"Ғалати кўрсатув"
Ўзини-ўзи эълон қилинган Фавқулодда ҳолат бўйича давлат қўмитаси (ГКЧП) 1991 йил 19 августда Михаил Горбачёвни СССР президенти лавозимидан четлатишга уриниб кўрди.
Москва вақти билан соат 06.00 да радио ва телевидение орқали «совет раҳбариятининг баёноти» эълон қилинган бўлиб, унда «Горбачёв Михаил Сергеевичнинг соғлиғи ҳолати туфайли СССР президенти вазифаларини бажара олмаслиги сабабли» Совет Иттифоқи президенти ваколатлари, СССР Конституциясининг 127.7-моддасига мувофиқ, вице-президент Геннадий Янаевга берилган, мамлакатнинг алоҳида қисмларида олти ойга ФВ режими жорий қилинади, мамлакатни бошқариш учун эса СССРда Фавқулодда ҳолат бўйича Давлат қўмитаси (СССР ГКЧП) ташкил этилади.
"Муваффақиятсиз путчга уриниш Совет Иттифоқининг парчаланиб кетиш жараёнини муқаррар қилиб қўйгани ва демократик империяга ўтиш эҳтимолий жараёнига якун ясаганини мен орадан маълум вақт ўтгачгина тушуниб етдим", - деди РИА «Новости»га берган интервьюда Германиянинг ARD биринчи канали Москвадаги студияси собиқ раҳбари, журналист Герд Руге.
ГКЧП ҳаракатлари нафақат фавқулодда ҳолат эълон қилиниши, балки Москвага қўшин киритилиши билан кузатилди. Москва ва Ленинград кўчаларига ўн минглаб одамлар норозилик намойишига чиқди, ГКЧП эса 22 август куни мағлубиятга учради, унинг аъзолари эса ҳибсга олинди.
Горбачёвнинг ўзи Форосдаги президент дала ҳовлисида бўлди. Руге ҳикоя қиладики, 19 августга ўтар кечаси у Кавказда ўтказган таътилдан Москвага қайтган.
"Эрталаб соат олтидан кейин менга ARD бюросидан ҳамкасбим қўнғироқ қилди ва телевизор орқали ғалати кўрсатув берилаётганини айтди. Кейин мен Горбачёвнинг касаллиги туфайли ҳокимият Янаевга берилиши ҳақида кўп марта такрорланган эълонларни эшитдим", - эслайди Руге.
Сўнгра, - давом этади у, - телевизор орқали мамлакат бошқариб бўлмайдиган бўлиб қолганлиги, унда очарилик, қонунларга риоя қилмаслик ва зўравонлик ҳукмрон эканлиги ҳақида ГКЧП хабарлари берила бошлади. Бу баёнотлар оралиғидаги танаффусларда телеканаллар балет намойиш этарди.
"Оққуш кўли" (Лебединое озеро)
«Шу аснода бизга немис таҳририятлари ҳокимият тепасига келган қўмитанинг мақсадлари ҳақида, унинг нималар қилиш ниятида эканлиги ҳақида, «янги ҳукумат» қўшинларини олиб чиқиш ҳақида Совет-Германия шартномаларига амал қиладими ёки йўқми, Горбачёв билан нима бўлиши ҳақида қатъий саволлар билан қўнғироқ қилишди. Менинг стандарт жавобим қуйидагича эди: бу қўмита ҳали ҳукумат эмас ва у ҳокимиятни ўз қўлига олганми ёки йўқми - номаълум", - дейди журналист.
Германиядаги ҳамкасблари Ругенинг бу жавобларига ишонмади, чунки партиянинг етакчи функционерлари, ҳарбийлар ва махсус хизмат вакилларидан таркиб топган қўмита мамлакатда ҳокимиятни тўлиқ қўлга олмаганлигини тасаввур қилиш қийин эди.
Бу пайт Москва кўчаларида одмлар тўпланган, бронетранспортерлар ҳаракатланар, Борис Ельцин эса Оқ уй олдида танк устида туриб сўзга чиқарди.
"Ҳаттоки бу ҳам (Ельциннинг сўзга чиқиши) немис таҳририятларини қондирмасди, улар Москвадаги мухбирлардан воқеаларга аниқ сиёсий баҳо беришни кутарди, биз эса бу пайт уларга рад жавобини берардик", - деди Руге.
Сўнгги ашула
Кечки пайт ARD Москвадаги ваколатхонаси раҳбари бошқа журналистлар билан бирга Зубов бульварида ТИВ матбуот марказига ГКЧП матбуот анжуманида иштирок этиш учун йўл олди.
"Анжуман кечикиб бошланди. ТИВ вакили анжуманни ўта дипломатик вазминлик билан очди, - хотирлайди Руге. - Қўмитанинг беш вакили - Янаев, Бакланов, Пуго, Стародубцев ва Тизяков - жуда хаёли қочган кўринарди".
Янаев кечаги телевидение орқали берилган баёнот кичик ўзгаришлар билан ўқиб берар экан, унинг қўллари қалтирарди, эслайди журналист.
"Совет журналистлари ишонмовчилик руҳи билан қарарди ва аслини олганда жиноятчилик ва иқтисодиёт ҳақида бир нечта саволлар бердилар", - ҳикоя қилади журналист.
Ругенинг сўзларига кўра, Янаев Совет Иттифоқидаги демократик жараёнларга Горбачёвнинг қўшган ҳиссасини мақташни бошлаганда маҳаллий ва хорижий мухбирларни умуман чалкаштириб юборди. Ругенинг сўзларига кўра, ГКЧП раҳбари Горбачёв ҳақида тахминан қуйидаги сўзларни айтган: ҳозир у жуда толиққан, лекин дам олиб бўлгач, умид қиламанки, ўз мажбуриятларига қайтади.
Руге ҳикоя қилишича, у матбуот анжумани якунлангач, россиялик ҳамкасбининг бу воқеалар узоқ давом этмаслиги ҳақидаги фикрига тўлиқ қўшилган.
"Бу одамлар аниқ бир дастурга эга эмас ва ҳаттоки ўз аппаратлари қўллаб-қувватлашини ҳам ташкил кила олмайди", - дея ҳамкасбининг сўзларидан иқтибос келтиради Руге. – Бундай ғалати сўзга чиқишдан кейин мен ҳам шундай ўйлай бошладим", - қўшимча қилди у.
Москвадаги ҳодисаларни кузатиб турган америкалик журналистлар ҳам фитначилар ҳақида «бир гуруҳ ғалати одамлар» сифатида хотирлайди.
"Янаевнинг ва матбуот анжуманида сўзга чиққанда адашиб гапирган бошқа фитначиларнинг кўриниши дарҳол америка сиёсатининг партия машинаси ўзини-ўзи йўқ қилади деган иборасини эслатди", - дея хотиралари билан ўртоқлашади 20 йил олдин Москвада The New York Times мухбири бўлиб ишлаган журналист Френсис Клайнз (Francis Clines).
Унинг сўзларига кўра, «путч»чилар матбуот анжуманида «кремл ретроградлари ўз имтиёзлари ва қўлидаги ҳокимиятни ушлаб қолишга уринишлари» яққол кўзга ташланиб турарди.
Заиф тўда
Давлат тўнтариши муваффақиятсиз якун топганидан кейин Янаев барча лавозимларидан четлаштирилди, жиноий жавобгарликка тортилди ва «Матросская тишина»га жойлаштирилди. У ердан 1994 йил – Давлат думаси амнистия эълон қилганидан сўнггина чиқди. 2010 йил сентябрида Янаев вафот этди.
Абу Муслим таржимаси