close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Амаллар хотимаси биландир

Бу борадаги асл маълумотларни қуйидаги оятлардан оламиз: "Албатта, "Роббимиз - Аллоҳ”, деб, сўнгра (тоат-ибодатда) тўғри [устивор] бўлган зотлар ҳузурига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб (дерлар); "Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар! Дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам биз сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсалар ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз бордир. (Бу) мағфиратли ва меҳрибон Зот (томони)дан бўлмиш зиёфатдир” (Фуссилат сураси, 30-32-оятлар);

"Албатта, Биз (томон)дан собиқан гўзал (мартаба) берилган зотлар - айнан ўшалар (жаҳаннамдан) узоқ қилинганлардир. Улар унинг (оловнинг) шарпасини ҳам эшитмаслар. Улар ўзлари истаган неъматларда мангудирлар. Уларни буюк даҳшат (қиёмат) ғамгин қилмас. Уларни фаришталар: "Мана шу сизларга ваъда қилинган Кундир”, деб кутиб олурлар” (Анбиё сураси, 101-103-оятлар).
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтадилар: "Дунё юз ўгириб кетди, охират юзланиб келди. Охират йигитларидан бўлинг, ҳаргиз дунё йигитларидан бўлиб қолманг. Бугун амал бор, ҳисоб йўқ, эртага ҳисоб бўлади-ю, амал бўлмайди”.
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Ўлим дунёни шарманда қилди, у ақлли инсонлар учун шодлик қолдирмади".
"Аллоҳга қўшиб бошқа "илоҳ'Та илтижо қилманг! Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Унинг "юзи”дан бошқа барча нарса ҳалок бўлувчидир. Ҳукм Уникидир ва Унгагина қайтарилурсизлар!” (Қасас сураси, 88-оят);
"(Ер) юзидаги барча мавжудот фонийдир. Улуғлик ва икром соҳиби бўлмиш Роббингизнинг "юзи” боқий қолур" (Ар-Раҳмон сураси, 26-27-оятлар).
Ҳаммамиз ажал шарбатидан татиймиз: мўмин ҳам, кофир ҳам, мазлум ҳам, золим ҳам, кучли ҳам, кучсиз ҳам, бой ҳам, камбағал ҳам ўлим соатида омонатни Эгасига топширади.
Олимлардан бири айтган эди: "Ўлим пайти кофир иймон келтиради, фожир бўйсунади, қайсар қайтади, кучли кучсиз бўлиб қолади, дилозор таслим бўлади".
Ўлим пайти инсон йиқилиб, амал излаб қолади. Лекин қилган амалларига қўшимча қила олмайди. Пайғамбар алайҳиссалом айтганларки: "Бир киши жаннат аҳлининг амалини қилади, у билан жаннатнинг ораси бир газ қолади, китобда "дўзахий" деб ёзилгани учун дўзах аҳлининг амалини қилиб, дўзахга киради. Бошқа бир киши эса дўзах ахдининг амалини қилади, у билан дўзах ораси бир газ қолади, китобда "жаннатий” деб ёзилгани учун жаннат аҳлининг амалини қилиб, жаннатга киради" (Имом Бухорий, Имом Муслим ривоятлари).
Бу ҳадисни ўқиган кишида савол пайдо бўлади: "Қандай қилиб намоз ўқиган, рўза тутган, закот берган, ҳаж қилган, яхши амалларга жидду-жаҳд кўрсатган одам жон чиқарда дўзахий бўлиб қолади? Бу адолатсизлик эмасми?! Аксинча, фисқу фужурда юрган, зулм қилган, намоз ўқимаган, қон тўккан одам жаннатга кирса, бу мантиқсизлик эмасми?"
Уламолар бу саволга қуйидагича жавоб берадилар: "Аллоҳ айтади: "Роббингиз бандаларга зулм қилувчи эмасдир" (Фуссилат сураси, 46-оят); "Биз уларга зулм қилмадик, балки улар ўзларига (ўзлари) зулм қилувчи бўлдилар” (Наҳл сураси, 118-оят).
Демак, ҳадиснинг маъноси шундай: шундай одамлар борки, амаллари уни жаннатга киришига сабаб бўладигандай кўринади, аммо у буларни одамлар кўриши учун қилади, кўнглида эса бошқа нарсалар бўлади. Аллоҳ унинг ички оламини билиб туради, у риёкорлик, кибру ҳаво, мақтанчоқлик каби иллатлар гирдобида қолган бандадир. Шунингдек, халқ кўзига ўта фосиқ кўринган одамнинг қалбида яхши хислатлари бор, Аллоҳунга чин тавба насиб қилади ва у жаннатга киради”.
Аллоҳ таоло айтганидек, кишининг оқибати жон ҳалқумга келганда билинади: "Бас, қачонки, (кишининг жони) ҳалқумга етганида, ҳолбуки, ўша вақтда сизлар қараб турурсизлар. Биз эса унга сизлардан кўра яқинроқдирмиз, лекин сизлар (буни) кўрмассизлар. Бас, қани энди сизлар жазоланмайдиган бўлсангизлар ва ростгўй бўлсангизлар-у, ўшани (жонни) қайтара олсангизлар!" (Воқеа сураси, 83-87-оятлар).
Баъзилар ўзларини одамларга яхши кўрсатиш учун эзгу амал қилади, яхши гаплар гапиради, бироқ қалби хувиллаган, иймони зўрға милтиллаб туради. Унақа одамлар жон бераётганида Қуръон ва калимага чақирилса, жеркиб ташлайди, чунки у мунофиқ бўлиб яшаган.
Шундай инсонлар бор, улар халқнинг назарига тушмайди, яхшилигини яшириб қилади, миннат қилмайди, қалбида иймон алангалайди. Бундайларни Аллоҳ ўз ҳолига ташлаб қўймайди, Ўзи ваъда берганидек: "Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод (жидду жаҳд) қилганларни, албатта, Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Албатта, Аллоҳ эзгу иш қилувчилар билан биргадир!" (Анкабут сураси, 69-оят);
"Албатта, "Роббимиз - Аллоҳ", деб, сўнгра (тоат-ибодатда) тўғри (устивор) бўлган зотлар ҳузурига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб (дерлар): "Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар!" (Фуссилат сураси, 30-оят).
Раҳмат фаришталари бу умматнинг кўпига тушган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам жон берар чоғларида: "Энг олий Дўст ҳузурига, энг олий Дўст ҳузурига!" деб хурсанд бўлиб, Роббилари ҳузурига кетганлар (Имом Бухорий ривояти).
Тақводор халифа Умар ибн Абдулазиз жон беришдан олдин фаришталарни кўрди, аёли Фотимага: "Чиқиб туринг, мен инсон ҳам бўлмаган, жин ҳам бўлмаган мавжудотларни кўряпман”, деди.
Ибн Муборак табассум қилиб: "Бас, айнан мана шундай ютуқ учун амал қилувчилар амал қилсинлар!” (Вас-соффат сураси, 61-оят) оятини ўқиб вафот этдилар.
Фаришталар ўлимдан олдин мўминларга хушхабар берадилар: “Ўтиб кетган нарсаларга хафа бўлманг, "Энди нима бўлади?" деб хавотир олманг! Аллоҳ сиз билан биргадир!"
Мунофиқ, фосиқларни қўрқитади, уларта: "Эй Аллоҳнинг душмани, бугун дунёдан охирги кунинг, энг оғир кунинг, бугун Аллоҳга йўлиқасан!" дейди.
Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: "Ким Аллоҳга йўлиқишни яхши кўрса, Аллоҳ ҳам унга йўлиқишни яхши кўради. Ким Аллоҳга йўлиқишни ёмон кўрса, Аллоҳ ҳам унга йўлиқишни ёмон кўради". Саҳобалардан бири: "Эй Расулуллоҳ, биз ўлимни ёқтирмаймиз. Ким ҳам ўлимни яхши кўрарди?! Инсон бировга ғазаб қилса, жонинг чиқсин, дейди-ку!” деди. У зот: "Унақа эмас, бир киши хирилласа, кўзлари қизарса, шу ҳолда ким Аллоҳ-га йўлиқишни яхши кўрса, Аллоҳ ҳам унга йўлиқишни яхши кўради, ким Аллоҳга йўлиқишни ёмон кўрса, Аллоҳ ҳам унга йўлиқишни ёмон кўради", дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ёмон хотима ҳақида ҳам бир неча ҳадислар келган. Шулардан бири Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Саҳобалар ғазотларнинг бирига ҳозир бўлдилар. Мадинадан бир ботир йигит қаҳрамонларча жанг қиларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўриб: "У дўзахийдир", дедилар. Саҳобалар таажжубландилар. Жанг асносида у йигит жароҳатланди, қиличи билан ўзини ўлдирди. Унинг ҳолидан бехабарлар: "Эй Расулуллоҳ, шаҳидлик бахтига эришди-я!" дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, у дўзахийдир", дедилар. Саҳобалар ҳайрон бўлиб сўрадилар: "Нима учун?" Унинг ҳолидан хабардорлар айтдилар: "Жароҳатдан жазавага тушди, сабр қилмади ва ўзини ўлдирди" (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ғазотга чиқади. У халқ кўзида шаҳид бўлади. Саҳобалар: "Жаннатийлик бахтига эришди!" дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, Байтул-молдан хоинларча олган чопони жаҳаннамда уни алангалатади”, дедилар. Суриштирсалар, уч дирҳамга ҳам арзимайдиган чопон ўғирлаган экан (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
"Саҳиҳул-Бухорий" китобининг шорихларидан бири Ибн Баттол Моликий айтадилар: "Хотимаси қандай бўлиши бандадан беркитилишида етук ҳикмат, гўзал тадбир бор. Чунки банда нажот топишини билса, ўзига бино қўяди, дангасалик билан амал қилмай қўяди. Агар банда ҳалок бўлишини билса, баттар осийлиги ошади. Шунинг учун бандадан қандай хотима топиши яширилган, токи у умид ва қўрқув орасида бўлсин”.
Демак, Аллоҳнинг амаллар хотимасини бандаларидан яширгани Унинг тақдирни беркитиши, кечириши ва раҳматидандир. Агар бандалар хабардор бўлсалар, яхшилар айниб, ёмонлар баттар бузилиб кетарди. Бандалар хотимаси Аллоҳнинг қўлидадир, биз оқибатимиз нима бўлишини билмаймйз.
Имом Табарий айтадилар: "Ҳеч қайсимиз хотимамиз нима бўлишини билмаймиз, бировдан ўзимизни катта олишга, хотиржам бўлишга ҳаққимиз йўқ”.
Халқ кўзига тақводор бўлиб кўринган баъзилар Аллоҳ ҳузурида баъзи осийлардан ҳам қадрсиздир. Бу гуноҳ қилаверинглар, гуноҳкорлар яхши, дегани эмас! Мусулмонлар озгина тоатига алданиб, ўзларини катта олиб, Намрудга ўхшаб мутакаббир бўлиб қолмасинлар, деган мақсадда ёзяпман.
Баъзи мусулмонларга гуноҳкорлар зикр қилинса, "Аллоҳга шукр, мен осиймасман", дейди. Баъзилар эса: "Туғилганимдан бери гуноҳ қилмадим”, дейди. Бошқаси: "Вояга етганимдан бери ёлғон гапирмадим”, дея даъво қилади. Учинчиси: "Эсимни таниганимдан бери анавилар каби гуноҳ қилмадим", деб айтади. Шу каби ўзларини оппоқ кўрсатувчи, ўзларига маҳлиё бўлиб, ўзгаларни камситувчилар йўқ эмас. Бу динни тўғри тушунмаслик, нафсни тўғри тарбия қилмаслик оқибатидир. Ўз хотимаси қандай бўлишини билмайдиган одам бошқаларни камситмасин.
Баъзи аҳли илмлар айтади: "Банда бир гуноҳга муккасидан кетса, ўша гуноҳустида ўлади”.
Абдулазиз ибн Абу Равод айтади: "Бир кишининг ўлимига гувоҳ бўлдим. Унга калима айтиб турилди, у калимани инкор қилди, унга Қуръон келтирилди, у Қуръонни ҳам рад этди, сўнгра вафот топди. Унинг қариндошларидан у ҳақида сўрадик. "Ароқхўр эди, ароқдан ўлди”, дейишди".
Айрим кимсалар гуноҳга муккасидан кетиб, умрини ҳам, келажагини ҳам барбод қиладилар. Аллоҳ Ўзи ёрдам сўралувчидир.
Суфён раҳимаҳуллоҳ шогирдларига: "Нимага куляпсизлар?! Сизлар ҳақингизда Аллоҳ билган нарсани биласизларми?! Хотималарингиз қандай бўлишини-чи?!" дедилар. "Албатта, кулдирган ҳам, йиғлатган ҳам Унинг Ўзидир” (Нажм сураси, 43-оят) оятига биноан кулиш жоиз. Пайғамбар алайҳиссалом ҳам кулганлар. Лекин кам кулиб, кўп йиғлашга тарғиб қилинган.
Ибн Ҳажарнинг "Фатхул-Борий" китобида шундай ривоят қилинади: "Жон олувчи фаришта Иброҳим алай-ҳиссаломнинг жонларини олиш учун келиб, олдиларига ўтирди. Иброҳим алайҳиссалом: "Нима хоҳлайсиз?" дедилар. "Жонингизни олмоқчиман", деди фаришта. "Дўст дўстнинг жонини оладими?" дедилар. "Дўст Дўстига йўлиқишни ёмон кўрадими?" деди. Иброҳим алайҳиссалом жим бўлиб қолдилар, фаришта жонларини олди”.
Имом Ғаззолий, Абу Нуайм Асбаҳоний, Ибн Жавзий раҳимаҳумуллоҳлар ривоят қилишларича: "Муъоз розияллоҳу анҳу ажал етган вақтда Фаластиннинг Асқалон шаҳрида эдилар. Ёшлари ўттиз учда эди. Хизматкорларига: "Қарачи, тонг отибдими?” дедилар. "Йўқ, ҳали отмабди”, деди хизматкор. Бироздан сўнг яна сўрадилар. "Тонг отибди”, деган жавоб бўлди. Муъоз розияллоҳу анҳу: "Марҳабо, камбағални йўқлаган суюкли ўлим! Надомат чекмаган нажот топмас. Эй, Аллоҳ, Сен биласан, мен ҳаётни гўзал боғлар, оқар анҳорлар, обод ҳовлилар, баланд қасрлар учун яхши кўрмадим. Балки ҳаётни уч нарса учун яхши кўрардим: олимлар билан зикр ҳалқаларида ўтириш, иссиқ кунларда рўза тутиш, Сен учун юзимни чанг қилиш учун", дедилар, сўнгра жон таслим қилдилар".
Бу киши тарих қаҳрамонларидан бири Муъоз розияллоҳу анҳудир. У зот ўттиз йилда шунча нарсага эришдилар. У кишининг илмлари, зоҳидликлари, Аллоҳучун қилган жиҳодлари қиёматга қадар ибрат учун эсланади. Баъзилар узоқ яшаб яхши амал қила олмайди, баъзиларнинг умри узайган сайин савоблари кўпаяверади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Сизларнинг яхшиларингиз умри узун бўлиб, амали гўзал бўлганларингиздир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Кўпчилик жон бериш чоғида надомат чекади. Биз ҳеч кимни жаннатий ёки дўзахий, деб гувохдик бермаймиз, ғайб илмини ёлғиз Аллоҳ билади.
Валид ибн Абдулмалик халифа бўлди. Пайғамбар алайҳиссалом масжидларини кенгайтирди. Учинчи муқаддас масжид бўлган Байтул Мақдисни ҳам қайта қурди. Яна Дамашқда масжид қурдирди. Лекин ўлим вақти у ерга ағанаб: "Менга мол-мулк ҳам асқотмади. Салтанатим ҳам ҳалок бўлиб кетди” (Ал-Ҳаққо сураси, 28-29-оятлар), дер эди, у ҳам баъзи ишларига надомат чекди.
Сулаймон ибн Абдулмалик акаси Валиддан сўнг халифа бўлди. У ҳам ўлаётганида надомат чекди. Ўғиллари ёш эди, халифаликни эплай олмасди. Жон берар вақти шеър айтди:
Менинг болаларим ёш ва кичкина, Нажот топар катта болалар бўлса.
Умар ибн Абдулазиз: "Йўқ, балки "Нажот топувчи одам, ҳақиқатан, (куфру исёндан) пок бўлур ва Парвардигорининг номини ёд этиб, намоз ўқир” (Аъло сураси, 14-15-оятлар).
Хотам Аҳтам айтади: "Кимнинг қалби тўртта нарсанинг зикридан холи бўлса, Аллоҳдан алданибди. Биринчиси - мийсоқни унутса. Мийсоқ кунида Аллоҳ одамлардан бир ҳовуч олиб: "Булар жаннатийлар, парво қилмайман, мана булари дўзахийлар, парво қилмайман”, деди. Сиз қайси биридан эканингизни ўйлаб кўринг. Иккинчиси - онанинг қорнидаги уч зулмат. Аллоҳ бандага ризқини, ажалини, бахтли ёки бадбахтлигини она қорнида ёзиб қўяди. Учинчиси - қабрдан чиқишдаги қўрқув. Тўртинчиси - инсонларнинг жамоат-жамоат бўлиб ҳисоб учун боришлари. Мана шу тўрт нарса солиҳларнинг эсини ўғирлаган, уларни умрларига йиғлатган, сусткашликларига надомат қилдирган.
Агар банда ўйнаб-кулиб хатоларга шўнғиб кетса, унинг оқибати вой бўлади, Аллоҳ раҳм қилмаса, албатта.
Осийларнинг аломатларидан бири - улар гуноҳларни хурсанд бўлиб қиладилар, ўз амаллари билан шодлигини кўрасиз. Аллоҳ улар ҳақида айтади: "Ахир (қилган) ёмон иши ўзига чиройли кўрсатилиб, уни гўзал (иш) деб ўйлаган кимса..." (Фотир сураси, 8-оят). Улар гуноҳ қилаётганда ҳеч ёмон иш қиляпман, деб ўйламайди, тинч, осуда ҳаёт кечираётганидан шод бўлади, эрта Жазоловчи олдида турганда, шубҳасиз, надомат қилади.
Аббосий вазирлардан бирининг ҳузурига фақир келди. Вазир унинг юзига шапалоқ туширди. Сўнгра пушаймон бўлиб: “Хоҳлаган нарсангни ол, мендан рози бўл”, деди. Фақир: “Аллоҳга қасам, ҳеч нарса олмайман, лекин Аллоҳга арз қиламан, сендан мен хоҳлаган ва хоҳламаган нарсаларни олади”, деди.
Хукм - Аллоқникидир. Хукм қиладиган кун: “Бугун ҳукм кимники?” дейди Аллоҳ. Бунга на улуғ фаришта, на мурсал пайғамбар жавоб бера олади. Ўзигина жавоб бериб айтади: “Ёлғиз Қаҳрли Аллоҳникидир!”

Доктор Оиз Қарнийнинг
"Қалблар тизгини" китобидан

 

 

 

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тазкия
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase