Абу Хурайра розияллоҳу анҳу ҳикоя қиладилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени ушрдан тушган хурмоларга қаровул қилиб қўйдилар. Хурмони қўриқлаётганимда қари чол суратида бир киши келиб, ҳовучлаб хурмодан ола бошлади. Уни тутиб олдим. Муҳтожликдан, бола-чақаси кўплигидан нолиди, раҳмим келиб, қўйиб юбордим. Иккинчи кеча яна келди. Тутиб олиб, Пайғамбар алайҳиссаломга олиб бормоқчи бўлдим, муҳтожликдан, йўқчиликдан нолиди, яна қўйиб юбордим. Учинчи кеча яна келди. Тутиб олиб, Пайғамбар алайҳиссаломга олиб бормоқчи эдим, "Қўйиб юборсанг, бир оят ўргатаман, кечаси ўқисанг, сени шайтондан асрайди", деди. "Нима у?" деб сўрадим. "Оятал курсий”, деб жавоб берди. Уни қўйиб юбордим. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб, бўлган хабарни айтиб бердим. У зот табассум қилиб: "Эй Абу Хурайра, уч кундан бери ким билан гаплашганингни биласанми?" дедилар. "Йўқ, эй Аллоҳнинг Расули", дедим. "У шайтон эди, ўзи ёлғончи бўлса ҳам, сенга рост гапирди”, дедилар" (Имом Бухорий ривояти).
Ҳадисда муҳим дарс бор: инсон шайтондан фақат Аллоҳнинг иродаси ва Унинг зикри билан сақлана олади.
Ҳикмат кофирдан ҳам олинаверади. Чунки ҳикмат мўминнинг йўқотган нарсасидир, қаерда топса ҳам, уни олади.
Мусулмон биродарим, шайтоннинг ўзига хос алдовлари бор. Аллоҳнинг ҳикмати инсонни яхши-ёмонни ажратиш учун яратган. У дўстларига жаннатни, душманларига дўзахни тайёрлаб қўйган.
Эътибор қилинг-а, қанча-қанча пуллар гуноҳга сарфланади, қанча одамлар гуноҳ иш қилиш учун фаҳш урчиган шаҳарларга сафар қилади. Ахир, Аллоҳ қаерда бўлса ҳам, кўриб туради-ку! Тоғдек гуноҳлар қилиб, молини, динини сарфлаб қайтади, чунки у шайтонга итоат қилди, бечора нақадар зарар кўрди.
Инсон шайтонга итоат қилган куни масжидни тарк этади, совуқ баҳона жамоатни тарк этади, ҳаромга назар қилади, фитна уяси бўлган фоҳиша аёллар секин-аста уни зинога етаклайди, пулини фоизга беради, шундай қилиб, судхўрга айланади. Ваҳоланки, Пайғамбар алайҳиссалом айтганлар: "Аллоҳ лаънатлади фоиз олувчини, берувчини, котибини, гувоҳларни ҳам". Бир ривоятда: "Улар гуноҳда баробардир”, дейилган (Имом Муслим ривояти).
Доктор Оиз Қарнийнинг
"Қалблар тизгини" китобидан