close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қуръон ва суннат ғулув ҳақида

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Эй, аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошманг ва Аллоҳ ҳақида ҳақдан бошқани айтманг. Албатта, Масийҳ, Ийсо ибн Марям Аллоҳнинг Пайғамбари, Марямга илқо қилган калимаси ва Ундан бўлган руҳдир. Бас, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига иймон келтиринг. Уни учта деманг. Тўхтанг, ўзингизга яхши бўлади. Албатта, Аллоҳ ягона илоҳдир, ўзга эмас. У Ўзининг боласи бўлишидан пок бўлди. Осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар Уникидир. Вакилликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур», деган (171-оят).

Маълумки, насроний дини янгилиги вақтида ақийда тўғри бўлган. Лекин замон ўтиши билан, бу ақийда аста-секин бузила борган. Милодий олтинчи асрга келиб, Рим императорларининг тазйиқи остида насроний ақийдаси тамоман бузилиб бўлган эди. Насоролар ўз динларида ҳаддан ошиб кетдилар. Аллоҳнинг бандаси ва Пайғамбари Ийсо алайҳиссаломни, «Аллоҳнинг ўғли» дедилар. Сўнгра, Аллоҳ уч аслдан–ота, ўғил ва муқаддас руҳдан иборатдир, деб даъво қилдилар. Шунингдек, Биби Марямни ҳам илоҳлик даражасига кўтардилар. Худонинг табиати ҳақида битмас-туганмас ихтилофларга тушдилар. Охири келиб, ўзлари ҳам тушуниб етмайдиган ақийдавий машмашаларга гирифтор бўлдилар. Уларнинг ушбу ва шунга ўхшаш кўплаб ишлари динда ғулувга кетиш–ҳаддан ошиш эди.
Аллоҳ таоло «Моида» сурасида: «Сен: «Эй, аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошиб, ноҳақлик қилманг. Ва олдин ўзлари адашиб ва кўпчиликни адаштириб, тўғри йўлдан умуман чиққанларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг», деб айт», деган (77-оят).
Бу хитоб айнан ушбу оятлар тушаётган пайтдаги ва ундан кейинги даврлардаги аҳли китобларга қаратилгандир. Ушбу оятда улар аввал ўтган аждодларига, уларнинг ҳавойи нафсларига эргашмасликка даъват қилинмоқда. Улар ўзлари адашиб, бошқаларни ҳам адаштириб, оқибатда тўғри йўлдан бутунлай чиқиб кетган эдилар.
Динда ҳаддан ошишлик арабчада «ғулув» дейилишини айтган эдик. Ғулув–аслида динда бўлмаган нарсаларни ўзини яна ҳам диндорроқ, тақво-дорроқ кўрсатиш мақсадида динга киритишдир.
Мисол учун, насороларнинг Ийсо алайҳиссаломни улуғлашда ғулувга кетишлари–ҳаддан ошишлари у киши келтирган соф ақийданинг тамоман бузилиб кетишига сабаб бўлган. Бунга ўхшаш ишлар жуда ҳам кўп.
Шунинг учун ҳам, аҳли китобларни динларида ҳаддан ошиб, ноҳақлик қилмасликка даъват этишни Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга топширмоқда. Бу амр, яъни, динда ғулувга кетмаслик–ҳаддан ошмаслик амри мусулмонларга ҳам тегишлидир.
Юқоридаги икки оятда ғулув сўзи келиб, очиқдан-очиқ бу нарсадан қайтарилган. Шу билан бирга, Қуръони Каримда ғулувнинг лафзи эмас маъноси қораланган оятлар ҳам бор. Бу каби оятлар «Моида», «Тавба» ва «Каҳф» сураларида келган.
Ғулув Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ҳам қораланган сифатлардан биридир. Қуйидаги сатрларда ана шу маънода келган баъзи ривоятлар билан танишиб чиқишга ҳаракат қиламиз.
Имом Аҳмад, Ибн Хузайма ва Насаий Ибн   Аббос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Динда ғулувга кетишдан сақланинглар. Сизлардан олдингиларни динда ғулувга кетишдан бошқа нарса ҳалок қилган эмас», деганлар.
 Имом Муслим «Саҳиҳ»да ривоят қилган ҳадисда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ғулувга кетганлар ҳалок бўлдилар», дедилар. Уч марта айтдилар», дейилган.
Имом Абу Довуддан ривоят қилинадиган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўзингизга ўзингиз қийин қилманг. Аллоҳ сизга қийин қилиб қўяди. Бир қавм ўзига ўзи қийин қилганда, Аллоҳ уларга қийин қилиб қўйган. Ана, уларнинг қолдиқлари, кулбалар ва монастирларда. Роҳибликни ўзлари чиқариб олдилар», деганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, дин осондир. Кимки динда ашаддий бўлмоқчи бўлса, дин унга ғолиб келади. Бас, тўғри амалда бўлинглар, яқинлашиб юринглар, яхшилик башоратини беринглар. Саҳар чоғида, тушдан кейин ва кечанинг охирида ёрдам талаб қилинг», дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам динда чуқур кетиб, ашаддийлашиб ўзини қийнамасликка, ўртача иш тутиб, иложи борича камолга яқин бўлиш учун уринишга, доимо яхшилик башорати беришликка, қулай фурсатларни бой бермай, улардан фойдаланиб қолишга чақирмоқдалар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломни васф қилиб:
«Албатта, дин осондир», демоқдалар.
Яъни, дин аслида осонликдан иборатдир. Унинг барча таклифлари осондир. Унда ҳеч бир қийинчилик йўқдир.
Дарҳақиқат, Ислом осонликдан иборатдир. Унда ҳеч бир қийинчилик йўқдир. Инсончасига яшаш қасдида бўлган одам буни дарҳол тушуниб етади. Чунки, Ислом ҳақиқий инсонлар учун Ал-лоҳ томонидан юборилган кўрсатмалар тўпламидир. Инсончасига яшашни хоҳламаганлар учун эса, ҳамма инсоний таклифлар қийиндир. Чунки, чин инсон шарафини кўтариш чин инсон эмасларга муяссар бўлмас.
Шу билан бирга, Исломнинг осонлигига паст назар билан қараб, ўзича уни қийинлаштиришга уринганлар ҳам хато қиладилар.
«Кимки динда ашаддий бўлмоқчи бўлса, дин унга ғолиб келади».
Яъни, динда чуқур кетиб, ҳаддан ошиб, ўзича кўп амалларни қилиб шуҳрат топмоқчи бўлса, енгилиб қолади. Бундоқ одамлар бориб-бориб йўлдан чиқади. Йўлдан чиқиши турлича бўлиши мумкин.
Баъзилари, ортиқча уриниб, ўзини уринтириб қўйиб, кейин малол олиб, ҳамма нарсани ташлаб юборади.
Бошқалари эса, ашаддийлашиб, динда йўқ нарсаларни ҳам қилиб, бошқаларни ҳам шунга ундаб, ўзи ҳам адашади, ўзгаларни ҳам адаштиради. Ундоқ одамлардан диннинг ғолиб келишининг маъноси шудир.
«Бас, тўғри амалда бўлинглар».
Яъни, шариатда кўрсатилганича тўғри амал қилинг, ошириб ҳам юборманг, камайтириб ҳам қўйманг.
«Яқинлашиб юринглар».
Яъни, шариат кўрсатган чегарага яқинлашиб юринглар. Ундан чиқиб ҳам кетманглар, узоқда ҳам қолманглар.
«Яхшилик башоратини беринглар».
Яъни, доимо ишни яхшиликка йўйинглар. Доимо яхшиликдан гапиринглар, яхшилик гапларни гапиринглар ва яхшиликни кутинглар.
«Саҳар чоғида, тушдан кейин ва кечанинг охирида ёрдам талаб қилинг.»
Ушбу жумлада «ёрдам талаб қилинг» дегани, нафл ибодат қилинглар, деганидир. Доимо ибодат билан машғул бўлса, қийналиб кетади. Шунинг учун, орани узиб-узиб, дам олиш вақтларида қилинса, яхши бўлади, деган маънони англатади.
Ислом тўғрисида нотўғри тасаввур кўп. Бу тасаввурлар ичида энг кўп тарқалгани, Ислом шариати таклифларини оғир таклифлар, деб васф қилиш. Инсонни ортиқча таклифлар билан қийнаш, деб тушунишдир.
Ислом қийин дин, деганларга «Исломнинг нимаси қийин?!» деймиз. Бошқа динлар билан, динсизлик билан солиштириб кўринг, нимаси қийин?
Ақийда бобида, шаҳодат калимасини тил билан айтиб, дил билан тасдиқлаб қўйсанг бўлди, сен мусулмонсан. Ҳеч қандай бошқа нарсанинг кераги йўқ. Алоҳида жойга бориб, алоҳида маросим ўтказиб, чўқинтириш маросимида қилинадиган ишларнинг кераги йўқ. Ёки худосизлар фирқасига аъзо бўлиш учун низомномани ёдлаб, турли шахс ва идоралардан ўзининг ихлосли худосиз эканига қоғоз олиб, имтиҳондан ўтиб, саволларга жавоб бериб, етмай қолса пора бериб, аввал номзод бўлиб кейин аъзо бўлиш ҳам йўқ.
Исломнинг мусулмон жамияти аъзоларига юклаган таклифларида ҳам ҳеч қийинчилик йўқ. Уларнинг барчаси Аллоҳга ибодат бўлса ҳам, аслида мусулмоннинг ўз шахсига, оиласига, жамиятига ва бутун инсониятга фойда келтирадиган ишлардир.
Исломдаги ибодат маросимларини ўтказиш учун алоҳида жой, алоҳида кийим, турли асбоб-ускуна ёки воситачининг кераги йўқ. Ҳар ким хоҳлаган жойида, хоҳлаган кийимида, хоҳлаганича ибодат қилаверади. Исломий поклик ва сатри авратга риоя қилинса, бас
Исломда тавба қилмоқчи бўлган одам чин дилдан ўкиниб, тавба қилдим, деб айтиб, ўша гуноҳни қайта қилмай қўйса, бўлди. Бошқа динларга ўхшаб, алоҳида маросимнинг, воситачи–тавба қабул қилувчининг ва бадал тўлаб мағфират паттаси сотиб олишнинг кераги йўқ.
Ислом инсондан бирор нарсани таклиф қилган бўлса, уни ҳайвонлик даражасидан чин инсонлик даражасига кўтариш учун таклиф қилган, холос. Ислом ўз таклифлари билан инсонни фаришта даражасига кўтаришни кўзлаган эмас. Шунинг учун, Ислом таклифларини оғир деганлар, унга амал қилиш қийин деганлар инсоннинг ҳайвонлик даражасида қолишини ёқтирадиганлардир.
Ислом дини кишиларга оғирлик бўлишини, уларга тоқатларидан ташқари таклифлар юклатилишини хоҳламайди. Шунинг учун, ўз ихтиёри билан ғулувга кетиб, қўшимча ибодатни кўп қилишга уринадиган одамларни ҳам бу ишдан қайтаради.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
Васатия–ҳаёт йўли» китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Муносабат
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase