close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Карбало фожиаси

Ҳижрий 60 йилда халифа Муовия ибн Абу Суфён вафот этиб, ўрнига унинг амрига биноан ўғли Язид халифа бўлиб қолгач, Шом аҳли унга байъат қилди. Сўнг Язид ўзига байъат олиш учун Мадинага одам юборди. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу билан Абдуллоҳ ибн Зубайр унга байъат қилишдан бош тортдилар ва ўша кечаси Мадинаи мунавварадан чиқиб, Маккаи мукаррама томон йўл олдилар.

Муовиянинг замонидаёқ Ироқ аҳли имом Ҳусайн розияллоҳу анҳуга мактуб ёзиб, у кишини ўзлари томон чорлашар, халифаликни талаб қилишга ундар эдилар. Язид ибн Муовияга байъат қилинганидан кейин имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу бир тўхтамга келолмай, узоқ ўйладилар: бир томондан ўз жойларида қолишни, яна бир томондан Ироқ аҳли томон юришни афзал кўрдилар. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу у кишининг Ироққа боришлари тарафдори бўлса, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу бунга қарши бўлдилар.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу эса: «Сен кетма, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дунё ёки охиратни танлаш ихтиёрини берганида у зот охиратни ихтиёр қилганлар. Сен у зотнинг бир бўлагисан, дунёга ноил бўлмайсан», дедилар. Лекин имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу Ироқ сари йўлга чиқишга қарор қилиб бўлган эдилар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу у кишини қучоқлаб, йиғлаб хайрлашдилар. Кейинчалик Ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Ҳусайн бизнинг гапимизга кўнмай, чиқиб кетган эди», деб юрар эдилар.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу Куфа томонга отланиб турганларида ҳузурларига Амр ибн Абдурраҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишом келиб: «Менга Ироққа бормоқчи эканинг ҳақида хабар етди. Амирлари, омиллари ва байтулмоллари бор юртга боришинг мени хавфга солади. Одамлар дирҳам ва динорнинг бандаларидир. Сенга ёрдам беришни ваъда қилганлар сенга қарши жангу жадал қилиб қолишларидан қўрқаман», деди. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу унга яхши муомала қилиб, қайтариб юбордилар.
Сўнг Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу келиб: «Ироққа бормоқчи эканинг одамларни хавотирга соляпти. Нима қилмоқчисан ўзи?» деди. «Шу икки кун ичида йўлга чиқишга қарор қилдим», дедилар имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу. «Ундай қилишдан сени Аллоҳнинг Узи асрасин! Аллоҳ раҳмингни егур, менга айтчи, амирларини ўлдириб, душманларини йўқ қилган, юртига эга чиқиб олган қавмнинг олдига бормоқчимисан?! Улар сени алдашидан, ёлғончига чиқаришидан, сенга хилоф қилишидан, сени ташлаб қочишидан, сенга қарши чиқишидан, ашаддий душман бўлиб қолишидан қўрқаман», деди Абдуллоҳ ибн Аббос.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу бу гапга жавобан: «Мен Аллоҳга истихора қиламан. Кейин нима бўлишига қарайман», дедилар.
Эртасига Абдуллоҳ ибн Аббос яна қайтиб келиб: «Эй амакиваччам! Шунча уринсам ҳам сабр қила олмаяпман. Шу кетишда кетаверсанг, ҳалок бўлиб, томиринг қуриши-дан қўрқяпман. Ахир Ироқ аҳли хиёнаткор қавм. Уларга зинҳор яқинлашма! Шу ерда туравер. Ахир сен Ҳижоз аҳ-лининг саййидисан. Агар Ироқ аҳли ўзлари даъво қилаёт-ганларидек, сени хоҳлайдиган бўлсалар, уларга хат ёз, ав-вал омилларини ва душманларини қувишсин, кейин сен уларнинг олдига бор. Жуда чиқишинг керак бўлса, Яманга бор. У ерда қўрғонлар, даралар бор. Унинг ери кенг. У ерда отангнинг тарафдорлари бор. Узинг оммадан четрокда бў-ласан. Одамларга хат ёзиб юборасан, чорловчиларингни шу йўл орқали ёясан. Менимча, ана шунда офиятда турган ҳолингда ўзинг хоҳлаган нарсага эришасан», деди.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу у кишининг бу гаплари-ни ҳам қабул қилмадилар. Шунда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Агар борадиган бўлсанг, аёлларингни, ёш болаларингни олиб борма. Усмон қатл қилинганидек, сен ҳам аёлларинг ва болаларинг кўз ўнгида қатл қилинишингдан қўрқаман», деди.
У кишининг бу гаплари ҳам фойда бермади. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу аёллари ва бола-чақалари билан йўлга тушдилар. Иўлда у кишига машҳур шоир Фараздақ дуч келди. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу ундан: «Одамлар қандай?» деб сўрадилар. «Одамларнинг қалби сен билан, қиличлари Бану Умайя билан. Қазо осмондан нозил бўлур, Аллоҳ хоҳлаганини қилур», деди Фараздақ.
Сўнг имом Ҳусайн розияллоҳу анҳуга Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳудан мактуб келди. У киши Аллоҳ номи билан қасам ичиб, зинҳор юртдан чиқмасликни сўраган эдилар. У кишининг мактуби билан бирга Мадинанинг амири Амр ибн Саъиднинг омонлик хати ҳам бўлиб, ортга қайтишни сўраган эди. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу йўлларида давом этавердилар.
Йўлда у кишига Абдуллоҳ ибн Мутийъ дуч келди. У имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг қаёқка кетаётганларини билгач, «Аллоҳнинг номи ила эслатаман, эй Расулуллоҳ қизининг ўғли! Ислом ҳурмати ўтиниб сўрайман, араблар ҳурмати, Аллоҳнинг номи ила ўтиниб сўрайман, бундай қилма! Аллоҳга қасамки, агар Бану Умайянинг қўлидаги нарсани талаб қиладиган бўлсанг, улар сени албатта ўлдиришади. Сендан кейин эса ҳеч кимдан тап тортмай қўйишади. Аллоҳга қасамки, Ислом ҳурмати, Қурайш ҳурмати, араб халқи ҳурмати, бундай қилма! Ўзингни Бану Умайяга тутиб берма!» деди.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу бу гапларга ҳам эътибор бермай, йўлларида давом этдилар. У киши ўз одамлари билан Саълабийя деган жойга етганларида Муслим ибн Ақийлнинг қатл қилингани ҳақида хабар келди. Баъзи кишилари: «Аллоҳ номи ила илтимос қиламиз, шу ердан ортингизга қайтинг!» дейишди. Аммо Муслимнинг яқинлари бунга қарши чиқиб «Аллоҳга қасамки, ўчимизни олмагунча қўймаймиз. Ёки Муслим тотган нарсани биз ҳам тотамиз!» дейишди.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу одамлари билан юриб бориб, Батни Ақаба номли ерга тушдилар. Ўша ерда у кишига араблардан бир киши учраб: «Аллоҳнинг номи ила илтимос қиламан, ортингга қайт! Аллоҳга қасамки, найзаларнинг учига, қиличлар тиғига қараб кетяпсан! Анави сени чақирганлар сени жангга керакли нарсалар билан таъминлаганларида, ҳамма нарсани тайёрлаб қўйганларида, борсанг бўлар эди. Аммо ҳозир сен васф қилган ҳолатда зинҳор бориб бўлмайди! Ортингга қайт!» деди.
У кетганидан кейин Ҳар ибн Язид Тамимий бошлиқ минг нафар отлиқ келди. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу уларга: «Эй одамлар, Аллоҳга ҳам, сизга ҳам узр! Мен сизлардан кўплаб мактублар олганим, элчилар кўрганим учун, улар «Бизнинг олдимизга кел, бизнинг имомимиз йўқ, шояд Аллоҳ сен ила бизни ҳидоятга бошласа», деганлари учун келдим. Агар сизлар менга кўнглимни тўлдирадиган ваъда берсангиз, шаҳрингизга бораман, бўлмаса, келган еримга қайтиб кетаман», дедилар. Улар индашмади.
Бир оздан кейин Ҳар: «Бизга агар сени учратсак, Куфага Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг олдига олиб боргунимизча сизлардан ажрамаслик амр қилинган», деди. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу унга: «Бундан кўра ўлганинг яхши эмасми?!» дедилар. Сўнгра у киши ўз одамларини отланиб ортга қайтишга амр қилдилар. Ҳар эса уларнинг йўлини тўсди. Шунда имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу: «Онанг кўкингни кийгур, биздан нима истайсан?!» дедилар.
«Аллоҳга қасамки, бу гапни сендан бошқа араб айтганида, ким бўлишидан қатъи назар, онасини (ёмон сўз билан) зикр қилмай қўймас эдим. Аллоҳга қасамки, сенинг онангни яхшиликдан бошқа билан зикр қила олмайман», деди ва у кишининг Мадинага кайтиб кетмасликлари учун ҳамма чораларни кўрди.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу шимол томон юриб, Найнавога бордилар. Уша ерда Ибн Зиёд уларга қарши юборган лашкар етиб келди. Уша лашкарнинг бошлиғи Умар ибн Саъд одам юбориб: «Нима учун келдинг?» деб сўради. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу: «Юртингизнинг одамлари мактуб ёзиб, келишимни сўрашди. Агар хоҳлашмаса, қайтиб кетаман», дедилар.
Умар бу ҳакда Ибн Зиёдга хат юборди. Шеърий услуб ила ёзилган хатда «Чангалимизга тушганда нажот топмоқчи, энди иложи бормикан?» деган маъно бор эди.
Ибн Зиёд: «Ҳусайнга Язидга байъат қилишни таклиф кил. Агар қабул қилса, ўйлаб кўрамиз, ундан ва одамларидан сувни тўсиб қўй», деб буйруқ берди. Имом Ҳусайн рошяллоҳу анҳу: «Менга имкон беринглар, келган жойимга қайтиб кетаман», дедилар. Улар: «Ибн Зиёднинг ҳукмига туш», дейишди. У киши бу гапни қабул қилишлари мумкин эмас эди. Урушдан бошқа илож қолмади.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу билан бирга келган эркаклар саксон кишидан ортмас эди. Жанг бошланди. Кўп ўтмай имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу ва у кишининг барча яқинлари қатл қилинди. Ироқликлардан саксон саккиз киши ўлди. Бу нобакорлик Карбалода содир бўлди.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳуни Синан ибн Авс ибн Амр ан-Нахаъий найза санчиб ўлдирган эди. У от устида туриб, ўз одамларидан Хавлий деган кишига: «Унинг калласини уз», деди. Хавлий имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг бошларини таналаридан узмоқчи бўлиб ҳаракат қилган эди, ҳолсиз бўлиб, уза олмади. Синан ўзи отдан тушиб, каллани танадан узди. Бу мислсиз жиноят ҳижрий 61 йил жума куни бўлди. Ўша куни Ашуро кунига тўғри келган эди.
Жиноятчилар гуруҳи қолган шаҳидларнинг ҳам бошларини таналаридан ажратиб олишди. Сўнг каллаларни кўтариб, қизлар ва аёлларни ҳайдаб, Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг олдига шошилишди. Мусибат ўтида ёнаётган қиз-аёллар имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг тирик қолган ягона ўғли Алий ибн Ҳусайнни кўтариб, фиғонлари дунёни тўлдириб боришар эди.
Нобакорлар ўз хўжайинларига яхши кўриниш мақсадида етмиш икки дона бошни бўлиб олиб, кўтариб боришарди.

1.    Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг бошларини Хувлий ибн Язид олиб борарди.
2.    Киндаликларга ўн учта бош теккан эди.
3.    Ҳавозинликлар йигирмата бошни олиб боришарди.
4.    Бану Тамим ҳам йигирмата бошга эга бўлган эди.
5.    Бану Асад еттита бошни кўтариб олган эди.
6.    Мазҳижликлар ўн битта бошни олишган эди.

Уларнинг раҳбарлари Шимр ибн Зилжувшан, Қайс ибн Ашъас, Амр ибн Ҳажжож ва Урва ибн Қайслар эди. Улар ана шундай ҳолда ўз бошлиқлари Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг олдига кириб боришди.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ибн Зиёднинг олдида эдим. Бир пайт Ҳусайннинг бошини келтиришди. У қўлидаги чўп билан унинг бурнига ишора қилиб: «Бунингдек чиройни кўрмаганман», деди. «У ўшаларнинг ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг ўхшагани эди», дедим». Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.
Уша ерда бошқа бир саҳоба - Зайд ибн Арқам розиялюҳу анҳу ҳам бор эдилар. У киши қонхўр Убайдуллоҳ ибн Зиёдга: «Ол чўпингни! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша сенинг чўпинг тегиб турган жойдан ўпганларини кўрганман!» деб бақириб, сўнг бор овозлари билан хўнграб йиғлаб юбордилар.
Ибн Зиёд у кишига: «Аллоҳ кўзингни йиғига тўлдирсин! Агар мункайиб, ақли кетиб қолган чол бўлмаганингда, бўйнингни чопардим», деди.
Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу кетганларидан кейин одамлар ичида шивир-шивир гап бошланди. Улар: «Аллоҳга қасамки, Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу бир гап айтдики, Ибн Зиёд эшитганда, уни ўлдирар эди», дейишди.
«Нима деди?» деб сўради бирови.
«Эй араблар, сизлар бугундан бошлаб қул бўлдиларинг! Фотиманинг ўғлини ўлдирдиларинг! Маржонанинг ўғлини узингизга амир қилдиларинг! У бўлса сизнинг яхшингизни ўлдириб, ёмонингизни қул қилмокда. Иўқолсин хорликка, орга рози бўлганлар!» деди», дейишди.
Ҳар қандай золим жазосини тортмай қолмайди. Кўп ўтмай, золим ва фосиқ Убайдуллоҳ ибн Зиёд ҳам қилмишига яраша жазосини тортди. Ҳижрий 66 йилнинг зулҳижжа ойида Мухтор Сақафийнинг амрига биноан Иброҳим исмли лашкарбоши Жозир деган жойда Ибн Зиёд ва унинг одамларини ўлдириб, каллаларини узди ва товоққа солиб, бошлиғининг олдига олиб борди. Уларнинг бошлари Мухтор Сақафийнинг олдига ташланди. Шунда бир кичик илон келиб, Ибн Зиёднинг оғзига кириб кетди ва бир оз ўтиб, бурнидан чиқди. Кейин бурнидан кириб, оғзидан чиқди. Илон тинмай унинг ҳали оғзидан, ҳали бурнидан кирибчиқаверди. Сўнг жиноятчиларнинг бошлари Маккага, Ибн Зубайр розияллоҳу анҳуга юборилди ва улар ўша ерда кўчага осиб қўйилди. Ибн Зиёд ва унинг шерикларининг мурдаларини эса Аштар куйдириб ташлади.
Шунингдек, имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг қатлларида ҳозир бўлганларнинг ҳаммаси ҳам бу дунёдан хору зор бўлиб ўтишган. Ҳатто уларнинг зурриётлари ҳам доимий равишда хорликда ўтганлигини тасдиқловчи ривоятлар тарих китобларимизда кўп учрайди.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу ва у зотнинг яқинларининг ваҳшиёна ўлдирилиши бутун Ислом оламини даҳшатга солди. Бану умайяликлардан нафратланиш, ироқликларни сўкиш оддий бир ҳолга айланиб қолди. Ҳатто раҳбарлар ўзларини оқлаш учун гумашталарини жазолашга ҳам ўтишди. Мусулмон оламининг имом Ҳусайн розияллоҳу анҳуга бўлган чексиз муҳаббати уларни хавф-хатар остида қолдирган эди.
Бу улкан жиноят содир бўлганда дунё мусулмонларнинг кўзига бошқача кўриниб қолди. Бу ҳақда ҳар хил ривоятлар жуда кўп. Айниқса, имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг ўлдирилишлари тафсилоти кишининг юрагини қон қилмай қўймайди.
Эҳтимол, шунинг учундир, буюк аллома Жалолиддин Суютий «Тарихи хулафо» номли китобларида: «Унинг (имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг) қатл этилиш баёни узоқдир. Уни зикр қилишни қалб кўтара олмайди», деб ёзганлар.
Ушбу фитна энг оз деганда одамларнинг ўртасида тафриқа бобини кенг очди ва минглаб, миллионлаб мусулмонларнинг бошига офат келтирди. Мана шу фитнанинг эшиги ҳозиргача очиқ турибди. Мусулмонлар бундан катта зарар кўрдилар ва зарар кўришда давом этмоқдалар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
"Ислом тарихи" китобидан, 2-жилд

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase