close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Бўхтон

Маънавий жиноятлар ҳақида сўз кетар экан, уларнинг моддий, яъни, жисмонан ҳис этиладиган жиноятдан ҳам ёмонроқ эканлигини таъкидламоғимиз лозим бўлади. Моддий нарсаларга кўникиб, ҳамма нарсани фақат моддага-ҳис этилувчи нарсага боғлаб қўйган инсонлар ўйлаб чиқарган қонунлар бўйича иш кўрилганда катта адолатсизликлар вужудга келади.

Бир киши иккинчи кишини бир шапалоқ урса ёки кийимини йиртса, жиноятчи ҳисобланиб, қамалиши турган гап. Аммо ўша одам иккинчисига нисбатан маънавий жиноят қилса, яъни, беодоб гапи билан ёки ғийбати ва бўҳтони билан юраги хасталаниб йиқилишига, баъзан бу дунёдан кўз юмишига сабаб бўлса, жазосиз қолаверади. Тўғри, ҳозирги пайтда демократия ривожланган давлатларда биз ушбу мақолада сўз юритмоқчи бўлган бўҳтонга нисбатан жазо чоралари йўлга қўйилмоқда. Аммо унга эришиш учун туҳматга дучор бўлган инсон жуда кўп уриниши зарур. Маҳкамага ариза қилиши, ишнинг ортидан югуриши ва бошқа тадбир-чоралар қўллаши лозим. Иши юришиб даъвосида ютиб чиққан тақдирда ҳам, бўҳтончига арзимаган жазо берилади.
Энди жамиятдаги бу хасталикларни илоҳий, исломий қонунлар қандай муолажа қилишини кўриб чиқайлик. Аввало маънавий жиноятлар инсон ҳуқуқларини қўпол равишда поймол қилиш эканини таъкидлаб ўтмоқ лозимдир. Чунки, бу жиноятлар одатда кишиларнинг обрўйини тўкишга сабаб бўлади. Инсоннинг обрўйини тўкиш эса, Ислом дини таълимотлари бўйича, катта жиноят сифатида баҳоланади. Бир одамни беобрў қилиш уни ўлдириш ва молу мулкини тортиб олиш билан тенг ҳисобланади.
Имоми Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам:
"Мусулмон киши бошқа мусулмонга борлигича ҳаромдир: қони ҳам, обрўйи ҳам ва моли ҳам", дейдилар.
Демак, бир мусулмоннинг иккинчи мусулмонни ўлдириб, қонини тўкиши, молини ўғирлаб ёки тортиб олиши қанчалик гуноҳ бўлса, обрўйини тўкиш ҳам шунчалик гуноҳдир. Шунинг учун ҳам Исломда одамларнинг обрўйини тўкишга сабаб бўладиган ғийбат, чақимчилик, бўҳтон каби маънавий жиноятлар гуноҳи кабира, яъни, катта гуноҳ ҳисобланиб, гуноҳкорни оқибатда аянчли азоб-уқубатлар кутади. Бундай кишилар ҳар қанча тавба қилсалар ҳам, Аллоҳ уларнинг гуноҳларини кечирмайди. Чунки, бу гуноҳни кечириш-кечирмаслиги улардан зарар кўрган, улар томонидан обрўйи тўкилган кишиларнинг розилигига боғлиқ бўлади. Ушбу маъно маънавий жиноятлардан бири бўлмиш ғийбат мисолида қуйидаги ҳадиси шарифда баён этилган бўлса-да, ҳукм барча маънавий жиноятлар учун умумийдир. Имом Ибн Абид-Дунё ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар баён қилинади: "Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Ғийбат зинодан ёмонроқдир", дедилар. "Нима учун?" деб сўралди. У зот: "Бир киши зинодан сўнг тавба қилса, Аллоҳ қабул этади. Аммо ғийбатчининг гуноҳи унинг "биродари" (ғийбат қилинган шахс) кечирмагунча мағфират қилинмайди", дедилар.
Маънавий жиноят қурбони-обрўйи тўкилган шахснинг, ғийбат туфайли, инсоний ҳуқуқи поймол қилинади. Аллоҳ Таоло Ўзининг ҳаққига бандаси тажовуз қилса кечиради. Аммо бошқа бир банданинг ҳаққига тажовуз қилинган пайтда ўша ҳақ эгаси кечирмагунча, мағфират қилмайди.
Энди мақсадга кўчайлик-да, асосий мавзуимиз-бўҳтон ҳақида сўз юритайлик. Аввало, бўҳтон ўзи нима эканлигини яхшилаб билиб олишимиз зарур. Шу мақсадда Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мурожаат қиламиз. Имоми Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам билан саҳобалар ўртасида бўлиб ўтган қуйидаги суҳбатни ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Ғийбат нималигини биласизларми?, деб сўрадилар. Саҳобалар: "Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ", дедилар. У зот: "Биродарингни унга ёқмаган нарса билан зикр қилишинг", дедилар. Шунда: "Айтинг-чи, мен айтадиган нарса биродаримда бўлса-чи?", дейилди. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Агар айтган нарсанг унда мавжуд бўлса, бу, батаҳқиқ, уни ғийбат қилганингдир, агар айтганинг бўлмаса, унга бўҳтон қилганингдир," дедилар.
Демак, бир одамни орқасидан, ўзи йўқ пайтида, ўша одамга ёқмайдиган гаплар билан эслаш ғийбат бўлади. Ғийбат гуноҳи кабира, катта гуноҳлар қаторига киради. Ғийбатчига тайин қилинган азобларни эшитган одамнинг ҳам вужуди титраб кетади. Бўҳтон эса, бир кишини айблаш учун унинг ўзида йўқ иллатлар билан айблаш экан. Энди бу нарса ғийбатдан неча марта катта гуноҳ эканини тасаввур қилиб олса бўлади. Шаръий манбаъларга мурожаат қилганимизда, ғийбат билан бўҳтоннинг бир-бирига яқин жойга, айнан бир бобларга қўйилганини кўрамиз. Аммо, ғийбат тўғрисидаги маълумотлар, воқеъликдан келтирилган мисоллар кўп бўлгани ҳолда, бўҳтон ҳақидаги бундай маълумотлар нисбатан оз учрайди. Бу ўша пайтларда, Ислом дини тарқалишидан аввалги, олам жаҳолат ботқоғига ботган дамларда, барча разолатлар ривож топган бир замонда ҳам бўҳтон қилишга, бир одамни ўзида йўқ иллат билан айблашга журъат қиладиганлар оз эканлигига далолатдир. Ҳар қандай қабиҳликни киприк қоқмай қила берадиган жоҳилий инсоннинг ҳам бўҳтонга келганда журъат эта олмай қолишини кўрсатади. Ўша пайтларда бўҳтон қилиб бир одамнинг обрўйини тўкиш тор доира билан чегараланган. Яъни, бир қабила, қишлоқ ва шаҳар миқёсидан ташқарига чиқмаган.
Аммо ҳозир-чи? Ҳозир бўҳтон шундай кўпайди-ки, уни чегаралаб олишнинг сира имкони йўқ. Кичик бир бўҳтон эндиликда бир зумдаёқ бутун дунёга тарқалмоқда. Энг ачинарлиси, шов-шувларга сабаб бўладиган бундай бўҳтончилик билан асосан ҳукуматлар, расмий идоралар, давлат раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари шуғулланмоқда. Улар хоҳлаган пайтларида ўзларига ёқмай қолган ҳар қандай инсонни бўҳтонга кўмиб ташламоқдалар. Ҳолбуки, ўша ҳукумат, расмий идора ёки давлат раҳбарларининг бош вазифаларидан бири-фуқароларни жиноятлардан асраш, жумладан маънавий жиноятлардан ҳимоя қилиб, уларнинг обрўларига гард юқтирмасликдир. Бу ҳолнинг тескариси, яъни, маънавий жиноятларнинг тепасида туриш, таъбир жоиз бўлса, сувни тепасидан лойқалатиш собиқ Совет Иттифоқи юритган сиёсат мисолида тажрибадан ўтказилди. Миллионлаб бегуноҳ одамларга ватан хоини, халқ душмани, ўғри, талончи, руҳий касал, нашаванд каби тамғалар босилди. Уларнинг обрўларига путур етказилди, бутун дунё олдида шарманда қилинди. Ҳеч қандай айби бўлмаган кишилар қамалди, азоб-уқубатларга дучор қилинди, кўплари ўлдириб юборилди. Ўн йиллар мобайнида халқнинг асл фарзандлари бўлган мўътабар уломоларнинг, аҳли илм, аҳли қаламнинг покиза номларини бўҳтон балчиғи билан булғашга ҳаракат қилинди. Қуёш юзини булут узоқ вақт тўса олмаганидек, маънавий жиноятчилар ҳукмронлигига ҳам путур етди. Ҳақиқий жиноятчи, ватан хоини, ўғри, талончи, руҳий касал ва нашавандлар аслида ўша зулмларни амалга оширган коммунистлар эканлиги равшан бўлди.
Лекин, афсуски, ҳеч ким ушбу жиноятлари учун давлат томонидан жазолангани йўқ. Ҳатто ўн йиллар давомида муттасил кишиларга бўҳтон ёғдириш билан машғул бўлган рўзнома ва журналлар ҳам, биз ўша пайтда юқоридан келган буйруқни бажарганмиз, деб энг арзимаган жазо, расмий узр айтишдан ҳам бош тортмоқдалар. Бу эса, ўз навбатида, жамият ҳаётига салбий таъсир кўрсатади. Аввало, кишиларда адолатсизлик қаршисида ожизлик руҳини кучайтиради. Қолаверса, бугунги куннинг бўҳтончиларига куч-қувват бағишлайди. Улар, мабодо бизнинг бошимизга ҳам шундай ҳолат келиб қолса, ўша замоннинг талаби шу эди, юқоридан бўлган буйруқни бажарганмиз, деб жавоб бераверамиз, дейишади-да, бегуноҳ одамлар устидан бўҳтон тоши ёғдиришда давом этиб, уларга қора чаплайверадилар. "Адолат қани? Наҳотки, инсон ҳаққини топтаганлар, шунчалик маънавий жиноят қилганлар бемалол яшаб ўтаверса, ўлиб, қутулиб кетаверса?!", деб ўйлашингиз мумкин. Бундай жиноятларга Ислом дини таълимотлари бўйича қандай жазо чоралари белгиланган?, деган савол туғилиши ҳам табиий. Ислом таълимотлари бўйича, бундай жиноятларга, хусусан бўҳтонга бу дунёда энг қаттиқ жазолар тайин қилинган. Бўҳтончи бу дунёда жазосини олмасдан ўлиш билан қутулиб қолмайди. У дунёда ҳам бўҳтони учун азоблар бир неча бор оширилиб берилади.
Мисол учун, ҳозирги кунда энг кўп тарқалган бўҳтонлардан бирини-кишиларни зинода айблаб бўҳтон қилишни олиб кўрайлик. Аллоҳ Таоло бу жиноятнинг жазоси ҳақида Нур сурасида қуйидаги оятни туширган: "Покиза аёлларга бўҳтон тошини отиб, сўнгра тўртта гувоҳ келтирмаганларни саксон дарра уринглар, гувоҳликларини абадий қабул қилманглар ва улар фосиқлардир". (Нур сураси,4).
Гарчи ояти каримада покиза аёллар тилга олинган бўлса ҳам, ҳукм эркакларни ҳам ўз ичига олади. Демак, бирор кишини зинода айблаётган одам, ушбу қабиҳ иш бўлаётганини ўз кўзи билан кўрган тўрт кишини гувоҳликка олиб келиши шарт. Яна шуни таъкидлаб айтиш керакки, ҳар кимнинг гувоҳлиги ҳам қабул қилинаверилмайди. Қози гувоҳларнинг кимлигини албатта текшириб кўради. Фисқу фасоди, ёлғончилиги, шариатга хилоф иши билан бузғунчиликда бўлганларнинг гувоҳлиги қабул қилинмайди. Тўртта гувоҳ олиб кела олмаган (ёки гувоҳлардан бирортаси гувоҳлик беришга лаёқати бўлмаган) одам бўҳтончи бўлиб чиқади. Шунда унга ҳам, гувоҳларига ҳам бўҳтончилар сифатида жазо берилади. Аввало, жамоатчиликни тўплаб, уларнинг жиноятлари кўпчилик олдида эълон қилинади ва ўша ернинг ўзида саксон даррадан урилади. Сўнгра ишончни йўқотган шахслар сифатида умрлари бўйи уларнинг гувоҳликлари ҳеч бир нарсада қабул қилинмайди. Бу эса, ўзини билган одам учун энг катта жазодир. Қисқача қилиб айтганда, бундай одам жамиятда тирик мурдага айланади. Ва ниҳоят ўша бўҳтончи "фосиқ", деб эълон қилинади. Агар бундай катта гуноҳни қилган одам мазкур жазоларни тортгандан кейин яна тавба қилмоқчи бўлса, аввал жамоатчилик ҳузурида ўзини ёлғончи-бўҳтончи деб эълон қилиб, жабрланган шахсни оқлаб-мадҳ этиб гапириб, ундан узр сўраши лозим.
Эҳтимол шунга ўхшаш қатъий жазо чораларининг йўқлиги бугунги кунда бўҳтончиларнинг тегирмонига сув қуяётган бўлса керак. Лекин бўҳтончилар ҳам, бошқалар ҳам, яхши билиб қўйишлари лозимки, бўҳтончи бу дунёда жазодан қутулиб қолса-да, охиратда қутула олмайди. У ернинг қонунлари қатъий, жазоси одил, миршаблари қаттиққўл. Бўҳтончиларнинг охиратдаги жазоси аввалдан коинотнинг сарвари Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг тилларидан тайин этиб қўйилган. Имоми Табароний Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Ким бир одамни айблаб, унда йўқ нарсани айтган бўлса, Аллоҳ Таоло уни айтган нарсасидан халос бўлгунча жаҳаннам оловида куйдириб туради", дейдилар. Бошқа бир ривоятда эса "қандоқ қилиб ҳам халос бўлар эди", дейилган.
Демак, у одам абадий дўзах ўтида куйиб туради. Уламоларнинг айтишича, одам ҳар доим бир хилдаги азобни чекаверса, ўрганиб қолиш эҳтимоли бор экан. Шунинг учун дўзахиларнинг энг бадбахтларига алвон-алвон азоб берилар, бир азобга энди ўрганганда иккинчиси, аввалгисидан шиддатлироғи бошланар экан.
Худди шу услубда жазоланадиган дўзахилардан бир тоифаси бўҳтончилардир. Улар аввалги ҳадисда зикр қилинган азобга энди кўникканларида бошқа тур азоб билан юзма-юз қоладилар. Имоми Абу Довуд Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Аллоҳ уларни "Аҳли дўзахнинг яраларидан оқиб тушган йирингдан бўлган масканга жойлаштиради", дейилган бўлса, бошқа бир ривоятда "Аллоҳ Таоло уларни қиёмат кунида ўтга солиб эритиши ҳақдир", дейилган.
Бўхтон нақадар даҳшатли жиноят эканлигини тўла англаш учун Имоми Аҳмад ибн Ҳанбал Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисга назар солишнинг ўзи кифоя. У ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Беш нарсанинг каффорати (ювиб юборадигани) йўқ: Аллоҳга ширк келтириш, ноҳақ одам ўлдириш, мўмин кишига бўҳтон қилиш, урушдан қочиш ва ёлғон қасам билан ноҳақдан мол ишлаб олиш", деганлар. Аллоҳга ширк келтириш ва ноҳақдан одам ўлдиришнинг нақадар катта жиноят эканлигини ҳамма яхши билади. Ушбу ҳадисда бўҳтон ҳам ўша гуноҳлар билан бир сафга қўйилмоқда. Маълумки, Аллоҳга ширк келтириш каффорати йўқ-кечирилмас гуноҳдир. Бўҳтон ҳам ана шундай гуноҳ эканини ушбу ҳадиси шарифдан билдик.
Исломда, бўҳтончиларнинг бу дунёда тайин қилинган жазолар билан жазолаб, охиратда бўладиган жазодан шунчаки қўрқитиб қўйилавермайди. Балки жамоатчилик ҳам ушбу тажовузкорликка қарши курашга чақирилади. Чунки бўҳтон фақат жабрланган, яъни, бўҳтонга учраган шахсгагина зарар келтирмайди. Бўҳтондан бутун бошли жамият зарар кўради. Бўҳтончи золимлар баъзи ўзига ёқмаган шахслар устига бўҳтон тошини ёғдириб ёмонотлиқ қилганидан сўнг, жамоатчилик ҳам қўшилиб бўҳтонга шерик бўлаверса ёки индамай тураверса, бирин-кетин ҳамма бу балога учрайверади. Кишилар ўзига ёқмаганларни йўқотиш учун осон йўл топиб оладилар. Оқибатда яхшилар йўқ бўлиб, ҳамма нарса бўҳтончи, ёмонларнинг қўлига ўтиб қолади. Охир-оқибат у жамият таназзулга учрайди. Тараққиётдан орқада қолади ва бошқа мусибатларга гирифтор бўлади. Ана шунинг учун ҳам Исломда жамоатчилик бўҳтонга қарши фаол бўлишга чақирилади.
Имоми Термизий Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Ким ўз биродарининг обрўйини ҳимоя қилса, қиёматда Аллоҳ Таоло унинг юзини дўзах ўтидан ҳимоя қилади", деганлар. Демак, биродарини ғийбатчининг ғийбатидан, бўҳтончининг бўҳтонидан ҳимоя қилиш ҳар бир инсоннинг мусулмонлик бурчи экан. Ўзига бу дунёю у дунёнинг бахтини касб қилишга имкон берар экан.
Имоми Абу Довуд Жобир ибн Абдуллоҳ ва Абу Талҳа Ансорий розияллоҳу анҳулардан ривоят қилган ҳадиси шарифда бир кишининг обрўйи ва ҳуқуқини ҳимоя қилмасликнинг ёмонлиги баён қилиниши билан бирга ҳимоя қилишнинг савоби ва яхшилиги ҳам баён этилади. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Қайси бир мусулмон бошқа бир мусулмонга ҳуқуқи поймол қилинаётганда, обрўйи тўкилаётганда ёрдам бермаса, у Аллоҳнинг ёрдамига муҳтож бўлган жойда, Аллоҳ уни ҳам ёрдамсиз қўяди. Қайси бир мусулмон бошқа бир мусулмонга обрўйи тўкилаётганда ва ҳуқуқи поймол қилинаётган да унга ёрдам берса, у ёрдамга муҳтож бўлган жойда Аллоҳ унга ёрдам беради", деб марҳамат қиладилар.
Ушбу ҳадиси шариф ва шунга ўхшаш бошқа ҳадислардан, бўҳтонга учраган одамга ёрдам бериш, унинг обрўйини ҳимоя қилиш ҳар бир мусулмоннинг бурчи эканлиги ҳукми келиб чиқади.
Шундай экан, ёрдам бериш, ҳеч бўлмаса, жим туришнинг ўрнига, юқоридан буйруқ бўлди, деб бегуноҳ одамлар устига бўҳтон тошини ёғдирганларнинг ҳоли нима бўлади?! Ахир, уларларнинг, юқоридан буйруқ бўлган эди, деган баҳонаси ҳеч қаерда ўтмайди-ку?! Бу ҳақда собит исломий қоида бор: Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Холиққа маъсият-гуноҳ бўладиган ишларда махлуққа итоат қилиш йўқ!", деганлар. Ушбу қоидага биноан ҳеч кимнинг, бу бировнинг буйруғи, деб Аллоҳнинг олдида гуноҳкор бўладиган ишни қилишга ҳаққи йўқ. Агар шундай ишни қилса, буюрган ҳам, буйруқни бажарган ҳам ўзига яраша жазосини тортади.
Аллоҳ Таоло ҳаммамизни қуруқ бўҳтондан асрасин!
Бўҳтончиларга ҳам инсофу тавфиқ берсин! Омин!!!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
"Ислом маънавий жиноятларга қарши" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тазкия
Бу бўлимдаги бошқа мақолалар: « Бировнинг айбини ахтариш Дуо »
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase