қадимги юнонлардан қолган, минг йилдан ортиқ вақт давомида насронийлар дунёси пойтахтининг рамзи бўлган ярим ой Ислом билан боғлиқ дея тасаввур қилина бошланди.
Бундан ташқари, ярим ой православ черковларидан ҳам фойдаланилади. Православ ибодатхоналари қуббасидаги хочлар ўзига хос бир шаклга эга. Хочнинг пастки қисмида жойлашган ярим ойнинг (цата) Исломга ҳам, мусулмонлар устидан қозонилган ғалабага ҳам ҳеч қандай боғлиқ эмас (гарчи адабиётларда бу вариант ҳам учрасада). Ярим ой билан биргаликдаги хочлар қадимги ибодатхоналарда – Нерлидаги Покров черковида (1165 йил), Владимирдаги Дмитриевский собор (1197 йил) ва мусулмонлар билан тўқнашувлардан олдин қурилган бошқа ибодатхоналарда ҳам мавжуд.
Византияда ўша пайтда цата черков ҳукумати билан боғланарди. Эҳтимол, унинг Киев князи Ярослав Изяславичнинг XVI асрга мансуб «Шоҳ солномаси» портретидаги буюк князлик рамзи сифатида пайдо бўлиши унга бориб тақалади.
Ярим ой ва Ислом
Узоқ тарих давомида Ислом образи ва мусулмонлар онги унинг жуда кўп сонли меъёрлари, анъаналари ва стереотиплар билан қоришиб кетган. Ярим ой ва юлдуз ҳам динимиз билан боғлиқ равишда тасаввур қилинадиган шундай рамзлардан бири ҳисобланади.
Илк мусулмонлар жамияти ҳеч қандай рамзга эга бўлмаган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам даврида Ислом қўшинлари ва карвонлари бир-бирини таниш воситаси сифатида оддий, битта рангдаги (одатда қора, яшил ёки оқ) байроқлардан фойдаланган. Кейинроқ мусулмон етакчилари бу байроқлар рангларидан ҳеч қандай ёзув, белги ёки рамзсиз фойдалана бошлаган.
Фундаментал диний манбаларда (Қуръон ва Суннат) Исломнинг қандайдир рамзлари ҳақида умуман гапирилмайди. У универсал ва глобал, шу сабабли қандайдир алоҳида бир рамзни Ислом рамзи қилиб кўрсатишдан маъно ҳам бўлмаган.
Ярим ойнинг кенг тарқалиши эса қуйидагича рўй берган. Ривоятларга кўра, 1299 йил Кичик Осиё ҳудудларидан биридаги митти князликлардан бирининг ҳукмдори Усмон тушида ернинг бир бурчагидан бошқа бурчагигача ястаниб ётган ярим ойни кўради. Буни яхшилик аломати деб ҳисоблаган бек ярим ойни ўз сулоласига рамз қилиб олади. Кўрган туши Усмонни алдамади – унинг авлодлари улкан салтанат барпо этиб, мусулмонлар дунёсида буюк ҳукмдорлар бўлиш билан бирга диний раҳнамо – халифаликка ҳам эришдилар.
Бундан ташқари, юқорида айтиб ўтилганидек, ярим ой Константинополь шаҳрининг рамзи бўлган. Усмонийлар шаҳарни 1453 йил фатҳ қилгач, бу рамзни ўзлаштириб олдилар ва ҳарбий ғалаба рамзига айлантирдилар. Аста-секинлик билан ярим ой ва юлдуз белгиси мусулмонлар маданиятининг ютуқлари билан, кейинроқ эса бутун Ислом билан боғлиқ равишда тасаввур қилина ошлади. Бу рамз кўплаб Ислом давлатлари байроқлари, масжидлар ва почта маркаларидан ўрин олган.
Юз йилликлар давомида Усмонийлар салтанати бутун мусулмон дунёсини бошқариб келди. Бу давр ичида ярим ой мусулмонлар ва мусулмон бўлмаганлар онгида Ислом ва унинг тарафдорлари билан боғлиқ равишда барқарор тасаввур қилина бошлади, ваҳоланки у усмонийлар сулоласининг рамзи эди, асло Якка Худолилик динининг эмас. XIX асрда Қизил Хоч ёнига Қизил ярим ой ҳам қўшилгач, бу боғлиқлик янада мустаҳкамланди.
Айрим мусулмонлар занжирга осилган ярим ойни кулон тарзида тақиб юради. Бу осилган безак ҳеч қандай диний маросим билан боғлиқлик маъносига эга эмас, у оддийгина унинг эгаси қайси динга эътиқод қилишини кўрсатади холос, уни насронийлар бўйнига осиб юрадиган хочнинг аналоги эмас.
Бироқ ҳатто ҳозирги кунда ҳам, кўплаб мусулмон мамлакатлар байроқларидан ярим ой ўрин олган бир пайтда, Исломнинг ҳамма тарафдорлари ҳам уни ўз рамзи деб ҳисоблашга рози эмас. Ярим ойнинг Ислом маданиятида пайдо бўлиш тарихидан хабардор бўлган кўплаб мусулмонлар уни қадимги бутпарастлар рамзи сифатида инкор қиладилар.
Ислом Аллоҳдан бошқа – одамлар, ҳайвонлар, дарахтар ёки осмон жисмларига сиғинишни тақиқлайди. Ислом бу дунёга Якка Худолик ўрнатиш ва одамни бутпарастлик анъаналари, бут ва санамларга сиғинишдан халос этиш учун келган. Бу мақсадда пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам Маккадаги ва Арабистоннинг бошқа шаҳарларидаги бут ва санамларни қулатиб ташлаган ва одамларни Аллоҳ динининг соф таълимотига аралашиши мумкин бўлган ҳар нарсани инкор қилишга ўргатган. Маълум бир рамзнинг муқаддас деб белгиланишига рухсат этилмаган.
Бунда шуни ёддан чиқармаслик керакки, янгиликлар киритиш фақат айрим соҳаларда – имон-эътиқод, одоб-ахлоқ қоидалари ва шариатда тақиқланган. Инсон ҳаётининг қолган жиҳатлари келгуси ривожланиш учун, қайта фикрлаш учун, бошқалардан, жумладан, Ислом матнларида, тажрибаси ва маданиятидан бўлмаган нарсаларни ўзлаштириш учун ҳам очиқдир.
Шу сабабли яна бир бор таъкидлаш адолатдан бўлардики, ярим ойни Ислом рамзи деб ҳисоблаш асоссиз ва нотўғридир. Лекин бунда ундан у ёки бу сулоланинг рамзи сифатида ёки усмонийлар султони қилганидек, бутун бир мамлакат рамзи сифатида фойдаланиш тақиқланмаган. Шу жиҳатдан мусулмонлар Шариатга зид келмайдиган ҳар қандай рамзлардан фойдаланиши мумкин.
Масжидлардаги ярим ой
Ярим ой дастлаб янги ташкил қилинган Усмонийлар империясида масжидларни битта мақсадда – уларни насронийлар ибодатхоналаридан ва бошқа бинолардан ажрата олиш учун фойдаланилган. Бунда масжидлардаги ярим ойга бошқа ҳеч қандай маъно берилмаган. Ислом тамойилларига зид келмайдиган рамзлардан уларга муқаддаслик ва буюклик бахш этмаган ҳолда фойдаланиш учун Ислом томонидан танбеҳ берилмайди; аста-секинлик билан, Усмонийлар империяси кенгайиши ва унинг халифалик ролини қўлга киритиши асносида, ярим ой кўринишидаги рамздан фойдаланиш кенг тарқала бошлади.
Айрим минтақаларда улар масжид ва миноралар қурилишининг якунланганини қайд қилиш усули билан хизмат қилади: қурилиш якунланган пайтдаги Ой фазаси масжидни безатиб турадиган ярим ой шаклида ўрнатилади. Шу сабабли турли масжидларда ярим ой турли шаклга эга, айрим жойларда ҳаттоки доира (тўлин Ой) шаклида ҳам бўлади.
Рамазон арафасида ва Айд ал-Фитр байрамида янги ой чиқишини кутиш
“Сендан ҳилоллар ҳақида сўрарлар. «Улар одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовидир», деб айт...” Бақара сураси, 189)
Мусулмонларнинг ҳар йили муқаддас Рамазон ойи бошланиши ва тугашида янги ой чиқишини кутиши воқеанинг асл сабабларини билмайдиган ғайридинлар нигоҳида умуман бошқача маъно касб этиши мумкин. Уларнинг айримлари мусулмонлар янги ой чиққанини кўрганда хурсанд бўлишларини кўриб, мусулмонлар унга сиғинади деб ҳам ўйлайди.
Бу ерда ўзга маданият вакилларининг тушунмаслиги сабабли оддий англашилмовчилик мавжуд.
Ахир дунё бўйича кўплаб одамлар 31 декабрдан 1 январга ўтар кечасини орзиқиб кутади ва соат милларини кузатиб ўтиради. Улар учун бу ҳаётнинг бир даври якунланиши ва ҳамма нарса янгидан бошланадиган бошқа давр бошланишини англатади. Боз устига – кўпчилик одамлар айнан янги йилдан бошлаб ўзининг қандайдир камчиликларини тузатиш ва ўзи устида ишлай бошлашга ваъда беради. Айримлар кейинчалик берган сўзининг уддасидан ҳам чиқади. Улардан биронтаси соат милларига сиғинмайди ва илоҳий деб билмайди. Соат миллари улар учун вақтнинг бир кесими якун топиши ва янгиси бошланишини англатади, холос.
Худди шу тарзда Рамазон арафасида янг ой кутиш, шунингдек, осмонда ҳилол пайдо бўлишидан қувониш – бу четдан қараганда шундай бўлиб туюлиши мумкин бўлсада, асло Ойга сиғиниш эмасдир. Одамлар бир ой давомида ўз қалбини гуноҳлардан фориғ қилиши мумкин бўлган муқаддас ой кириб келганидан хурсанд бўлади, холос.
Мусулмонлар диний маросимларни нишонлаш саналарини белгилаш учун қамарий тақвимдан фойдаланади. Айрим мамлакатларда бу тақвим дунёвий вақтни ҳисоблаш учун ҳам фойдаланилади; бироқ кўпчилик мамлакатлар кундалик ҳаётда григориан календаридан фойдаланади.
Камарий тақвим – Аллоҳнинг буюк неъматидир. Ахир тамаддундан олис жойга тушиб қолган исталган киши вақтнинг боришни кузатиши мумкин – бунинг учун Ой фазаларини кузатиб бориш кифоя. Махсус ускунага эга бўлиш ва ҳар сафар ой йилнинг бир вақтига тўғри келиши учун кабиса йилида қўшимча кун қўшиш учун тузатиш киритиш ҳам керак эмас.
Қамарий календарда битта ойнинг ўзи 33 йиллик цикл давомида барча фасллардан тўлиқ ўтиб айланиб келади, ва бу ҳам ажойиб неъмат ҳисобланади - ахир рамазон ва Ҳаж зиёрати турли мавсумларга тўғри келади. Шундай қилиб, у ёки бу мамлакат аҳолиси мунтазам йилнинг энг иссиқ ёки энг совуқ мавсумида рўза тутишига тўғри келмайди, худди шу тарзда Ҳаж сафари ҳам турлича об-ҳаво шароитларида амалга оширилади.
Маълумотлар асосида
Абу Муслим тайёрлади