close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Муваҳҳид ўз тавҳидидан қувватланади

Шайх Абдулқодир ҳазратлари розияллоҳу анҳу 545 йил ражаб ойининг ўн олтинчи куни эрталаб мадрасада шундай насиҳат қилдилар:

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимнинг ишонгани ўзига ўхшаган махлуқ бўлса лаънатлангандир, лаънатлангандир», - дедилар. Бу лаънатга кўплаб одамлар дохил бўлган. Кимки Аллоҳ азза ва жаллага ишонса, Унга имон келтирса, ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам қалъани ушлайди. Ким ўзига ўхшаш махлуққа ишониб қолса, қуруқ қўл билан сув олмоқчи бўлган кишига ўхшайди.
Ҳолингга вой! Халқ сенинг хизматингни бир кун, икки кун, уч кун, бир ой, бир йил ёки икки йил қилади. Охири сендан безор бўлади. Ўзингга Ҳақнинг суҳбатини лозим тут, ҳожатларингни Унинг ўзидан сўра, У сендан ҳеч қачон безор бўлмайди. Муваҳҳид ўз тавҳидидан қувватланади. Унинг ота-онаси, оиласи ҳам, дўсту душмани ҳам, молу мартабаси ҳам қолмайди. Фақатгина Ҳақнинг эшигини тутишинг қолади.
Эй динор ва дирҳамларига ишонганлар! Улар сизларни азобга қўйиб, тарк қилади. Бойлик кеча сизлардан бошқанинг қўлида эди, энди Аллоҳ улардан олиб, Ўзи буюрган ўринларига ишлатишларинг учун сизларга берди. Сизлар эса уни сиғинадиган бутлар қилиб олдинглар. Эй жоҳил, Аллоҳнинг розилиги учун илм ўрганиб, унга амал қил, у сенга одоб беради. Илм-ҳаёт, жоҳиллик эса, ўлимдир. Дўст илм ўрганишдан фориғ бўлса, муштарик (шерик) хос илмларга, яъни, қалб ва сир илмларига олиб киради. Агар бу илмдан бохабар бўлсанг, Аллоҳнинг динида яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчи, Унинг изни билан берувчи ва ман қилувчи султонга айланасан, нафсинг бахилликка буюради, сен эса уни ман қиласан. У ёрдам берган кишига, албатта, ёрдам берилади. Аллоҳ хорлаган киши хордир. Илм ва уламоларга сабр ила хизмат қил, шунда сенга ҳам хизмат қилинади, қалбинг тушунадиган ва ботининг нурлик бўлади.
Эй инсонлар! Ишларингизни Ҳақ азза ва жаллага топширинглар. У сизлардан кўра билувчироқдир.
Унинг кенгчилигини кутинглар. Ҳақ азза ва жаллага хизмат қилиш орқали Унинг эшикларини очинглар ва халқ томонидаги эшикларни беркитинглар. Шунда сизлар хаёлларингизга ҳам келмаган ажойиботларни гувоҳи бўласиз.
Ҳолингга вой! Агар Аллоҳ азза ва жалла хоҳласа, сенга халқнинг қўли билан манфаат етказади ёки зарар беради. У ишларни бошқарувчи ато қилгучи, ман этувчи, азиз ва хор қилувчи, касаллик ва шифо берувчи, тўйдирувчи ва оч қолдирувчи, кийинтирувчи ва яланғоч қилувчи, гўзал ва хунук қилувчи зотдир. У аввал ва охирдир, зоҳирдир ва ботиндир, буларнинг барчаси Унинг ўзидир. Қалбинг билан бунга эътиқод қилгину, зоҳирингда халқ билан ҳусни муомала-да бўлгин. Бу ишлар ҳамма ҳолатларда Аллоҳдан қўрқувчи, муттақий солиҳларнинг машғулотидир. Улар халқ билан гўзал муомала қиладилар. Китоб ва суннатни ақллари етгунича халққа тушунтирадилар ва амр-буйруқларни халққа билдирадилар. Агар қабул қилсалар, уларга таҳсин айтадилар. Қабул қилмасалар, улар билан халқ ўртасида дўстлик ҳам, муҳаббат ҳам қолмайди. Халққа нисбатан Аллоҳ таолонинг буйруқларини етказиш ва наҳийларидан қайтаришда юз-хотир қилмасдан қаттиқ турадилар. Қалбингни ёлғиз Аллоҳ учун масжид қилгин. Аллоҳга бошқани қўшиб дуо қилма.
Аллоҳ азза ва жалла айтганидек:
«Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо илтижо қилманглар» (Жин, 18). Бу банданинг даражаси исломдан имонга, имондан яқийнга, яқийндан маърифатга, маърифатд&н илмга, илмдан муҳаббатга, муҳаббатдан маҳбублик даражасига кўтарилади, сўнгра ғафлатда қолса, тарк қилинмайди, унутса, эслатилади, ухласа, уйғотилади, юз ўгирилса, иқбол қилинади, агар сукут қилиб қолса, гапиртирилади, доимо уйғоқ, мусаффо ҳолатда бўлади. Чунки у қалбининг идишини поклади, энди унинг ташқарисидан ичкариси кўриниб туради. Уйғоқлик ва сергаклик Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан меросдир. У зотнинг кўзлари ухласа-да, қалблари уйғоқ бўларди. Ортларидаги нарсаларни худди олдларини кўргандек кўрар эдилар. Ҳар кимнинг уйғоқлиги ҳолига яраша бўлади. Бас, Набийнинг уйғоқликларига ҳеч кимнинг уйғоқлиги ета олмайди ва У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хислатларига шерик бўлмоққа ҳеч кимнинг қудрати етмайди. Лекин абдоллар ва авлиёлар «таом» ва «шароб»ларидан насибадор бўлишган, уларга денгиздан бир томчидек бўлса-да берилган. Чунки улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашган, у зотнинг динларини маҳкам ушлаган ёрдамчилар ва дин илмларини тарқатувчилардир. Бундай ворисларга қиёматгача салом ва раҳматлар бўлсин.
Дунё мўминга хўжайинлик қилмоқчи бўлди. Мўмин эса ундан юз ўгириб охиратни талаб қилди, ҳатто уни топди ва қалби охиратга боғланди. Ҳақ азза ва жалланинг эшигига етишди ва у ерда чодир қуриб олди. Сен ҳам юлдузлар, сўнг қуёшдан беҳожат бўлган Иброҳим алайҳиссаломнинг миллатига эргаш.
«Мен ҳақ йўлга мойил бўлган ҳолимда юзимни осмонлар ва ерни яратган Зотга қаратдим ва мен мушриклардан эмасман», деди у (Аъном, 79).
Эй фарзанд! Ўша қавмнинг хизматкори бўл. Албатта, дунё ва охират ҳам уларга хизмат қилади. Яъни, хоҳлаган вақтларида Ҳақ азза ва жалланинг изни билан ундан насиба оладилар ва бу дунёда охиратлари учун сизларга берадилар. Парвардигоро, бизга ва уларга дунё ва охиратни билдиргин.

Абдулқодир Жийлонийнинг
"Раббонийликни англаш" китобидан
Тўлқин Ийсо ўғли таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тазкия
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase