close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Овоз бериш ёки сайлов ҳаққи

Кишиларнинг сиёсий ҳуқуқларидан бири давлат сиёсатида, ижрочи ҳокимиятга ўз таъсирини ўтказиш воситасларидан энг муҳими эркин сайловларда фаол иштирок этишдир.

Амалдорлар, халқ томонидан эркин сайлов йўли билан мансаб поғанасига кўтариладиган бўлгандагина халқ билан муомалани яхши қилишга унинг кўнглини олишга, талабларини қондиришга ўтиши турган гап.
Ислом дини худди шу услубни йўлга қўйган. Унда давлат бошлиғи ҳам омма томонидан эркин сайлов йўли билан сайланади. Бу сайловни Исломий истилоҳда байъат, дейилади.
Байъат луғатда савдо аҳдномаси, маъносини билдиради. Фуқаҳолар истилоҳида эса, ҳоким билан маҳкум орасидаги аҳдномани билдиради. Унда фуқаро ҳокимликка номзод шахсан рози бўлиб уни сайламоқчи бўлса, қўлини бериб туриб, унга итоат қилишга аҳд беради, ҳоким ҳам ўз вазифасини виждонан адо этишга аҳд беради. Ушбу жиҳатлари олди-сотдига ўхшаб кетган учун, бу ишга байъат, дейилган.
Биринчи байъатни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратларидан олдин Мадинадан келган баъзи мусулмонликни қабул қилган кишилардан олганлар.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Аллоҳ таоло пайғамбар қилиб танлаб олган, у киши шундоқ ҳам бошлиқлар, нима учун байъат керак эди?
Аввало Ислом иши учун фидакорлик ихтиёрий иш эканлигини билдириш учун айнан байъат керак эди. Ким хоҳласа байъат қилсин, хоҳламаган йўқ. Кейинчалик ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом учун фидокорлик зарур чоғларда қайта байъат олганлар. Байъатни ҳар бир хоҳлаган кишидан, ҳатто аёллардан ҳам олинган. Бу эса давлат раҳбарини сайлашда балоғатга етган барча аҳоли иштирок этган деганидир. Пайғамбарга ҳам айнан давлат бошлиғи васфлари ила байъат қилинган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг байъат олишларидан кўзланган ҳикматлардан яна бири кишиларнинг ҳимматини ошириш, Ислом иши учун фаолроқ қатнаштириш бўлган бўлса, энг муҳим ҳикматлардан бири мусулмон халқ оммосини келажакка тайёрлаш, ўргатиш эди.
Агар айтиш жоиз бўлса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ислом давлати раислигига номзодларини Аллоҳ таоло кўрсатган эди. Аллоҳга ишонган кишилар, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилар эдилар. Аммо, кейинчалик, Пайғамбар алайҳиссаломдан кейин халифага байъат қилиш бор эди. Буни, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ўрганиб олиш керак эди.
Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларидаги байъат тажрибаси кейин иш берди. У зот вафот этишлари билан, дафн қилинмай туриб, халифа сайлаш учун саҳобалар тўпланишди.
Ансорийлар Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳунинг номзодини кўрсатишди. Баъзилар муҳожирлардан битта, ансорийлардан битта амир сайлайлик, дейишди.
Абу Бакр Сиддиқ, Умар ва Абу Убайда розияллоҳу анҳуларнинг номзодларини кўрсатди. Кейинги икковлари ўз намзодларини қайтариб олиб Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг номзодларини кўрсатишди. Бу намзодни ҳақли эканлигига далиллар келтиришди. Бунга ҳамма рози бўлди ва ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳуга Ислом давлати раиси сифатида байъат қилишди.
Биринчи халифа сайлаш энг халқчил йўл билан бўлгани очиқ-ойдин кўриниб турибди. Сайловдан олдин умумий йиғилиш бўлган. Бир неча намзод кўрсатилган. Баъзилар ўз номзодини қайтариб олган. Намзод кўрсатганлар ўзлари кўрсатган номзодни ташвиқот қилишган. Охири номзодлар ичида кўпчиликка маъқул бўлган шахс сайланган. Ҳамма унга байъат қилган.
Халифа-давлат раҳбари сайлаш ҳақида Қуръонда ҳам, Суннатда ҳам ҳеч қандай бевосита кўрсатма йўқ эди. Шунинг учун шўро ҳақидаги оятга амал қилиб, саҳобалар шўро мажлиси ўтказдилар ва ўз давлатларига раҳбар сайладилар.
Халифаликка қандоқ киши намзод бўла олади? деган саволга бир неча хил жавоблар бўлган. Лекин биринчи даврдаги тушунча ва амал халифаликка шахсий сифатлари лойиқ киши номзод бўлади, деган жавобни беради. Бу фикр ғолиб бўлиб, уларнинг тарафдорлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Имом Бухорий ривоят қилган:
«Агар сизга боши майизга ўхшаш Ҳабаший қул омил қилинса ҳам гапни тинглаб, итоат қилинг», деган ва шу маънодаги бошқа ҳадисларини далил қиладилар.
Шунингдек, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг: «Агар Абу Ҳузайфанинг мавлоси Солим тирик бўлганида, уни халифа қилар  эдим. Агар Роббим сўраса, Пайғамбарингнинг, Солим-Аллоҳга муҳаббати шиддатлидир»-деганларни эшитдим дер, эдим»-деган гаплари ҳам кучли далил.
Солим розияллоҳу анҳу асли Форс бўлиб, Истахрлик эди. Абу Ҳузайфа розиалоҳу анҳунинг хотини Салма розияллоҳу анҳонинг қули эди. Кейинчалик озод қилиниб ораларида алоқа қолган эди. Солим розияллоҳу анҳу саҳобалар ичида обрўси катта эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилиб келгунларича намозга ўша киши имомлик қилган эди.
Демак, Исломда ким бўлишидан қатъий назар ҳар бир кишининг сайланиш ҳаққи бор. Бўлмаса, ҳазрати Умардек зот собиқ қул Солим розияллоҳу анҳуни Ислом давлати раҳбарлигига номзод қилмоқчи бўлмас эдилар.
Ислом давлати раҳбарлигига намзод кўрсатишининг яна бир йўли олдинги халифа томонидан бўлади. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розиаллолоҳу анҳу ўз вафотларини ҳис этганларида, ўлим тўшагида ётиб, сиёсий, ҳарбий вазият ўта нозиклигини ҳисобга олиб, ўзидан кейинги халифа номзодини ҳал қилиб қўйишни хоҳладилар. У киши катта саҳобаларни чақириб бирма-бир маслаҳат қилиб чиқиб, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг номзодига келиб тўхтадилар ва Усмон ибн Аффон розияллоҳуни чақириб бир қарорни ёздирдилар. Сўнгра хотинлари Асмаа бинти Умайс розияллоҳу анҳо суявида мусулмонлар оммасига мурожаат қилиб номзоддан рози ёки рози эмасликларини сўрадилар. Ҳамма, розимиз, деб жавоб берди. Лекин шундоқ бўлса ҳам, ҳамма шахсан байъат қилмагунича, номзод халифа ҳисобланмаган.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳалифа сайлашнинг учинчи йўлини жорий қилганлар. Ўлимларига кўзлари етгандан кейин катта саҳобалардан олти кишилик гуруҳ тузиб, номзод танлашни ўша гуруҳга топширганлар. Гуруҳ ўз ишини қандоқ олиб боришини ҳам кўрсатиб берганлар. Улар Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг номзодларини кўрсатганлар ва мусулмонлар рози бўлиб у кишига байъат қилганлар.
Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу фожеъали равишда қатл этилганларидан кейин, халифа сайлашда ҳам ўша ҳодисанинг таъсири бўлди. Янги номзод Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга воқеъа даҳшатидан қаттиқ таъсирланган баъзи кишилар дарҳол байъат қилмаган ҳоллари ҳам бўлди.
Аммо, мазкур тўрт рошид халифалардан кейин Ислом давлатига раҳбар сайлашда халқчиллик-эркинлик шиорларидан оғиш бошланди. Бориб-бориб бу иш подшоҳликка, оилавий меросга, куч орқали босиб олинадиган нарсага айланди. Охир оқибати нимага олиб келгани ойдек равшан.
Исломнинг соф таълимотлари асосида, дастлабки Ислом "демократия"си тикланиб, барча кишиларга сиёсий ҳуқуқлари тўлиқ берилса, ҳамма ўз юртини бошқаришда қўлидан келганича иштирок этса, ўзини масъул ҳис этсагина, бу соҳада фойдали силжиш бўлиши мумкин.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
“Исломда инсон ҳуқуқлари” китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тахлил
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase