close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Хотиманинг яхши ёки ёмонлик белгилари

Аллоҳдан ўзимизга ва сизларга гўзал хотима сўраймиз.

Аллоҳдан ўзимизга ва сизларга гўзал хотима сўраймиз.
Хотима гўзал бўлишининг бешта белгиси бор:

1. Аллоҳга ростгўй бўлиш.
2. Тавбани янгилаб туриш.
3. Солиҳ амалларга шошилиш.
4. Суннатга эргашиш.
5. Охиратни эслаш ва унга тайёрланиш.

Ёмон хотиманинг ҳам бешта белгиси мавжуд:

1. Риёкорлик, хўжакўрсинга амал қилиш, мунофиқлик.
2. Дунёга алданиш, унга шўнғиб кетиш.
3. Аллоҳнинг макридан хотиржам бўлиш.
4. Аллоҳнинг зикридан ғафлатда қолиш.
5. Тавбани ортга ташлаш.

Гўзал хотиманинг биринчи белгиси Аллоҳга ростгўй бўлишдир. Бунга Қуръон ва ҳадисдан бир қанча далиллар бор:
"Улар Аллоҳга содиқ (ростгўй) бўлганларида, албатта, ўзлари учун яхши бўлур эди” (Муҳаммад сураси, 21-оят);
"Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод (жидду жаҳд) қилганларни, албатта, Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз” (Анкабут сураси, 69-оят);
"Эй иймон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (иймонда) содиқ кишилар билан бирга бўлингиз!” (Тавба сураси, 119-оят).
Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: "Ким Аллоҳдан чин дилдан шаҳидлик сўраса, тўшагида ўлса ҳам, уни шаҳидлар мақомига етказади” (Имом Муслим ривояти).
Ростгўйликнинг зидди ёлғончиликдир. Аллоҳ ёлғончини орзусига етказмайди. Аллоҳ аҳдига хиёнат қилганларнинг ишини ўнгламайди.
"Аллоҳ хиёнатчилар макрини раво қилмайди” (Юсуф сураси, 52-оят);
"Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчи ва ёлғончи кимсаларни ҳидоят қилмас” (Ғофир сураси, 28-оят).
Аллоҳга ростгўй бўлишнинг уч таянчи бор:
1. Азму қарор қилмоқ, Аллоҳнинг тоатини муҳаббат билан адо этмоқ. Солиҳ амалдан мақсади Аллоҳнинг юзи бўлсин, Аллоҳ ва Расулини чин юракдан яхши кўрсин.
2. Тана аъзолари ҳам Аллоҳнинг тоатида ростгўй бўлиши.
3. Вақти Аллоҳнинг тоати билан обод бўлиши.
Баъзилар айтишича: "Аллоҳга содиқликнинг аломати банда ўзи билан Аллоҳ ўртасига инсонларни қўшмаслигида". Кўпчилик ўзи билан Роббиси орасини инсонлар билан ажратиб қўяди, "Диндан чиқсанг ҳам, элдан чиқма", дейишади. Бундай кимсалар доим одамлар гапига риоя қилади, уларнинг маломатидан қўрқади.
Ибн Хиббон раҳимаҳуллоҳ бир ҳадис ривоят қиладилар, уни баъзи муҳаддислар Пайғамбар алайҳиссалом гаплари, дейишади, баъзилар Оиша онамизнинг сўзи, дейдилар. Ҳадис қуйидагича: "Ким Аллоҳнинг ғазабини келтириб, инсонларни рози қилса, Аллоҳ унга ғазаб қилади, инсонларни ҳам унга ғазабли қилиб қўяди. Ким инсонларнинг ғазабини келтириб, Аллоҳни рози қилса, Аллоҳ ундан рози бўлади, инсонларни ҳам ундан рози қилади".
Баъзилар айтади: "Аллоҳга ростгўйлик одамлар олдида кўпроқ амал қилиб, ёлғиз қолганингда камроқ амал қилмаслигингдир". Айрим кишилар ўзгалар олдида тақводор бўлиб кетади, хушуъли намозлар ўқийди, ти-ловатлар қилади, ёлғиз қолганда эса бу амалларининг ўндан бирини ҳам бажармайди.
Хотима гўзал бўлишининг иккинчи белгиси - тавбани янгилаб туриш. Ҳар куни тавба қилиб, истиғфор айтиб, хатоларга пушаймон бўлиш керак. Чунки гуноҳимиз, камчилигимиз кўп, истиғфор ва тавба уларни ўчириб туради. Ёмон хотима эҳтимоли шуки, кўп кишилар тавбани эсга ҳам олишмайди. Агар тавба ва солиҳ амал ҳақида гапиришса, ёқтирмайди, "Уз ҳолимга қўй, бироз ўйнаб-кулай, кейин тавба қиларман”, дейди. Тўсатдан ўлиб қолса, Фиръавн каби "Энди тавба қилдим", дейди. У Аллоҳни алдамоқчими?! Ҳийла қилмоқчими?!
Хотима гўзал бўлишининг учинчи белгиси солиҳ амалларга шошилишдир. Умрни ғанимат билиб, Аллоҳнинг тоатига сарфлаш, нафл намозларни, Қуръон тиловатини, илм мажлисларига ҳозир бўлишни кўпайтириш, солиҳларни яхши кўриш, уларни ҳимоя қилиш, Аллоҳнинг ҳурмати поймол этилганда ғайрат кўрсатиш каби амаллар яхши хотимадан даракдир.
Хотима гўзал бўлишининг тўртинчи белгиси - суйнатга эргашиш. Ким Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларини суймаса, унинг қалбида шак-шубҳа бўлади. Аллоҳ таоло айтади: "Бас, Роббингиз ҳаққи, улар ўрталаридан чиққан низоларга сизни ҳакам қилмагунларича ва сўнгра чиқарган ҳукмингиздан дилларида танглик сезмай, тўла таслим бўлмагунларича зинҳор иймон келтирмагайлар” (Нисо сураси, 65-оят).
Айрим кишилар Аллоҳ ва Расулини яхши кўришни даъво қилади, лекин суннатларни бажармайди. Нима учун суннатни тарк қилади ёки яхши кўриши ёлғонми? "Балки, (У Кунда) инсон (аъзолари) ўзининг зарарига гувоҳлик берувчидир. Гарчи (у) узрларини (ўртага) ташласа ҳам” (Қиёмат сураси, 14-15-оятлар).
Баъзилар Пайғамбар алайҳиссаломни иккинчи даражага тушириб, пирларини биринчи даражага чиқариб, сохта пирларини энг шарафли, энг улуғ инсон қилиб олади. Агар чин тақводор бўлиб, Пайғамбар алайҳиссаломни суйсалар, амалларида суннат зоҳир бўларди.
Тобеъинлардан бирига "Аҳли сунна ким?" дейилди. "Аҳли суннадан бошқа исми йўқ "кишилар", деб жавоб берди.
Имом Аҳмад суннатни севганлари учун оғир касалликларида ҳам соқоллари орасига қўлларини киргизиб таҳорат қилардилар. У зот суннатни севганлари учун шаҳзодаларга ўринларидан турмас эдилар, бироқ суннат аҳлига сапчиб туриб кетардилар. Кунларнинг бирида Абдурраҳмон ибн Авфнинг невараси Иброҳим ибн Саъд у кишининг ҳузурларига кириб келди. Имом сакраб туриб, у билан қучоқлашиб кўришдилар. Сабаби сўралганда: "Жаннат башорати берилган саҳобанинг ўғлига турмайманми?" дедилар.
Имом ҳадис айтиб турганда бир кекса киши кириб келди, у соқолини хина билан бўяб олганди. Имом туриб, қучоқлашиб кўришгач, деди: "Суннатни севганим учун турдим".
Баъзилар динни тушунмай, суннатга амал қилади-ю, фарзларга бепарво бўлади.
Хотима гўзал бўлишининг бешинчи белгиси охиратни эслаш ва унга тайёрланишдир. Солиҳ инсонлар доимо охиратни ёдда тутадилар. Улардан бири айтган эди: "Агар ўлимни эслаш юрагимдан бир зум чиқса, қалбим бузила бошлайди". Бошқа бирлари кафанини олдига қўйиб қўяр, шу сабабли ўлимни ёдда сақлар эди.
Маймун ибн Меҳрон ўзига қабр кавлатиб қўйган эди, ухламоқчи бўлганида қабрга тушиб, Қуръондан муяссар бўлгунича ўқир, сўнгра чиқиб: "Эй, Маймун, энди амал қил”, дер эди.
Биз қабр кавлаб ётмасак-да, ўзимиздан беш вақт намозни сақлашни, Аллоҳга тақво этишни, яхшиликларни бардавом қилишни, Аллоҳнинг шариатига эътиборли бўлишни, охиратни эслаб юришни талаб қилайлик!
Ғофил кимсалар тентираб юрибдилар, ажал келгандагина охиратни эслайдилар. Аллоҳнинг: "Эй иймон келтирганлар! Сизларни тирилтирувчи нарса (илм олиш) учун чорлаганларида, Аллоҳга ва Расулга (лаббай, деб) жавоб қилингизлар!” (Анфол сураси, 24-оят) деган чақириғига қулоқ солмайдилар. Қорининг овозига маҳлиё бўладилар, маъноларни тушунмайдилар, амал ҳам қилмайдилар. Саҳобалар эса ёдлаган оятларига амал қилмагунча бошқа оятларга ўтмасдилар.

Доктор Оиз Қарнийнинг
"Қалблар тизгини" китобидан

 

 

 

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тазкия
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Бу бўлимдаги бошқа мақолалар: « Амир ва фақир Байъат ҳақида »
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase