Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форумида сўзлаган нутқида Ғазодаги вазиятдан хавотир билдирди, деб хабар беради Kazinform агентлиги.
“ХХІ асрда кўз ўнгимизда кўплаб бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлаётганини ҳеч қандай сабаб ёки вазият оқлай олмайди. Бу можаронинг ягона ечими – БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқ талаблари асосида адолатли ҳал этишдир. Фаластин халқи ўз мустақил давлатига эга бўлиш ҳуқуқига эга”, – деди Ш. Мирзиёев.
Ўзбекистон Президенти, шунингдек, Украинадаги вазият юзасидан бошланган музокаралар ўз натижасини беришига ишонч билдирди.
“Украина атрофидаги вазиятни фақат дипломатик йўллар билан ҳал қилиш керак. Шу билан бирга, Ўзбекистон томони Россия ва Украина ўртасида бошланган музокараларни олқишлайди”, – деди Президент.
Шавкат Мирзиёев минтақадаги вазият ҳақида гапирар экан, Афғонистондаги вазиятга эътибор қаратди. Унинг қайд этишича, расмий Кобулни халқаро майдондан ажратиб бўлмайди.
“Биз ушбу мамлакатнинг амалдаги расмийлари билан конструктив мулоқот олиб бориш ва Афғонистоннинг яккаланиб қолишига йўл қўймасликни ниҳоятда муҳим деб биламиз. Бу юртда тинчлик ўрнатилиши, унинг иқтисодий юксалиши барча қўшни давлатларнинг узоқ муддатли ривожланиши учун зарур омилдир”, – деди у.
Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, бугунги кунда халқаро ҳуқуқ нормалари, дипломатиянинг кучи заифлаша бошлаган. Ўзбекистон раҳбари инсоният учун муҳим масалалар орқада қолиб, давлатлар қуролланишга ўтганини таъкидлади.
“Дунёда қуролланиш жараёни яна кучайди. Масалан, 2010 йилдан буён йирик давлатларнинг ҳарбий харажатлари 1,5 баробар ошиб, 2,5 триллион долларга етди. Шу билан бирга, жаҳон ялпи ички маҳсулотининг ўсиши кетма-кет учинчи йил пасайиб бормоқда”, – деди Ўзбекистон Президенти.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Ўзбекистон пойтахтида Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтмоқда. Тадбирда 3 мингдан ортиқ хорижлик арбоблар иштирок этмоқда. Бир неча соат аввал Қозоқистон Бош вазири Олжас Бектенов Ўзбекистонга амалий ташриф билан борди ва форумда нутқ сўзлади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Қозоғистон Республикаси Бош вазири Олжас Бектеновни қабул қилди.
Абу Муслим