close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Тавҳид ва насронийлар

«Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан. Айт (эй Муҳаммад алайҳиссалом.): «У Аллоҳ ягонадир». Барча ҳожатларни сўрайдиган зотдир. Туғмаган ва туғилмаган. Ва унга ҳеч ким тенг ўхшаш бўлган эмас».[1]

«Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан. Айт (эй Муҳаммад алайҳиссалом.): «У Аллоҳ ягонадир». Барча ҳожатларни сўрайдиган зотдир. Туғмаган ва туғилмаган. Ва унга ҳеч ким тенг ўхшаш бўлган эмас».[1]

Миссионерлар бошчилигидаги насроний дин вакилларининг «Насроний дини тавҳид асосида барпо этилган», деб даъво қилишлари ҳаммага маълум бўлса керак. Лекин шундай бўлса-да, улар негадир учлик ақийдасига (троица) маҳкам ёпишиб, Худонинг уч ҳолатда мавжуд эканлигига иймон келтирадилар. Насроний черкови ўз қавмларини бу ақийдага ишонтиришга уриниб, «Инсон ақли уни англашга қодир эмас», дейди. Насронийлар бу гапларига ҳужжат қилиб, ўзлари муқаддас санаб келаётган «Инжил» аталмиш китобларини бизларга рўпара қиладилар:
«Шунинг учун бориб, барча халқлардан шогирд орттиринглар. Уларни Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ номи билан сувга чўмилтириб, иймонга киритинглар»[2].
Тарихчи олимларнинг гувоҳлик беришларича, Император Константин 325 йилларда Евсевий исмли епископга Инжилнинг нусхаларини кўпайтиришга буйруқ берган экан. Ўша Евсевий исмли епископ берган маълумотларга қараганда, мазкур Инжил ибораси ўша вақтларда «Шунинг учун бориб, барча халқлардан менинг номим ила шогирд орттиринглар»дан иборат экан. Ушбу иборанинг давомидаги қўшимчалар эса бирмунча кейин пайдо бўлганлиги ўз-ўзидан кўриниб турибди.
Яна насронийларнинг энг кўп мурожаат этадиган ибораси:
“Шундай қилиб [осмонда учтаси гувоҳлик беради: Ота, Калом ва Муқаддас Руҳ. Бу учови бир. Ерда ҳам] учтаси гувоҳлик беради: Руҳ, сув ва қон. Бу учови бир”.[3]
Бу оятнинг саҳиҳ эмаслиги аниқ бўлибгина қолмай, балки у соф тавҳид ақийдасига зиддир. «Осмонда учтаси гувоҳлик беради: Ота, Калом ва Муқаддас Руҳ. Бу учови бир» деган ибора тўрт юздан зиёд энг қадимги нусхаларда мутлақо учрамас экан. Ушбу иборалар фақат 15-16 асрларга оид юнон тилидаги иккита Инжилда мавжуд экан, холос. Инжилшунос олимлар мана шу инкор этиб бўлмайдиган далил асосида ушбу оятдаги иборанинг 15 ёки 16 асрларда “Инжил”га қўшиб қўйилганлиги ҳақида гувоҳлик берадилар.
Бу маълумот Ўзбек тилида чоп этилган «Инжил» китобида ҳам рад этилмайди. Китобхон учун тушунтириш бобида «квадрат қавслар […] ичида келтирилган гап бўлаклари Инжилнинг энг қадимий ва ишонарли қўлёзмаларида йўқ»лиги баён этилади. Шунга қарамасдан, асоссиз ва ишонарсиз бўлган иборанинг ҳеч чўчимасдан, китобнинг таржимасида илоҳий китоб мақомида нашр қилинишидан таажжубланади киши…
«Ўз қўллари билан китоб ёзиб, сўнгра уни озгина қийматга сотиш учун: «Бу китоб Аллоҳ хузиридан (келган)», дейдиган кимсаларга ҳалокат бўлғай, бас, ёзган нарсалари сабабли уларга ҳалокат бўлгай, топган фойдалари сабабли уларга ҳалокат бўлғай»[4].
Яна насронийлар Худонинг одам шаклида ер юзига тушганлигининг “исботи” сифатида Павелнинг Тимофейга юборган биринчи мактубига суянадилар. Аммо олимлар бу оят ҳақида бошқача фикрдалар. Хусусан, рус биродаримиз Али Вячеслав Полосин ўзининг “Аллоҳга элтувчи тўғри йўл” китобида шундай ёзади:
«...Ҳаворий Павелнинг Тимофейга йўллаган Биринчи мактубига суянадилар. Унда тўғридан-тўғри Худонинг одамга гавдаланиши ва бу ҳол Ийсо алайҳиссаломнинг мўъжизавий туғилиши ҳодисасида кўрилгани тўғрисида ёзилган. Аммо ҳатто Лопухиннинг православия назоратчилари томонидан расман ижозат берилган «Инжилнинг изоҳли луғати»да ҳам бу мактубга (3-бобнинг 16-оятига) у ёзилган даврдан 300 йил кейин иккита ҳарф қўшиб қўйилгани тан олинади. Қадимги битикда юнонча «ос» («который» – «қайсики») ёзуви бўлган ва матн қуйидагича кўринишда эди: «...великая благочестия тайна, которая открылась во плоти…» Константинополь патриархи Иоанн Златоуст IV аср охирларида «ос» сўзининг олдига «Те» ҳарфларини қўшиб қўяди ва «Теос» (Худо) сўзи пайдо бўлади. Натижада ҳозирда ўқилаётган маъно келиб чиқади: «…великая блогочестия тайна: Бог явился во плоти…» Ҳаворий Павелнинг вафотидан 300 йил кейин пайдо бўлган айни мана шу матнни насронийлар Иброҳим алайҳиссаломнинг яккахудолик динида хаёлга ҳам келмайдиган «боговоплощение» («Худонинг инсон бўлиб гавдаланиши») ғоясининг энг асосий далили сифатида келтиришади»[5].
“Троица – Христианлар тасаввурига кўра, Худонинг уч қиёфаси: ота – худо, ўғил – худо, ва муқаддас руҳ – худо. Худонинг уч қиёфа ёки ипостасда мавжудлигига эътиқод 381 йили Константинополда бўлиб ўтган черков соборида ақийда тарзида расмийлаштирилган. Христиан черкови ўз қавмларини бу ақийдага ишонтиришга уриниб, «Инсон ақли уни англашга қодир эмас, бу эса ақийданинг ғайритабиийлигини тасдиқлайди», деб уқтиради. Ҳақиқатда эса илоҳий троица ҳақидаги тасаввурлар жуда қадимги даврда шаклланган. Қадимги Миср (Осирис, Исида, Гор), Қадимги Ҳиндистон (Брахма, Вишну, Шива), Бобил (Ану, Эа, Бел) динлари ва бошқа динларда ҳам троица мавжуд бўлган...”[6].
«Аллоҳнинг бизга берган тавфиқ ҳидояти билан Унга эътиқод қилган ҳолда Аллоҳнинг тавҳиди тўғрисида айтамиз: Албатта, Аллоҳ якка, ёлғиз, Унинг шериги йўқ. Унга ўхшаш бирор нарса йўқ. Ундан бошқа бирор илоҳ йўқ. Ибтидосиз қадимдир, интиҳосиз доимдир. У фоний бўлмас ва йўқ бўлмас. У хоҳлаган нарсаларгина бўлади. Ваҳмлар (гумонлар) Унга етолмас ва фаҳмлар (илмлар) Уни идрок этмас. Халқлар Унга ўхшамас. У тирикдир, ўлмас, қойюмдир, ухламас.[7]
Маълум бўлишича, насроний дини эътиқодининг асли асоссиз экан. Уларнинг ўта муҳим масала ҳисобланмиш тавҳид тушунчасида адашиб кетганликларига ачинамиз, Аллоҳ таолодан ҳидоят сўраймиз. Имконимиз борича уларни огоҳ этишда бардавом бўламиз. Ийсо алайҳиссаломнинг “Инжил”да айтган гапларининг баъзиларини уларга эслатиб ўтамиз:
«Тингла, эй Исроил! Роббимиз бўлган Худованд ягона Худованддир»[8];
«Шунда Ийсо: «Йўқол кўзимдан, шайтон! Чунки Тавротда «Роббинг – Худовандга сажда қил, биргина Унга итоатда бўл», деб ёзилган», дейди» [9];
«Абадий ҳаёт эса Сени – танҳо Ҳақ Худони ҳамда Сен юборган Ийсо Масиҳни таниб-билишдан иборатдир»[10];
« - Яхши гапирдинг, Устоз, - деди уламо Ийсога. - Худо ягона, ундан бошқа худо йўқ, деб тўғри айтдинг»[11].
Ийсо алайҳиссалом «Худо ягона», деб турсалар-у, черков руҳонийлари «Худонинг уч қиёфаси – ота – худо, ўғил – худо, ва муқаддас руҳ – худо» деб туришса!
Ачинарлиси шуки, насронийлар Ийсо алайҳиссаломнинг сўзларига итоат қилмасдан, аллақандай сохта устозларнинг гапларига алданганлар. Наҳотки, Аллоҳ таолонинг ҳақ Пайғамбари бўлмиш Ийсо алайҳиссалом даъват этган таълимотдан кўра сохта устозларнинг сохта фатволари устун бўлса?!
«Албатта, Аллоҳ Масиҳ ибн Марямдир, – деганлар кофир бўлдилар. Масиҳ ибн Марям эса: «Менинг Роббим ва сизнинг Роббингиз (бўлган) Аллоҳга ибодат қилинг. Ким Аллоҳга ширк келтирса, албатта, унга жаннатни ҳаром қилди ва унинг турар жойи дўзах бўлади. Ва золимларга нусрат бергувчилар йўқдир» деди[12].
Сохта устозлар ўзлари адашганлари етмаганидек, кўпчилик оломонни ўзларининг орқаларидан жар ёқасига олиб борганлар. Мана, энди улар бизнинг миллатга ҳам ҳамла қилмоқдалар. Улар Аллоҳ таолонинг ҳақ Пайғамбари ва қули бўлмиш Ийсо алайҳиссаломни Робб даражасига кўтарганликлари рост ва уни Роббий деб атаганликлари ҳам ҳақиқатдир. “Инжил”да мазкур масала юзасидан насороларнинг зарарига ҳужжат бўладиган оятлар мавжуд эканлиги жуда қизиқарлидир.
«Қиёмат кунида кўплар менга «Ё Роббий, ё Роббий, бизлар Сенинг номинг билан башорат қилмадикми? Сенинг номинг билан жинларни қувиб чиқармадикми? Сенинг номинг билан кўпгина мўъжизалар яратмадикми?» дейдилар. Ўша вақтда Мен уларнинг юзига қараб: Мен сизларни ҳеч қачон таниган эмасман, эй бадкирдорлар, менинг олдимдан кетинглар!» дейман»[13].
Нақадар ачинарли ва нақадар кулгили ҳолат! Бу дунёда Ийсо алайҳиссаломни Робб қилиб олиб, унинг номи ила ҳар хил ишлар қилиб, охиратда шарманда бўлиш!..
Наҳотки, ушбу сиз эътиқод қилаётган «Инжил» сизнинг зарарингизга хизмат қилувчи ҳужжат бўлса-ю, сиз гўё ҳеч нарсани билмагандек, ҳаётингизни бир маромда давом эттираверсангиз. Нега ақл кўзларини очмайсиз, ахир? Нега Ийсо алайҳиссаломни Робб қилиб олгансиз? Ахир Ийсо алайҳиссаломдан олдин келган барча пайғамбарлар ҳам ўз умматларини якка Аллоҳга ибодат қилишга даъват этганликларини яхши биласизлар-ку! Улуғ пайғамбарлардан Иброҳим алайҳиссалом, Мусо алайҳиссалом ва бошқа Аллоҳнинг элчилари Ийсо алайҳиссаломга ибодат қилмаганлар-ку? Аксинча, улар бутун оламларни яратган Аллоҳга – Ҳақ субҳанаҳу ва таолога ибодат қилганлар-ку! Ийсо алайҳиссалом ҳам Бани Исроилни ўзларига эмас, ягона Аллоҳга ибодат қилмоққа даъват этганлар-ку! Шу нарсанинг ўзи сизлар учун очиқ ҳужжат эмасми?
«Шу маҳал бир киши Ийсонинг ёнига келиб:
–Валинеъмат Устозим! Абадий ҳаёт насиб бўлиши учун қандай савобли иш қилмоғим лозим?» – деб сўради. Ийсо унга деди:
–Нега сен Мендан савобли иш ҳақида сўраяпсан? Биргина Худодан бошқа ҳеч ким савоб эгаси эмас. Агар боқий ҳаётга эришмоқ истасанг, илоҳий амрларга риоя қил»[14]. Яъни Ийсо алайҳиссалом аниқ қилиб «Мен Худо эмасман, биргина Худодан бошқа ҳеч ким савоб эгаси эмас», демоқдалар. Минг афсуски, сохта устозлар Ийсо алайҳиссаломнинг бу гапларини ҳам эътиборга олмадилар, уни ўзларига Худо қилиб олдилар ва «Инсон илоҳий амрларга риоя қилмаса ҳам нажот топади», деб, Ийсо алайҳиссаломнинг амрларини ва муборак йўлларини буздилар.
«Эй, аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошманг ва Аллоҳ ҳақида ҳақдан бошқани айтманг. Албатта, Масийҳ Ийсо ибн Марям Аллоҳнинг Пайғамбари, Марямга илқо қилган калимаси ва Ундан бўлган руҳдир. Бас, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига иймон келтиринг. Уни учта деманг. Тўхтанг, ўзингизга яхши бўлади. Албатта, Аллоҳ ягона илоҳдир, ўзга эмас. У Ўзининг боласи бўлишидан пок бўлди. Осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар Уникидир. Вакилликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур»[15].
«Ислом дини инсониятнинг ақидасини тўғри йўлга солиш учун келган. Бу ўринда, ушбу оят насороларнинг ақидасини тўғриламоқда. Маълумки, насроний дини янгилиги вақтида ақида тўғри бўлган. Лекин замон ўтиши билан бу ақида аста-секин бузила борган. Милодий олтинчи асрга келиб, Рим императорларининг тазйиқи остида насроний ақидаси тамоман бузилиб бўлган эди. Насоролар ўз динларида ҳаддан ошиб кетдилар. Аллоҳнинг бандаси ва Пайғамбари Ийсо алайҳиссаломни Аллоҳнинг ўғли, дедилар. Сўнгра «Аллоҳ уч аслдан – ота, ўғил ва муқаддас руҳдан иборатдир», деб даъво қилдилар. Шунингдек, Биби Марямни ҳам илоҳлик даражасига кўтардилар. Худонинг табиати ҳақида битмас-туганмас ихтилофларга тушдилар. Охири келиб, ўзлари ҳам тушуниб етмайдиган ақийдавий машмашаларга гирифтор бўлдилар. Уларнинг ушбу ва шунга ўхшаш кўплаб ишлари динда ғулувга кетиш – ҳаддан ошиш эди...»[16]
Насроний дини вакилларининг эътиқодига кўра, Ийсо Масиҳ инсон эмас, аксинча, у ер юзига инсон қиёфасида тушган Худодир. Шунга қарамасдан, Ийсо Масиҳ бутун оламлар Худосими ёки бошқами, «Инжил» китоби билан бошдан-оёқ танишиб чиққан одам буни тушуна олмайди. “Инжил”нинг бирон жойида ҳам Ийсо Масиҳ аниқ қилиб, Худо деб аталмаган. Шунга қарамасдан, насоролар Ийсо алайҳиссаломни Худо деб, ҳатто Худонинг ўғли деб ҳам атайдилар. Маттода 32 марта, Маркда 15 марта, Лукада 22 марта, Юҳаннода эса 12 марта Ийсо алайҳиссаломга нисбатан «инсон ўғли» деган ибора ишлатилган. Ҳаммасида бу сўзлар Ийсо алайҳиссаломнинг ўзларининг тилларидан баён этилган. Хушхабарчилар ҳаммаси бўлиб 70 мартадан зиёд ўринда «Ийсо – инсон ўғли» деса-ю, черков руҳонийлари уларнинг бу гапларига ҳам эътибор бермасалар...
Маълумки, Ийсо алайҳиссалом оромий тилда даъват қилганлар, бу тил иброний тилга яқин тил бўлиб, ўша вақтдаги кўпчилик яҳудийларнинг ўзаро сўзлашув тиллари эди. Энг эски «Инжил» ҳам, яъни Матто баён этган хушхабар (номаълум вариант) ва бошқа апокриф асарлар ҳам шу тилда ёзилганлиги ҳақида тахминлар бор. Лекин бу тилда ёзилган бирорта ҳам «Инжил» ҳозирда сақланиб қолмаган, фақат ушбу китобларнинг эски юнонча таржималари қолган, холос. Таржималарнинг нуқсонлари ва уларнинг ким томонидан таржима қилинганлиги ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Хуллас, «Худонинг ўғли» ибораси оромий тилида «абд Иеҳова» бўлиб, бу сўзнинг арабчаси абд Аллоҳ, яъни Худонинг қули маъносини берган. Лекин китоб юнончага таржима қилинганида бу иборага юнонча «pias» калимаси ишлатилган экан, яъни маъноси қул ёки ўғлон деб тушунилган. Вақт ўтиши билан қадимги дунёнинг ботил динлари ва Ийсо алайҳиссалом рисолатларининг чатишиши оқибатида «Худонинг ўғли» ибораси асосий ўринга чиқиб қолган.
Янги аҳдда шундай ўринлар ҳам борки, уларда Ота ва Ўғил бир қилиб кўрсатилган: «Мен ва Отам – бирмиз»[17] ва шу бобнинг 38 оятида «Отам Менда ва Мен Отамда эканимизни англаб, иймонингизни комил қилинглар»[18].
Шунга қарамасдан, “Инжил”да Худо алоҳида, ўғил алоҳида қилиб кўрсатилган ўринлар кўп. Бир ўринда «Ийсо: «Мен Отамда ҳозирман, Отам эса Менда ҳозир»[19] дейилса, бошқа бир жойда «Ийсо: «Зеро, Отам Мендан улуғдир»[20] деб,  Худонинг алоҳида улуғ Зот эканлиги таъкидланади. Яна бошқа бир ўринда эса «Бироқ Мен ёлғиз эмасман, чунки Отам Мен биландир»[21] дейилган. «Мен биландир» ибораси «менда эмас»лигини англатади. «Мен ёлғиз эмасман» ибораси ҳам Худо алоҳида Зот, Ийсо эса алоҳида зот эканлигини исботлайди.
Ийсо алайҳиссаломнинг Худо ҳақида берган гувоҳликлари ҳам қизиқарлидир. Ийсо: “Мен ўз-ўзимдан ҳеч нарса қилолмайман. Қандай эшитсам, шундай ҳукм қиламан ва Менинг ҳукмим ҳаққонийдир. Чунки мен ўз иродамни эмас, балки Мени юборган Отамнинг иродасини бажо келтиришни истайман” [22]. Ийсо алайҳиссалом “Мени юборган Отамнинг иродасини” деб, ўзларининг юборилган элчи эканликларини, “Мен ўз иродамни эмас, балки Мени юборган Отамнинг иродасини» деб, Аллоҳ буюрган иродани бажо келтиришни исташларини айтяптилар.
«Ота» калимаси яҳудий тилларидан таржима қилинаётганда ўзгартириб таржима қилинган бўлиши ҳам мумкин. Биродаримиз Байматовнинг фикрича:
“Сомий халқлар гуруҳига кирувчи тилларда, мисол учун, араб тилида “Роббун” калимаси бир неча маънони англатади: биринчиси – Парвардигор, иккинчиси – хўжайин, соҳиб, учинчиси – тарбиячи. Таржимон уларни ўзи билганича таржима қилиши мумкин, лекин араблар ва яҳудийлар бу калиманинг ҳақиқий маъносини яхши биладилар. Улар Ийсо алайҳиссаломни пайғамбар, устоз деб билганлар. Ийсо алайҳиссаломнинг ўзлари ҳам ўзларини «инсоннинг ўғли» деб атаганлар. Шубҳасиз, Ийсо алайҳиссаломнинг ўзларини «Инсон қиёфасидаги худо» деб аташлари ёт эди”.
Аҳмад Дидат эса: «..Ҳа, ҳақиқатан ҳам Аллоҳ таолонинг тўқсон тўққизта гўзал исми бор. Араб тилида Парвардигор (Робб) исмини айтишдан кўра Ота (аб) исмини айтиш осон эканлигига қарамай, уларнинг орасида Ота деган исм йўқ. Бунга сабаб нима экан? Сабаб – инсонларни ҳар хил адашган, ботил фикрлардан сақлаш учундир...» деганлар.
Баъзи бир черков руҳонийлари ҳийла ишлатиб, «Худо ер юзида ўзининг худолик сифати билан эмас, балки одам сифати билан фаолият кўрсатган, яъни худо инсон қиёфасида ерга тушган. Ахир у ҳамма нарсага қодир-ку», дейдилар. Бу билан улар тавҳидга ҳеч қандай путур етмаслигини исботламоқчи бўладилар.
Ийсо алайҳиссалом «Сизларга ростини айтайин: қул ўзининг хўжайинидан юқори турмас, элчи ҳам уни юборгандан улуғ бўлмас. Агар гапимни уққан бўлсангиз, бунга амал қилинглар ва бахтли бўласизлар!»[23] яъни «Мен ўзимни элчи қилиб юборган Зотдан улуғ эмасман», десалар-да, насроний динининг «уламолари» «Ийсо худодир», деган фикрларида қатъий туриб оладилар. Агар Ийсо худо бўлса, у ўзини ўзига элчи қилиб юборган бўладими?
“Инжил”даги «Роббимиз Ийсо шогирдларига ушбуларни тайинлаб бўлгач, осмонга кўтарилди ва Худонинг ўнг томонига ўтирди»[24] деган ибора уларнинг даъволари саробдан бошқа нарса эмаслигини кўрсатибгина қолмасдан, балки уларнинг қаттиқ адашаётганликларини ҳам исботлайди. Чунки уларнинг ақийдаларига кўра, Ийсо алайҳиссалом осмонга кўтарилгач, Худо билан қўшилиб кетиши керак эди. Қўшилмасдан, абадий Худонинг ўнг томонига ўтирса, Худо иккита бўлиб қолади-ку. Ахир бу Аллоҳ таоло лаънатлаган кўпхудолик эмасми? Муқаддас Руҳнинг борлигини ҳам ҳисобга оладиган бўлсак, масала яна ҳам ечиб бўлмайдиган тусга киради.
«Иблис Ийсони яна жуда баланд тоққа олиб чиқиб кетди. Дунёнинг барча салтанатларини ҳамда уларнинг ҳашаматини Унга кўрсатиб:
–Агар тиз чўкиб, менга сажда қилсанг, буларнинг ҳаммасини Сенга бераман, – деди. Шунда Ийсо:
–Йўқол кўзимдан, шайтон! Чунки Тавротда «Роббинг – Худовандга сажда қил, биргина Унга итоатда бўл», деб ёзилган, – деди»[25].
Бу жумлалар ҳам Ийсо алайҳиссаломнинг Худо эмаслигини яққол кўрсатиб турибди. Агар у зот насронийлар айтмоқчи, худо бўлганларида, шайтон келиб, Худони васваса қилиб, унга «дунёнинг барча салтанатларини ҳамда уларнинг ҳашаматини» ваъда қилармиди? Аксинча, Ийсо алайҳиссалом ўз оғизлари билан «Роббинг Худовандга сажда қил, биргина Унга итоатда бўл» деб турибдилар-ку.
...Яна насоролар “Бизлар муваҳҳидларнинг пешволаримиз. Бизлар ширкка даъват этмаяпмиз. Бизлар Худони бир деб биламиз”, дейдилар. Амалда эса ҳар хил иконаларга (тасвирларга), Ийсога, Марямга, ҳаворийлар ва бошқа авлиёларнинг ҳайкалчаларига, ҳар хил маълум ва номаълум авлиёларнинг қабрларига ибодат қилаётганликларининг, бўйинларига хочларни тақиб олиб, шу хочнинг турли балолардан сақлашига иймон келтириб, маст қилувчи ичимликларни ичиб, чўчқа гўштини тановул қилиб олиб, аёлларини рашк қилмасдан, ярим-яланғоч юришларига бемалол йўл қўйиб беришларининг гувоҳи бўламиз. Яна «Биз Ийсо алайҳиссаломнинг йўлларидамиз», дейдилар! Уят борми ўзи?
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилдилар:
«Жоним қўлида бўлган Зот ҳаққи, яқин (келажакда) Марям ўғли (Ийсо алайҳиссалом икки фариштанинг қанотларига икки кафтларини қўйган ҳолда менинг шариатим бўйича одилона ҳукм юритиш учун осмондан ораларингизга, Дамашқнинг шарқроғидаги оқ минора яқинига) тушадилар-да, хочни синдириб, тўнғизни (чўчқани) ўлдирадилар (яъни, хочларни ва тўнғизларни йўқ қилмоқни амр қиладилар). Кейин (зиммийларнинг бўйнидаги) жизяни (яъни жон солиғини) бекор қиладилар.
(Жобир разияллоҳу анҳу: “Ийсо алайҳиссалом жизяни бекор қиладилар, чунки барча одамлар Исломни қабул қилиб, мусулмон бўлгач, бунга эҳтиёж қолмайди”, дейдилар.
Имом Нававий: «Тўғриси, Ийсо алайҳиссалом Исломни қабул қилишидан бошқасини қабул қилмайдилар. Шариатимизда жизянинг қабул қилиниши Ийсо алайҳиссалом тушишларигачадир», дейдилар.[26]
...Сўнг, мол-дунё (шу қадар) кўпайиб кетадики, ҳатто (бирор нарса берсанг, қадри йўқлигидан) ҳеч ким олмайди ва ҳатто бир сажда бутун дунё ва ундаги барча нарсалардан афзал бўлиб қолади” (“Чунки Ер юзида адолат ўрнатилиб, зулм маҳв бўлгач, Аллоҳ таолонинг баракотидан барча бениҳоят бойиб кетади», дейдилар Нававий)[27].
Хушхабарнинг «Ҳаворийлар» бобида бир қизиқ воқеа бор. Кўпчилик насроний биродарларимиз ундан ибрат олсалар бўларди:
“Листра шаҳрида бир чўлоқ киши ерда ўтирар эди. У туғма майиб бўлиб, умрида асло юрмаган эди. У Павелнинг айтаётган сўзларини тинглар экан, Павел унга кўз тикиб, дарддан халос бўлиши учун иймони борлигини пайқади. Овозини баланд қилиб:
–Роббим Ийсо Масиҳ номидан сенга айтаман: оёғингда тикка тур! – деди. У киши ўша заҳоти ўрнидан ирғиб турди-да, юра бошлади.
Халойиқ Павел қилган ишни кўриб, Ликаония тилида баралла:
–Тангрилар одам қиёфасида олдимизга тушибди! – деб бақира кетишди. Барнабони Зевс, Павелни эса нотиқ бўлгани учун Ҳермес дейишди. Шаҳарнинг ташқарисидаги Зевс маъбадининг коҳини эса шаҳар дарвозаларига хўкизларни ва гулчамбарларни олиб келиб, халойиқ билан бирга қурбонлик келтирмоқчи бўлди.
Ҳаворийлар Барнабо ва Павел буни эшитгач, кийимларини йиртганча, ўзларини халойиқнинг орасига отиб: «Эрлар! – деб бақиришди. – Нима учун бу ишларни қиляпсизлар? Биз ҳам сизларга ўхшаган инсонмиз! Сизлар бу сохта тангриларга топинишдан қайтиб, ер, осмон, денгиз ва ундаги ҳамма нарсани яратган барҳаёт Худога илтижо қилинглар. Мана, биз сизларга етказаётган Хушхабаримиз шу”[28]
Насронийлар ҳам Ийсо алайҳиссаломга нисбатан худди Листра шаҳри аҳолиси Барнабо ва Павелга қилган муносабатни қилганларини жуда яхши билиб туриб, нима учун Ийсо алайҳиссаломни ўзингизга худо қилиб олгансизлар?

Абу Муслимнинг
"Миссионерлар ҳамласи" китобидан



 
--------------

[1] «Ихлос» сураси
[2] Матто, 28,19
[3] Биринчи Юҳанно, 5-боб, 7-8 оятлар
[4] «Бақара» сураси, 79-оят
[5] Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон таржимаси «Ҳидоят» ойномаси, 2003 йил, 4-сон, 8-бет
[6] Энциклопедик луғатдан
[7] “Таҳовий ақийдаси” китобидан
[8] Марк-12,29
[9] Матто-4,10
[10] Юҳанно-17,3
[11] Марк-12,32
[12] «Моида» сураси, 72-оят
[13] Матто-7,22-23
[14] Матто-19,16-17
[15] «Нисо» сураси, 171-оят, «Тафсири Ҳилол»
[16] “Тафсири ҳилол”
[17] Юҳанно 10, 30
[18] Юҳанно-10, 38
[19] Юҳанно-14, 10
[20] Юҳанно-14,28
[21] Юҳанно-16,32
[22] Юҳанно 5-30
[23] Юҳанно-13,16-17
[24] Марк-16,19
[25] Матто-4,8-10
[26] Фатҳул Борий – 6-жилд, 609-бет
[27] Ал-жомиъ ас-саҳиҳ. Имоми Бухорий 2-жилд, 445-446-бетлар
[28] Ҳаворийлар-14,8-15

 

 

 

 

Мақола жойлаштирилган бўлим: Миссионерлар
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase