close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Бақара сураси, 165-167 ("Қуръони азим тафсири"дан)

165. Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар ўзгаларни Оллоҳга тенг билиб, уларни (мўминлар) Оллоҳни севгандек севадилар. Иймонли кишиларнинг Оллоҳга бўлган муҳаббатлари (мушрикларнинг ўз бутларига бўлган муҳаббатларидан) қаттиқроқдир. Бундай золимлар азобга рўбарў бўладиган замонларида (Қиёмат Кунида) бутун куч-қудрат Оллоҳники эканини ва Оллоҳнинг азоби қаттиқ азоб эканини кўришларини билсалар эди.

Лекин Оллоҳ таолонинг Бор ва Бир эканига далолат қиладиган шундай оят-аломатларни кўриб, билиб туриб, яна У Зотга ширк келтирувчилар ҳам борки, ушбу ояти каримада ана ўша мушриклар ва улар топадиган оқибат ҳақида сўз боради.
Тавҳиднинг - Оллоҳ таоло ҳеч қандай шериги йўқ Танҳо Маъбуд, деб эътиқод қилишнинг фақат бир йўли борки, у ҳам бўлса Ёлғиз Оллоҳни севиш ва У Зот буюрган Динни маҳкам тутиш.
Аммо ширкнинг турлари кўп. Улардан бири ва энг хунуги Оллоҳдан ўзгани ҳам Худо деб эътиқод қилиш ва унга сиғиниб - чўқинишдир. Ҳеч нарса ярата олмайдиган, обидларига бирон фойда ёки зиён етказиш қўлидан келмайдиган жонсиз бут-санамларга, турли-туман махлуқларга сиғиниш, чўқиниш, улардан ҳожатлар сўраш соғлом инсоний ақлга сиғмайдиган нодонлик экани аён бўлса-да, таъссуфки, дунё аҳолисининг ярмидан кўпи ўтмишда ҳам, ҳозир ҳам мушриклардан иборатдир. Уларнинг мазҳаблари, йўналишлари, кўринишлари турлича бўлиши мумкин, Аммо ҳаммасининг моҳияти бир -Оллоҳнинг Танҳо Маъбуд эканини тан олмаслик, Оллоҳнинг “тенглари” бор, деб эътиқод қилишдир. Улар ўзларининг ширкларидан тонмайдилар, тона олмайдилар ҳам, чунки бу очиқ кўриниб турган нарсадир. Аммо яна шундай мушриклар ҳам борки, улар ўз ширкларидан тонадилар, балки мушрик эканларини билмайдилар. Ояти каримани синчиклаб, бошқа оятлар билан қиёслаб, солиштириб ўргансак, бу ўринда сўз ана ўшалар ҳақида ҳам бораётганини англаб етамиз.
“Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар Оллоҳдан ўзгаларни (яъни, ўзлари сиғинаётган бутларини Оллоҳга) тенг билиб, уларни ҳам Оллоҳни севгандек ссвадилар. Иймонли кишиларнинг Оллоҳга бўлган муҳаббатлари (мушрикларнинг ўз бутларига бўлган муҳаббатидан) қаттиқроқдир”.
Ушбу жумлаларда мўминларнинг Оллоҳ таолога бўлган муҳаббатлари ва мушрикларнинг ўз бутларига бўлган муҳаббатлари ҳақида айтилди.
Хўш, бу муҳаббат деганлари ўзи нима экан? Асрлар давомида жуда кўп бор сўралган ва сўралаётган, минг турли жавоблар ҳам берилган ва берилаётган бу саволга Қозий Байзовий шундай жавоб қилади: “Муҳаббат қалб майли бўлиб, асли ҳаббатун сўзидан келиб чиққандир. Ҳаббатун бир дона уруғ деган маънони англатади. Кимгадир ёки нимагадир бўлган муҳаббат уруғи қайси қалбга тушса, у ўша жойда ўрнашиб, илдиз отади ва у қалб муҳаббатли қалбга айланади”.
Демак, қалбни кимнинг ёки ниманинг муҳаббати эгалласа, у қалб эгаси ўшанинг кўнглини олиш, розилигига етиш учун елиб-югураверади. Бошқача айтганда, кишининг амал ва ҳаракатидан кўнглида муҳаббат бор ё йўқ экани ҳам, агар бўлса, кимни ё нимани севиши ҳам билиниб туради. Яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, у кимнинг ёки ниманинг қули экани кўриниб туради. Бинобарин, мўмин ўзининг бор куч ва имкониятини Оллоҳ таолонинг Ризоси йўлида, У Зотнинг Муҳаббатини қозониш учун сарфлайди. Лекин мўмин қиладиган амал - ҳаракатларини ўз билгича, якка пайров қилавермайди, балки унинг олдида ҳар бир саволига ҳеч ким билмайдиган жавобларни айтиб берадиган Каломуллоҳ бор, мўминларнинг Устози, Оллоҳ таолонинг суюкли Бандаси ва Элчиси бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари бор. Оллоҳни севадиган мўмин ҳар бир иш-амалини, ибодатини Қуръони Каримдан, Ҳадиси Шарифдан сўраб-билиб сўнгра қилади. Ҳақ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: “Агар сизлар Оллоҳни севсангиз, менга эргашинглар (шунда) Оллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Оллоҳ (гуноҳларни) Мағфират қилувчи, Меҳрибондир”. (ол-и-Имрон сураси, 31-оят). Чунки Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам фақат Оллоҳ севадиган нарсаларга даъват қиладилар ва бу буюк Даъватга эргашганлар Оллоҳнинг Севгисига эришадилар.
Тўғри, мўминда ҳам ҳаёт лаззатларини, яхши уй-жой, от-уловларни, жуфти ҳалолини, яхши мақом-мартабаларни, бой-бадавлат яшашни яхши кўриш туйғулари бўлиши табиий. Лекин у ўзининг бундай кўнгил истакларига эришиш йўлидаги ҳаракатларини ҳам ўзи севган Оллоҳ таоло чизиб берган, Расулуллоҳ алайҳис-салоту вас-салом кўрсатиб, ўргатиб кетган андозада амалга оширади.
Аммо ким Оллоҳнинг Амрига итоат этишни хоҳламай ҳавойи нафсига ё ўзи севган бирон кимсанинг хоҳишига итоат этса ёки Оллоҳ буюрган ибодатни одамлар кўриши учун адо қилса ёхуд дунё топишга муккасидан кетиб, Оллоҳга ибодат қилишни “унутиб” қўйса, бу каби ҳолатларда гарчи у ўзини мўмин-мусулмон санаса-да, амалда нафсини, ўша ўзи севган кимсани, одамларни ва дунёни Оллоҳ таолога ширк келтирган, Оллоҳни қўйиб, ўша кимса ва нарсаларга сиғинган бўлади! “Осмонлар ва Ерда (Оллоҳнинг борлиги ва бирлигига далолат қилгувчи) қанчадан-қанча оят-аломатлар бордир. (Лекин) улар бу оятлардан юз ўгирган ҳолларида ўтиб кетаверадилар. Уларнинг кўплари Оллоҳга фақат мушрик бўлган ҳолларидагина иймон келтирадилар”. (Юсуф сураси, 105-106-оятлар).
Дарҳақиқат, баъзилар ўзлари Оллоҳга иймон келтирсалар-да, ҳаётларида ўша Ягона Оллоҳ яратган қуёш, ой, олов каби нарсаларга сиғиниб ёки ўзларини "худо" фаҳмлайдиган золим ҳокимларга сажда қилиб, уларнинг инсониятни ҳалокатга олиб борувчи "ойдин йўллари"га эргашиб яшаб ўтадилар. Бу оятларда бундай кимсаларнинг мушрик эканликлари уқтирилади ва уларга ногаҳоний бало келишидан ёки Қиёмат қойим бўлишидан илгари ўзларини ўнглаб Ягона Оллоҳга қайтишлари тавсия этилади.
Бундай кимсаларни Ҳақ таоло золимлар деб атайди. Чунки улар ибодат қилинишга мустаҳиқ бўлган Ёлғиз Оллоҳга эмас, аксинча қўлидан ҳеч нарса келмайдиган жонсиз бутларга, нафсларига, одамларга, дунёга ибодат қилдилар, бошқача айтганда, Холиқни қўйиб, махлуқларга сиғиндилар, натижада ўз жонларига жабр қилдилар, золимлардан бўлиб қолдилар. Энди улар Қиёмат Кунида, қилган қилмишларига яраша азоб-уқубатга гирифтор бўлган соатларида Оллоҳ қандай буюк Куч-Қудрат Соҳиби эканини, Оллоҳнинг азоби қаттиқ азоб эканини жуда яхши билиб оладилар!

166. У Кунда пешволар эргашувчилардан тонадилар ва ҳаммалари азобни (кўзлари билан) кўрадилар. (У Кунда уларни боғлаб турадиган) баҳона-ю сабаблар узилади.

Ўшанда, (яъни, Оллоҳнинг азоби қаттиқ азоб эканини ўз кўзлари билан кўрганларида) уларнинг ҳаёти дунёда йўлдан озишларига сабаб бўлган доҳий пешволари ёки агар улар фаришталарга, жинларга сиғиниб ўтган бўлсалар, ана ўшалар улардан тонадилар. Бу ҳақда бошқа қатор оятларда ҳам хабар берилганки, Қуръоннинг биринчи ва энг тўғри тафсири Қуръоннинг ўзидир, деган қоидага амал қилиб, у оятларнинг айримларини келтирамиз: “(Эсланг, Оллоҳ Қиёмат) Кунида уларга нидо қилиб: "Сизлар (бор деб) гумон қилгувчи бўлган "шерикларим" қаерда қолишди?!", деганида, устларига Сўз — азоб тушиши ҳақ-муқаррар бўлган кимсалар (яъни, одамларни Хақ Йўлдан оздирган доҳийлар): "Парвардигоро, ана у бизлар йўлдан оздирган кимсаларни ҳам худди ўзимиз йўлдан озган каби йўлдан оздиргандирмиз (яъни, улар ҳам, бизлар ҳам, барчамиз ўз ихтиёримиз билан Тўғри Йўлдан озгандирмиз). Бизлар Сенга оқдирмиз (яъни, уларнинг йўлдан озишларига айбдор эмасмиз). Улар бизларга ибодат қилгувчи бўлмаганлар, (балки ўз ҳавойи нафсларига ибодат қилганлар)", дерлар.” (Қасас сураси, 62-63 оятлар), “Оллоҳни қўйиб, Қиёмат Кунигача ҳам (дуони) мустажоб қила олмайдиган бутларга дуо-илтижо қиладиган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?! Ҳолбуки, у (жонсиз бут)лар ўша (мушрик)ларнинг дуоларидан гофилдирлар! (Қиёмат Кунида) инсонлар (ҳисоб-китоб учун) тўпланган вақтида ўша (бутлар) уларга (мушрикларга) душман бўлурлар ва уларнинг (Оллоҳни қўйиб, ўзларига) ибодат қилганларини ҳам инкор этурлар” (Аққоф сураси, 5-6-оятлар). “Улар (яъни, Макка мушриклари) Оллоҳни қўйиб, ўзларига куч-қудрат бўлиши учун "худолар" тутдилар — бутларга сиғиндилар. Йўқ, (Қиёмат Кунида бутлари уларни қўллай олмайди, балки бутлар) уларнинг қилган ибодатларини инкор қилурлар ва уларга зид-душман бўлурлар•” (Марям сураси, 81-82-оятлар). “(Иброҳим) айтди: "Сизлар фақат ҳаёти дунёдаги ўзаро ошна-оғайнигарчилигингизни кўзлаганларингиз учун (яъни, мушрик оғайнилардан кеча олмаганларингиз учун), Оллоҳни қўйиб, бутларни ушладинглар. Ҳали Қиёмат Кунида айримларингиз (яъни, пешволарингиз) айримларингиздан (эргашувчилардан) тонур, айримларингиз айримларингизни лаънатлар. Сизларнинг борар жойингиз дўзахдир. (У жойда) сизлар учун ёрдамчилар йўқдир”. (Анкабут сураси, 25-оят). “Кофир бўлган кимсалар: "Бизлар бу Қуръонга ҳам, ундан олдинги (Китобларга) ҳам ҳаргиз иймон келтирмаймиз", дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), агар Сиз ўша золим кимсаларни (Қиёмат Кунида) Парвардигорлари ҳузурида тургизиб қўйилиб, бир-бирларига гап қайтараётганларини кўрсангиз эди. (Ўшанда) бечора саналган (яъни, эргашувчи бўлган) кимсалар, мутакаббир кимсаларга (яъни, ўз пешволарига): "Агар сизлар бўлмаганингизда, бизлар шак-шубҳасиз, мўмин бўлур эдик", десалар, мутакаббир кимсалар бечора саналган кимсаларга: "Сизларга ҳидоят келганидан сўнг сизларии (ундан) биз тўсдикми? Йўқ, ўзларингиз жиноят қилгувчи бўлдингизлар", дерлар. Бечора саналган кимсалар эса мутакаббир кимсаларга: "Йўқ, кеча-ю кундуз қилган макр-ҳийла(ларингиз бизларни мўмин бўлишдан тўсган эди). Ўшанда сизлар (ўз макр-ҳийлаларингиз билан) бизларни Оллоҳга кофир бўлишга ва У Зотга (ўзгаларни) тенг-шерик қилишга зўрлар эдингизлар", дедилар. Азобни (ўз кўзлари билан) кўрган вақтларида улар (яъни, пешволар ҳам, эргашганлар ҳам) ичларида надомат қилдилар ва Биз кофир бўлган кимсаларнинг бўйинларига кишанлар солдик. Уларга фақат ўзлари (ҳаёти дунёда) қилиб ўтган қилмишларининг жазоси берилур.” (Сабаъ сураси, 31-32-33-оятлар).
Шундай қилиб, мушрик бўлган кимсаларнинг Оллоҳни қўйиб, сиғинган - сажда қилган бутлари, кимсалари ва нарсалари билан алоқалари узилади.

167. Эргашувчилар: "Қанийди, бизлар учун яна бир карра (яшашнинг иложи) бўлса-ю, улар биздан тонганларидек, биз ҳам улардан тонсак", дейдилар. Шундай қилиб, Оллоҳ таоло уларнинг қилган амалларини ўзларига ҳасрат-надомат қилиб кўрсатади ва улар дўзахдан чиқувчи бўлмайдилар.

Яъни, Қиёмат Кунида мушриклар “Қанийди, яна бир бор ҳаёти дунёга қайтарилсаг-у, бизни йўлдан оздирган доҳийлардан, бутлардан узоқ бўлиб, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиб ўтсак”, деб қоладилар, ўзларининг Тўғри Йўл деб ўйлаганлари дўзах йўли эканини, дўст деб билганлари душман эканини, яхши амал деб қилганлари ёмон -бефойда ишлар эканини кўриб ҳасрат-надоматлар қиладилар, лекин энди вақт ўтган бўлади ва ҳаёти дунёдан куфр билан, ширк билан ўтган кимсалар қилган бу қилмишларига тўла жазо оладилар - улар мангу жаҳаннамда қоладилар.
Демак, Охиратдаги мангу ҳаётда бахтли бўлай деган инсон қилган хатоларига мана бу ўткинчи дунёда тавба қилиши керак, кирган нотўғри йўлидан мана шу дунёда қайтиб, ҳаётининг қолган қисмини иймон ва солиҳ амаллар билан Қуръон ва Ҳадис кўрсатган Тўғри Йўлда ўтказиши керак, акс ҳолда, агар бутун ҳаётини куфр, ширк ва бошқа гуноҳ - маъсиятлар билан совуриб, юборадиган бўлса, у ҳолда кейин, Қиёмат Кунида қилган афсус-надоматидан ҳеч наф йўқ. У Кунда мушрикларга қилиб ўтган барча ёмонликлари кўрсатилади, улар: “Нима учун қилган эканмиз”, деб надоматлар қиладилар, шунингдек уларга ҳаёт пайтларида қилишлари мумкин ва керак бўлган яхшиликлар ҳам кўрсатилади, улар: “Нима учун қилмаган эканмиз”, деб надомат қиладилар.
Суддий айтади: “Кофирларга, мушрикларга жаннат ва ундаги уйлари кўрсатилиб: “Агар сизлар Оллоҳга итоат қилганларингизда эди, мана бу уйлар сизларнинг масканларингиз бўлар эди”, дейилади ва у уйларни мўминларга тақсимлаб берилади. Ана ўшанда улар ҳасрат-надоматда қоладилар”.
Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилган:
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), уларни дўзах устида турғазиб қўйилган пайтларида: “Қани энди бизлар (дунёга) қайтарилсак ва Парвардигоримизниниг оятларини ёлғон демай, мўминлардаи бўлсак”, деганларини кўрсангиз эди”. (Анъом сураси, 27-оят) “Парвардигорларига кофир бўлган кимсалар қилган амалларининг мисоли худди бўронли кунда қаттиқ шамол учириб кетган кулга ўхшайди — улар қилган амалларидан бнрон фойдага эга бўла олмайдилар. Бу узоқ      қаттиқ адашишдир. (Иброҳим сураси, 18-оят). “Кофир бўлган кимсаларнинг қилган амаллари эса саҳродаги саробга ўхшайди. Ташна одам уни сув деб ўйлар, то қачон упинг олдига келгач, ҳеч нарса эмаслигини кўрур ва Оллоҳни унинг (яъни, қилган амалининг) олдида топур. Бас, У Зот унинг ҳисоб-китобини комил қилур. Оллоҳ жуда тез ҳисоб-китоб қилгувчидир.” (Нур сураси, 39-оят).

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тафсирлар
Бу бўлимдаги бошқа мақолалар: Нисо сураси, 61-63 ("Тафсири Ҳилол"дан) »
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase