close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Сунний тасаввуф

Сунний тасаввуф ўзи нима ва унинг вазифаси нимадан иборат? Аввало, турли омилларга кўра «тасаввуф» сўзи орқали ифода қилинаётган ҳақиқатни руҳий тарбия, тазкиятун нафс, сулук ва шунга ўхшаш маънолар билан ифода қилинганини айтиб ўтмоғимиз лозим.

Сунний тасаввуф ўзи нима ва унинг вазифаси нимадан иборат? Аввало, турли омилларга кўра «тасаввуф» сўзи орқали ифода қилинаётган ҳақиқатни руҳий тарбия, тазкиятун нафс, сулук ва шунга ўхшаш маънолар билан ифода қилинганини айтиб ўтмоғимиз лозим каримда динимизнинг шўъбаларидан бири ва нубувват орқали келган муҳим нарсалардан бири бўлган бу ҳақиқатни «тазкия» – «поклаш» деб аталган. Тазкия Қуръони каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган тўрт муҳим нарсадан бири сифатида зикр қилинган.

Аллоҳ таоло «Жума» сурасида қуйидагиларни айтади:

«У зот саводсизлар ичидан, гарчи улар бундан аввал очиқ залолатда бўлсалар ҳам, уларга оятларини ўқиб берадиган ва уларни поклайдиган ҳамда китобни ва ҳикматни ўргатадиган Пайғамбарни юборди», деган (2-оят).

Араб тилида биз «саводсиз» деб таржима қилган маъно «уммий» дейилиб, бу сўзи ўқиш-ёзишни билмайдиган шахсга нисбатан ишлатилади. «Умм»–она дегани. Яъни, онадан туғилгандек ўқиш-ёзишни ўрганмай юрган, деган маънони тушуниш керак. Ўша давр араблари уммий қавм дейилган, чунки уларнинг ичларида ўқиш-ёзишни биладиганлари жуда оз бўлган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ўқиш-ёзишни мутлақо ўрганмаганлар. Албатта, Аллоҳнинг улкан ҳикмати туфайли шундай бўлган. Нега ҳикмат деяпмиз? Чунки саводсиз жамиятда уммий бўлиб ўсган, умрида ҳеч нарса ўқимаган-ёзмаган, ўзга динлар шариат ва маданиятларидан бехабар вояга етган, Пайғамбар бўлганларидан кейин ҳам ўқиш-ёзишни ўрганмаган бир одам қирқ ёшга тўлганларида Аллоҳнинг иродаси билан халқларни дунёда энг мукаммал дин бўлмиш Исломга даъват қила бошладилар.
Энди бевосита ояти кариманинг шарҳига ўтайлик.
«У зот саводсизлар ичидан, гарчи улар бундан аввал очиқ залолатда бўлсалар ҳам», Пайғамбар юборди.
Аллоҳ таоло арабларга ўзлари ичидан чиққан ва ўзларига ўхшаш уммий кишини элчи қилиб юборганини миннат қилмоқда. Бу элчи Муҳаммад алайҳиссаломдирлар. Бу элчининг вазифалари жумласига қуйидагилар киради:
Ўша уммий Пайғамбар арабларга
«уларга оятларини ўқиб берадиган»
Яъни, Пайғамбар алайҳиссалом ўзларига Аллоҳ томонидан тушаётган Қуръони карим оятларини уммий қавмларга етказадилар;
«Ва уларни поклайдиган»
Яъни, Ўша Пайғамбар уларни куфр ва гуноҳлар ботқоғидан поклайди. Уларнинг қалбларини, руҳларини, виждонларини, муомалаларини, хуллас, барча-барча тарафларини поклайди.
Ўша поклаш «тазкиятун нафс» - нафсни поклаш деб аталиб мўминларнинг нафсларини кучлантириб сайқаллаш, уларга фазилатларни касб қилдириш, уларни разолатлардан холи қилиш билан бўлади.
«...ҳамда китобни ва ҳикматни ўргатадиган Пайғамбарни юборди».
«Китоб»дан мурод Қуръони каримдир, яъни, ўша Пайғамбар уларга Қуръон таълимотларини, ундаги амрларни, қайтариқларни ва аҳкомларни ўргатади.
«Ҳикмат»дан мурод эса Пайғамбаримизнинг суннатларидир. «Суннат» Пайғамбар алайҳиссаломнинг сўзлари, қилган ишлари ва ўзгалар томонидан айтилган сўз ёки қилинган ишни маъқуллаганликларидан иборатдир. Суннат мусулмонлар учун Қуръондан кейинги иккинчи манба ҳисобланади. Динимизнинг кўпгина аҳкомлари, ҳаётимиздаги зарур таълимотлар Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари, ҳадисларидан олингандир.
«гарчи улар бундан аввал очиқ залолатда бўлсалар ҳам...» дегани, Исломдан олдин дунё халқлари қаттиқ адашишда эканлиги, улар жаҳолат ботқоғида қулоқларигача ботиб ётганлигига ишоратдир.
Демак, тазкиятун нафс Пайғамбаримизнинг бажаришлари лозим бўлган тўрт муҳим нарса: оятларни уммийларга тиловат қилиб бериш, уларга китобни таълим бериш, уларга ҳикматни ўргатиш ва уларни поклашдан биридир.
Нафсни поклаш ҳақида юқоридаги оятдан бошқа ояти карималар ҳам бор.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида қуйидагиларни айтади:

«Шунингдек, ичингизга ўзингиздан, сизларга оятларимизни тиловат қиладиган, сизларни поклайдиган, сизларга китобни, ҳикматни ва билмайдиган нарсаларингизни ўргатадиган Пайғамбар юбордик», деган (151- оят).

Эътибор қилинса, ушбу оятда олти муҳим нарса ҳақида сўз бормоқда:
Биринчидан, ўзингиздан танлаб Пайғамбар юбордим, дейилмоқда.
Иккинчидан, у Пайғамбар сизларга оятларимни тиловат қилиб беради, дейилмоқда.
Учинчидан, сизларни поклайди, дейилмоқда.
Тўртинчидан, у Пайғамбар сизларга китобни – Қуръонни ўргатади, дейилмоқда.
Бешинчидан, ҳикматни ўргатади, дейилмоқда.
Олтинчидан, билмайдиган нарсаларингизни ўргатади, дейилмоқда.
Мазкур ишларнинг барчаси Аллоҳнинг улуғ неъматларидир. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким бундай неъматларни адо эта олмайди. Ана ўша муҳим ишлар ичида тазкия ҳам бор.
Аллоҳ таоло «Аълаа» сурасида қуйидагиларни айтади:

«Батаҳқиқ, ким пок бўлса, ютуқ топадир. Ва Роббиси исмини зикр қилса ва намоз ўқиса ҳамдир», деган (14-15-оятлар).

Ҳа, охиратда ютуққа эришиш учун, катта оловга кириб куймаслик учун, ўша олов ичида на ўлмай ва на тирилмай ашаддий азобда қолмаслик учун ҳар бир банда бу дунёда куфрдан, ширкдан, нифоқдан ва турли гуноҳлардан пок бўлиши, ўз Роббисини зикр қилиб, намоз ўқиши шарт.
Бу ердаги покланиш ва зикрдан сиз билан биз ўрганаётган ҳақиқат кўзда тутилган.
Аллоҳ таоло «Шамс» сурасида қуйидагиларни айтади:

«Ва нафс билан ва унинг мукаммал қилиниши билан қасам. Бас, унга фужурини ва тақвосини билдирди. Батаҳқиқ, ким У(нафс)ни покласа, ютуққа эришди. Ва батаҳқиқ, ким У(нафс)ни кирласа, ноумид бўлди», деган (7-10-оятлар).

Аллоҳ таоло инсон нафсини Ўзи яратади. Яратганда ҳам ажойиб қилиб, камолга эришиш истеъдодига эга қилиб, ҳамма нарсасини мўътадил қилиб, турли қувват ва қобилиятларга эга қилиб, ақлли қилиб яратади. Инсон ўзини бекаму кўст қилиб яратган Аллоҳга иймон келтириши ва Унга итоату ибодат қилиши лозим ва лобуддир.
Аллоҳ таолонинг шунча нарсалар билан қасам ичишидан мақсад улардан кейин келадиган масала инсон нафсининг пок бўлишига эътиборни тортиш, унинг аҳамиятини орттиришдир.
«Бас, унга фужурини ва тақвосини билдирди».
Яъни, Аллоҳ таоло инсон нафсини бекаму кўст қилиб яратган бўлишига қарамай, унга, унинг нафсига фужур йўли нимаю, тақво йўли нима эканини баён қилиб ҳам берди. Яхши нима– ёмон нима, иймон нима–куфр нима, савоб нима–гуноҳ нима, ҳидоят нима–залолат нима, ҳамма-ҳаммасини тушунтириб берди.
Ана шундан кейин энди:
«Батаҳқиқ, ким У(нафс)ни покласа, ютуққа эришди».
Яъни, ким ўз нафсини куфрдан, ширкдан, нифоқдан, турли ёмонлик ва гуноҳлардан покласа, икки дунёда ютуққа эришади.
«Ва батаҳқиқ, ким У(нафс)ни кирласа, ноумид бўлди».
Яъни, ким ўз нафсини куфр, ширк, нифоқ, турли ёмонлик ва гуноҳлар ила ифлос қилса, икки дунёда ноумид бўлади, ҳасратга учрайди.
Ушбу оятлардан тазкиятун нафс – нафсни поклаш динимиздаги энг муҳим ишлардан бири эканини англаб оламиз. Бу муҳим ишни амалга оширадиган, йўлга қўядиган, ўргатадиган илмни тасаввуф деб аташ урф бўлиб қолган. Уни бошқа номлар билан атаса ҳам бўлар эди. Аммо нима учундир айни тасаввуф деган ном аталиб қолган.
Пайғамбаримиз ва у зотнинг саҳобаи киромларининг буюк ҳаётларига диққат билан назар соладиган бўлсак, тазкиятун нафс, ихлос ва ахлоқнинг олий намуналарини кўрамиз.
Улар шариатнинг амр этган нарсалари бўлган ибодатларни адо этишда бўлсин, юриш-туришда бўлсин, қироату тасбиҳда бўлсин, дуо ва зикрда бўлсин, касбу муомалада бўлсин ихлос, сабр, зуҳд, адаб, ҳаё, хушуъ, хузуъ, шавқу завқ каби олиймақом ҳолатларни кўрамиз.
Албатта, бу ҳолатларни диққат билан ўрганган одам у зотларни худди бошқа оламдан келган, ўзига хос ҳис-туйғу билан яшаётган, нафас олаётган кишилар деб ўйлар эди. Чунки улар Аллоҳ таоло ила доимий алоқа ҳисси билан ҳаёт кечирар эдилар.
Худди шу маъно Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида «эҳсон» деб аталганини ҳар бир киши алоҳида эҳтимом билан ўрганмоғи лозимдир.
Илм аҳллари орасида «Жаброил ҳадиси» номи билан машҳур бўлган ҳадиси шариф ўзида улкан маъноларни мужассамлаштирган бўлиб, уни алоҳида эътибор билан ўрганилса жуда кўп фойдалар ҳосил бўлади. Келинг, бу ҳадиси шарифни қўлдан келганича ўрганиб чиқайлик.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир куни биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини У зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва:
«Эй, Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ислом; «Лаа Илаҳа Иллаллоҳу, Муҳаммадур Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, Закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлга қодир бўлсанг Байтни ҳаж қилмоғинг», дедилар.
«Тўғри айтдинг», деди у.
Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди.
«Менга Иймон ҳақида хабар бер», деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг», дедилар.
«Тўғри айтдинг», деб тасдиқлади ва:
«Менга эҳсон ҳақида хабар бер», деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга худди Уни кўриб турганидек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоғинг», дедилар.
«Менга (қиёмат) соатидан хабар бер», деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас», дедилар.
«Унинг аломатларидан хабар бер», деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Чўри ўз хожасини туғмоқлиги, ялангоёқ, яланғоч, камбағал, чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», дедилар.
Сўнгра у қайтиб кетди. Бас, мен бирмунча вақт ғойиб бўлдим. Сўнгра У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Эй, Умар, сўровчи кимлигини билдингми?» дедилар.
«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», дедим.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динларингиздан таълим бергани келибди», дедилар».
Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаийлар ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадиси шариф инсон васфига ожиз бўлган улкан ҳақиқатларни ўз ичига олган. Чунки унда Ислом, иймон, эҳсон нималиги, қиёмат куни ҳақида маълумотлар берилмоқда. Ҳадиснинг охирида эса ушбу нарсаларнинг жами «дин» деб аталмоқда.
Бу ҳадисда диний таълим беришда амалий - кўргазмали дарс кўриниши баён қилинмоқда.
Имом Муслим Аммор ибн ал-Қаъқоъдан ривоят қилишларича, бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар ичида ўтириб:
«Мендан сўрайдиган нарсангизни сўраб олинглар», дедилар. Одамларни ҳайбат босиб бирор нарсани сўрай олмай қолдилар. Шунда, ҳадисда васф қилинган, оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора, ўзида сафарнинг асари йўқ, ҳеч кимга таниш бўлмаган бир одам кириб келган ва васф қилинган ҳайъатда ўтириб олиб, ҳамма учун ўта муҳим бўлган саволларни бера бошлаган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам савол берувчининг,
«Эй, Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер», деган саволига,
«Ислом «Лаа Илаҳа Иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтирмоғинг, намозини тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлга қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг», дедилар.
Диннинг амалий қисми бўлган шаҳодат калимасини айтиш, намоз ўқиш, закот бериш, рўза тутиш ва ҳаж қилиш каби ибодатларни Ислом деб аталишини шундан билиб оламиз.
Сўровчининг:
«Менга иймон ҳақида хабар бер», деган сўровига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга, Унинг фаришталарга, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхши-ю ёмон қадарга иймон келтирмоғинг», деб жавоб бердилар.
Бу иймоннинг шаръий маъносида, яъни, шариат бўйича «Иймон» деб нимага айтилади, маъносидаги саволдир.
Жавобда эса шариат бўйича иймоннинг бош масалалари бўлган нарсалар умумий кўринишда айтилмоқда.
«Аллоҳга иймон келтириш» дейилгани, умумий гап. Лекин шариатга кўра «Аллоҳнинг борлигига ишонаман», дейиш билан иш битмайди. Аллоҳга иймон келтиришнинг тафсилоти билан билиш лозим. Аллоҳ таоло Ўзи айтганидек, У зотнинг пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам васф этганларидек, иймон келтирмоқ лозим. Аллоҳнинг борлигига, қадимийлигига, азалийлигига, абадийлигига, исмларига, сифатларига ва ишларига тўғри равишда иймон келтиришлик лозим.
Шунингдек, Аллоҳнинг фаришталарига иймон келтириш уларнинг борлигига иймон келтириш билан тугал бўлмайди. Фаришталарга тугал иймон Аллоҳ таоло ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек бўлиши керак. Уларнинг васфларига, хизматларига ва хусусиятларига иймон келтириш лозим.
Шунингдек, Аллоҳнинг китобларига, пайғамбарларига иймон келтириш ҳам Қуръон ва Суннат кўрсатмаларига мувофиқ бўлиши лозим. Охират кунига бўлган иймон ҳам, яхши-ю ёмон қадарга иймон ҳам шариат кўрсатмаси бўйича бўлиши лозим. Бу ишда бировга тақлид қилиш билан иш битмайди. Шунинг учун, ҳар бир мусулмон ақийда масалаларини биладиган тақводор уламолардан ўрганиб олмоғи зарур. Иложи бўлса, ақийда китобларидан бирортасини ўрганиш, мухтасар матнлардан бирини ёдлаб олиш лозим.
Диннинг эътиқод қисмига оид таълимотларини иймон деб аталишини шундан билиб оламиз.
Савол берувчининг учинчи саволи:
«Менга эҳсондан хабар бер», дейиш бўлди.
Бу ҳадиси шарифнинг сиз билан бизга ҳозирги баҳсимиз учун керакли жойи айнан шу ердан бошланади.
«Эҳсон» луғатда «яхшилик, гўзал иш» маъносини англатади. Унинг бу ҳадисдаги маъносини уламолар «ихлос» маъносида, деганлар.
 Жавобда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўзларининг оз сўзлари билан кўп маънони ифода эта олиш қобилиятларини кўрсатадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳсон таърифида:
«Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек, агар, сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоғинг», дедилар.
Ушбу таърифни ва у орқали «эҳсон»ни тўлиқ ва тўғри тушуниш учун аввало «ибодат» сўзи маъносини батафсил англаб олмоғимиз лозим.
Бизда «ибодат» деганда намоз ўқиш, рўза тутиш, ҳаж қилиш каби нарсалар тушунилади. Албатта, бу нарсалар улкан ибодатлардир. Лекин ибодат маъноси фақат ушбу нарсалар билан чегараланмайди.
Бу сўз «абада» феълидан олинган бўлиб, «қуллик қилди» – «қул бўлди» маъносини билдиради. Абдуллоҳ – Аллоҳнинг қули, деганидир. Демак, ибодат – қуллик қилиш, маъносидадир. Бу маъно форсчасига «бандалик» дейилади. Агар намоз, рўза ва ҳажнигина ибодат дейдиган бўлсак, ўша ибодатларни адо этиш пайтида Аллоҳга қуллик қилинадию, ундан кейин Аллоҳга қуллик тўхтайдими? Унда инсон намоз, рўза ва ҳаждан бошқа вақтда кимга қуллик қилади? Инсон намоз ўқиб, рўза тутиб, ҳаж қилаётганда Аллоҳни кўриб тургандек бўлишга ҳаракат қилиши лозиму, бошқа вақтда лозим эмасми? Ёки ўша ибодатлар пайтида Аллоҳ мени кўриб турибди, деб тасаввур қилиши керагу, бошқа вақтларда кўрмаяпти, деб ўз билганини қилавериши керакми?
Йўқ, асло ундоқ эмас! Аллоҳ таолога инсоннинг бандалиги - қуллиги доимийдир. Намоз ўқиётган инсон ҳам, ухлаётган инсон ҳам Аллоҳнинг бандаси. Рўза тутаётгани ҳам, рўза тутмаётгани ҳам Аллоҳ таолонинг бандаси. Ҳаж қилаётган ҳам, иложини қила олмай ҳаждан қолган ҳам Аллоҳ таолонинг бандаси.
Гап фақат ўша банда томонидан ўзининг бандалигини тан олишида! Яъни, «Аллоҳнинг қулиман» деган одамнинг Аллоҳга қуллик қилишида!
Бошқача қилиб айтганда, ҳаётнинг ҳамма соҳаларида Аллоҳнинг айтганини қилиб яшашида! Бир хўжайиннинг хожалигини бўйнига олиб, унга хизматкор бўлган шахс, хўжайиннинг айтганларини қилмаса хизматкорлиги қолмайди. Хожасидан қилмишига яраша жазо олишга тўғри келади. Аллоҳга қул бўлгандан кейин ана шу қулликни ўрнига қўйиб яшамоқ керак.
Шунинг учун ҳам уламоларимиз: «Аллоҳнинг розилигига етказадиган ҳар бир иш ибодатдир», дейдилар.
Шундан келиб чиқиб, мусулмон одам ҳар лаҳзада Аллоҳ таолони кўриб тургандек ихлос билан яшамоғи, У зотнинг розилигини олишга ҳаракат қилмоғи керак. Агар бу олий мақомга эришишга ожизлик қилса, ҳар лаҳзасини Аллоҳ таоло мени кўриб турибди, деган эътиқод билан ўтказиб, ўшанга яраша ҳаракатда бўлмоғи лозим. Ана ўшандагина эҳсоннинг қуйи даражасига эришади.
Агар бу даражага эриша олмаса, намоз вақтида Аллоҳга, касби-кор пайтида эса молу-дунёга бандалик қилади. Рўза пайтида Аллоҳга, овқатланиш пайтида қорнига бандалик қилади.
Демак, эҳсон банданинг Аллоҳни кўриб тургандек ихлос билан ишонмоғи, ҳаёт кечирмоғидир. Жуда бўлмаса, «Аллоҳ мени кўриб турибди», деган ишонч билан, ўшанга яраша амал билан яшамоғидир. Бу даражага етмаган шахс эса эҳсон ва ихлос даражасига етмайди.
Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, иймон, ислом ва эҳсоннинг қўшилувидан дин ҳосил бўлар экан.
Иймон-эътиқод масалаларига оид илоҳий таълимотлар тўплами бўлиб, уни ўргатадиган илм, одатда ақийда илми деб аталадиган бўлиб қолган.
Ислом динининг амалий қисмини шариат ҳам дейилади. Бунга оид диний таълимотларни ўргатадиган илм одатда фиқҳ илми деб аталадиган бўлиб қолган.
Эҳсон диннинг қалбга боғлиқ тарбия қисми бўлиб, уни одатда тариқат ҳам дейилади. Бунга оид диний таълимотларни ўргатадиган илм одатда тасаввуф илми деб аталадиган бўлиб қолган.
Буларнинг ҳаммаси қўшилиб, дин дейилади. Чунки ушбу нарсаларни сўраган шахс қайтиб кетганидан сўнг, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга:
«Уни қайтаринглар», дедилар.
Саҳобаи киромлар қараб, ҳеч кимни кўрмадилар. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга:
«Бу Жаброилдир. Одамларга динларини ўргатгани келибди», дедилар.
Яъни, унинг берган саволлари одамларга динларини ўргатиш мақсадида берилган саволлар эди, дедилар. Ушбу саволларда зикр қилинган масалаларнинг мажмуаси «дин» эканлиги тушунилади.
«Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турганидек ибодат қилмоғинг».
Бу шиор тасаввуфнинг умумий шиоридир. Аммо унинг вазифасини майдалаб тушунмоқни истасак, бироз гапириб ўтишга тўғри келади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
“Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тазкия
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase