close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Турли одамлар билан муомала

Турли кишилар билан гўзал тарзда яшашга интилган одобли мусулмон дўстга ҳам, душманга ҳам ўзини хор тутмасдан, уларнинг ҳайбатидан чўчимасдан, кибрдан йироқ бўлган ҳолда, эҳтиром ва тавозеъ ила муомала қилади. Барча ишларида мўътадил бўлишга ҳаракат қилади, бир тарафга оғиб кетмайди.

Одобли киши жамоатчилик ичида атрофга алангла-майди, ўтирганда типирчиламайди. Бармоқларини бир-бирининг ичига киритмайди, соқолини ва узугини ўйнамайди. Тишларини ковламайди, бармоқларини бурнига тиқмайди. Туфламайди, томоқ ҳам қиравермайди. Юзидан пашшани ҳайдайвермайди. Одамларнинг юзига қараб эснамайди.
Сокинлик билан ўтиради. Шошилмасдан, тартибли ва аниқ гапиради. Сўзловчининг гапига диққат билан қулоқ осади, унинг гапидан ўта ажабланиб кетганини изҳор қилмайди, гапини такрорлашини сўрамайди.
Бемаъни гапларни гапирмайди. Ўзининг боласи, хо-дими, шеъри каби шахсий нарсаларини мақтамайди.
Кийиниш борасида ясанишга ўч бўлмайди. Шунингдек, ўта паст даражада кийинмайди. Хушбўйлик ишлатишда ҳаддидан ошмайди.
Ҳожатини чиқаришда ўзини пастга урадиган даражада ўта ялинчоқ бўлмайди. Ҳеч кимни зулмга чорламайди.
Молининг миқдорини бировга билдирмайди. Чунки бошқалар молнинг озлигини билсалар, паст санашлари, агар кўплигини билсалар, тама қилишлари мумкин.
Кишилар ҳузуридаги виқори қўполлик, мулойимлиги заифлик даражасига етишига йўл қўймайди. Ўзидан паст даражадагилар билан ҳазиллашмайди. Чунки бу нарса унинг виқорини туширади.
Бирор киши билан тортишиб қолганда виқор билан туради. Жаҳлни четга суради, шошилмайди. Ҳужжатини яхшилаб ўйлаб олиб, кейин гапиради. Қўлини силташни кўпайтирмайди. Орқасидагиларга қарайвермайди. Тиззалаб ўтирмайди. Аччиғидан тушгандан кейин оҳиста гапиради.
Мансабдор шахс уни ўзига яқин олса, у билан худди найзанинг учида тургандек, эҳтиёткорлик ила муомалада бўлади. У мойил бўлганда иш зиддига айланиб қолиши ҳам мумкинлигини унутмайди. Унга худди ёш болага мулойимлик кўрсатгандек муомалада бўлади. Маъсият аралаштирмасдан, унга ёқадиган гапларни гапиради.
Фақат хурсандчиликларда дўст бўладиганлардан эҳтиёт бўлади. Чунки ундай кишилар душманларнинг душмани бўлади.
Мусулмон киши молини обрўсидан устун қўймайди.
Мажлисга кирганда аввал салом беради ва ўтирганларнинг орасини ёриб ўтмайди. Қаерда бўш жой бўлса, ўша ерга ўтиради. Тавозеъ кўрсатади. Ўтираётиб, ўзига яқин жойдагилар билан алоҳида сўрашади.
Йўл устида ўтирмайди. Агар ўтиришга муҳтож бўлиб қолса, кўзни тийиш, мазлумга, заифга ва фалокатга учра-ганга ёрдам бериш, адашганга йўл кўрсатиш, саломга алик олиш, тиланчига ато бериш, лозим бўлганда амри маъруф, наҳйи мункар қилиш каби йўл одобини жойига қўяди.
Қиблага ва ўнг тарафига қараб туфламайди, балки чап тарафига ёки оёғи остига туфлайди.
Улуғ ва шарафли кишиларнинг суҳбатида ўтирганда ғийбат ва ёлғондан мутлақо четда бўлади. Сирларни сақлайди. Ҳожатини кўп гапирмайди. Сўзларни танлаб, эҳтиёт бўлиб гапиради. Доимо ҳушёр бўлиб ўтиради.
Оддий одамлар билан ўтирганда уларнинг гапига шўнғиб кетмайди. Уларнинг миш-миш ва уйдирмаларига унчалик эътибор бермайди. Беодоблик билан айтган лафзларига нисбатан ўзини билмаганга солади.
Мазаҳдан эҳтиёт бўлади. Ақлли одамни мазаҳ қилса, ҳиқдига сабаб бўлади. Эси пастни мазаҳ қилса, у билан тенг бўлади. Мазаҳ ҳайбатни кетказади ва юзни шувут қилади. Шунингдек, у ҳиқдга ва дўстлик ҳаловатининг кетишига сабаб бўлади.
Йўлда кетаётиб, йўл ҳодисасиними ёки шунга ўхшаган бошқа бирор мусибатга учраган одамни кўрса, қуйидаги ҳадисда келган дуони ўқийди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким балога учраган кишини кўрганда «Алҳамду лиллааҳиллазии ъаафаании миммаа ибталаака биҳии ва фаддолании ъалаа касиирин мимман холақо тафзиилан» деса, унга ўша бало етмайди”, – дедилар».
Термизий ривоят қилганлар.
Дуонинг маъноси: «Сени мубтало қилган нарсасидан менга офият берган ва мени Ўзи халқ қилганларнинг кўпидан афзал қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин».
Иш жойига ўз вақтида етиб бориб, ихлос билан вази-фасини адо этишга киришади. Вақтни зое қилмайди. Бе-парво бўлмайди. Доимо Аллоҳ таолони зикр қилиб, У Зот ҳамма нарсани кўриб, билиб, ҳисобга олиб турганини ҳис қилади.
Қуёш чиққанидан уч соат ўтиб, зуҳо, яъни чошгоҳ вақти киради. Бу вақт ҳам шарафли вақт бўлиб, унда ба-жариладиган икки вазифа бор.
Биринчи вазифа – зуҳо намозини ўқиш.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким зуҳо (чошгоҳ) намозини бардавом адо қилса, унинг гуноҳлари, гарчи денгиз кўпигича бўлса ҳам, мағфират қилинади», – дедилар».
Термизий ривоят қилганлар.
Бу намоз кўплаб ажру савоб, хайр-барака ва файзу футуҳга сабаб бўлади. Унинг вақти қуёш чиқиб бўлганидан заволгача давом этиб, энг афзал вақти қуёш ерни қиздирган вақтидир. Ривоятларда чошгоҳ намози икки ракъатдан саккиз ракъатгача бўлиши зикр қилинади. Демак, ҳолат ва имкониятга қараб, ушбу икки рақам орасидаги ададда чошгоҳ намозини ўқиса бўлаверади. Вақти оз одам икки ракъат ўқиса ҳам чошгоҳ намозини ўқиган бўлади. Имкони кенг одам кўпроқ ўқиса, яна ҳам яхши. Энг муҳими, ўқиш керак.
Бизнинг шароитда уйдаги ва бемалол вақти бор одамларга зуҳо намозини ўқиш алоҳида тавсия қилинади.
Муаззиннинг Пешин намозига азон айтаётганини эшитганда, худди бошқа азонлардаги каби, унинг айтган-ларини такрорлаб турилади. Кейин Пешин намозини суннатлари билан яхшилаб адо этади. Имкони борлар мазкур намоздан кейин «Амма» сурасини тиловат қилсалар, жуда яхши бўлади.
Кейин иши ва вазифаси борлар яна ўз масъулиятла-рини адо этишга киришадилар.
Одатда, ишдан қайтаётган киши рўзғорга керакли нарсаларни сотиб олиш учун бозорга ва савдо муассасаларига кириши турган гап. Ўша жойларга кираётиб, қуйидаги ҳадисда келган дуони ўқийди.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бозорга кирганда «Лаа илааҳа иллаллооҳу, ваҳдаҳуу лаа шариика лаҳуу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду, юҳйии ва юмийту ва ҳува ҳайюн лаа ямууту, биядиҳил хойру ва ҳува ъалаа кулли шайъин қодийр» деса, Аллоҳ унга миллионта ҳасана ёзади ва ундан миллион ёмонликни ўчиради ҳамда уни миллион да-ражага кўтаради», – дедилар».
Бошқа бир ривоятда «Уни миллион даражага кўтаради» жумласи ўрнига «ва унга жаннатдан бир уй қуради», дейилган.
Термизий ривоят қилганлар.
Дуонинг маъноси: «Аллоҳдан ўзга ибодатга лойиқ илоҳ йўқ. Унинг Ўзи ёлғиздир. Унинг шериги йўқ. Мулк Уники ва ҳамд Уники, тирилтирур ва ўлдирур ва У ти-рикдир, ўлмас ва У ҳар бир нарсага қодирдир».
Бозор турли-туман одамларнинг жамланадиган жойи. Унда кўпроқ эҳтиёт бўлмаган одам турли нохушликларга дучор бўлиши эҳтимоли юқори. Шунинг учун ҳам бозор-га юқоридаги дуони ўқиб, кейин кириш тавсия қилинган. Ўша дуони ўқиб, ундаги маъноларни ўзига сингдириб бозорга кирган одам мазкур нохушликлардан сақланиб, хайр ва барака билан чиқиши умид қилинади.
Исломда савдо-сотиқ ишларида ҳалол-пок бўлишга қаттиқ тарғиб қилинади. Алдамчилик, бировнинг молини ҳаромдан ейиш, савдо-сотиқдаги қаллобликлар қаттиқ қораланади, яъни ҳаром қилинган. Савдо-сотиқ қилаётган одам шунга ўхшаш таълимотларни доимо эс-лаб туриши лозим.
Кун тартибига имконга қараб бемор кўриш, табрик ёки ҳамдардлик билдириш каби муносабатлар, кишилар-нинг ҳожатини чиқариш каби одамларга боғлиқ амаллар ҳам киритилади. Чунки бу каби ишлар жуда ҳам савобли бўлиши билан бирга, жамият аъзолари орасидаги инсо-ний фазилатлар ва алоқаларнинг ривожланишига сабаб ҳам бўлади. Уларга савоб ваъда қилинишидан ҳам ин-соннинг бахт-саодати кўзланган.
 – Бемор кўриш оддий ҳолатларда суннатдир. Агар қариндош бемор бўлса, уни кўришга бориш вожибдир. Ислом дини мусулмонларни ушбу инсонпарвар ишга тарғиб қилгандир.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлолари Савбондан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бир беморни кўргани борса, то қайтгунича жаннатнинг хурфасида бўлур», – дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Жаннатнинг хурфаси не-дир?» дейилди.
«Мевасидир», – дедилар».
 Муслим ва Термизийлар ривоят қилганлар.
Бемор кўргани борган инсон қуйидаги одобларга ри-оя қилиши лозим:

1. Беморни безовта қилмаслик ва чарчатиб қўймаслик учун зиёратнинг қисқа бўлишига ҳаракат қилиш.
2. Бемор ҳузурида кўп гапирмаслик ва ундан хаста-лиги ҳақида сўзлаб беришини талаб қилмаслик.
3. Беморнинг қалбига сурур бахш этишга ҳаракат қилиш, тузалиб кетишига умидворлик билдириш.
4. Унга шифо талабида дуолар қилиш.
 – Мусулмон инсоннинг ўз диндошлари олдидаги бурчларидан бири мусибатга учраганларга таъзия билди-ришдир. Бу иш суннат бўлиб, кўпгина ажр ва фазлга сабаб бўлади.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ким мусибатдаги одамга таъзия изҳор қилса, ун-га ўша мусибатзадага берилган ажр миқдорида ажр берилади», – дедилар».
Термизий, Ибн Можа ва Ҳокимлар ривоят қилганлар.
 – Мусулмон инсон доимо бировларнинг ҳожатини чиқаришга ҳаракат қилади. Чунки унинг эътиқоди бўйича, бировларнинг ҳожатини чиқарган одамнинг ҳожатини Аллоҳ таолонинг Ўзи чиқаради.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким ўз биродарининг ҳожатини чиқарса, Аллоҳ унинг ҳожатини чиқаради», – дедилар».
Тўртовлари ривоят қилганлар.
Аср нармозининг вақти кирганда уни жамоат билан ўқишга ҳаракат қилади.
Ундан кейин имкони бор киши дуо, зикр, тиловат ва тафаккур билан машғул бўлади. Бу вақтда фаҳм ва та-даббур ила Қуръон тиловати қилиш афзал ҳисобланади.
Қуёш сарғайгандан то у ботгунича бўлган вақтни ўз ичига оладиган пайт шарафли лаҳзалар ҳисобланади.
Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳи: «Наҳорнинг аввалидан кўра кечки пайтни кўпроқ улуғлашар эди», – деган.
Бу вақтда тасбеҳ ва истиғфор айтиш мустаҳабдир.
Ишдан қайтганда оила аъзоларига салом бериб кира-ди. Улардан ҳол сўрайди. Ота-онаси бўлса, уларга алоҳида эҳтиром кўрсатади.
Шом намози ила кун тугайди. Банда ўз ҳолини мулоҳаза ва нафсини ҳисоб-китоб қилсин. Батаҳқиқ, унинг йўлидан бир босқич тугади. Билсинки, умр кун-лардан иборатдир ва кунлар тугаши билан умри ҳам ту-гайди.
Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳи «Эй одам боласи! Сен кунлардан иборатсан. Агар бир кунинг ўтса, бир қисминг ўтган бўлади», – деган.
Инсон бугунги куни кечаги кунига баробар бўлдими ёки йўқлигига назар солсин. Агар кунни яхшилик ила ўтказган бўлса, уни муяссар қилган Аллоҳ таолога шукр қилсин. Агар бошқача бўлса, тавба қилиб, йўл қўйган камчилигининг ўрнини кечаси тўлдиришга ҳаракат қилсин. Чунки яхшиликлар ёмонликларни ювади.
Жисмини соғ қилган ва нуқсонини тузатиши учун умр берган Аллоҳ таолога шукр қилсин. Ўтган азизлар-дан баъзилари кунни садақа билан тугатиш, имкони бо-рича яхшилик қилиш ҳаракатида бўлар эдилар.
Шом намозидан кейинги вақт жуда ҳам фазилатли вақтлардан ҳисобланади. Кўпчилик улуғларимиз унда аввобийн намози ўқишни одат қилганлар. Бу пайтда ўзи ва оиласи учун фойдали бўлган илм ўрганиш, ибодатга оид ва шунга ўхшаш ишлар билан машғул бўлиш тавсия қилинади.
Хуфтоннинг азони ва иқомаси орасида имкони бори-ча нафл намоз ўқилади. Зам сурага «Сажда» ҳамда «Та-борак» суралари тиловат қилинса, яна ҳам яхши бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу икки сурани ўқимасдан ухламас эдилар.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда «Ким ҳар кеча «Воқиъа» сурасини қироат қилса, унга камбағаллик етмас», дейилган.
 Ухлашдан олдин Витр намози ўқилади. Аммо кечаси бедор бўлишни одат қилган одамнинг Витрни кейинга суриши афзал.
Витрни ўқиб бўлганидан кейин уч марта «Субҳаанал маликул қуддууси», деб айтади.
Вақти келганда ухлашга тайёргарлик кўра бошлайди. Уламоларимиз ухлаш борасида ҳам бир қанча тавсияларни айтганлар. Хусусан, имом Fаззолий раҳматуллоҳи алайҳи бу борада жуда нодир тарзда ажойиб фикрларни баён қилганлар:
«Билки, бир кеча-кундуз йигирма тўрт соатдан ибо-ратдир. Унинг учдан бирида, яъни саккиз соат ухлаш мўътадилликдир. Ким бундан оз ухласа, бадани учун из-тиробдан омон бўла олмайди. Ким бундан кўп ухласа, дангасалиги зиёда бўлади. Кечаси етарли ухлаган киши кундузи ухламайди. Кечаси уйқуси кам бўлган одам наҳорда камини тўлдириб олади».
Агар уйқунинг одобларига ният билан риоя қилинса, уйқу ҳам ибодат ҳисобланади.
Улуғ саҳобий Муъоз розияллоҳу анҳу:
«Мен уйғоқлигимда савоб умид қилганимдек, ухла-ганимда ҳам савоб умид қиламан», – деган эканлар.
 – Уйқунинг одобларидан бири – таҳорат билан ётиш.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон жунуб бўлиб туриб, емоқ ёки ухлашни ирода қилсалар, на-мозга таҳорат қилганларидек таҳорат қилар эдилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу айтади:
«Уйқу вақтида руҳлар осмонга олиб чиқилади ва Аршнинг олдида сажда қилишга амр қилинади. Агар таҳоратли бўлса, Аршнинг олдида сажда қилади. Аммо таҳоратли бўлмаса, Аршдан узоқ жойда сажда қилади».
Ётар жойидан ўрин олган инсон машойихларимиз тавсия қилган «муҳосабтун нафс» – ўзини ўзи тергашни йўлга қўяди.
Банданинг куннинг аввалида нафси билан яхшилик қилишга шартлашиб оладиган вақти бўлганидек, куннинг охирида қилинган ишларни ҳисоблашиб оладиган вақти ҳам бўлиши керак. Бу худди савдогарларнинг шериклари билан ҳар йил, ой, ҳафта ёки кун охирида дунё ҳирсида қиладиган ҳисоб-китобига ўхшайди. Улар буни беш кунлик дунё учун бўладиган фойдани қўлдан чиқариб юбормаслик мақсадида қиладилар. Бас, шундай экан, қайси оқил абадийлик учун бўладиган фойдани кўзлаб, ўз нафсини тергамаслиги керак?!
Савдогар шериги билан ҳисоб-китоб қилганида сар-моя, фойда ва зарарга назар солади. Агар фойда кўрган бўлса, шеригига раҳмат айтади. Зарар кўрса, тўлаб бери-шини ва бундан кейин бу ишга йўл қўймаслигини таъкидлайди.
Шунга ўхшаш, банданинг динидаги сармояси фарз-лардир. Фойдаси нафллар ва фазилатлардир. Зарари эса маъсиятлардир. Ушбу тижоратнинг мавсуми кундуз ку-нидир.
Банда аввал нафсини фарзлар бўйича тергайди. Агар уларни яхшилаб адо этган бўлса, Аллоҳ таолога шукрлар қилади ва нафсини шунга ўхшаш ишларни кўп қилишга тарғиб қилади. Агар бирор фарзни ўтказиб юборган бўлса, қазосини бажаришга шошилади. Агар уни нуқсонли адо этган бўлса, кўпроқ нафл ибодатлари ила ўрнини тўлдиришга ҳаракат қилади. Агар маъсият қилган бўлса, нафсни жазолайди, азоблайди ва бошқа чораларни кўради. Хулласи калом, банда ўзининг қилган каттаю ки-чик ҳар бир ишида нафсини тергаб туриши лозим.
Нафсни тергаб туриш ўта фазилатли ишдир. Бу ишга Аллоҳ таоло амр қилган.
Аллоҳ таоло «Ҳашр» сурасида:
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво ‎қилинглар! (Ҳар бир) жон эрталик кун учун нима ‎тақдим ‎қилганига назар солсин», деган (18-оят).
 «Эрталик кун»дан мурод қиёматдир. Қиёмат нисба-тан жуда яқин вақт, шунинг учун ҳам у «эрта» дейилади. Демак, ҳар бир инсон қиёмат куни учун нима иш қилганини ўйлаб қўйиши керак.
Албатта, қиёмат куни инсонга мол-дунё, мансаб, на-саб, ёр-дўст ёрдам бера олмайди, балки иймон, Ислом ва қилинган яхши амаллар ёрдам беради. Шунинг учун ҳар бир одам фурсат борида қиёматга тайёргарлигини кўриб қўйиши лозим.
Бунда ўтган ишларни ҳисоб-китоб қилиб туришга амр бор. Шунинг учун ҳам ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу:
«Ҳисоб-китоб қилинишингиздан олдин ўзингизни ўзингиз ҳисоб-китоб қилинг. Амалларингиз тортилиши-дан олдин уларни ўзингиз тортинг», деганлар.
Аллоҳ таоло «Нур» сурасида:
«Барчангиз Аллоҳга тавба қилинг, ‎эй мўминлар! Шоядки, зафар топсангиз», деган (31-оят).
Тавба хато ва айб саналган амални қилиб бўлгандан кейин унга афсус-надомат чекишдан бошланади.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй одамлар! Аллоҳга тавба қилинглар! Мен ҳар куни Унга юз марта тавба қилурман», – дедилар».
Муслим ва Термизийлар ривоят қилганлар.

Ағорр ал-Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, қалбимни булут босади. Ва албатта, мен Аллоҳга бир кунда юз марта истиғфор айтурман», – дедилар».
Муслим ва Абу Довудлар ривоят қилганлар.
Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида:
«Албатта, тақво қилувчилар, агар уларга шай-тондан бир ‎шарпа етса, зикр қиларлар, бас, ‎‎кўрибсанки, улар кўрувчи бўлиб турибдилар», деган (201-оят).
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу кеч кирса, ўз оёғига дарра билан ура туриб, «Бугун нима иш қилдинг?» дер экан.
Маймун ибн Меҳрон дейди:
«Ўзини ўзи шеригидан кўра қаттиқроқ тергамаган одам тақводорлардан бўла олмайди. Ишни қилиб бўлгандан кейин шериклар бир-бирларини тергайдилар-ку!»
Абдуллоҳ ибн Саломнинг бир боғ ўтин орқалаб кета-ётганини кўрганлар:
«Эй Абу Юсуф! Болаларинг ва ғуломларинг кўтарса ҳам бўларди?!» – дедилар.
«Нафсимни текшириб кўришни ирода қилдим. Ёқтирармикан ёки йўқ?!» – деди у.
Ҳасан Басрий:
«Мўмин киши ўз нафсини Аллоҳ таоло учун тергаб туради. Бу дунёда ўзларини тергаб турган қавмларнинг у дунёдаги ҳисоби осон бўлади. Бу дунёда ишни ҳисоб-китобсиз қилганларнинг ҳисоби Қиёмат куни машаққатли бўлади», деганлар.
«Маломатчи нафс ила қасам» ояти тафсирида Ҳасан: «Мўминнинг фақат нафсини маломат қилиб тур-ганини кўрасан: «Бу сўзим ила нимани ирода қилдим? Бу еганим ила нимани ирода қилдим. Бу ичганим ила нима-ни ирода қилдим?» Фожир эса ўзини ўзи тергамай кетаверади», – деган.
Ҳар кеча уйқудан олдин юқоридаги тарзда ўзини ўзи тергашни йўлга қўйиб олган инсон бугун кечагидан аф-зал, эртага бугунгидан афзал яшаб боришни йўлга қўйган бўлади. Шу тариқа икки дунё бахт-саодат йўлининг осонлашишига эришган бўлади.
 – Уйқудан олдин тавба қилиш ҳам унинг одоблари-дан биридир. Зеро, мусулмон инсоннинг сирти таҳоратли бўлганидан кейин ичи ҳам таҳоратли бўлиши керак. Эҳтимол, уйқусидан турмай, вафот этар.
 – Уйқунинг одобларидан бири – мусулмон кишига нисбатан қалбида ғиллу ғашлик бўлса, уни кетказмоқ, зулм қилишни ният қилмаслик ва уйғонганда гуноҳ қилишга азм қилмасликдир.
 – Васият қилиши лозим бўлган одамнинг васиятини ёзиб қўйиб, кейин ухлаши ҳам уйқунинг одобларига киради.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий солаллоҳу алайҳи васаллам:
«Васият қилгудек нарсаси бор мусулмон кишига васиятини ёзилган ҳолда ҳузурига қўймай, икки кеча (бемор бўлиб) ётиб қолиши дуруст эмас», – дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
 – Уйқунинг одобларидан бири – уйқу ғолиб келма-гунча ухламаслик. Салафи солиҳларнинг одатлари шундай бўлган.
 – Ўнг тарафи билан қиблага қараб, ҳадисларда кел-ган дуоларни ўқиб ётиш ҳам уйқунинг одобларидандир.
Имом Бухорий ва Муслимлар ривоят қилган ҳадисда ухлашдан олдин:
«Бисмика Роббий, вазаъту жанбий ва бика арфаъуҳу. Фа ин амсакта нафсий, фарҳамҳаа ва ин арсалтаҳаа, фаҳфазҳаа бимаа таҳфазу биҳи ъибаада-кас-солиҳийн» деган дуо ўқилиши айтилган.
Маъноси: «Роббим, исминг ила ёнимни қўйдим ва Сенинг ила уни кўтарурман. Агар жонимни тутиб қоладиган бўлсанг, унга раҳм қилгин. Агар қўйиб юбора-диган бўлсанг, уни солиҳ бандаларингни муҳофаза қиладиган нарса ила муҳофаза қил».
Имом Бухорий Оиша онамиздан ривоят қиладилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар кеча жойларига ётсалар, икки кафтларига «Қул ҳуваллоҳу аҳад», «Қул аъуузу бироббил фалақ» ва «Қул аъуузу бироббиннаас» сураларини ўқиб, дам солиб, қўллари етган жойгача баданларига, бошлари ва юзларидан бошлаб, олд тарафларига суртиб ётар эдилар. Буни уч марта қилар эдилар».

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Икки хислат ёки одат бор. Мўмин банда уларни муҳофаза қилса, албатта жаннатга киради. Иккиси осондир ва уларга амал қиладиган оздир. Ҳар бир на-моздан кейин ўн марта тасбеҳ айтади, ўн марта Аллоҳга ҳамд айтади ва ўн марта такбир айтади. Ўша ҳаммаси тилда бир юз элликта, тарозида бир минг беш юзта.
Қачон ётар жойини олса, ўттиз тўрт марта такбир, ўттиз уч марта ҳамд ва ўттиз уч марта тасбеҳ айтади. Булар тилда юзта, тарозида мингта».
«Батаҳқиқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни қўллари билан санаётганларини кўрдим. Шунда:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Уларнинг оз бўлгани ва уларга амал қиладиган оз бўлиши қандай?» – дейишди.
«Шайтон бирингизга уйқусида келади ва уни ай-тишидан олдин ухлатиб қўяди. Намозида келиб, уни айтишидан олдин ҳолатини эсига солади», – дедилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.
Мусулмон инсон уйқусидан олдинги охирги каломи Аллоҳ таолонинг зикри бўлиши учун ҳаракат қилади.
 Шунингдек, кечаси таҳажжудга уйғонганда ҳам ав-валги каломи зикр бўлиши учун ҳаракат қилади.

 Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси таҳажжудга турсалар, қуйидагиларни айтар эдилар: «Аллоҳим! Сенга ҳамд бўлсин. Сен осмонлару ер ва улардаги кимсаларни қоим қилувчисан. Сенга ҳамд бўлсин. Осмонлару ернинг ва улардаги кимсаларнинг мулки Сеникидир. Сенга ҳамд бўлсин. Сен осмонлару ернинг ва улардаги кимсаларнинг нурисан. Сенга ҳамд бўлсин. Сен ҳақдирсан. Ваъданг ҳақдир. Мулоқотинг ҳақдир. Сўзинг ҳақдир. Жаннат ҳақдир. Дўзах ҳақдир. Набийлар ҳақдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақдир. Соат (қиёмат) ҳақдир. Аллоҳим! Сенга таслим бўлдим, Сенга иймон келтирдим, Сенга таваккул қилдим, Сенга қайтдим, Сен ила хусумат қилдим. (Сен берган ҳужжатлар ила душманларинг билан тортишдим.) Сенинг ҳукмингга ҳавола қилдим. Бас, менинг аввалу охир, сиру ошкор қилган нарсаларимни мағфират қилгин. Олдинга сурувчи ҳам Ўзингсан, охирга сурувчи ҳам Ўзингсан, Сендан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ! Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллааҳи».
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаганлар.
Таҳажжудга турганда «Оли Имрон» сурасининг охирги ўн оятини ўқийди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси турганла-рида «Оли Имрон» сурасининг «Иннаа фии холқис-самаваати вал арзи вахтилаафил-лайли ван-наҳаари ла аятин лии уулил-албааб» деб бошланувчи сўнгги ўн оятини ўқиганлари маълум. Биз ҳам кечаси таҳажжуд намозига турганимизда ушбу ояти карималарни ўқисак, у зотга эргашган бўламиз.
Таҳажжуд намозини енгилгина икки ракъат ила бошлайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирингиз кечаси турса, намозини енгилгина икки ракъат билан очсин», – дедилар».
Муслим, Абу Довуд ва Аҳмадлар ривоят қилганлар.
Кейин икки ракъат-икки ракъатдан қилиб таҳажжуд намозини ўқисин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саккиз ракъатгача ўқиганлар. Ҳар киши ўз ҳолига қарайди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
"Мукаммал саодат дастури" китобидан

 

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase