Тадбир Тошкент ва Ўзбекистон епархияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Республикаси мусулмонлар диний идораси, Черковнинг жамият ва оммавий ахборот воситалари билан муносабатлари Синодал бошқармаси, Россия диний эркинликни ҳимоя қилиш ассоциацияси томонидан ташкил этилди.
Давра суҳбатида дин арбоблари, Ўзбекистон илмий жамоатчилиги ва миллий маданият марказлари вакиллари, динлараро ва халқаро муносабатлар бўйича экспертлар иштирок этди.
Ўрта Осиё митрополия раҳбари, Тошкент ва Ўзбекистон митрополити Викентий ўз қутлов нутқида Ўзбекистонда православ ва мусулмонлар ўртасидаги муносабатлар яхши қўшничилик ва феъли кенглик руҳида ривожланиб бораётганини таъкидлади.
«Бугун биз ҳаммамиз биргамиз ва бу бир-биримизга бўлган ҳурмат ва муҳаббатнинг ажойиб кўрсаткичидир. Ўзбекистонимиз ўзгача юрт, бир-биримизга ўзгача муносабатни кўрадиган ўзига хос маскан.
Улуғ Ватан урушини ҳам эслаймиз, фронтдан одамлар бу ерга келиб, ота-онаси йўқ, бошпанасиз, ҳеч нарсасиз қолган болаларни бу ерга олиб келишган. Маҳаллий аҳоли ўз оилаларида бу болаларга ғамхўрлик қилишди: кимдир беш, кимдир олти, яна кимдир ундан ҳам кўпроқ болани оиласига олди. Фарзандларини шундай меҳр ва меҳнатсеварлик билан тинчлик, меҳр-оқибат руҳида тарбияладилар. Ахир ҳамма ҳам бегонани қабул қила олмайди. Аммо шу билан бирга, бу бегона эмас, балки Худонинг бир бандаси деган тушунча бор эди. Шунинг учун маҳаллий аҳоли уларни бизнинг ёрдамимизга муҳтож бўлган одамларга раҳм-шафқат кўрсатиш учун илоҳий хабар сифатида қабул қилишди.
Православ ва мусулмонларнинг бирлиги раҳм-шафқат, меҳр-оқибат ва хайрия ишларида намоён бўлиши мумкин».
Ўзбекистон Республикаси мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим ҳазрат Иномов ҳам бу фикрга қўшилиб, шундай деди:
«Ўзбекистонда истиқомат қилаётган кўп миллатли халқимиз бағрикенг бўлганини ҳамма билади. Тарихга назар ташласак, мамлакатимизда диний низолар бўлмаган. Қадим-қадимдан бу заминда яшаётган миллат ва элатлар елкама-елка туриб, оғирини енгил қилиб келган. Мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли дин вакиллари учун энг катта ютуғимиз шундаки, диний маросимлар ва мамлакатимиз ҳаётида фаол иштирок этиш учун барча шароит яратилган.
Янги Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик, миллатлараро дўстлик ва конфессиялараро тотувлик ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасида мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда».
Тадбир иштирокчилари ўз чиқишларида МДҲ мамлакатларида динлараро мулоқотни такомиллаштириш, Россия ва Ўзбекистонда давлат ва диний бирлашмалар ўртасидаги мулоқотни такомиллаштириш, замонавий дунёда виждон эркинлиги ва диний муросасизлик, диний фобия, давлатнинг "дунёвийлиги" ва бағрикенгликни суиистеъмол қилиш, диний экстремизм ва терроризмнинг олдини олиш каби мавзуларга тўхталдилар.
Фахрий меҳмонлар–ташкилотчилар орасида: Россия Фанлар академиясининг Этнология ва антропология институти директорининг ўринбосари, РАРС раиси Сергей Мельников; Россия мусулмонлари диний ассамблеяси раиси, Муфтий Албир Крганов; Черковнинг жамият ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалари бўйича Синодал бошқармаси раисининг ўринбосари Вахтанг Кипшидзе; Россия Динлараро кенгашининг ижрочи котиби руҳоний Дмитрий Сафонов бор эди.
Видеоконференция алоқаси орқали Россия Федерацияси Жамоатчилик палатасининг миллатлараро ва динлараро муносабатларни уйғунлаштириш бўйича комиссияси раиси Владимир Зорин, шунингдек, Россия Ислом институти ректори, Ислом таълими кенгаши раиси Рафик Мухаметшин сўзга чиқди.
Тошкентда православлик ва Исломнинг жамият ҳаётини уйғунлаштиришдаги ролига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди
"Замонавий жамият ҳаётини уйғунлаштиришда православлик ва Исломнинг роли" - бугун, 2022 йил 3 июнь куни Тошкент ва Ўзбекистон Епархиясининг маънавий ва маъмурий марказида ушбу ном остида давра суҳбати бўлиб ўтди, унинг асосий мақсади собиқ иттифоқ маконида динлараро мулоқотни кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш эди.
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Жамият
|
Калит сўзлар