close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Дунёда ғарибдек яша!

"Ҳамд осмонлар ва Ерни яратган, зулматлар ва нурни пайдо этган Аллоҳга (хос)дир. Сўнгра куфрга кетганлар Парвардигорларига (сохта маъбудаларни) тенглаштирмоқдалар" (Анъом сураси, 1-оят).

"Ҳамд осмонлар ва Ерни яратган, зулматлар ва нурни пайдо этган Аллоҳга (хос)дир. Сўнгра куфрга кетганлар Парвардигорларига (сохта маъбудаларни) тенглаштирмоқдалар" (Анъом сураси, 1-оят).
"Ҳамд осмонлар ва Ернинг илк бор яратувчиси ҳамда фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар қилувчи Аллоҳгадир. У яратган нарсаларида нимани хоҳласа, (ўшани) зиёда қилур. Албатта, Аллоҳ барча нарсага қодирдир” (Фотир сураси, 1-оят).
Аллоҳга кўп ҳамдлар ва беадад шукрлар бўлсин.
Салавоту саломлар Бани Луайнинг азизлик байроғини кўтарган, Абдуманнофнинг буюк чўққиси, Тавроту Инжилда зикр қилинган оқ қашқа эгаси, улуғ муаллим, моҳир йўлбошловчи Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ва у зотга эргашганларга ёғилсин.
'Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ”, деб гувоҳлик бераман. Бу гувоҳлик мен ва сизлар учун Аллоҳнинг ҳузурида қиёмат куни ҳужжат бўлсин. У Кун шундай кунки, мол-дунё ҳам, бола-чақа ҳам фойда бермайди. Фақат Роббисига саломат қалб билан келганларгина ютади.
Болдан тотли эрур лафзларингиз,
Гўё оғзимизга асал қуйдингиз.
Ажиб маъно бордур сўзларингизда,
Териб қўйилгандур маржондек шода.
Бемор татиса гар, тузалиб кетар,
Уни ғариб кўрса, тасалли топар.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: "Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам елкамдан ушлаб: "Дунёда ғарибдек ёки йўловчидек яша”, дедилар".
Ибн Умар кўп айтардилар: "Тонгда уйғонсанг, тунни кутма! Тун кирса, тонгни кутма! Соғломлигингда касал кунларинг ғамини е, тириклигингда ўлиминг ғамини" (Имом Бухорий, Аҳмад ва бошқалар ривоят қилишган).
Абдуллоҳ ибн Умар Расулуллоҳ алайҳиссалом ёнларида иймон ва ихлос ила буюк мақсадга интилиб яшадилар, у зотнинг мактабларида таълим олдилар, кўп ҳадислар ривоят қилдилар. Вакиъ "Зуҳд" китобида ёзади: "Ибн Умар Аллоҳдан қаттиқ қўрқар, кўп йиғлар эди. Бир куни "Мутоффифин" сурасини ўқиб, "Инсонлар оламлар Роббиси учун турадиган Кунда" оятига келганида йиғлаб, ҳушидан кетди. Шубҳасиз, ушбу оят оқиллар учун ибратдир. Ҳар бир эркаг-у аёл тасаввур қилиб кўрсин: қабрдан оламлар Роббиси учун чиқса, бу қандай манзара?! Қандай даҳшат?!
Ибн Касир ривоят қиладики, Аббосий халифалардан Махдий Пайғамбаримиз алайҳиссалом масжидларига кирди, ҳамма ўрнидан турди. Фақат Ибн Абу Зеъб жойидан қимирламади. Халифа сўради:
- Нима учун ўрнингдан турмадинг?
- Турмоқчи эдим... "Инсонлар оламлар Роббиси учун турарлар" оятини эслаб, туришни ўша кунга қолдирдим.
- Ўтир! Аллоҳга қасамки, даҳшатдан тепа сочим тик туриб кетди.
Ибн Умарнинг қандай солиҳ инсон бўлганига Имом Бухорий келтирган қисса далолат қилади: "Мен бўйдоқ эдим, масжидда яшаб юрардим. Одамлар бомдод намозидан кейин тушларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтар, у зот эса таъбир қилар эдилар. Мен ҳам туш кўрсам-у Расулуллоҳга айтсам, деб орзу қилардим.
Бир куни туш кўрдим. Тушимда икки киши келиб, қўлимдан ушлаб олиб кетди. Икки шохли, ўралган қудуққа олиб бордилар, қаттиқ қўрқдим, "Қўрқма, қўрқма!" дейишди. Сўнгра бир парча ипак мато бердилар. Мато билан жаннатнинг қайси боғига ишора қилсам, мени ўша боғга олиб борардилар.
Тушимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтишга уялиб, опам Хафсага айтдим. У зотдан сўраган экан, "Абдуллоҳ қандай яхши йигит! Қанийди, кечаси намоз ўқиса", дебдилар".
Нофеъ айтадилар: "Ёлғиз Аллоҳга қасамки, Абдуллоҳ шундан сўнг кечаси жуда кам ухларди".
Абдуллоҳ саждада: "Эй Аллоҳ! Халифаликни фақат Сендан қўрқиб тарк қилганимни биласан", дер эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абдуллоҳнинг елкаларидан тутишлари у кишини қанчалар ардоқлаганига далолат қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам руҳониятлари енгил, мулойим эдилар. Аллоҳ у зотни шундай сифатлаган: 'Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойим бўлдингиз. Агар дағал, тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар” (Оли Имрон сураси, 159-оят).
"Албатта, сиз буюк хулқ узрадирсиз!" (Қалам сураси, 4-оят.)
"Ҳақиқатан, сизларга ўзларингиздан (чиққан), сизларнинг қийинчиликларингиздан алам чекадиган, сизлар билан қизиқувчи ва мўминларга мушфиқ ва раҳмдил Расул келгандир" (Тавба сураси, 128-оят).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом гоҳида саҳобаларнинг қўлларидан ушлаб юрардилар. Бу билан уларни яхши кўришини, яқин билишини изҳор қилардилар. "Сунани Абу Довуд"да ривоят қилинади: "Муоз розияллоҳу анҳу айтадилар: "Пайғамбар алайҳиссалом қўлларимдан тутиб: "Эй Муоз! Аллоҳга қасамки, сени яхши кўраман. Ҳар намознинг охирида "Аллоҳумма аинний ъала зикрика ва шукрика ва ҳусни ъибадатика", дейишни тарк қилмагин", дедилар".
Жарир ибн Абдуллоҳ Бажалий келиб: "Эй Расулуллоҳ, мен отнинг устида ўтира олмайман", деди. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам кўксига уриб: "Аллоҳим, уни ҳидоятда ва ҳидоятга бошловчи қилгин”, дедилар (Муттафақун алайҳ). Шундан сўнг Аллоҳнинг изни билан отда ўтира оладиган бўлди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дунёда қанчалар муҳаббат, кенгфеъллик, мушфиқлик қолдириб кетдилар. Ул зотга Аллоҳнинг салавот-саломлари ёғилсин.
Ибн Умар ўша пайтларда ёш йигит эди. Ёшлар одат-да кеккайиш, такаббурлик, буюмпарастлик, хушбўйлик, совға-салом, еб-ичиш каби нафс истакларига ўч бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ҳеч унутмайдиган дарс бериб қўйдилар: "Дунёда ғарибдек яша”, дедилар. Унинг қалби жаннатга боғланиб қолди. Ўз жамиятида ғарибликнинг турли машаққатларига сабр қилиб яшарди. Бегона шаҳарга келган мусофирнинг бу ерда ҳеч кими йўқ бўлади, на ота-онаси, на бола-чақаси, на дўстлари, на уйи, на жойи... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Умар ва бошқа мусулмонларнинг шу ғарибдек бўлишларини истадилар.
Аллоҳ таоло дейди: "Кимки, дунё ҳаёти ва унинг зийнатини истаса, у (каби)ларга амаллари (савоби)ни шу (дунё)да мукаммал берурмиз ва улар унда (дунёда) зиён қилмайдилар. Ана ўшаларга охиратда дўзахдан бошқа (нарса) йўқдир. Қилган (савобли) ишлари ҳабата (барбод) ва қилиб юрган амаллари ботил (зое) бўлур” (Ҳуд сураси, 15-16-оятлар).
Ғарибларнинг мукофоти Роббилари ҳузурида даражалари кўтарилишидир.
Ҳадисда "...ғарибдек яша..." дейилиши ўхшатишдир.
Ғариблар бир неча сифатга эга бўладилар.
Биринчи сифати шуки, улар шаҳодат калимаси аҳли бўлиб, саҳобалар эътиқодидек ақида тутадилар.
Иккинчи сифати - шаръий узрсиз жамоат намозидан қолмайдилар.
Учинчи сифати - юриш-туриш, хатти-ҳаракатларида суннатни кўрсатадилар.
Тўртинчи сифати - доим Қуръон тиловати ва тадаббури билан машғул бўладилар.
Бешинчи сифати - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини ўқиб-ўрганадилар, амал қиладилар, севадилар.
Олтинчи сифати - ғариблар мусулмонларга, модомики улар аҳли сунна вал жамоа экан, адоват сақламайдилар. Исломдаги мазҳаб, жамоатларни ҳурмат қиладилар.
Абу Усмон Собуний, Ибн Батто, Абу Вафо, Ибн Жавзий каби ғариблик мақоми ҳақида китоб ёзган олимлар ажойиб сифатларни келтирганлар. Умумий хулоса: ғариблар - тақводор авлиёлардир. Аллоҳ таоло ғариблар ҳақида марҳамат қилади: "Албатта: "Роббимиз - Аллоҳ", деб, сўнгра тўғри бўлган зотлар ҳузурига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб (дерлар): "Қўрқмангиз ва ғамгин ҳам бўлмангиз! Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланингиз! Дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам биз сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсалар ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз муҳайёдир" (Фуссилат сураси, 30-31-оятлар).
Умар ибн Абдулазизнинг вафот онлари яқинлашга-нида ёнидаги аёлига деди: "Эй Фотима! Хонамдан чиқиб тургин, мен инс-у жин бўлмаган хилқатларни кўряпман". Ахди илмлар улар фаришталар бўлганини айтишади. Аллоҳ таоло деди: "Албатта, Биз (томон)дан олдин гўзал (мартаба) берилган зотлар - айнан ўшалар (жаҳаннамдан) узоқ қилинувчилардир. Улар унинг (дўзах оловининг) шарпасини ҳам эшитмаслар. Улар ўзлари истаган неъматларда мангу қолувчилардир. Уларни буюк даҳшат (қиёмат) ғамгин қилмас. Уларни фаришталар: "Мана шу сизларга ваъда қилинган Кундир", деб кутиб олурлар” (Анбиё сураси, 101-103-оятлар).
Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ обид, зоҳид эдилар. Рўза ва бошқа ибодатлари кўплигидан чўпдай озиб кетгандилар. Миллионга яқин ҳадис ва хабарларни ёддан билардилар. "Муснад"га қирқ минг ҳадис ёзганлар. Бидъатга қарши аҳли сунна қўрғони эдилар. Шундай зот жон бераркан, Иблис ёнларига келиб, бармоқларидан ушлади. "Эй Аҳмад! Куч синашасанми?" деди. "Йўқ, йўқ!" дедилар. Яъни, "Сен ифлоснинг ҳийлаларингдан то жоним чиққунча Аллоҳга қочаман, Унга сиғинаман”, деб камтарлик ва тавозелик кўрсатдилар.
Ҳадиси шарифда "ғарибдек ёки мусофирдек" дейил-ди. Мусофирлик ғарибликдан юқори даража. Чунки ғариб бир жойда ойлаб, йиллаб яшайди. Мусофир эса булутдай тез ўтиб кетади.
Дарҳақиқат, дунёнинг энг билимдони Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. "Менга дунё не керак?! Мен дарахт соясида тўхтаган йўловчига ўхшайман, бирпас туриб йўлга отланаман", дердилар (Имом Бухорий ривояти). Гоҳида хонадонларида уч кунлаб бир бурда нон топилмас эди. Биз эса тансиқ тоамларга тўйиб юрамиз, учқур уловларни минамиз, қимматбаҳо виллаларда яшаймиз.

Асли баланд қаср ўрнига
Бир лой том ва ё ғор кифоя.
Фазилатдан қурилган бино -
Дўзахлардан тўсувчи қоя!

Шоҳона дастурхон, сархил таомлар,
Сен-чи, руҳиятга тортгин дастурхон.
Таоми - ваҳийдан бўлган ичимлик
Ва ҳидоят омили бўлмиш ул Қуръон.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйлари лойдан эди, ётсалар, бошлари бир деворга, оёқлари бошқа деворга тегар эди. Лекин Аллоҳ у зотга Ўз ҳузурида "ризвон" таёрлаб қўйган эди. "Яқинда Роббингиз Сизга (шундай неъматларни) ато этурки, сиз, албатта, (ундан) рози бўлурсиз" (Зуҳо сураси, 5-оят).
Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шу оятни тиловат қилиб: "Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, умматимнинг бирортаси дўзахда қолса, рози эмасман”, дер эдилар ("Тафсири Ибн Касир").
Йўловчи ўзи билан бирга зарур нарсаларнигина олади, ошиқчаси зарар қилади.
Абу Зарр розияллоҳу анхуга ўлим соати ҳозир бўлганда йиғладилар.
- Нима учун йиғлаяпсиз? - деб сўрадилар.
- Дунёдан кўп олиб қўйдим, юким кўпайди. Олдимда фақат енгил юклиларгина кўтариша оладиган, чиқиш қийин бўлган нарвон бор, - деб жавоб бердилар.
Қарашса, уйларида битта кўрпача, коса, товоқ, ҳасса бор экан, холос.
- Кўп нарсангиз шуми?
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Озуқанг йўловчининг озуқасидай, буюминг йўловчининг буюмидай бўлсин”, дегандилар (Абу Нуайм "Хуля"да ривоят қилганлар).
Умар розияллоҳу анху Салмон Форсийни Ироққа юбордилар.
"Ла илаҳа иллаллоҳ"ға "Лаббай!" деган, тоғутга кофир бўлган, оловга сиғинишни тарк қилган, ота-онасини, бола-чақасини, юртини ташлаб, чўл-у биёбонлардан ошиб, денгизларда сузиб Мадинага етиб келган Салмон эдилар бу киши! У зотнинг мукофоти - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларидир: "Салмон биздан, оли байтдан, Салмон биздан, оли байтдан" (Ҳоким ривояти). Бу энг олий нишондир.
Араблар бир куни боболари билан фахрланиб, мақтанишди. Даврада Салмон ҳам бор эдилар.
- Эй Салмон, сенинг отанг ким? - деб сўрашди.
- Отам Исломдир, ундан бошқа отам йўқ! Кимлар Қайс билан, кимдир Тамим билан фахрланса, мен Ислом билан ғурурланаман, - дедилар.
Умар розияллоҳу анҳу Салмон Форсийни Ироққа амир қилиб юбордилар. Салмон розияллоҳу анҳу эшакка миниб, йўлга тушдилар. Қаранг! Бутун дунёга ҳукмини ўтказган саҳобалар эшак миниб юрардилар. Ироқ ахди янги бошлиқни кутиб олиш учун шаҳар ташқарисига чиқдилар. Улар Салмон Форсийни кўриб сўрадилар:
- Йўлда Умар бизга юборган амирни кўрмадингми?
- Ўша менман!
- Устимиздан кулма!
- Аллоҳга қасам, мен Салмон Форсийман.
Ироқ аҳли амири энг камбағалдай кўринадиган бу диндан ажабланиб қолди.
Салмон розияллоҳу анҳу зиммасига юклатилган ва-зифани бажаришга киришдилар. Маошини учга бўлардилар: бир қисмини садақа қилар, бир қисмини биродарларига ҳадя этар, бир қисмини рўзғорларига ишлатар эдилар. Бу улуғ зотлар ҳақиқий ғариблик роҳатини яхши билар ва амал қилардилар.
Умар розияллоҳу анҳу Саид ибн Омирни Шомнинг Химс вилоятига амир қилиб юбордилар. Саид розияллоҳу анҳу халифадан узр сўрадилар. Умар: "Халифаликни менга топшириб, энди мени ёрдамсиз ташлаб қўясан-ми?! Аллоҳга қасам, амир бўласан!" деб дашном бердилар.
Саид ибн Омир розияллоҳу анҳу йўлга тушдилар. Аёллари: "Уйда анчагина пул бор, балки тижорат қиларсиз, кам-кўстингизга ишлатарсиз", деб талайгина маблағ берди. У киши пулни олиб, садақа қилиб юбордилар. Аёллари сўради:
- Пул қани?
- Бирига етти юз фойда берадиган Шерикка бердим.
Аёли ишонди, шекилли, индамай қолди.
Саид ибн Омир Химсга келдилар. У киши инсонлар орасида адолат этар, уларга намозда имомлик қилар эдилар.
Умар розияллоху анху Шомга сафар қилганларида ҳамма вилоят амирлари ҳолидан хабар олдилар, жумладан, Химсга ҳам келдилар. Химс халқидан сўрадилар:
- Саид ҳақида қандай фикрдасизлар?
Халқ амирни мақтади, лекин тўртта шикоятлари борлигини ҳам айтди. Умар Аллоҳга дуо қилдилар: "Эй Аллоҳ! Саиднинг фақат яхшилигини билганман, ундан қилаётган умидларимни пучга чиқарма!"
Шикоятлар эшитилди: биринчиси - 'Тоҳида орамизда ҳушидан кетиб қолади”, иккинчиси - "Баъзан бизнинг олдимизга чиқмайди", учинчиси - "Кун ёйилмагунча уйидан чиқмайди”, тўртинчиси - "Кечаси эшигини қоқсак-да, олдимизга чиқмайди".
Умар розияллоҳу анҳу бошларини қуйи солиб ўтирар эдилар, кўз ёшлари ёноқларига қуйиларди, "Эй Аллоҳим, умидларимни пучга чиқарма", деб тинмай дуо қилардилар.
У зот:
- Саид, ўрнингдан тур! - дедилар.
Саид розияллоху анҳу ўринларидан туриб, гапира бошладилар:
- Эй, мўминлар амири! Бу ишларнинг ошкор бўлишини хоҳламас эдим, аммо ҳозир гапирмасам бўлмайди. Хушимдан кетишимга сабаб - мен бир воқеанинг гувоҳи бўлганман. Қанийди, ўша ерда бўлмаганимда! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан бўлган Хубайб ибн Адийни Маккада ўлдиришларига шоҳид бўлдим, у пайтларда мушрик эдим. Хубайб шундай қарғар эди: "Эй Аллоҳ! Уларнинг ададини ҳисоблаб, ҳаммасини ўлдиргин, ҳеч кимни қолдирмагин".
Қачон шу воқеани эсласам, ҳушимдан кетаман. Қанийди, ўша пайт унга ёрдам берсам эди.
Гоҳида одамлар олдига чиқолмаслигим сабаби - хизматкорим йўқ, хотиним касал, уйда қолиб, ўзимнинг ва аҳлимнинг кирларини юваман, кийимлар қуримагунча уйдан чиқолмайман.
Кечаси чақирсалар ҳам, чиқмаслигим сабаби - кундузни одамларга, кечани Роббимга бағишлаганман.
Эрталаб эрта чиқмаслигимнинг боиси - аёлим касаллиги сабаб нонуштани ўзим тайёрлайман, эрталабки чойдан сўнг ишга чиқаман.
Умар розияллоҳу анҳу қўлларини осмонга кўтариб: "Умидларимни пучга чиқармаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин”, дедилар.
Аллоҳнинг раҳмати, баракоти, саломлари Муҳаммад алайҳиссалом саҳобаларига ёғилсин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари ҳақиқий ўрнак ва намунадир. Биз уларга эргашиб, улар йўлидан юрсак саодат насиб бўлғай. Сийрат, ақида, илмий асослар, даъват услуби, руҳий тарбия каби диний фанларимизни саҳобалардан ўрганишимиз зарур. Зеро, фақат уларгина Расулуллоҳнинг муборак оғизларидан илм олдилар.

Доктор Оиз Қарнийнинг
"Қалблар тизгини" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тазкия
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase