close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Исломда давлат назарияси. (I қисм)

Исломда давлат назарияси муаммолари бугунги кунда кўплаб одамларни - ҳам мусулмонлар, ҳам бошқа дин вакиллари, шунингдек, кенг доирадаги олимлар, сиёсатчилар ва дипломатларни ўйлантирмоқда. Шариат фанлари магистри Сейран Арифовнинг туркум нашрлари шу масалага бағишланган.

Исломда давлат назарияси муаммолари бугунги кунда кўплаб одамларни - ҳам мусулмонлар, ҳам бошқа дин вакиллари, шунингдек, кенг доирадаги олимлар, сиёсатчилар ва дипломатларни ўйлантирмоқда. Шариат фанлари магистри Сейран Арифовнинг туркум нашрлари шу масалага бағишланган.
Фиқҳда (ислом ҳуқуқи) бутун бир бўлим давлат назариясига бағишланган. Аммо бошқа бўлимлардан (ибодат маросимлари, оила муносабатлари, тижорат ишлари фиқҳи) фарқли ўлароқ, ислом ҳуқуқининг бу қисми камроқ ривожланган. Асрлар давомида бу соҳадаги олимлар биринчи навбатда иқтибос ва талқинга эътибор қаратиб, ушбу соҳани янгилаш ёки ривожлантиришга интилмаган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асос солган давлат мавжуд бўлган ва фаолият кўрсатган, ҳукмдорлар давлат қурилиши масалаларини кўпинча олимлар ёрдамига мурожаат қилмасдан, ўзлари ҳал қилганлар. Охир оқибат, бу муайян рамзийлик ва расмий анъаналар сақланиб қолган бўлса ҳам, давлатнинг исломдан ажралишига олиб келди. Буларнинг барчаси натижасида ислом қонунларига кўра давлат қандай бўлиши кераклиги ҳақида ўнлаб талқинлар пайдо бўлди.
Бугунги кунда мусулмонларнинг айрим гуруҳлари вакиллари кенгаш (шўро) қарорлари мажбурий эмас, балки тавсиявий характерга эга, деб таъкидлайдилар. Яъни, ҳукмдор кенгаш фикрини тинглаши мумкин, лекин қарорни шахсан ўзи қабул қилади. Кимдир исломий давлатда кўппартиявийлик имкониятини рад этса, бошқалари давлат раҳбари ёки парламент аъзоларини сайлаш тамойилини инкор этади. Давлат раҳбарининг ваколат муддатини чеклаш тамойилини қабул қилмайдиганлар ҳам борки, инсон бу лавозимни умрбод эгаллаши керак, деб ҳисоблайди.
Демократия ва унинг барча хусусиятларини ислом нуқтаи назаридан истисносиз тақиқланган, деб атайдиган исломий гуруҳларнинг сўзларига тўхталиб ўтмаслик мумкин эмас. Шунингдек, улар аёлларнинг давлат органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини тан олмайдилар. Мусулмон бўлмаганлар ҳам худди шундай ҳуқуқлардан маҳрум бўлиб, давлат бошқарувида қатнашиш имкониятидан маҳрум бўлишади. Бундай хулосаларга асосан оят ёки ҳадисларнинг айрим тафсирлари, заиф ҳадислар ва айрим уламоларнинг фикрлари асос бўлади. Аммо Қуръоннинг тўғридан-тўғри кўрсатмаларига, шариатнинг мустаҳкам тамойилларига ва ишончли ҳадисларнинг очиқ маъносига мурожаат қилишимиз биланоқ, бундай хулосаларнинг асоссизлиги аён бўлади.
Энди биз муаммонинг мавжудлигини ва у билан боғлиқ муаммолар мажмуасини тушунганимиздан сўнг, келинг, барчасини тартибга солишга ҳаракат қилайлик.

Исломда давлатнинг роли
Ислом бу таълимотни ёядиган ва уни ҳимоя қиладиган жамият ва давлат яратишга интилишида ажабланарли ва нотўғри нарса йўқ. Ўз динини ҳимоя қилган ва тарқатган яҳудий ва насроний давлатлари мавжуд бўлган.
Айтишимиз мумкинки, яҳудий давлатининг яратилиши Мусо (алайҳиссалом) даврида бошланиб, худди ўғли Сулаймон каби бу давлатни бошқарган Довуд (алайҳиссалом) даврида тугади. Насронийлик Рим империяси ва кейинчалик вужудга келган давлатларнинг расмий динига айланди. Бугунги кунда, агар мамлакат расмий равишда демократик ва дунёвий бўлса ҳам, Ҳиндистон моҳиятан индуизм давлати, Франция ёки Италия католик, Россия православ ва АҚШ протестант давлатдир.
Биринчи ислом давлати пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик даврларида пайдо бўлган ва бу ижтимоий ёки ҳаётий зарурат оқибатида эмас, балки кўпроқ ислом динининг асл моҳияти, унинг мазмуни ва тамойиллари ривожининг муқаррар натижаси эди. Мусулмонлар эътиқодларини ифода этадиган «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад унинг бандаси ва расулидир» деган сўзлар бошқа маъно касб эта олмайди.

Қуръонда айтиладики: «Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига топширишингизни ва одамлар орасида ҳукм қилганингизда адолат ила ҳукм қилишингизни амр қилур. Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши ваъз қилур! Албатта, Аллоҳ ўта эшитувчидир, кўриб турувчидир. Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Расулга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг. Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Расулга қайтаринг. Ана шу хайрли ва оқибати яхшидир» (Нисо, 58-59)
Бу икки оятда Раббийнинг иккита амри бор. Биринчиси, турли даражадаги ҳукмдорлар ва раҳбарларга қаратилган: улар ўз вазифаларини ҳалол ва масъулият билан бажаришлари, адолатли ҳукм қилишлари ва оқилона ҳукмронлик қилишлари керак. Иккинчиси, Аллоҳ таоло ўз ҳукмдорларига итоат қилишни фарз қилган мўминларга қаратилган.
Бу ерда биз иккита шартни кўрамиз. Биринчиси - "орангизда" - ҳукмдор мўминлардан (яъни мусулмон) бўлиши кераклигини англатади. Бироқ, бу шарт жамиятда озчилик бўлиб яшаётган, аксарияти бошқа эътиқодга эга бўлган мусулмонлар учун мажбурий бўла олмайди. Иккинчи шарт, ҳукмдорнинг ўзини Аллоҳ ва Расулига итоат қилишидир. Ислом давлатидаги ҳукмдор Аллоҳ ва Расулига итоат қилсагина (бошқача айтганда, Ислом амрларини бажарса) одамларнинг итоатига таяниши мумкин. Акс ҳолда, уни тўғри йўлга қайтариш керак. Аллоҳ таоло бизга Ислом давлатининг асосларини баён қилган оятларнинг очиқ ва равшан маъноси мана шудир.
Суннатга мурожаат қиладиган бўлсак, бу мавзуда кўплаб ҳадисларни ҳам учратамиз. Улардан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кимки ўз ҳукмдорига қасамёд қилмай вафот этса, жоҳилия ўлими билан ўлган бўлади", дедилар (Муслим).
Яъни, агар мўмин ислом давлатида яшаб, Ислом аҳкомларига риоя қиладиган ҳукмдорга итоат қилмаса, бундай ҳолатда ўлим худосизлик даврида вафот этганларнинг ўлимига ўхшайди. Агар ҳукмдор бундай бўлмаса, мусулмон ҳукмдорнинг юқоридаги оятда кўрсатилган шартларга жавоб беришига ҳаракат қилиши вожибдир. Яна бир ҳадисдаги: "Сизлардан ким гуноҳни кўрса, уни қўли билан тузаисин..."деган сўзлар ҳам айнан мана шуни назарда тутади.
Агар мусулмон мавжуд вазиятни тўғирлаш учун очиқ ҳаракат қилиш имкониятига эга бўлмаса, у ислом давлатида Қуръон қонунлари бажарилмаётганига рози эмаслигини билдириши шарт (гап даъват, тушунтириш, тарғибот ҳақида кетмоқда. ): «... ва агар уни қўли билан тузата олмаса, тили билан тузатсин...»
Яна шундай дейилади: «...Агар тили билан тузата олмаса, қалби билан тузатсин».
Ўнлаб ҳадисларда ҳукмдорлар, қозилар ва амалдорлар ҳамда фуқароларга қаратилган бўлиб, давлат ишлари, ҳукмдор ва қўл остидагилар ўртасидаги муносабатлар, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида аниқ сўз боради. Бу ҳадислар одамлар ўртасида адолатли ҳукм қилиш, итоат қилиш (қарорга рози бўлиши ёки рози бўлмаслигидан қатъий назар) ва зулм содир бўлганда сабр-тоқат қилишни буюради. Улар Аллоҳ таолонинг қонун-қоидаларини бажаришга, айниқса жиноятлар учун жазолашда, мусулмонлар ва мусулмон бўлмаганларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилишда, муносиб ва масъулиятли кишиларни сайлаш ёки тайинлашда, жамоавий намозни ўқиш ва закот йиғиш, чегараларни ҳимоя қилиш ва хавфсизликни таъминлаш, мақбул бўлган нарсага чақириш ва қораланган нарсаларни тақиқлашда ғамхўрлик қилишга мажбур бўлган ҳукмдор ва қозилар фазилатларини белгилайди.
Ислом давлатининг асосий тамойиллари, бошқарув тизими, ташқи ва ички сиёсатни амалга ошириш, молиявий масалалар, суд жараёнлари, маъмурий сиёсат масалаларига энг машҳур мусулмон олимлари: Абу Юсуф, Ал-Аузаи, Муҳаммад ибн Хасан, Мавардий, Абу Юал, Ал-Жувайний, Ибн Таймия, Ибн Жемо, Яҳё ибн Одам ва Абу Убайданинг батафсил асарлари - ўнлаб асарлар бағишланган! Ушбу ноёб илмий мероснинг аксарияти, афсуски, Ғарбда ҳалигача номаълум ёки кам ўрганилган.

Манба: "Арраид" газетаси 10 (180), 2014 йил.
Абу Муслим тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase