Одатда, инсон ўзи иймон келтирган нарса йўлида, ақидаси, эътиқоди йўлида ҳар нарсага, ҳатто жонини фидо қилишга ҳам тайёр туради. Аммо, мунофиқларни қарангки, ўзинг иймон келтирган зотнинг кўрсатмаси ила яшагин, ҳаётингдаги амалларингни унинг ҳукмига мос қилгин, деб Аллоҳ туширган Қуръонга ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига чақирилсалар, юз ўгирадилар, келмайдилар.
Табиийки, Аллоҳнинг айтганини қилмагандан кейин, Унинг йўлидан юрмагандан кейин, Аллоҳнинг ҳукмини истамай, тоғутнинг ҳукмини истагандан кейин мушкулотлар, мусибатлар келиб чиқади.
62. Энди қилган нарсалари туфайли уларга мусибат етгандан сўнг сенга келиб, Аллоҳ ила қасам ичиб: «Биз фақат яхшилик ва тавфиқни хоҳлаган эдик», дейишлари қандай бўлди?
Демак, уларнинг бошига мусибат етса, бунга ўзлари айбдор, чунки улар Аллоҳнинг йўлидан юрмадилар, ҳукмни ҳам Аллоҳдан эмас, бошқадан истадилар. Аммо мунофиқлар барибир мунофиқликларини қилдилар: бошларига мусибат етса, дарҳол банда эканликларини эслаб қолдилар. Аммо шунда ҳам, қилмишимга яраша тортмоқдаман, демайдилар. Худди тил учида иймон калимасини айтиб қўйиб, мўминликни даъво қилиб юрганларидек, бошларига мусибат етганда ҳам, ўзларини айбдан олиб қочадилар, нимага энди бизга мусибат етар экан, деган даъвони қиладилар. Аллоҳнинг амрини қўйиб, тоғутнинг ҳукмини истаганларини ҳаспўшлашга ўтадилар. Одатларича, гапларини кучли чиқариш мақсадида:
«Аллоҳ ила қасам ичиб: «Биз фақат яхшилик ва тавфиқни хоҳлаган эдик», дейдилар.
Гапни қаранг, Аллоҳнинг йўлига юрмай, шайтоннинг йўлига юриш яхшилик эмиш, Аллоҳнинг ҳукмини қилмай, тоғутнинг ҳукмига бўйсуниш тавфиқ эмиш. Мунофиқлик шундай ёмон нарса: иймон даъвосида бўлади-ю, аммо ўзи куфрнинг ишини қилади. Аллоҳнинг айтганига эмас, шайтоннинг айтганига юради. Боз устига, яхши иш қилмоқдаман, деган даъвода ҳам бўлади.
Ушбу ояти карима нозил бўлган пайтлари бунақа мунофиқлар жуда ҳам оз бўлган. Аммо ҳозир-чи? Ҳозир қай томонга қарасанг, бунга ўхшашлар тўлиб ётибди. Иймоннинг ва мусулмонликнинг даъвосини қиладилар, аммо Исломга амал этишни ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Ҳар бир ишда Аллоҳнинг ҳукмини исташ у ёқда турсин, ўзига фарзи айн қилинган ибодатларни ҳам бажармайдилар. Аллоҳнинг ҳукмини юритиш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ояти кариманинг мўъжизалигини қарангки, бугунги мунофиқлар ҳам қадимги мунофиқлар каби, бошига мусибат етганда айбни ўзларидан қочириб, Исломга, мусулмонларга ағдармоқчи бўладилар. Бу билан улар ўз айбларини яширишга уринадилар. Лекин яширишнинг иложи бормикан?
63. Ана ўшаларнинг қалбларидагини Аллоҳ биладир. Бас, уларнинг қилганидан юз ўгир! Уларга ваъз қил! Ёлғиз ўзларига етказиб сўзла!
Мунофиқликнинг асл сабаби–Аллоҳ таллонинг ҳамма нарсани, жумладан, қалблардаги сир тутилган нарсаларни ҳам билиб туришидан ғофилликдир. Мунофиқ ўзича иймон ва Исломга тегишли гапларни гапириб, баъзи амалларни ҳам бажариб, одамларга ўзини мўмин-мусулмон қилиб кўрсатишга уринади. Улар, аслида, иймонсизлардир, одамларни алдаганлари билан Аллоҳ уларнинг қалбларидаги нарсаларини билиб туришини унутадилар.
Ояти карима тушаётган даврдаги ҳолатларни ҳисобга олиб, Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарини яна ҳам кечиримли бўлишга чақиради ва:
«Бас, уларнинг қилганларидан юз ўгир!» дейди.
Яъни, қалбларида тутган нифоқлари учун уларни итоб қилма, дейди.
«Уларга ваъз қил», ажаб эмас, бу сафар уларга ваъзу насиҳат фойда қилиб қолса. Эҳтимол, тавба қилиб йўлга тушарлар.
«Ёлғиз ўзларига етказиб сўзла!»
Одамларнинг ҳузурида сўзланса, саркашликлари тутиб, ор-номус қилиб, ўз айтганларида туриб олишлари мумкин. Ёлғиз ўзларига етказиб сўзланса, таъсир қилса, ажаб эмас.
Ваъз-насиҳат фойда қилиб қолса, яхши, аммо билиб қўйиш керакки, одатда Пайғамбарларни фақат ваъз-насиҳат қилиш учун юборилмайди. Бу ҳақиқатни Аллоҳ таоло келаси оятда баён қилади.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
“Тафсири Ҳилол”, Нисо сурасидин