close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Амир ва фақир

Ҳаёт ўзи нима? Унинг тилла-кумушлари, қасрлари, мансаб ва лавозимлари асли нима? Улар ҳеч нарса эмас, ҳаммаси ўйин, вақтичоғлик, мақтанчоқлик, риёкорлик, сирти ялтироқ - ичи қалтироқ, ўз номи билан "паст” (дунё)дир. Абадий ҳақиқат иймон ва солиҳ амалдир.

Ҳаёт ўзи нима? Унинг тилла-кумушлари, қасрлари, мансаб ва лавозимлари асли нима? Улар ҳеч нарса эмас, ҳаммаси ўйин, вақтичоғлик, мақтанчоқлик, риёкорлик, сирти ялтироқ - ичи қалтироқ, ўз номи билан "паст” (дунё)дир. Абадий ҳақиқат иймон ва солиҳ амалдир.
Халифа Маъмуннинг Али исмли ўғли бор эди. У бир куни Боғдод бозорини томоша қилиш учун қасрнинг баланд жойига чиқди. Фаровон ҳаётда ўсиб-улғайган шаҳзодага қийинчилик бегона эди. Шу боис бозордаги бир ҳаммол унинг эътиборини тортди. Ҳаммол юкларни дўконма-дўкон ташир, чошгоҳ пайти Дажла қирғоғига тушиб, таҳорат олар ва икки ракат намоз ўқирди. Сўнгра қўлларини кўтариб, Ҳаййул-Қоййумга дуо қилар эди (Субҳаналлоҳ, оддий инсонлар Уни танийди-ю, бойлар, зодагонлар Ундан маҳрум!) Ҳаммол чошгоҳ намозини ўқиб, яна ишга қайтарди. Пешиндан олдин бир дирҳамга битта нон сотиб олиб, дарёга келарди, нонни сувга бўктириб еб, пешин ўқирди. Сўнгра яна дуо, илтижо қиларди. Бироз мизғиб олгандан сўнг тағин ишга киришар, кечгача ишлаб, топганига нон сотиб олиб, уйига қайтарди. Унинг ҳар куни шу зайлда ўтар эди.
Кунларнинг бирида шаҳзода навкарларидан бирини ҳаммолни чақириб келишга юборди. Ҳаммол ҳайрон бўлди, бироз чўчиди ҳам. У ичида "Ҳасбуналлоҳу ва ниъмал вакил"ни такрорлаб шаҳзода ҳузурига йўл олади.
Ҳаммол Маъмуннинг ўғли олдига кириб, салом берди. Шаҳзода сўради:
- Мени танийсанми?
- Йўқ.
- Мен халифанинг ўғлиман.
- Эшитганмиз.
- Нима иш қиласан?
- Аллоҳнинг шаҳрида Аллоҳнинг бандалари билан ишлайман.
- Сени анча кузатдим, ишинг оғир экан, сенга ёрдам бермоқчиман.
- Қандай қилиб?
- Мен билан қасрда яша, оилангни ҳам олиб кел, мазза қилиб еб-ичиб, роҳат-фароғатда яшайсизлар.
- Эй, халифанинг ўғли, гуноҳсиз одам ғамсиз яшайди, осий бўлмаган одам фароғатда яшайди. Гуноҳлар ичида осий бўлиб яшаган одам ғам-қайғу билан яшайди.
- Оиланг ҳақида гапир.
- Қари онам, кўзи ожиз синглим бор. Улар ҳар куни рўза тутади, шомгача уларнинг ифторлигини олиб бораман, бирга ифтор қиламиз.
- Қачон уйғонасан?
- Аллоҳ таоло дунё осмонига тушган вақтда.
- Қарзинг борми?
- Аллоҳ билан ўртамиздаги гуноҳларим (бор, холос).
- Бизга ўхшаб яшашни хоҳламайсанми?
- Аллоҳга қасам, хоҳламайман!
- Нима учун?
- Диним зое бўлиб, қалбим қотиб кетишидан қўрқаман.
- Ҳар куни қора терга ботиб ҳаммоллик қилсанг, ҳаётинг меҳнат, машаққат билан ўтаётган бўлса, мен билан қасрда яшашни хоҳламайсанми?
- Хоҳламайман!..
Шаҳзода унга кетишга рухсат берди. Ўзи ҳаммолнинг гапларидан лол қолиб, ўйга чўмди. Бир неча кун тафаккурдан кейин халифанинг ўғли ғафлат уйқусидан уйғонди. Аллоҳнинг ҳаққини адо қилмаётганини, Аллоҳ
унга огоҳлантирувчисини юборганини фаҳмлади.
Шаҳзода бир кун кечаси мулозимини чақириб деди:
- Мен бир жойга кетяпман, уч кундан сўнг отам халифа Маъмунга хабар беринг. Унга айтингки, қиёматда кўришамиз.
- Нега ундай қиляпсиз? - деб сўради.
- Ўзим ҳақимда ўйлаб кўрдим, қарасам, ғафлат ва залолатда эканман, руҳим билан Аллоҳга ҳижрат қилмоқчиман, - деди.
Ярим кечаси халифанинг ўғли оддий либосда чиқиб кетди. Ҳеч ким унинг қаёққа кетганини билмас эди.
Баъзи тарихчилар айтишича, у Восит шаҳрига кетган, бир тожирнинг қўлида оддий ишчи бўлиб ишлаб юрган. Унинг кунлик вазифалари бўлган: Қуръон ёдлаган, пайшанба ва душанба кунлари рўза тутган, кечалари қоим бўлган, мол-дунёси бир кунга етарли бўлган. Унинг энди ғам-қайғулари, кибру ҳавоси кетиб, роҳатда яшар эди. У гўё ўлик эди-ю, бирдан тирилиб қолди. Аллоҳ таоло айтганидек: "Ўлик (кофир) бўлган одамни (иймон билан) тирилтириб, унга одамлар ичида у сабабли юрадиган нур (иймон)ни берганимиздан кейин зулматлар ичида (қолиб,) у (ер)дан чиқмайдиган кимсага ўхшайдими?! Шунга ўхшаш кофирларга ўз ишлари зийнатли (кўринадиган) қилиб қўйилди" (Анъом сураси, 122-оят).
Вафоти яқинлашганда у хўжайинига узугини бериб: "Мен халифанинг ўғлиман, мени дафн қилганингиздан кейин узукни отамга олиб бориб беринг”, деди.
Тожир уни ювиб, кафанлаб, дафн қилганидан сўнг Маъмунга узукни олиб борди. Маъмун ўғли ўлдирилиб кетилган ёки эс-ҳушидан айрилган, деб юрарди. Узукни кўриб йиғлаб юборди, тожирдан ўғли ҳақида сўради. Тожир воқеани сўзлаб берди, халифа ва вазирлар ҳўнграб йиғладилар. Улар шаҳзода ҳақ йўлдан юрганини билдилар, лекин у юрган йўлдан юрмадилар. Бу Аллоҳ хоҳлаган инсонларгагина насиб қилади, Аллоҳ айтганидек: "Аллоҳ кимни ҳидоятга йўллашни ирода этса, унинг кўкси (қалби)ни Ислом учун (кенг) очиб қўяди” (Анъом сураси, 125-оят).
Бу каби қиссаларни тарихчилар ибрат учун ёзиб қолдирадилар. Улардан ибратланувчи оқил борми?! Аллоҳнинг Китобини тадаббур қилувчилар-чи?! Бахт Аллоҳга сажда қилишда, Унинг Китобини тиловат қилишда, Унинг зикрида бўлишда эканини тушунувчи зийрак борми?!
Аллоҳга қасамки, бахт қасрлар, боғроғларда эмас. Бахт-саодат ибодатдадир.
Қанча ямоқ кийганлар жаннатда, бўлинг огоҳ, Унинг боғлари гўзал, ёстиқлари ҳам юмшоқ. Қасрларнинг атрофи нурдан мунаввар эрур, Қандай саодатки, ул неъматлар ичра юрмоқ.
Аллоҳ хузурида мискинлар учун қанча неъматлар мавжуд! Аллоҳни таниганлар учун қанчалар бахт бор! Умрини мол-дунёга алмашганларнинг шикояти нақадар кўп! Улар нафс-шаҳватлар таъсирида номаҳрамлардан кўзини тиймади, қулоғини беркитмади, тилини асрамади, фаржини сақламади. Улар пушаймон фойда бермайдиган кунда надомат чекишади. Қуйидаги оят уларнинг қиёмат кунидаги ҳолини баён қилади: "Аллоҳ қиёмат куни айтур: "Ҳузуримга сизларни биринчи марта қандай яратган бўлсак, шундай ёлғиз-ёлғиз келдингиз. Сизларга (мулк қилиб) берган (бойлик)ларни ортингизда қолдирдингиз. Ораларингизда (Аллоҳга) шерик деб гумон қилиб юрган шафоатчи (оқловчи)ларингизни сизлар билан бирга кўрмаяпмиз. Орангиз узилиб қолибди. (Оқлайди, деб) ўйлаб юрган (бут)ларингиз (эса) сизлардан ғойиб бўлибди” (Анъом сураси, 94-оят).
Жулайбиб исмли камбағал саҳоба бор эди. У бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурла-рига ямоқ кийим, оч қорин, озғин жисм, ҳорғин юз билан келди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
- Эй, Жулайбиб, уйланмайсанми? - дедилар.
- Ё Расулуллоҳ, Аллоҳнинг мағфирати бўлсин, ким ҳам менга тегарди?! - деди.
Кўпчилик қизларини бой хонадонга беришни хоҳлайди. Биринчи навбатда куёвнинг мол-мулкини суриштиради. Агар бой бўлса, туя сотгандай қизини сотади. Куёвнинг динига, ибодатига эътибор бермайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жулайбибга дедилар:
- Ансорлардан фалончининг уйига бор, уларга мендан салом айт ва қизингизни менга берасиз экан, дегин.
Жулайбиб айтилган хонадонга бориб, эшикни тақиллатди. Уйдан:
- Ким у? - деган овоз эшитилди.
У:
- Жулайбибман, - деди.
- Сенинг бизда нима ишинг бор? - деб сўрашди.
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизларга салом айтдилар, менга қизингизни никоҳлаб берасиз экан.
Отанинг дами ичига тушиб кетди, кириб аёлига воқеани билдирди. Она бу нохуш хабардан ўзини йўқотиб қўйди. Эр-хотин қизини бермасликка келишди. Ота-онасининг гапларидан хабардор бўлиб турган солиҳа қиз уларга дашном беришга мажбур бўлди:
- Қандай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг раъйларини қайтарасизлар?! Бунинг ҳеч иложи йўқ!
Улар қизларини фақир инсонга никохдаб берди, яхшиликка асосланган оила барпо бўлди.
Аллоҳ таоло ҳар бир нарсанинг асосига эътибор беришни уқтириб айтади: "Биноларини Аллоҳдан (берилувчи) тақво ва розилик асосида қурган киши яхшироқми ёки биноларига қулаётган жар ёқасини асос қилиб олган ва шу сабабли (ўзи ҳам) жаҳаннам ўтига қулаган кишими?! Аллоҳ золимлар қавмини ҳидоят қилмагай” (Тавба сураси, 109-оят).
Қизини Аллоҳнинг Китобини ўқийдиган, Уни зикр этадиган, динда тўғри турган оилага узатган яхшими? Ёки динидан адашиб, гуноҳлари билан ўзига жабр қилган, фаҳшга одатланган оилага берган яхшими?!
Жулайбиб аёли билан бахтли ҳаёт кечирди. Бир неча фарзандлар кўрди. Улар умматга хизмат қилган солихдар бўлиб етишганини тарихчилар ёзиб қолдирган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жангга чиқдилар. Жангдан сўнг саҳобаларидан сўрадилар:
Саҳобалар:
- Фалончи, фалончиларни излаяпмиз, - дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
- Мен эса Жулайбибни излаяпман! - дедилар.
Уни излаб ўлдирилган ҳолда топдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларидан тупроқларни артиб, уни ўпдилар, сўнг йиғлаб:
- Сен мендансан, мен сенданман! - дедилар (Имом Муслим ривоятлари).
Жулайбибга саодат муборак бўлсин! Шунингдек, содиқларга, ихлослиларга, Аллоҳ сари юрувчиларга ҳам бу мақомлар муборак!
Нажот кемасига чиқмаганларнинг шўри қурисин! Аллоҳнинг йўлидан адашиб, тўғри йўлга қайтмаётганларнинг ҳолига вой! Улар пашша қанотига ҳам арзимайдиган дунёни охиратга алмашдилар. Валлоҳу аълам.
Аллоҳнинг саловот-саломлари Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга, саҳобаларига, у зотга эргашган жумлаи мўминга бўлсин.

Доктор Оиз Қарнийнинг
"Қалблар тизгини" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тазкия
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase