close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Тавҳид ақийдасида вафот этган киши аниқ жаннатга киришига далил

Изоҳ: Имом Муслим мазкур бобда ўн бешта ҳадисни баён қилган.
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ эканлигини билган ҳолатда вафот этса, жаннатга киради», дедилар».

Изоҳ: Имом Муслим мазкур бобда ўн бешта ҳадисни баён қилган.
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ эканлигини билган ҳолатда вафот этса, жаннатга киради», дедилар».
Шарҳ: Абу Бакр ибн Абу Шайба Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳнинг устозидир. У машҳур имом ва «Мусаннафу Ибн Абу Шайба»нинг муаллифи ҳисобланади. Исмоил ибн Улайя ўзининг отаси Иброҳим томонга ҳам, онаси Улайя томонга ҳам нисбати берилган. Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳнинг ўта эҳтиёткорлигини мазкур ривоятда ҳам кўриш мумкин. Устозларидан бири Исмоил ибн Улайя, иккинчиси Исмоил ибн Иброҳим деган эди. Имом Муслим иккисини ҳам баён қилиб, фалон устозим Ибн Иброҳим деди, фалон устозим Ибн Улайя деди, деб келтирди. Бироқ шайх Исмоил ўзининг нисбатини онаси Улайя томонга берилишини хуш кўрмас эди.
Ҳадис санадидаги Холиднинг отасининг исми Меҳрон бўлган. Унинг куняси Абул Манозил бўлиб, унинг номига «Ал-Ҳаззо» лафзи қўшиб айтилар эди. Кейинги ривоятда айни шу ҳолат келган. Бундан «У этикдўз бўлса керак», деган хаёлга бориш мумкин. Бундай эмас. Балки у этикдўзлик билан машҳур бўлган бир кишининг олдида ўтирар эди. Шундан у ўзига «Ал-Ҳаззо» номини олган. Тобеъин-лардан Ҳумрон Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг озод қилган қулидир. Ўша вақтнинг қуллари ҳам муҳаддис бўлганлар. Ҳумроннинг отасининг исми Абон бўлган, яъни Ҳумрон ибн Абон. У Усмон розияллоҳу анҳудан ҳадис ривоят қилар эди.
(дахала ал-жаннат) «жаннатга киради», яъни бу бобда келган ҳадисларнинг барчаси «Ким калимаи шаҳодатни сидқи дилдан айтиб, тавҳидга иқрор бўлса, у жаннатга киради», деган мазмунни қамраб олган. Бу ерда ўтган замон сийғаси яқинни, яъни ишончни ва таъкидни ифодалаш учун қўлланилган, яъни улар жаннатга аниқ кирадилар. Бундай мазмундаги ҳадислардан «Ким вафот этар чоғида тавҳид ва калимаи шаҳодатда вафот этса, бундай шахс жаннатга киради» деган маъно чиқади. Баъзи ривоятларда: «Аллоҳ таоло унга дўзахнинг оловини ҳаром қилиб қўяди», дейилган. Баъзи ривоятларда: «Бундай кишиларни жаннатга киришидан ҳеч нарса тўсиб қолмайди», дейилади. Ва яна айрим ривоятларда: «Аллоҳ таоло бундай кишиларни жаннатнинг саккиз дарвозасининг қайси биридан киришни хоҳласа, ўшанисидан киритади», дейилган. Баъзи ривоятларда: «Аллоҳ таоло унга азоб бермайди», дейилган. Ва яна баъзи ривоятларда: «Бундай шахсга жаннат башоратини беринглар», дейилган. Айрим ривоятларда: «Бундай кишини дўзах олови емайди», дейилган.
Мазкур ривоятлардан бир неча мавзулар келиб чиқади. Улар ҳақида сўз юритишдан олдин тавҳидга тегишли гапларни айтиб ўтиш керак.

Тавҳиднинг таърифи
Мир Саййид Санад Шариф Журжоний раҳматуллоҳи алайҳ (716/1316) ўзининг «Китоб ат-таърифот» асарида «тавҳид» сўзининг луғавий ва истилоҳий таърифини бундай баён қилган:
«Тавҳид луғатда бирор нарсани ягона дейиш. Муҳаққиқлар истилоҳида унинг таърифи бундай: «Аллоҳ таолонинг зотини инсониятни фаҳми, зеҳни ва гумонини қуршаб олган нарсадан пок деб эътиқод қилиш. Тавҳиднинг ҳақиқати уч нарсани қамраб олган: Аллоҳ таолонинг Робблигини билиш; Аллоҳ таолонинг вахдониятига иқрор бўлиш; Барча ботил маъбудларни инкор қилиш.
Убай Моликий раҳматуллоҳи алайҳ тавҳиднинг ҳақиқатини бундай баён қилган:
«Қалбингни чулғаб олган барча нарсалардан Аллоҳ таоло ўзгачадир».
Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Ҳужжатуллоҳил болиға» асарида тавҳид борасида бундай деган: «Яхшиликлар ва ибодатларнинг илдизи ва асоси тавҳиддир. Аллоҳ таолонинг ҳузурида ожизлик васфи тавҳид билан боғлиқдир. Тавҳид сабабли инсон Аллоҳ таолонинг ғайбий низомига юзланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тавҳиднинг аҳамияти ҳақида «У барча ибодатларнинг қалби», деганлар. Тавҳид дуруст бўлса, қолган ибодатлар ҳам дуруст бўлади. Борди-ю, тавҳид фосид бўлса. қолган яхшиликлар ва амаллар ҳам фосид бўлади.
Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳ тавҳиднинг тўртта мартабаси бор деган:
1. Аллоҳ таолони вожибул вужуд деб билиб, бошқа ҳеч кимни вожибул вужуд деб билмаслик;
2. Аллоҳ таоло барча коинотнинг холиқи ва молики, деб эътироф этиш. Тавҳиднинг мазкур мартабаларини барча инсоният қабул килади. Жумладан, яҳудийлар, насронийлар ва араб мушриклари. Унда ҳеч ким бири иккинчиси билан ихтилоф қилмаган.
3. Осмону ер ва у иккиси ўртасидаги нарсаларнинг тадбирини қилувчи зот ягона Аллоҳ таолодир, деб билиш;
4. Аллоҳ таолодан ўзга бирор нарса ибодат қилинишга ҳақли эмас.
Мазкур икки сифатнинг бири иккинчисини доимо тақозо қилади. Инсонлар мазкур икки васфда ихтилоф қилганлар. Араб мушриклари ва бошқалар мазкур икки сифатга қарши чиққанлар («Ҳужжа-туллоҳил болига». - Б. 100).
(ва ҳува яъламу) иборасидан қатъий илм ва қалбдаги тасдиқ назарда тутилган. Бунда факатгина қалб маърифати етарли бўлмайди. Қалбий тасдиқ зоҳиру ботиннинг таслим бўлишини тақозо қилади. Қалбий тасдикдан кейин тил билан иқрор қилишга фурсат бўлмаса ёки фурсат бўлса-ю, бирок тезда тили билан иқрор қилол-маса, тил билан иқрор қилиш борасида илмга эга бўлмаса ёки тил билан иқрор қилишга қодир бўлмаса ёки бирор киши ундан тили билан иқрор қилишни талаб қилмаса ёки тили билан иқрор қилишдан олдин вафот этиб қолса, ушбу кўринишларнинг барчасида тили билан иқрор қилмагани учун унга ҳеч қандай зиён йўқ. Бундай суратдаги қалб тасдиғининг ўзи етарлидир. Мазкур ҳадисда муржиъийларга ўта қаттиқ раддия бор.
(ла илаҳа иллаллоҳ) «Аллохдан ўзга илоҳ йўқ» жумласи (Муҳаммадун Расулуллоҳ) жумласини тақозо қилади.
Мазкур икки жумла биргаликда айтилса маъноси тугал бўлади. Борди-ю, фақат У (ла илаҳа иллаллоҳ) айтилса, у    (Муҳаммадун Расулуллоҳ) жумласини, албатта, тақозо қилади.
(дахола ал-жанната) «жаннатга киради», яъни биринчи киришми ёки иккинчи киришми, бу ҳақида кейинги ҳадисда батафсил маълумот келади.
(маата) «ўлди». Бу жумланинг бироз шарҳи бор. Фараз қилинг, бир киши гуноҳ қилди ва ортидан калимаи шаҳодатни айтди. Бундай кишининг ҳукми қандай? Қози Иёз раҳматуллоҳи алайҳ бундай деган: «Бунда ихтилоф бор. Жумладан, муржиъийлар иймон билан маъсият таъсир қилмайди, дейдилар. Хорижийлар: «Маъсият зиён етказиб, уни диндан чиқаради», дейдилар. Мўътазилийлар эса: «Гуноҳи кабира қилган киши доимий дўзахда қолади, у на кофир ва на мусулмон бўлади», деганлар. Мутакаллимлардан ашъарийлар гуноҳи кабира қилган киши мусулмонлигича қолади. Аллоҳ таоло Узининг раҳмати билан уни авф этса, у дўзахга кирмайди. Борди-ю, қилган гуноҳига жазо тайин қилса, у абадий дўзахда қолмай гуноҳига яраша жазо олгандан сўнг у ердан чиқиб, жаннатга киради, дейдилар. Мазкур ҳадисда амаллар зикр қилинмагани учун мўътазила ва хорижийларга қарши далил бўлади».
Бу ҳадис зоҳирий эътибордан муржиъийларга далил бўлса ҳам, бироқ бу ерда «жаннатга киради», деган жумлада гуноҳига яраша жазосини олгандан кейин жаннатга киради, деган қайдни эътиборга олиш лозим. Шунда барча далиллар бир-бирига мувофиқ бўлади. «Ширк» ва «ибодат» сўзларининг таърифи келгуси сатрларда келади.
Бу юқоридаги ҳадисни бошқа санад билан қилинган ривоятидир.
Изоҳ: Мазкур ҳадис орқали Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ биринчи ҳадисдаги муъанъан тарзда келган жойини «эшитдим» шаклида келтирди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафарда эдик. Одамларнинг озуқаси тугаб қолиб, у зот уловларидан баъзисини сўймокчи ҳам бўлдилар. Шунда Умар: «Эй Аллоҳнинг Расули, қавмнинг қолган озуқасини тўплаб, (барака сўраб) Аллоҳга дуо қилсангиз», деди. У зот шундай қилдилар. Буғдойи бор буғдойини, хурмоси бор хурмосини олиб келди. - (Ровий Талҳа ибн Мусарриф айтади:) «Мужоҳид «Данаги бор данагини», деган. «Данакларни нима қилишар эди?» десам, «Уни шимиб, устидан сув ичишар эди», деган». - У зот шунга дуо қилган эдилар, қавм хуржунларини егуликка тўлдириб олди. Шунда у зот: «Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва мен Аллоҳнинг Расулиман. Банда Аллоҳга мана шу иккаласига шак келтирмаган ҳолда йўлиқар экан, жаннатга кирмай қолмайди», дедилар».
Шарҳ:
(фий масийрин). Бундан Табук ғазоти сафари ирода қилинган. Кейинги ривоятда бу ғазот 9/630 йилда бўлгани очиқ-ойдин айтилган. Унда ўттиз мингта лашкар иштирок этган. У узоқ масофали сафар бўлгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тайёргарлик кўриб чиқишга амр этдилар. Бу жидду жаҳдни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам очиқ-ойдин барчага эълон қилдирдилар. Зеро, бошқа жидду жаҳдларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асло эълон қилмай чиқар эдилар. Шунда ҳам йўлда чанқоқлик ва очликдан жангчиларнинг силлалари қуриди. Чунки ўттиз минг кишининг озуқаси ва ўн минг уловнинг егулиги оз нарса эмас эди.
(азвад ал-қавми) «одамларнинг озуқаси» тугаб қолди.
(ҳамаилу) сўзи (ҳамулатун)нинг кўплиги бўлиб, «улов» деган маънони англатади. Баъзи нусхаларда (ҳамаилу) сўзи ўрнига (жамоилу) «туялари» сўзи келган.
Умар розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули! Биз саҳрода узоқ масофага отланганмиз. Туяларни бундай нарсаларга сўйиб юборсак, инсонлар иссиқда уловсиз ўлиб кетишади. Ҳозир жидду жаҳдга чиққан кишилар қўлида озми кўпми егуликлари бор, уларни бир жойга жамлатиб, барака беришини сўраб дуо қилсангиз», дедилар. Бу фикр Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга маъқул келиб, унга амал қилдилар. Бундан, даражаси қуйи киши фикрини баланд мартабали кишига айтиши мумкин экани маълум бўлади.
(фажаа зу ал-бурри бибурриҳи) «буғдойи бор буғдойи билан келди», яъни буғдойи бор кишилар буғдойини Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурига олиб келдилар. Бу ердаги данакдан мурод, хурмонинг данагидир. Саҳобаи киромлар хурмо данагини сўришиб, устидан сув ичишар эди. Бундан ҳам инсонга қандайдир куч-қувват ҳосил бўлади. Расулуллоҳ алайҳис-салом жамланган турли нарсаларга баракот сўраб дуо қилдилар ва уларга баракот кирди. Барча лашкар ўзларидаги идишларни таомга тўлдиришди. Бу ерда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари намоён бўлди. Бу тавҳид ва рисолатнинг исботи ва тасдиғи учун яхши фурсат эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айни ўша паллада мўъжизани намоён қилдилар.
Абу Ҳурайра (ёки Абу Саид) розияллоҳу анҳудан - (ровий) Аъмаш иккиланган — ривоят килинади: «Табук ғазотида одамлар оч қолиб кетишди. «Эй Аллоҳнинг Расули. изн берсангиз, сувчи туяларимизни сўйиб еб, ёғини ғамлаб олсак», дедилар. Расулуллоҳ сол-лаллоҳу алайҳи васаллам: «Майли», дедилар. Шу пайт Умар келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, бунга рухсат берсангиз, улов камайиб кетади. Қолган егуликни йиғдириб, барака тилаб, Аллоҳга дуо қилинг, шояд, Аллоҳ барака берса», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Хўп», дедилар ва бир чарм тўшам йиғдириб, ёздилар. Сўнгра қолган егуликларни йиғдирдилар. Биров бир ҳовуч жўхори, бошқаси бир ҳовуч хурмо, яна бошқаси бир бурда қотган нон олиб келди. Ҳалиги тўшамда шулардан иборат озгина егулик тўпланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга барака тилаб дуо қилдилар. Кейин: «Идишларингизга солинглар», дедилар. Улар идишларига солишди, ҳатто қўшинда тўлмаган бирорта идиш қолмади. Тўйгунча ейишди, озгина ортиб ҳам қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва мен Аллоҳнинг Расулиман. Банда Аллоҳга мана шу икки нарсага шак қилмаган ҳолда йўлиқса, жаннатдан тўсилмайди», дедилар».
(мажаатун) сўзи ўта оч қолиш маъносини англатади. (лав азинта ланаа) жумласи умид қилиш маъносини англатади, яъни кошки бизга рухсат берсангиз.
(наводиҳана) сўзи    (нодиҳатун) сўзининг кўплиги бўлиб, сув ташувчи туяларга айтилади. Шунингдек, экин майдонларини суғоришда фойдаланилган туяларга ҳам (нодиҳатун) дейилади.
(ваддаҳанна), яъни ёғини жамлаб оламиз. Туялардаги ёғларни эритиб, ейишга ёки баданга суртишга ғамлаб оламиз. (нитъ-ун) сўзи «нун» ҳарфининг касраси ва фатҳаси билан ҳам ўқилади. У ердаги «то» ҳарфи сукунлик бўлади. Машҳур луғатда эса «нун» ҳарфи касарали ва «то» ҳарфи фатҳали ўқилади. (би каффи зуратин), яъни бир ҳовуч жўхори ёки жавдар. (бикасратин) сўзи нон бўлагига айтилади. (ғайро шааккин), яъни чин қалбдан ишонч билан, деган маънони англатади. Бу сўз аввалги ҳадисдаги
(ва ҳува яъламу) жумласини шарҳ қилади. (фа юҳжабу), яъни тавҳид калимасини айтган киши жаннатга киришдан тўсилмайди.
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У яккаю ягона, шериги йўқ. Муҳаммад Унинг бандаси ва Расули, Ийсо ҳам Унинг бандаси, заифа бандасининг ўғли ва Марямга ташлаган калимаси ҳамда Ундан бўлган бир руҳдир. Жаннат ва дўзах ҳақдир», деб гувоҳлик берса, жаннатнинг саккиз дарвозасининг қайси биридан хоҳласа, Аллоҳ уни ўшандан киритади».
Шарҳ:
(ва анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва расулуҳу), яъни улуғ бандаси ва мукаммал расули ва Исо Аллоҳнинг расули ҳамда бандасидир. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин Ийсо алайҳиссаломни хослаб келтиришга нима зарурат бор эди. Ахир, барча пайғамбарлар бандалик ва Расулликда бир-бирлари билан муштарак бўлсалар. Қолаверса, мўмин-мусулмон кишида барча пайғамбарлар борасида: «Пайғамбарлар Аллоҳнинг бандалари ва Унинг Расуллари», деган эътикодда бўлади, дейилса, бунга шундай жавоб берилади: «Ийсо алайҳиссалом борасида араб ярим оролида яшайдиган икки қавмнинг алоҳида-алоҳида фикри бор эди. Улардан бири яҳудийлар бўлса, иккинчиси насронийлар эди. Икки томон ҳам Ийсо алайҳиссалом борасида турли фикрга эга бўлиб, улардан бири ифрот (ҳаддан зиёд инкор килиб ошириб юборган эди), иккинчиси тафрит қилиб (ҳаддан зиёд ишонишиб, илоҳийлаштириб) юборган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариати ва мати мўътадил, васатий йўлдадир. Шунинг учун араб жазирасида истиқомат қилувчи яҳудий ва насронийларга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ийсо алайҳиссалом борасида мўътадил таълимотни ўртага ташладилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оми катламга Ийсо алайҳис-саломнинг асл ҳолатини таништириш учун пайғамбарлар ичидан айнан Ийсо алайҳиссаломни зикр қилдилар. Шу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудий ва насронийларнинг Ийсо алай-ҳиссалом борасидаги қарашларининг ботиллигини исботлаб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ийсо алайҳиссаломни «Аллоҳнинг бандаси», дейиш орқали насронийларга раддия бердилар, яъни Ийсо алайҳиссалом на Аллоҳ таолонинг шериги ва на Унинг ўғли, балки Ийсо Аллоҳнинг бандасидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзининг «Ийсо Аллоҳнинг расули» деган сўзлари билан яҳудийларга раддия бердилар.
«Жаннат ҳам, дўзах ҳам ҳақдир», яъни жаннат ва дўзахнинг ҳолати Қуръони Каримда зикр қилинган бўлиб, уларнинг барчаси ҳақдир. Жаннатнинг ҳам, дўзахнинг ҳам мавжудлиги собитдир. Ундаги жазоларнинг барчаси ҳақдир.
«Қандай амал қилган бўлса ҳам Аллоҳ уни жаннатга киритади», яъни киши яхши ёки ёмон амал қилган бўлсин, оз ёки кўп амал қилган бўлсин, хуллас, тўғри эътиқодда бўлса, Аллоҳ таоло уни жаннатга киритади. Бу ҳадисдан кўзланган маъно бундай: «Буларга шоҳид бўлган инсон пировард натижада жаннатга киради». Бунда мўътазилийларга, хорижийларга қарши очиқ-ойдин раддия бор. Чунки улар гуноҳи кабира қилган кишини Исломдан чиққан деб ҳисоблашади.
Бу юқоридаги ҳадиснинг бошқа санад билан қилинган ривояти бўлиб, бунда: «Қандай амал қилган бўлса ҳам Аллоҳ уни жаннатга киритади», дейилган ва «жаннатнинг саккиз дарвозасининг қайси биридан хоҳласа...» дейилмаган.
Абдураҳмон ибн Усайла Сунобиҳий ривоят қилади: «Убода розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётганида олдига кириб йиғлаб юбордим. Шунда у: «Тўхта, нега йиғлаяпсан? Аллоҳга қасамки, мендан сен учун гувоҳлик беришим сўралса, албатта, сен учун гувоҳлик бераман. Шафоатим қабул қилинса, албатта, сени шафоат қиламан. Қўлимдан келса, албатта, сенга наф келтираман», деди. Кейин бундай деди: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қайси ҳадисни эшитган бўлсам, унда сизларга хайр-барака бордир ва албатта уни сизларга сўзлаб берганман. Бундан фақат биргина ҳадис мустасно. Уни сизларга бугун айтиб бераман, чунки ўлим мени қуршаб олди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким Аллохдан ўзга илох йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир» деб гувоҳлик берса, унга Аллоҳ дўзахни ҳаром қилади», деганларини эшитганман».
Шарҳ:
Муҳаммад ибн Яҳё ибн Ҳаббан тобеъинлардан бўлиб, Анас розияллоҳу анҳуни кўриш бахтига муяссар бўлган. Ибн Муҳайриз-нинг исми Абдуллоҳ, яъни Абдуллоҳ ибн Муҳайриз ибн Жунода Қурашийдир. У Байтул Макдисда истиқомат қилган. Авзоий одам-ларга: «Сизлардан қайси бирингиз кимгадир эргашишни хоҳласа. Ибн Муҳайризга эргашсин. Иншааллоҳ, унга иқтидо қилган қавм-ни Аллоҳ таоло адаштирмайди». деган. Ибн Муҳайризнинг вафотидан кейин Ражо ибн Ҳайва «Аллоҳга касамки, Ибн Муҳайриз тириклик чоғида ўз атрофидаги инсон.тарга тинчлик воситаси бўлган», деган.
Сунобиҳийнинг куняси Абу Абдуллоҳ бўлган. Исми эса Абдураҳмон ибн Усайла бўлган. Сунобиҳ Мурод кабиласининг бир тармоғи бўлган. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириш мақсадида Мадинаи Мунавварага йўлга отланиб, Жуҳфа деган жойга етиб келганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни беш кун олдин оламдан ўтганини эшитган. У саҳобаи киромлардан илм ўрганиб, қадри улуғ тобеъинлардан бўлган. Яна бир кишининг исми ҳам Сунобиҳ ибн Аъсар бўлиб, у саҳобий бўлган. Шунинг учун икки кишини бир-бирига қориштириб юбормаслик керак.
(аннаҳу қола), яъни Сунобиҳий «Убода ибн Сомит ўлим тўшагида эканида ҳузурига кирдим», деди. (уҳийта бинафсий) «ўлим мени қуршаб олди», яъни ҳаётдан умидимни уздим.
(ҳаррамаллоҳу ан-нора) «унга Аллоҳ дўзахни ҳаром қилади». Бу жумлада балоғат юзасидан одамнинг ўрнига оловга нисбат берилмоқда, яъни олов бундай жисмга ҳаромдир. Унинг нима учун ҳаромлиги борасида Муоз розияллоҳу анҳунинг ҳадисида батафсил сўз юритилади.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларига мингашиб олган эдим, орамизда эгарнинг суянчиғидан бошқа нарса йўқ эди. Бир пайт У зот: «Эй Муоз ибн Жабал!» дедилар. «Лаббай, Аллоҳнинг Расули, хизматингизга тайёрман!» дедим. Кейин бироз юриб, яна: «Эй Муоз ибн Жабал!» дедилар. «Лаббай, Аллоҳнинг Расули, хизматингизга тайёрман!» дедим. Кейин бироз юриб, яна: «Эй Муоз ибн Жабал!» дедилар. «Лаббай, Аллоҳнинг Расули, хизматингизга тайёрман!» дедим. «Аллоҳнинг бандаларидаги ҳаққи нима эканини биласанми?» дедилар. «Аллоҳ ва Унинг Расули билади», дедим. «Аллоҳнинг бандалардаги ҳаққи - У Зотга ибодат қилишлари ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмасликларидир», дедилар. Кейин бироз юриб: «Эй Муоз ибн Жабал!» дедилар. «Лаббай, Аллоҳнинг Расули, хизматингизга тайёрман!» дедим. «Агар бундай қилсалар, бандаларнинг Аллохдаги ҳаққи нима эканини биласанми?» дедилар. «Аллоҳ ва Унинг Расули билади», дедим. «Уларни азобламаслиги», дедилар».
Шарҳ:
(ар-ридфу ва ар-родийфу) сўзлари уловга бир кишининг орқасига мингашишга айтилади. Бу отга, эшакка ва бошка нарсаларга мингашишга ишлатилаверади. Туяга мингашган кишига араб тилида (замийлун), дейилади. Яна баъзи ўринда туяга мингашган кишига нисбатан ҳам (ридфун) сўзи ишлатилади.
(ъала ҳимарин) (эшакка), яъни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзида синиқлик ва тавозелик юзасидан эшак ҳам миниб турар эдилар. Шу боис эшакдан чиққан тер ҳам, ундан ортиб қолган сув ҳам нажосат бўлмади. Ривоятларда у эшакнинг номи Афир экани айтилган. Мазкур ҳадисдаги эшакдан бизнинг замонамиздаги пастак-пастак эшаклар назарда тутилмаган. Чунки бундай эшакларга икки кишининг миниши айб ҳисобланади. Балки ундан араблардаги ҳачирга ўхшаш, оқ рангли эшаклар назарда тутилган. Чунки бундай эшаклар икки кишини бемалол кўтара олган ва унга икки кишини миниши айб саналмаган. Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Муоз розияллоҳу анҳуни бир эшакка минишлари уни катта эканини англатади. Эгарнинг оркасидаги бўртиб чиққан қисми кишини тўғри ўтиришига ёрдам беради. Эгарнинг олдидаги одамнинг ҳам, орқасига мингашган одамнинг ҳам орқасида эгардан бўртиб чиққан нарса бўлади. Ва яна бир турдаги эгарларда фақат олдидаги киши учун эгардан бўртиб чиккан нарса бўлади. Араб тилидаги (муаххаратур раҳл) ибораси мазкур икки эгарга нисбатан ҳам ишлатилаверади. (мўхиратун, муаххиратун, муаххаратун) сўзи (ифъол) бобидан исми фоил, (тафъийл) бобидан исм фоил, (тафъийл) бобидан исми мафъул бўлиши мумкин. Уни (охиратурраҳл) ҳам деб ўқиганлар. Булардан биринчи ва тўртинчиси фасиҳ араб тили қоидаларига мос келади. Мазкур ҳадисда кўринишни баён қилинишга нима хожат бор эди, деган савол пайдо бўлиши мумкин. Саҳобаи киромлар эшитувчидан шак-шубҳа колмаслиги учун атрофдаги ҳолатларни ҳам қўшиб, тўлалигича баён килишар эди. Чунки улар ўта ҳушёрлик билан Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисини эшитишиб, уни моҳирлик билан ёдлаб қолишар эди.

Ҳикматуллоҳ Абиевнинг
"Саҳиҳи Муслим шарҳи" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase