Бундай одам ҳаётида, гарчи аниқ ёзиб қўйилган қонунлар ва расмий номларсиз бўлсада, дин ҳамон мавжуд бўлади. Мен буни либерал соус остида ўз-ўзига сиғинишнинг яширин шакли деб атайман. Бундай ҳаёт ва фикрлаш тарзи барибир дин, аниқ қоидалар, эътиқодлар мажмуи, инсон ҳаётида йўл-йўриқ ва маъно топадиган тизим деб ҳисобланиши керак. Агар "дин" деган сўз сизни хижолатга қўядиган бўлса, сизнингча бўлсин, уни хоҳлаган тарзда атанг. Лекин бу фақат яна бир бор ўз-ўзини алдашдир.
Кечагина шундай одамлардан бири билан гаплашган эдим. Бу қизнинг ота-онаси бири мусулмон, иккинчиси эса мусулмон эмас. У Ислом ҳақида ҳеч нарса билмай ўсган ва ўзини мусулмон ҳам, бошқа бирор динга эргашувчи ҳам деб ҳисобламаган. Бироқ мулоқотимиз давомида у «зодиак» ва «гороскоп» каби тушунчаларни бир неча бор тилга олди. «Кўпчилик бу нарсаларга ишонмаслигини биламан, лекин барибир мен бунга ишонаман. Бурж бўйича мен «қўй»ман ва буни англаб етиш ўзимни ва бошқаларни яхшироқ тушуниш учун менга ёрдам беради".
"Ундай деманг, акс ҳолда амалга ошади! Агар бирор нарса ҳақида ўйласангиз, бу албатта содир бўлишига ишонаман!"
ва,
«Ҳаётимиз мазмуни – миннатдорчилик билдиришдан иборат. Биз ўз ҳаётимизни қувонч билан тўлдиришга ва шу билан бирга ўзимизга хос бўлган салоҳиятдан фойдаланишга ҳаракат қилишимиз керак. Бизга берилган нарсаларга имкон қадар миннатдор бўлишимиз керак».
ва,
«Ёшлигимда синглим билан мен турли сабабларга кўра: кийим танлаш, гиёҳвандлик, спиртли ичимликлар борасида баҳслашардик. Ёшлигида у ҳамма нарсани: гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, айш-ишратли ҳаётни синаб кўрмоқчи эди. Менимча, буларнинг ҳаммаси учун у жуда ёш эди. Унинг ҳаммани ўзига қаратадиган тарзда кийиниши менга ҳеч қачон ёқмаган. Мен спиртли ичимликлар унинг ҳаётида бўлганига кўз юмдим, гарчи у ҳали ўрта мактаб ўқувчиси бўлса ҳам, у машина рули ортига ўтиргунча – буниси энди мутлақо масъулиятсизлик бўларди! Аввалига у ҳар хил «ўт»ларга қизиқиб қолганида мен бунга унчалик аҳамият бермадим. У героин ва метамфетаминга ўтганида эса, бонг ура бошладим. Нима бўлганда ҳам, ҳамма нарсанинг чегараси бор. Уларни босиб ўтиш мумкин бўлмаган рухсат этилган чегаралар бор».
Бу ёш аёл қандай кийиниш кераклиги, бу масалада меъёр нима эканлиги ва ортиқча нарса ҳақида ҳис -туйғулар билан гапирди. У спиртли ичимликларни қандай тўғри ичиш кераклиги, шунингдек, қайси моддаларни қабул килиш саломатлик ва ҳаёт учун унчалик хавфли эмаслиги ва қандай ҳолларда улардан узоқ туриш кераклиги тўғрисида қатъий ишончга эга эди. Агар шундай қарасангиз "Ҳалол ва ҳаром" тамойиллари бўйича аниқ фарқларнинг ўзгинаси.
Юқорида айтилганларнинг барчаси инсон бу дунёда ўзи учун йўл-йўриқ топадиган, ўз ҳаётини қурадиган ишонч, эътиқод, тамойиллардир. Ер юзидаги ҳар бир одамнинг бундай позицияси бор. Бусиз инсоният мавжуд бўлиши мумкин эмас. Аммо савол шундан иборатки, бу эътиқод ва қоидаларнинг манбаси нима, бу аҳкомларни қаердан олиш мумкин?
Мусулмон сифатида айтишим мумкинки, менинг эътиқодларим манбаи – Яратувчи, Аллоҳ таолодир.
Бироқ, бугунги кунда одамлар тез -тез, бу саволга жавобан: манба - бу ўзим, менинг эҳтиёжларим, истакларим, дўстларим ва оилам, менинг ижтимоий мажбуриятларим, атроф -муҳит, ижтимоий тенденциялар, эго деб айтадилар.
«Ҳали ширк келтирганлар: «Агар Аллоҳ хоҳлаганида, биз ҳам, ота-боболаримиз ҳам ширк келтирмас эдик ва бирор нарсани ҳаром қилмас эдик», – дерлар. Улардан олдингилари ҳам азобимизни татигунларига қадар шу каби ёлғонга чиқариб турганлар. «Ҳузурингизда бизга чиқариб кўрсатадиган бирон илм – ҳужжат борми? Гумонга эргашмоқдасиз ва сизлар алжирамоқдасиз, холос», – деб айт». (Анъом, 148)
Ҳар қандай мусулмон биладики, у ҳаёти давомида тўрт душманга қарши курашади:
1. Шайтон,
2. Дунё,
3. Нафс (эго)
4. Эҳтиёж/қизикиш.
Инсон бирор нарсага амал қилиши ва итоат этиши керак. Агар у ўз Яратувчисига қарши исён кўтарса, албатта, бу тўрт душманга дуч келади ва оқибатда улар томонидан асир олинади, қолаверса, у иррационал диний хаёлларнинг зарарли таъсирига тушиб қолмаганидан қувониб, маърифат йўлидаги эканига ишонч ҳосил қилади.
Абу Муслим таржимаси