close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ажрашган киши боласини кўришга ҳақлими?

Ўғлим билан келинимнинг турмушлари бўлмади. Иккаласига қилинган панд-насиҳатлар таъсир қилмади, улар ажрашиб кетишди. Ўртада фарзанд бор, уч ёшда. Ўғлим фарзандини жуда соғинади, нафақасини ҳар ойда ўз вақтида етказади. Келиним ва уйидагиларнинг шарти шуки, ўғлим уйга кириб кўриши керак экан. Бу ёқда мен ҳам, бувиси ҳам  неварани  жуда соғинамиз, уни уйга олиб келгимиз ва эркалатгимиз келади. Келиннинг уйидагилар ҳам мусулмонликни даъво қилувчилардан. Сиздан сўрайдиганимиз шуки, шариатда эр-хотин ажрашгандан кейин болага отаси ҳам ҳақлими, уни кўришга ўз уйига олиб кетишга ҳаққи борми?

 ЖАВОБ (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ): Болани қарамоғига олиш араб тилида «ҳизона» дейилади, луғатда “қучоғига олиш” маъноси бор. Шариат истилоҳида эса ота-она ажрашгандан кейин болани ўз қарамоғига олиши ва тарбия қилишига айтилади.
Бола онага мажбурламай берилади. Талоқ қилинганми ёки бошқача бўлганми, барибир. Яъни, қай тарзда бўлсин, ота-она ажрашганда кичик ёшдаги бола онаси истаб турса, унга берилади.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан шундай ривоят бор: «Бир аёл: «Эй Аллоҳнинг Расули, мана бу ўғлим учун қорним жой бўлган эди, икки кўкрагим сув идиш бўлган эди, қучоғим муҳофазачи бўлган эди. Энди эса отаси мени талоқ қилиб, уни мендан тортиб олмоқчи», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Модомики никоҳланмасанг, сен унга ҳақлироқсан», дедилар» (Абу Довуд, Аҳмад ва ал-Ҳоким).
Ибн Абу Шайба «Мусаннаф» китобида Саъид ибн Мусаййабдан ривоят қилади: «Умар Умму Осимни талоқ қилди. Кейин унинг олдига борди. Осим унинг қучоғида турган эди. Болани ундан тортиб олмоқчи бўлди. Икковлари уни тортқилай бошлашди. Бола йиғлаб юборди. Иккови Абу Бакрнинг ҳузурига борди. Шунда Абу Бакр унга: «Аёлнинг силаши, қучоғи ва ҳиди унинг учун сендан кўра яхшироқ. Бола улғайса, ўзи танлаб олади», деди».
Агар аёл болани олишни истамаса, бунга мажбурланмайди. Фақат ундан бошқа шахс бўлмаса ёки бола ундан ўзгага кўнмаса, мажбурланади.
Ёш болани қарамоғига олиш – уни зарарли нарсалардан муҳофаза қилиш, уни парваришлаш, тозалаш, едириб-ичириш, кийинтириш, роҳати учун керакли нарсалар ила таъминлаб, тарбиялашдан иборатдир.
Лекин болани ўз қарамоғига олувчи шахсда бир неча шартлар бўлиши лозим:

1. Оқил бўлиши керак.
2. Балоғатга етган бўлиши керак.
3. Диндан чиққан муртад бўлмаслиги керак.
4. Фосиқ, ишончсиз бўлмаслиги керак. Баъзи фисқу-фужур ишларни қиладиган, ўғри, бетайин раққоса кабилар ёш болаларни ўз қарамоғига олишга ҳақли эмаслар.
5. Болани қаровсиз қолдирмаслиги керак. Агар қаровсиз қолдирадиган бўлса, қарамоғига олиш ҳақидан маҳрум қилинади.
6. Ота камбағал бўлиб, она ажрсиз тарбия қилишдан бош тортса, ажрсиз тарбия қилишни хоҳлаган яқин аёл қариндош болани ўз қарамоғига олади.

Ёш болага ихтиёр ҳақи берилмайди. Яъни, кичик ёшдаги болага сен ким билан бўласан, ўзинг танлаб ол, дейилмайди.
Болага у то ўзи еб-ичадиган ва истинжо қиладиган бўлгунича, қиз болага то ҳайз кўргунича онаси ва момоси ҳақлидир. Имом Муҳаммад иштаҳа тортадиган бўлгунча деган. Замоннинг фасоди туфайли шу гап мўътабардир. Икковларидан бошқалар то иштаҳа тортадиган бўлгунча.
Кичик болани отаси ва онаси талашиб қолишса, онасига берилади. Ўзи еб-ичадиган ва истинжо қиладиган бўлган ўғил бола отасига берилади. Чунки у эркакларга хос нарсаларни отасидан ўрганиши зарур.
Қиз болалар эса ҳайз кўрадиган бўлгунча оналари билан қолишади. Чунки улар аёлларга хос нарсаларни оналаридан ўрганишлари лозим. Қизлар балоғатга етганларидан кейин уларни асрашга ва турмушга чиқаришга оталар қодир бўлганлари учун вақти етганда улар оталари қарамоғига ўтадилар.
Боласининг нафақасини бериб турган отанинг уни кўришга ҳаққи бор (Аллоҳ билувчидир).

Мақола жойлаштирилган бўлим: Оила
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase