Ислом Аллоҳ таолонинг амрларига бўйинсуниш ва таслим бўлишдир. Имон ва Ислом ўртасида луғат жиҳатидан фарқ бор. Аммо имон Исломсиз, Ислом имонсиз бўлмайди. Улар инсоннинг ичи ва сирти кабидир. Имон, Ислом ва шариатлар умумий тарзда дин дейилади.
Шарҳ: Ислом Аллоҳ таолонинг амрларига ичда (ботинда) ва ташда (зоҳирда) бўйсуниш ҳамда таслим бўлишдир. Имон луғатда тасдиқлаш, ишонишдир.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
«Улар кечқурун оталари олдига йиғлаган ҳолларида келишиб: “Эй ота! Бизлар Юсуфни нарсаларимиз олдида қолдириб, қувлашиб кетган эдик, уни бўри еб кетибди. Энди рост гапирсак ҳам сиз бизларга асло ишонмайсиз”, дедилар» (Юсуф сураси, 16-17-оятлар).
Ислом луғатда мутлақ бўйсунишдир.
Аллоҳтаоло бундай марҳамат қилади:
“Осмонлару ердаги барча жонзот истаса-истамаса Унга
бўйинсуниб турибди-ку!” (Оли Имрон сураси, 83-оят)
Демак, имон қалбан бўйинсинишдир. Ислом эса зоҳирда (жисмонан) бўйинсинишдир.
Аллоҳ таоло марҳамат этади:
«Аъробийлар: «Имон келтирдик», - дедилар. (Эй Муҳаммад! Уларга) айтинг: «Сизлар имон келтирганингиз йўқ, лекин сизлар «Исломга кирдик» денг! (Чунки ҳануз) дилларингизга имон кирган эмасдир» (Ҳужурот сураси, 14-оят).
Жибрил алайҳиссалом ҳадислари ҳам ана шунга далолат этади. Унда имон ва Ислом бир-биридан алоҳида зикр этилган ва имон тасдиқ, Ислом иқрор бўлиш ва яхши, солиҳ амалларни адо этиш, дейилган. Аммо шаръий жиҳатдан, имонсиз Ислом, Исломсиз имон бўлмайди. Яъни, зоҳирда (жисмонан) бўйсуниш бўлмаса қалбан бўйсиниш бўлмайди. Чунки имон ва Ислом ажралмас, бўлинмас бир нарса кабидир. Хулоса шуки, имоннингўрни қалбдир, Исломнингўрни қолип, яъни танадир. Комил жасад у иккисидан таркиб топади.
Дин бирор сўзга боғланмай ёлғиз ўзи зикр этилганда ундан тасдиқ, иқрор ва пайғамбарларнинг Аллоҳ таоло тарафидан келтирган ҳукмларни қабул қилиш тушунилади.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас, (унинг “дини” Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охират-да зиён кўргувчилардандир” (Оли Имрон сураси, 85-оят).
“Шубҳасиз, Аллоҳ ҳузуридаги дин - Исломдир” (Оли Имрон сураси, 19-оят).
“Унинг Ўзи сизларни сайлади ва бу динда сизларга бирон ҳараж-танглик қилмади” (Ҳаж сураси, 78-оят).
“Сизлар учун Исломни дин қилиб танладим” (Моида сураси, 3-оят).
“Ақидатут таҳовия”да бундай дейилади: “Аллоҳ таолонинг дини ер ва осмонда ягонадир. У дин ҳаддан ошиш ва сустлик, ташбиҳ (Аллоҳ таолони махлуқотларига ўхшатиш) ва таътил (Аллоҳ таолонинг сифатларини йўқ дейиш), жабр ва қадар, умид (Аллоҳ таолонинг фазлидан умид қилиш) ва хавф (Аллоҳ таолонинг адлидан қўрқиш) орасида (ўртасида)дир. “Саҳиҳи Бухорий”да Абу Ҳурайрадан ривоят этилади: Пайғамбаримиз (с.а.в.) бундай дедилар: “Биз пайғамбарлар жамоасининг дини ягонадир”. Яъни, пайғамбарлар келтиришган динларнинг асли биттадир. У тавҳид ва унга тааллуқли нарсалардир. Лекин уларнинг шариатлари ҳар хилдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Сизлардан ҳар бир (уммат) учун (алоҳида) шариат ва йўл (тайин) қилиб қўйдик” (Моида сураси, 48-оят).
Имом Абу Ҳанифанинг
"Ал-Фиқҳ ул-акбар ва унинг шарҳи" китобидан