close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Аллоҳ фақат Ислом динини қабул қилиши ҳақида

Аллоҳ таоло: «Ким Исломдан бошқани дин тутса, ундан зинҳор қабул қилинмас. У охиратда зиёнкорлардандир», деган.

Шарҳ: Муаллиф фаслнинг аввалида ушбу ояти каримани келтириб, Аллоҳ таоло фақат Ислом дининигина қабул қилиши, Қуръонда зикр қилинган ҳақиқат эканини эслатмоқчи. Аллоҳ таоло Исломгача маълум муддатга, маълум миллатга дин юбориб келди. Шу йўл билан инсониятни аста-секин тарбия қилиб келди. Бу шариатлар ўз вазифасини ўтаб бўлганидан кейин, ортидан улардан мукаммалроғини юбориб турди.
Охири келиб, инсоният вояга етди, камолотга эришди. Энди вақтинчалик, маҳдуд шариатлар талабга жавоб бера олмайдиган ҳолатга келди. Камолга етган инсониятга баркамол дин керак эди. Бу дин инсониятнинг барча талабига жавоб бериши, эҳтиёжларини доимий равишда қондириб бориши керак эди. Аллоҳ таоло Исломни ана ўша талабларга жавоб берадиган, қиёматгача боқий қоладиган дин қилиб юборди.
Бошқа динлар аллақачон амалдан қолган эди. Биргина Масиҳий дини Исломдан олдинги дин сифатида ҳукми жорий эди. Лекин у ўзининг асл ҳолини Ийсо алайҳиссаломдан кейиноқ йўқотган эди. Ислом келиши билан у ҳам насх қилинди (амалдан қолдирилди). Буни Аллоҳ таолонинг Ўзи қилди.
Ушбу оят билан Исломдан бошқа динни қабул қилмаслигини эълон қилди. Чунки битта Аллоҳнинг битта ерида, инсон номли битта махлуқига, иккита ёки бир нечта дини бўлиши мумкин эмас. Охирги дин, мукаммал дин, боқий дин–Ислом қиёматгача барча банда эътиқод ва амал қилиши лозим бўлган дин бўлиб қолди. Бошқа динлар амалдан қолди. Уларга эргашганларнинг амали қабул қилинмайди. Бошқа динларнинг ҳозирги бузуқ ҳолида ҳам, уларнинг охирги дин эмаслиги айтилган, кейин яна дин келиши собит. Улар ўша ўз китобларида келиши айтилган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эканларини, ўша ваъда қилинган дин Ислом эканини тан олмаяптилар, холос.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен одамлар билан токи улар «Лаа илаҳа иллаллоҳу, Муҳаммадур Расулуллоҳ» деб шаҳодат келтиргунларигача, намозни тўкис адо қилгунларича ва закотни берадиган бўлгунларича урушга амр қилиндим. Қачонки, шуни қилсалар, мендан қонлари ва молларини сақлаган бўладилар. Магар Ислом ҳаққи ила бўлса (сақлай олмайдилар). Ҳисоблари эса, Аллоҳнинг зиммасидадир», дедилар». Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Муаллиф бу ҳадисни Пайғамбаримизга Аллоҳ таоло одамлар «Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни айтиб, Исломни қабул қилгунларича, намоз ўқиб, закот бергунларича уруш қилишни буюргани, У Зот азза ва жалланинг Исломдан бошқа динни қабул қилмаслигига далил, деган маънода келтирмоқда. Ҳолбуки, бошқа муҳаддислар бу ҳадиси шарифни бошқа бобда келтирганлар.
Бу ҳадиси шарифдан жуда кўп маънолар чиқади. Ҳозир эса, бобга боғлиқ масалаларни кўришни лозим топдик. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Менга амр қилинди» деганлари, аллоҳ менга амр қилди, маъносида бўлади. Чунки у зотга Аллоҳдан бошқа амр қиладиган йўқ.
«Одамлар» деганлари эса, кўпчилик уламоларнинг иттифоқ қилишларича, ҳарамайн ҳудудида яшовчи бутпараст-мушрикларни билдиради.
Имом Насаий қилган ривоятда: «Мушриклар билан уруш қилишга амр қилиндим», дейилган. Сўнгра Қуръон ҳукми билан аҳли китоблар жизя берсалар, улар билан уруш қилинмаслиги маълум ва машҳур. Демак, бу ҳадисдаги «одамлар» сўзидан барча одам тушунилмас экан.
Дарҳақиқат, бу ҳукм Арабистон ярим оролида ҳамма мушрикларга нисбатан қўлланилган. Улардан жизя ҳам олинмаган, улар билан сулҳ ҳам тузилмаган. Ислом ёки урушдан бирини танлаш таклиф қилинган. Тавҳид калимасини айтиб, Исломни қабул қилсалар, намозни тўкис адо этиш, закот бериш ва бошқа амалларни қилиш талаб этилган. Закотни беришдан бош тортган баъзи қабилага Абу Бакр Сиддиқ даврларида уруш эълон қилинган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифнинг давомида: «Қачонки, шуни қилсалар, мендан қонлари ва молларини сақлаган бўладилар», дедилар.
Яъни, қачонки шаҳодат келтириб, намоз ўқиб, закот берсалар, улар мўъмин-мусулмон бўлиб, уларнинг қонини тўкиш, молини ўлжа қилиб олиш ҳаром бўлиб қолади, дейилганидир.
«Магар Ислом ҳаққи ила бўлса (сақлай олмайдилар)», деганлари, Исломда диний ҳақ сифатида ҳукм қилинган нарсалар бўлса, қонлари ва моллари сақланмайди, деганларидир.
«Ҳисоблари эса, Аллоҳнинг зиммасидадир» деганлари, мен сиртига қараб, яъни, тавҳид калимасини айтишига, намоз ўқишига, рўза тутишига қараб, ҳукм ва муомала қилавераман. Ичида нима бор бўлса, ҳисоб-китобни Аллоҳнинг Ўзи қилади, деганларидир.
Бу ҳадиси шарифдан келиб чиқадиган ҳукм ва фойдалар ҳақида уламоларимиз кўп нарсани айтганлар, шулардан баъзиларини келтирамиз:

1. Ким мусулмонликни изҳор қилиб, дин арконларини бажарса, унга тегилмайди.
2. Бировнинг мусулмон экани ҳақида ҳукм қилиш учун у шаҳодат калимасини айтиши шарт. Агар шаҳодат калимасини айтмаса, мусулмон деб ҳукм қилинмайди.
3. Исломнинг зоҳирий амалларини қилиб юрган одамлар, мусулмон ҳукмида ҳисобланади.
4. Шаҳодат аҳли бўлган одамларни, яъни шаҳодат калимасини айтиб юрганларни кофир деб бўлмайди.
5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, халифалар ҳам зоҳирга қараб ҳукм қилганлар. Одамларнинг ичида нима борлигини фақат Аллоҳгина билади.
6. Биров шаҳодат келтириб, намоз ўқиб, закот бериб, ўз жони ва моли дахлсизлигини таъминлаган бўлса ҳам, исломий жазога тортилиши мумкин. Мисол учун, қасддан одам ўлдирса, қасос олиш учун уни ҳам ўлдирилади.

Демак, Аллоҳ Исломдан бошқа динни қабул қилмайди. Исломни эса, ушбу ҳадисда келган нарсаларни қилгандагина, қабул қилади. Бир кишининг номи мусулмонча бўлгани учунгина, мусулмон, деб қабул қилинмайди. Ота-бобоси мусулмон бўлиб ўтгани учун ҳам, мусулмон, деб қабул қилинмайди. Балки ҳар бир вояга етган одамнинг шаҳодат калимасини нутқ қилиши, Ислом ақийдасини жазм ила дилида тасдиқ қилиши билан, намоз, закотга ўхшаш фарзу вожиб амалларни адо этиши билан, мусулмон шахс сифатида қабул қилинади.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга, мендан олдин ҳеч кимга берилмаган беш нарса берилди: менга бир ойлик масофадаги кучли қўрқинч ила нусрат берилди; менга ер масжид ва покловчи нарса қилинди. Бас, менинг умматимдан кимга намоз ўқиш етса, ўқисин. Менга ўлжалар ҳалол қилинди, мендан олдин ҳеч кимга ҳалол қилинмаган эди; менга шафоат берилди; Пайғамбар ўз қавмига хос қилиб юборилар эди, мен барча одамларга умумий қилиб юборилдим», дедилар». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Муаллиф нима учун бу ҳадисни «Аллоҳ фақат Ислом дининигина қабул қилади» деб номланган фаслда келтирмоқдалар? Чунки бу ҳадиснинг охирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Набий ўз қавмига хос қилиб юборилар эди, мен барча одамларга умумий қилиб юборилдим», демоқдалар. Демак, Аллоҳ таоло барча бандаларига битта пайғамбар–Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлишларини ирода қилган. Ҳамма шу зотнинг шариатларида бўлиши керак. Бош¬қа дин эса, қабул қилинмайди.
Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа пайғамбарлардан фарқли ўлароқ, ўзларига Аллоҳ таоло томонидан берилган беш ортиқ хусусият ҳақида сўз юритмоқдалар:
1. «Менга бир ойлик масофадаги кучли қўрқинч ила нусрат берилди».
Яъни, Аллоҳ менга бир ойлик узоқдаги масофада турган душманим қалбига кучли қўрқинч солиш билан нусрат берди. Бу Аллоҳ таоло томонидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган катта неъмат эди. Ўша вақтдаги юриш тезлиги билан ўлчанганда бир ойлик йўл босгунчалик масофада турган душман қалбига ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қаттиқ қўрқиш тушар эди. Бу нарса жуда маълум ва машҳур. Ушбу ҳақиқатни душманларнинг ўзлари ҳам тан олиб тасдиқлаганлар. Агар Аллоҳ таолонинг бу ёрдами бўлмаганида, яхши қуролланмаган, оз сонли одамларга ўша вақтнинг энг кучли қўшинлари устидан ғолиб келиш мумкин эмас эди.
2. «Менга ер масжид ва покловчи нарса қилинди».
Аллоҳ таоло бутун ер юзини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам учун, у зотнинг умматлари учун масжид қилиб қўйган. Ернинг қайси бир нуқтасида бўлсалар, намозни ўқийверадилар, намозлари қабул бўлади. Бошқа дин ва умматларга бу улуғ неъмат берилмаган эди. Улар махсус ибодатхона ва жойлардагина ибодат қилсалар, қабул бўлади, бўлмаса, йўқ.
Аллоҳнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мусулмонларга берган улуғ неъматларидан бири ерни покловчи нарса қилиб қўйганидир. Асл покловчи нарса сув. Сув бўлмай қолса, тупроқ ҳам покловчи бўлаверади, мусулмон киши у билан покланиши, таяммум ила таҳорат олиши мумкин. Бу ҳам улкан неъмат. Сув бўлмаганида ёки сув ишлатиш имкони йўқ бўлганда, тупроқ ишлатилаверади. Бу нарса ҳам бошқа дин ва умматларга берилмаган. Аллоҳ таоло нима учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ерни масжид ва покловчи нарса қилиб берди? Албатта, таяммум ила таҳорат олиб намоз ўқиш учун. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз сўзларининг давомида: «Бас, менинг умматимдан кимга намоз ўқиш етса, ўқисин», демоқдалар.
Бу намознинг нақадар аҳамиятли эканини, уни тарк қилишга ҳеч қандай узр йўқлигини кўрсатади. Ер таяммумдан бошқа ҳолатларда ҳам пок¬ловчи бўлиб хизмат қилади. Оёқ кийимларини поклаш, баъзи ювиш қийин нарсаларни поклаш ҳам ерга ишқаш билан бўлади.
3. «Менга ўлжалар ҳалол қилинди. Мендан олдин ҳеч кимга ҳалол қилинмаган эди».
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдинги пайғамбарларга душман билан бўлган урушда қўлга тушган ўлжаларни олиш, улардан фойдаланиш ҳалол қилинмаган эди. Улар ўлжаларга эга бўлолмас, улардан фойдаланмас эдилар. Баъзилари ўлжаларни бир ерга тўплаб, ўт қўйиб кетар эдилар. Кейинчалик баъзи пайғамбарларнинг умматлари ўз динлари, пайғамбарлари таълимотига хилоф равишда ўлжаларни олишган бўлиши мумкин.
Аллоҳ таоло бу масалада ҳам, Ўзининг Пай¬ғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга лутфи карам кўрсатди. Ислом душманларига қарши олиб борилган шаръий урушларда тушган ўлжаларни ҳалол қилди. Бунинг ҳукми Қуръони Каримнинг Анфол (Ўлжалар) сурасида баён қилинган. Тушган ўлжаларнинг бешдан бири Аллоҳ ва Унинг Расули учун ажратилади. Қолгани эса, ҳақдорларга махсус тартиб асосида тақсимлаб берилади.
4. «Менга шафоат берилди».
Бошқаларга, жумладан, бошқа Пайғамбарларга чегараланган шафоат ҳаққи берилган. Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга улкан шафоат ҳаққи марҳамат этилган. Бу қиёмат кунининг энг буюк мартабаларидандир. Бу У зотнинг умматлари учун ҳам улкан саодатдир.
5. «Набий ўз қавмига хос қилиб юборилар эди, мен барча одамларга умумий қилиб юборилдим».
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган барча пайғамбар Аллоҳ томонидан ўз қавми учун хос қилиб юборилар эди. Уларнинг даъвати бошқа қавмларга қаратилмаган эди. Ҳозирги кунимизда самовий динлардан иккитаси қолган. Яҳудий дини ушбу ҳақиқатни ўзида сақлаб қолган. Бу динга фақат яҳудий бўлиб туғилганларгина кира олади. Бошқалар бу динга киришлари мумкин эмас.
Масиҳий дини ҳам аслида Бани Исроилга аталган. Аммо улар Масийҳ алайҳиссаломга қарши турганларидан, у зот алайҳиссаломни ўлдирганликни даъво қилганларидан кейин, бу динга бош¬қалар кирганлар. Ана ўша бошқалар ўзларича Масийҳнинг таълимотлари ҳаммага қаратилган, деган даъво билан чиққанлар. Ислом дини охирги дин бўлгани, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги пайғамбар бўлганлари учун Ислом бутун олам аҳлига дин ва Муҳаммад алайҳиссалом ҳамма халқларга пайғамбар қилинган. Энг мукаммал дин сифатида Исломга амал қилиш Аллоҳ таолонинг ер юзи аҳлига бўлган амри илоҳийидир. Шу амрга биноан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ер юзидаги барча одамлар учун Аллоҳнинг Расулидирлар. Бу гапни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ёки мусулмонлар ўйлаб чиқаргани йўқ. Бу Аллоҳ таолонинг амридир.
Бу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, Исломнинг ва мусулмон умматининг афзаллиги.
2. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга душман қалбига қўрқинч солиш ила нусрат берилганининг ҳақлиги.
3. Бутун ер юзи мусулмонлар учун масжид экани.
4. Ер покловчи нарса экани.
5. Намознинг аҳамияти катта экани.
6. Ўлжа мусулмонлар учун ҳалоллиги.
7. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатлари ҳақлиги.
8. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча одамларга Пайғамбар эканлари.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Муҳаммаднинг жони Унинг қўлида бўлган Зот билан қасамки, ушбу умматдан бирортаси–яҳудийсими, насронийсими, менинг ҳақимда эшитсаю, сўнгра менга юборилган нарсага иймон келтирмай ўлиб кетса, албатта, дўзах эгаларидан бўлади», дедилар». Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Муаллиф раҳматуллоҳи алайҳи бу ҳадисни Аллоҳ фақат Ислом дининигина қабул қилиши ҳақидаги фаслда келтиришларининг сабаби, очиқ-ойдин кўриниб турибди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисни «Муҳаммаднинг жони Унинг қўлида бўлган Зот билан қасамки» деб, Аллоҳ таоло билан қасам ичиб, бошламоқдалар. Шунинг ўзи ҳадисда келадиган гап ўта аҳамиятли эканини кўрсатади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам оддий нарсаларга Аллоҳ таоло билан қасам ичмайдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «ушбу умматдан» деган ибораларини тушунишимиз учун бир оз изоҳ лозим бўлади.
«Уммат» Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан иккига бўлинади.
Биринчиси, умумий маънодаги уммат. Уни «Уммати даъват» дейилади. Яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари қаратилган уммат. Бу уммат, ер юзининг барча аҳолисидир. Чунки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари ер юзининг барча аҳолисига қаратилган.
Иккинчиси, хос маънодаги уммат. Уни «Уммати ижобат» дейилади. Яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватларига ижобат қилган, динларини қабул қилган уммат, дегани. Булар барча мусулмонлардир.
Ушбу ҳадиси шарифда гап «Уммати даъват» – бутун ер юзи аҳолиси ҳақида кетмоқда. Демак, ер юзида ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида, у кишининг динлари ҳақида эшитса, ўша одамнинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириб, Ислом динига кириши лозим бўлади. Агар кирмаса, кофир бўлади, дўзахга тушади.
Ҳадисда: «яҳудийсими, насронийсими», деб икки динга мансуб бўлган қавмлар алоҳида зикр қилинишининг сабаби бор. Яҳудий ва насроний динлари ушбу ҳадис айтилган пайтда ер юзидаги илоҳий таълимот асосидаги динлар эди. Уларга Аллоҳ таоло Мусо ва Ийсо алайҳиссаломларни пайғамбар қилиб юборган ва Тавроту Инжил китобларини туширган эди. Булар «Аҳли китоб» деб аталади. Уларга алоҳида муносабатда бўлинади. Чунки ер юзидаги бошқа динлардан буларнинг фарқи бор. Бошқа динлар илоҳий-самовий дин экани маълум эмас. Уларга Аллоҳ пайғамбар юборгани, китоб туширгани ҳам аниқ эмас. Демак, яҳудий ва насроний бўлган одамлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида эшитганларида иймон келтиришлари лозим бўлганидан кейин, динларининг самовий экани маълум бўлмаган, умуман дини йўқ ёки сохта динларга эътиқод қилиб юрганлар иймон келтириши лозимлиги турган гап.
Яҳудий дини самовий дин бўлган. Аллоҳ Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломларни бу диннинг пайғамбарлари қилиб юборган. Тавротни ўша диннинг муқаддас китоби қилиб туширган. Шу билан бирга, бу дин вақтинчалик эканини, кейин яна дин келишини айтган. Охири Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Ислом дини билан келишларини ҳам башорат берган.
Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юбориб, у зотга Инжилни тушириши билан яҳудий дини ва Таврот китоби амалдан қолди. Аммо, бу диндан фойда олиб турган бошлиқлар бу ҳақиқатни эътироф қилмадилар. Ийсо алайҳиссаломга иймон келтириш ўрнига у зотга душманлик қилдилар, Тавротда башорати берилган пайғамбар бу эмас, бошқа, дедилар.
Ийсо алайҳиссаломга иймон келтириб, масийҳий–насроний бўлганлар у кишининг шариатларига, Инжилга амал қилиб юрдилар. Вақт ўтиши билан динни ва Инжилни бузсалар ҳам барибир ўзларини «Насроний» деб, «Инжил аҳли» деб юрдилар. Уларга ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Ислом дини билан келишлари ҳақида Аллоҳ башорат берган эди. Бу ҳақда алоҳида китоблар ҳам ёзилган. Кези келганда, Аллоҳ хоҳласа, бу тўғрида батафсил гапирамиз.
Аллоҳ таоло вақти-соати келганда, Ўз ваъдасига вафо қилиб, Ўзи башорат берган сўнгги Пайғамбари–Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни охирги ва мукаммал дин–Ислом дини ила барча одамларга юборди. Насроний дини ва Инжил ҳам амалдан қолди. Ўзини билган яҳудий ва насронийлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хабарларини эшитишлари билан у зотга иймон келтириб, мусулмон бўлдилар. Кўпчилик эса, яна нотўғри таъвилга ўтиб,Таврот ва Инжилда башорати берилган пайғамбар бошқа, деб иймон келтирмади.
Демак, Исломнинг оламийлиги ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ер юзининг барча аҳолисига пайғамбарликларининг маъноси шу. Шунинг учун ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда:
«Ушбу умматдан бирортаси – яҳудийсими, нас¬ронийсими менинг ҳақимда эшитсаю, сўнгра менга юборилган нарсага иймон келтирмай ўлиб кетса, албатта, дўзах эгаларидан бўлади», дедилар.
Шунга биноан, ер юзи аҳолисидан кимга Ислом чақириғи етса, мусулмон бўлмоғи лозим. Исломни қабул қилмаса, кофир бўлади ва дўзахга тушади.
Ислом чақириғи етмаган кишилар эса, «фитрат аҳли» дейилади. Чақириқ етмагани учун уларни кофир деб ҳукм чиқарилмайди. Дўзахга тушишлари ҳақида ҳам ҳукм қилинмайди. Улар, фитрат аҳли, деб номланадилар ва қиёматда бош¬қа жонзотлар қатори тупроққа қоришиб кетадилар.
Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин, бизларни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уммати ижобатидан бўлишга муяссар қилди. Юртларимизни қадимдан Ислом нури ила мунаввар айлади. Халқларимизни чин мухлис мусулмонлардан қилиб, Ислом учун хизмат қилган машҳур халқлардан қилди. Халқимиздан чиққан уламоларни Ислом оламининг пешқадам уламоларидан қилди. Ушбу китобда ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганар эканмиз, деярли ҳар бир ҳадисда Бухорий, Насаий, Термизий каби имомларимизнинг хизматлари борлигини билиб, фахрланиб турибмиз.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдаларни такрорлашнинг ҳожати йўқ. Фақат ўрганиш, тушуниб етиш, унга амал қилиш керак. Биз ҳақ йўлда, ҳақ динда эканимизни англаб етишимиз даркор. Ва бу ҳақиқатни билганимизча бошқа кишиларга ҳам англатишимиз керак.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
"Ҳадис ва Ҳаёт" китобининг 2-жузидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase