close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Муқаддас Қуръондаги илмий мўъжизалар борасида олимларнинг фикрлари

1) Др. Персауд. Бу инсон Анатомия фани, педиатерапия ва болалар соғлиги бўйича профессор, акушерлик соҳасининг етакчи олими, Канададаги Манитоба Университетининг “ишлаб чиқариш соҳаси фанлари“ бўйича профессоридир. У 16 йил давомида Анатомия департаменти бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатган. Ўз соҳасининг жуда машҳур олимларидан. 22 та китоб ва 181 дан ошиқ илмий мақолалар муаллифи.

1991 йилда Канадада Анатомия соҳасида кўплаб мукофотларга сазовор бўлган. Бу кишидан ўзи тадқиқот олиб борган Қуръондаги илмий мўъжизалар ҳақида сўрашганда, қуйидагича изоҳ берган:
“Менингча, Муҳаммад жуда оддий одам бўлган. Чунки, у ўқишни, ёзишни билмаган. Тўғрисини айтганда, у саводи йўқ бир киши бўлган. Бугун бизлар 1400 йил олдинги давр ҳақида суҳбатлашаяпмиз. У ерда бир саводсиз киши илм оламига тааллуқли бўлган инсонни ҳайратлантирадиган жуда ишончли баёнотлар билан чиққан. Шахсан мен бу қандайдир бир оддий имконият бўлиши мумкинлигини тушуна олмайман. Чунки бу ерда жуда кўп аниқликлар мавжуд. Др. Мур айтганидек, бу ерда қандайдир илоҳий илҳом ва робита борлигини тушуниш мен учун умуман қийин эмас ва айнан шу нарса уни ушбу баёнотлар қилишга бошлаган”.
Профессор Персауд бир неча Қуръоний оятлар ва ҳадисларни ўзининг китобларига киритган. Бундан ташқари, ушбу оятлар ва ҳадисларни қатор конференцияларда ҳам ўқиб берган.
 
2) Др.Жое Лей Симпсон. АҚШнинг Техас штатидаги Бейлор тиббиёт коллежида Инсон генетикаси ва молекулалари соҳаси, генекология ва акушерлик соҳалари профессоридир. Коллежнинг Генекология ва Акушерлик департаменти бошлиғидир. Ўтмишда АҚШнинг Тенесса шаҳри Тенесса Университети Акушерлик ва Генекология департаменти бошлиғи бўлган. 1992 йил ўз соҳаси бўйича кўплаб ёрлиқларга сазовор бўлган. Профессор Симпсон пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги маънодаги икки ҳадисларини ўрганган:
“Сизларнинг ҳар бирингиз яратилишингизда ҳамма аъзоларингиз 40 кун ичида она бачадонида бирга йиғилади...”
“Бачадонда 42 кеча ўтгач, Аллоҳ унга шакл, қулоқ, кўз, тери, эт ва суяк битиши учун бир фариштани юборади. Сўнг фаришта дейдики: “Эй Аллоҳ, бу эркакми ё аёл?”, сўнг Роббингиз ўзи хоҳлаганини тақдир қилади”
Олим ушбу икки ҳадисни ўрганиб, дастлабки 40 кунликда ҳомила генезисида кечадиган босқичда сезиларли ҳеч нарса рўй бермаслигини тасдиқлаган. У Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидаги ўта аниқликларни кўргач, жуда таъсирланган эди. Сўнг ўтган конференцияларнинг бирида қуйидаги фикрларни баён этган:
“Шундай қилиб зикр қилинган ушбу икки ҳадис бизга қирқ кунликда асосий эмбрион ривожланиши борасида махсус жадвални беради. Бошқа маърузачиларнинг гапларига қараганда, бу ҳадислар шу пайтгача мавжуд бўлганлигига қарамасдан, илмий доирага киритилмаган. Бундан шу келиб чиқадики, менингча дин ва генетика ўртасида зиддият нафақат йўқ, балки тўғрисини айтганда, Аллоҳ тарафидан нозил қилинган Қуръондаги мавжуд оятлар бугунги илмий-анъанавий ёндашув услубларига кашфиётлар киритиб, фанга етакчилик қила олади”.

3) 200 дан кўп мақолалар чиқарган, 22 йил давомида Даниет Бей институти директори бўлиб ишлаган, Томас Жеферсон Университети Биология тараққиёти ва Анатомия соҳаси бўйича профессор Др. Е.Маршал Жонсон 1981 йил Саудия Арабистонининг Даммам шаҳрида ташкиллаштирилган тиббиёт бўйича еттинчи конференцияда қуйидагича маъруза қилади:
“Қуръон эмбрион нафақат ташқи шакл ривожланиши, балки ички ривожланиш босқичлари, унинг яратилиши ва ривожланишини, бугунги замон фани тан олган асосий ҳодисаларни ҳам тасвирлайди”.
У яна дейдики: “Фан мутахассиси сифатида мен фақат кўриб (тушуниб) турган нарса билан шуғуллана оламан. Масалан, мен биология тараққиёти ва эмбриологияни тушуна оламан. Агар мен бугун билган нарсаларимни сақлаган ҳолда ҳаётимни ўша даврга қайтара олганимда эди, васф этилган нарсаларни тасвирлаб бера олмаган бўлардим. Муҳаммад ушбу маълумотларни бирор жойдан олган, деган ғоянинг нотўғри эканлигига асослар кўп. Худди шунингдек, агар у (Раусулуллоҳ) ёза олган тақдирда ҳам илоҳий воситаларнинг аралашуви ҳақиқат эканлигини рад қилмаган бўлардим”.

4) Др. Вильям В. Хей машҳур денгизшунос олим. АҚШнинг Колорида штати Колорида Университети Геологоия фанлари прфессори. Денгизлар борасида кейинги пайтларда эришилган маълумотлар билан Қуръондаги маълумотлар ҳақида профессор Хей билан бўлган баҳс-мунозарадан сўнг, у дейдики:
“Бу турдаги маълумотлар қадимги манба бўлган Қуръонда учраганлиги менда жуда қизиқиш уйғотган. Уларнинг у ерга қаердан келганлигини билмадиму, лекин бундай маълумотлар Қуръонда борлиги аниқ”. Ундан Қуръоннинг манбаи борасида савол сўрашганида, шундай дея жавоб берди:
“Мен ўйлайманки, бунинг манбаи илоҳий мавжудликдир”.

5) Токио Университети фахрий профессори др. Ёшихиде Козаи дейди:
“Мен Қуръонда ҳақиқий астрономияга тегишли бўлган жумлаларни учратиб жуда таъсирлангандим. Замонавий астрономлар коинотнинг кичик қисмларигача ўрганиб келмоқдалар. Чунки, телескоплар ёрдамида бутун коинотни эмас, фақат осмоннинг жуда кичик қисмларинигина кўра оламиз. Шундай экан, мен ўз келажак йўлимни Қуръонни ўқиб коинотни тадқиқ қилиш орқали топаман”.

6) Таиландаги Чанг Маи Университети Анатомия департаменти бошлиғи профессор Тежатет Тежасен Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида ташкил этилган тиббиёт бўйича саккизинчи конференцияда ўрнидан туриб, бундай деди:
“Сўнгги 3 йилда Қуръонга нисбатан менда қизиқиш уйғонди. Бу ерда кўрган ва билганларимдан келиб чиққан ҳолда, 1400 йил бурун Қуръонда келтирилган ҳар бир нарса тўғрилиги бугун илмий йўллар билан исботлаб берилмоқда. Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам на ўқишни, на ёзишни билган. Шундай экан, у бундай ҳақиқатларни қабул қилиб олган аниқ бир пайғамбар, элчи бўлиши керак ҳамда бу каби ҳақиқатларни унга юборган Яратувчи ҳам бордир. Мазкур Яратувчи Аллоҳдир. Менинг назаримда “Ла илаҳа иллалоҳ, Муҳаммадур росулуллоҳ” калимасини айтиш вақти келди. Сўзимнинг охирида ушбу конференцияни ташкил этган ташаббускорларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Нафақат илмий ва диний қийматли маълумотларга эга бўлдим, балки иштирокчилар орасида кўплаб машҳур олимлар билан ўртоқлашдим. Бу ерга келиб ўзим эришган энг катта ютуқ  “Ла илаҳа иллаллоҳ ва Муҳаммадур росулуллоҳ” калимасини айтиб, мусулмон бўлганимдир”.
Юқорида Муқаддас Қуръондаги илмий мўъжизалар келтирилган мисоллардан ҳамда олимларнинг мулоҳазаларидан сўнг, келинг ўзимизга қуйидаги саволларни бир бериб кўрайлик:
Бундан 14 аср олдин нозил бўлган манба-Қуръонда келтирилиб, сўнгги йилларда аниқланган турли соҳаларга тегишли бўлган илмий маълумотлар қандайдир бир тасодиф ёки мувофиқ келиб қолган тахмин бўлиши мумкинми?
Қуръон Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам ёки бошқа бир кимса томонидан ёзилган бўлиши мумкинми?
Бунга биргина жавоб бор холос: Йўқ. Қуръон Аллоҳ томонидан нозил қилинган, сўзларнинг ҳар бири Унга тегишли бўлган каломдир.   

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase