2025 йил 1 июн куни Ғазога инсонпарварлик ёрдами етказиш мақсадида йўлга чиққан "Мадлин" кемасига Исроил ҳарбий кучлари томонидан халқаро сувларда ҳужум уюштирилди. Кема Ғазо соҳилидан 185 километр узоқликда тўхтатилди. Кема бортида иккита турк фаоли ҳам бўлган 12 нафар инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бор эди. Улар Исроил армияси томонидан куч билан ушланди ва алоҳида камераларга жойлаштирилди. Маълумотларга кўра, Исроил аскарлари кемага ҳужумдан олдин номаълум оқ рангли кимёвий модда сочган, бу модда фаолларнинг кўзларидан ёш оқизган.
Кемада бўлган фаоллардан бири — Ясемин Акарнинг маълум қилишича, ушбу кимёвий модда унинг кўзларига қаттиқ таъсир қилган. Шундан сўнг Исроил аскарлари кемага босқин уюштириб, телефонларни ўчиришни талаб қилган ва кемани Ашдод портига олиб кетишган. Исроил Мудофаа вазири Исраэл Кац фаолларга 2023 йил 7 октябрдаги воқеаларга оид видеоматериаллар кўрсатилишини айтди.
Исроил Ташқи ишлар вазирлиги эса фаолларнинг асосий мақсади “жамоатчилик эътиборини тортиш” эканини таъкидлаб, “селфи яхтаси” деб атаган ушбу кема хавфсиз равишда Исроилга етказилганини, йўловчилар тез орада ўз юртларига қайтарилишини маълум қилди. Бироқ Исроил матбуотида тарқалган хабарларга кўра, фаоллар Рамла шаҳридаги Гивон қамоқхонасида алоҳида камераларга жойлаштирилиши, уларга қамоқ либослари кийгизилиши ва ҳар қандай алоқа воситаларидан маҳрум қилиниши режалаштирилган.
Бу воқеадан сўнг Тунисдан ҳам “Мағриб Қаршилиги Конвойи” деб номланган ташаббус доирасида янги инсонпарварлик ҳаракати бошланди. Мавритания, Марокаш, Жазоир ва Тунисдан юзлаб фаоллар иштирокидаги 12 та автобус ва 100 дан ортиқ машинадан иборат конвой Қоҳирада жамланиб, Ариш шаҳри орқали Рафаҳ чегара пунктига 50 километрлик пиёда юришни режалаштирмоқда.
Кемадаги фаолларнинг қўлга олиниши дунёнинг турли мамлакатларида, жумладан Франция ва Италияда Исроилга қарши оммавий намойишларга сабаб бўлди. Намойишчилар “Флотга эркинлик” ва “Ғазога қўйилган блокадани тугатинг” каби шиорлар билан чиқиш қилди.
Туркия, Франция, Испания ва бошқа кўплаб давлатлар Исроилнинг ушбу хатти-ҳаракатини кескин қоралади. Франция ҳукумати Исроилдан ушланган фаолларни имкони борича тез ватандошлари сифатида фуқаролик ҳуқуқлари кафолати билан озод этишни талаб қилди.
Испания Ташқи ишлар вазирлиги эса Исроилдаги элчихона дипломатини чақириб, кемадаги испан ватандоши ва унинг оиласи билан алоқада эканини маълум қилди.
Кипр Турк Республикаси Президенти Эрсин Татар ҳам ушбу ҳужумни қоралади. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳужумни "халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан қароқчилик" деб атади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Фаластин бўйича махсус маърузачиси Франческа Албанезе эса "Мадлин" кемасининг озод қилиниши ва Ғазога қўйилган блокаданинг тугатилишини талаб қилди.
Эслатиб ўтамиз:
Газа сектори 2007 йилдан бери доимий равишда блокада остида яшаб келмоқда. Бу блокаданинг бошланиши Ҳамас ҳаракати 2006 йилги сайловларда ғалаба қозониб, 2007 йилда Ғазо секторида ҳокимиятни қўлга олганидан сўнг юз берди. Шу пайтдан бошлаб Исроил ва Миср томонидан Ғазо чекловга олинди. Бу чекловлар иқтисодий, ижтимоий ва инсонпарварлик соҳаларида жуда қаттиқ таъсир кўрсатди.
Исроил ҳукумати Ғазога кириб келадиган товарлар, ёқилғи, электр энергияси ва ҳатто айрим дори-дармонларнинг олиб кирилишини жиддий тарзда чеклади. Миср эса Ғазони жаҳонга боғлайдиган Рафаҳ чегара ўтказиш пунктини кўп вақтлар ёпиқ ҳолда сақлади.
2023 йил 7 октябрда Ҳамас томонидан Исроилга қарши кенг кўламли ҳарбий ҳужум амалга оширилганидан сўнг, Исроил ҳукумати Ғазо секторини “тўлиқ блокада”га олди. Бу ҳақда 9 октябрда расман эълон қилинди. Бу янги босқичда Исроил фақат товарларни эмас, балки озиқ-овқат, сув, ёқилғи, электр энергияси ва дори-дармонларни ҳам бутунлай тўхтатди. Исроил мудофаа вазири буни "Ғазо энди сув, электр, озиқ-овқат ололмайди" деб баён қилган эди.
Шунингдек, халқаро ташкилотлар, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Қизил Хоч жамиятлари бу тўлиқ блокаданинг инсонпарварлик инқирозини янада кучайтириши ҳақида жиддий огоҳлантиришлар беришди. 21 октябрдан бошлаб АҚШ ва халқаро ташкилотлар аралашуви натижасида айрим гуманитар ёрдам юклари чекланган ва оз миқдорда, яъни номига Ғазога киритила бошланди. Бироқ, бу ёрдам сектор аҳолисининг асосий эҳтиёжларини қоплаш учун мутлақо етарли эмас эди.
2025 йил 2 мартдан эса вазият янада оғирлашди. Исроил томони томонидан барча турдаги ёрдам ва таъминотнинг бутунлай тўхтатилиши эълон қилинди. Бу эса блокаданинг энг оғир ва қаттиқ босқичи бўлди. Ғазо аҳолиси бу пайтда сув, озиқ-овқат, дори-дармон, ҳатто қувват манбаидан бутунлай узилган ҳолда яшашга мажбур бўлди.
Хулоса қилиб айтганда, Ғазо сектори 2007 йилдан бери давом этаётган блокадада яшамоқда. 2023 йилдаги ҳарбий можародан сўнг эса блокада энг қаттиқ босқичга кирди. Бу ҳолат нафақат минтақа, балки бутун дунё миқёсида инсонпарварлик инқирозини келтириб чиқарди.
Бу бутун дунё сукути фонида бўлмоқда. Исроилнинг жиноятларига ҳеч қандай босим бўлмаябди.
Абу Муслим (профессор)